“Мадинаи мунаввара мусҳафи”нинг ёзувчиси-Хаттот Усмон Тоҳо
Босма

Асл исмлари Абу Марвон Усмон ибн Абдуҳ ибн Ҳусайн ибн Тоҳо. У киши Суриянинг Ҳалаб вилояти қишлоқларидан бирида, 1934  йилда дунёга келганлар. Оталари имом ва масжид хатиби шайх Абдуҳ Ҳусайн Тоҳо бўлиб, давлат котиблари раиси, Ислом шариати борасида алоҳида унвон соҳиби, араб тилини яхши биладиган ва тасвирий санъат ҳамда нақшинкор ёзувлар мутахассиси эдилар.
Усмон Тоҳо хаттотлик борасидаги дастлабки билимларни тақрибан олти ёшларидан бошлаб оталари Абдуҳ Ҳусайн Тоҳодан оладилар. У кишининг айтишларича : «Мен диндор оиладан бўлганим учун, ёшлигимдаёқ Қуръони Каримни ёд олгандим», Кейинчалик оталари у кишини «Ҳалаб» вилоятига юборадилар, у ерда бошланғич синифда ўқий бошлайдилар. Шу аснода хаттотликда машҳур бўлган кўплаб устозлар билан танишадилар, улардан бир неча турдаги ёзувларни ўргандилар. Жумладан: риқъа ёзуви; форсий ёзув; насх ёзуви; сулс ёзуви ва бошқа ёзувлар... У ерни тамомлагач, у кишига топширилган иш юзасидан  Дамашққа келиб, у ерда устоз Муҳаммад Дийронийдан дарс оладилар. 1964 йил Дамашқдаги Унверстетни «Шариъат» ва «Таълим-тарбия» факултетини тамомлайдилар.
Усмон Тоҳо  Ислом олами хаттотлари Раиси  бўлмиш Устоз Ҳомид ал Омидий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан «Ҳусни хат» (гўзал ёзув) ҳақидаги «Ижоза»ни (гувоҳномани) оладилар.
У киши бор иқтидор ва маҳоратларини ишга солиб Мусҳаф уш-шариф (Қуръони Карим)ни ёзишга киришдилар. Биринчи марта 1970  йилда мусҳафни ёзиб тугатиб, уни Сурия «вақфлар вазирлиги»га тақдим қилдилар

Усмон Тоҳо чиройли ёзиш ва ёзув қоидаларига риоя қилиш билан бир қаторда, «Танзим», яъни  тартибга солиш ва «Табвиб», яъни жузларга ажратиш каби янгиликларни киритди. Бундан илгари Қуръони Каримни  ёзишдаги услуб, калималарни кетма-кетлиги билан то (мусҳаф) охирига қадар ёзиб борилар эди, буни Қуръони Карим оятларини ёзишга маҳоратли бир хаттот амалга оширар эди. Мана шундай услубда ёзилган мусҳафлардан бири «Ҳаддод» номи билан машҳур бўлган Хаттот Мабдаъ Муҳаммадсаид Иброҳимнинг «мусҳафул Азҳар» ёки «мусҳафул Ҳарамайн» деб номланган мусҳафи булиб, хаттот бунда (қуръоний) калималарни мусҳафнинг бошидан то  Нос сурасининг охиригача кетма-кетлик билан ёзиб борган. Шунда мусҳаф 522 саҳифа бўлган.
Усмон Тоҳо кўп меҳнатлари натижасида Қуръоннинг ҳар бир жузига боблар қўйиб, ҳар бир жузни (порани) 20 саҳифа қилди. Мусҳаф 600 саҳифа бўлган эди, лекин  Фотиҳа  сураси ва  Бақара  сурасининг биринчи бетига чиройли  шакл бериш учун икки бет, охирги жузда (порада) «бисмиллаҳ...» билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифа бўлди. Бундан ташқари, Усмон Тоҳо мусҳафнинг ҳар бир саҳифасини оят билан бошлаб, оят билан тугатди. Бу ҳам Усмон Тоҳонинг ўзига хос услубларидан биридир.
Усмон Тоҳонинг мана шундай машаққатли меҳнатлари ва мусҳаф  ёзишдаги янгича услублари натижасида «Мадина мусҳафи» Ислом оламида кенг тарқалди.
Хаттотлик борасидаги устозлари: Муҳаммад Али ал- Мавлавий; Ҳалаблик Иброҳим ар-Рифоий; Димашқлик Муҳаммад Бадвий ад-Дироний; «Робитатул Оламил Исамийя» томонидан ўтказиладиган «Арабий ёзувлар» мусобақаси ҳайъат аъзоси Ҳошим Бағдодий ва бошқалар.
Усмон Тоҳо Радио эшиттиришларидан бирида бўлиб ўтган суҳбатда қуйидагиларни айтадилар.
— Сизда хаттотликка бўлган қизиқиш қачондан бошланган?.
— Vен хаттотликка ёшлик вақтимдан қаттиқ қизиққанман. Даслабки билимларни отам Абдуҳ Ҳусайн Тоҳодан ўргандим. Отам моҳир хаттот эдилар. Мен ўшанда китобий хатларга тақлид қилиб, босма хатни тўлиқ ўрганиб олдим ва ақийда борасидаги айрим назмларни, наҳв (араб тили грамматикаси)га тегишли баъзи матнларни ёздим, ўшанда ҳали саккиз ёшга кириб улгурмагандим, ўша хатларни шахсий мактабамда сақлаб қўйганман. Отам мени Ҳалабдаги бошланғич мактабга бердилар, у ерда катта хаттот Муҳаммад Али Мавлавий билан танишдим ва у кишидан  риқъа ва форсий ёзуви борасидага бошланғич билмларни олдим. Шу аснода бошқа кўплаб хаттотлар билан танишдим...

— Сиз рассомликдан ҳам сабоқ олганингизни айтдингиз, буни хаттотликка алоқаси борми?.
— Ҳа, рассомлик хаттотга ёзувни чиройли жойраштириш ва шаклини гўзаллаштиришда ёрдам беради. Рассом-хаттот ўз ишида жуда кенг фикрга эга бўлади, лекин мен Исломий ёзувга оид безакларни ўрганиш билан кифояландим, зеро мақадим хатларимни ноёб исломий нақшлар билан безаш эди, холос.
— Ёзувлврнинг қандай турлари мавжуд, уларнинг қайси бири Мусҳафни ёзишка муносиброқ?.
—Арабий ёзувлар, тақрибан, олти хил ёзувда бўлади. куфий, сулус, насх, насталиқ (форсий), девоний ва риқъа ёзувлари . Мусҳафнинг ёзишга муносиби «насх» ёзувидир, чунки бу аниқлиги, очиқлиги ва одамлар орасида машхур (кўп тарқалган)лиги билан ажралиб туради.

Мусҳафни қўлда ёзиш ўрнига компютерда ёзса ҳам, бўладими?.
Компютир барча зиёлилар эҳтиёжи тушадиган ажойиб кашфиёт ва ХХ аср мўъжизаси бўлса- да, лекин у (бу борада) хаттотнинг ўрнини боса олмайди, чунки хаттот кашфиётчидир. Компютир ёзув борасида ҳарфлар тузилишига, ҳарфлар тузилиши эса қиёсий ёзувга асосланади, бу эса хатнинг чиройини камайтиради. Шунинг учун  Қуръони Каримни  ёзишдаги энг яхши йўл қўл ёзувига асосланганидир. 
— Сиз ёзган мусҳаф бошқалардан нимаси билан ажралиб турарди?
— мен  Мусҳафни ёзишда танлаган услуб калималарни орасини бир-бирига киришиб кетмайдиган даражада очиқ қилиб ёзилиши, мана шунда ҳаракатлар ва баъзи белгиларни қўйишга халаллик етмайди. Яна Мусҳафни ёзишда эътибор берилган нарсалардан бири оят ва саҳифаларга рақамлар қўйиб, ҳар бир саҳифа 15 қатор ва (70 х 100) ҳажмда бўлиши ...
— Қуръони Каримни ёзаётганингиздаги ҳолатингиз ҳақида гапириб берсангиз?
— Мен Қуръони Каримни ёзаётганимда, албатта, таҳоратли бўламан. Зеҳнимни соф тутиш мақсадида одамларга қўшилмайман ва ёзишда хато қилишдан жуда эҳтиёт бўламан. Мен Мусҳафни ёзиш асносида ўзимни руҳан оятлар оламига тушгандек ҳис қиламан. У биз дунёга машғул бўлиб яшаётган оламдан бутунлай бошқача олам. Бир оят хушхабар берса, бошқаси огоҳлантиради, пайғамбарлар ва бошқа қавмлар қиссалари ўтиб бораркан, вақт ўтганини ҳам, атрофимда кимлар борлигини ҳам сезмайман, Қуръон оятлари бутунлай мени эгаллаб олади... Тақводорларга ваъда қилинган жаннат хабарлари келганида Аллоҳнинг раҳматини, дўзахнинг васфи келганида ундан қутқаришини ёлвориб сўрайман, бундаги менинг ҳолатим хавфу ражо (қўрқув ва умидворлик)да бўлади, қилаётган амалларим холис Ўзи учун бўлишини сўраб дуолар қиламан...      
Усмон Тоҳо 1988 йилда Саудия арабистонига келиб, Мадинаи мунавварадаги «Мусҳаф уш- шариф»ни чоп этишга ихтисослашган Малик Фаҳдга қарашли академиянинг хаттоти, «Мадини мунаввара мусҳафи»нинг котиби этиб тайинландилар ва мана шу йилнинг ўзида ҳар уч йилда  Истанбулда ўтказиладиган «арабий ёзувлар» мусобақаси ҳакамлар ҳайъатига аъзо бўлдилар.
Усмон Тоҳо ҳазратлари ҳозирга қадар Қуръони Каримни 14 марта тўлиғича ёзиб чиққанлар. Ҳозирда биз ўқиётган қуръонларнинг аксарияти у кишининг хатлари асосида чоп этилиб келинмоқда...

Манбалар асосида Нуриддин Ҳошимов тайёрлади