Қуръон ёдлаган аёллар тарихи
Босма

Осиё бинт Аҳмад ибн Абдуддоим

У киши муҳаддиса, қория бўлганлар. Уйлари дарс ва тиловат билан қурилган. У зотга Абу Фахр Асъад ибн Саъд, Зохир Сақафий, Ибн Сакийна ва Умар ибн Тоброзид ижозат берганлар. Ҳижрий 687 сана ражаб ойининг бешинчи куни вафот этдилар.

Асмо бинт Иброҳим ибн Арсоҳ

Ҳижрий 646 йилда туғилганлар. У кишининг тоғалари Қози Нуриддин ибн Сониъдир. Асмо бинт Иброҳим аёлларга Қуръон таълимини бериб, илм ўргатганлар. Аллоҳга яқин бўладиган ўринларда жидду жаҳд қилганлар. Ҳижрий 708 йил 9 жумадул аввал, жума куни вафот этганлар.

Байрам бинт Аҳмад Моликий

Унинг отаси Қуръон ўқир ва фақиҳлар билан учрашиб турар эди. У ёшлигидан Қуръони Каримни ўқишни ўрганди. Байрам бинт Аҳмад Қуръонни Шамс ибн Сониъдан олган еттита ривоят билан ўқир эди. У қизи Фотимага ҳаммасини, яъни ўнта қироатни ўргатди. Отаси билан Байтул Мақдисга бориб, шайхларга Қуръон ўқиб берди ва аёлларга ваъз қилди. У «Умда», «Арбаъийн ан-Нававия», «Аш-Шотибиятайн», «Ақийда» ва бошқа кўплаб китобларни ёдлаган. «Риёзус-солиҳийн»ни қайта-қайта мутолаа қиларди.
Шунингдек, Макка, Димёт ва бошқа шаҳарларга борган. У ушбу (Димёт) шаҳар шайхи Аҳмад ибн Туриймисга турмушга чиққан.

Жамъа бинт Башшор Исфаҳония

Тўлиқ исмлари Уммул Баҳо Жамъа бинт Абу Ражо Башшор ибн Аҳмаддир. Исфаҳоннинг муаллимаси бўлган. Муҳаддис авлодларининг энг яхши, солиҳа аёлларидан. Қуръон аҳлияси бўлиб, Қуръондан дарс берар эди. Саҳл ибн Абдуллоҳ Ғозий ва Раис Абу Абдуллоҳ Қосим ибн Фазллардан ҳадис эшитган. Ҳадис талабида Ироқ ва Хуросонга сафар қилган кишилардан эди. Самъоний ундан учта ҳадис ёзиб олган. Тахминан ҳижрий 485 йилда туғилган.

Ҳафса бинт Сийрин

Умму Ҳузайл Ансорий фақиҳа ва тобеъин аёлларнинг саййидаларидан ҳисобланади. Ибодат, фиқҳ ва Қуръон қироатида машҳур бўлган.
Иёс ибн Муовиядан ривоят қилинади: «Ҳафса бинт Сийриндан фазилатли аёлни кўрмадим. Ўн икки ёшидаёқ Қуръони Каримни ўқир эди». Унга: «Ҳасан ва ибн Сийринлардан ҳамми?!» дейилганда, у: «Ҳеч кимни ундан (Ҳафсадан) афзал билмайман», деб жавоб берди».
Қуръондан бирор ишкаллик туғилиб қолганда акаси Муҳаммад: «Боринглар, Ҳафсанинг қандай ўқишини сўранглар», дер эди.
Маҳдий ибн Маймун зикр қилади: «Дарҳақиқат, Ҳафса ўттиз йил ўз намозгоҳида турди. У фақат бир оз ухлаш ва ҳожат учун чиқарди. Ўғли Ҳузайл ўчоқда ёқиш учун ўтин тайёрлар ва қишда уни ёқиб, иситар, у (она) эса жойнамоз устида ўтирарди. Ўғли борлигидан қувонар эди. У аёл айтади: «(Ҳузайл) вафот этгач, Аллоҳ мени Ўзи хоҳлаганича сабр қилиш билан ризқлантирди, лекин доимий сиқиладиган бўлиб қолдим. Бир куни кечаси Наҳл сурасини ўқиётиб, ушбу: «Аллоҳнинг аҳдини озгина баҳога сотиб юбормангиз. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳ даргоҳидаги нарса (ажр-савоб) сизлар учун (дунё матоҳларидан) яхшироқдир. Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳнинг даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз» (95-96-оятлар)га етганимда унга мувофиқ бўлдим, натижада Аллоҳ сиқилишимни кетказди».
Яна у ривоят қилган ажойиб нарсалардан бири қуйидагича: «Ҳафса бир жория сотиб олди. Ундан: «Беканг ҳақида қандай фикрдасан?» деб сўралди. Шунда у форсча бир ran айтди, унинг маъноси: «У − солиҳа аёл. Лекин катта гуноҳ қилиб қўйибди, шекилли, кечаси билан йиғлаб, намоз ўқиб чиқади», деган эди».

Хадижа бинт Аҳмад Фаъсия

Форс аҳлидан, қория, солиҳа ва ўқимишли аёл бўлган. Аллоҳнинг Китобини, қироат ва тажвид илмини етарли даражада ёдлаган эди. Ҳарфлар махражлари билимдони, Варш, Қолун ва Маккий қироатига ўхшаш кўп қироатларда ўқувчи, ушбу ривоятлар қироати ва хукмларининг барча турларидан бохабар, Аллоҳнинг Китобини ўргатишни лозим тутган, ибодат ва тиловатни кўп қилган аёл. Ўзи қизиққан нарса билан машғул бўлиб, ортиқча нарсалардан йироқ турган. Қуръони Каримни Имом Абу Али Ҳасан Жанбур санадлари орқали ўқиган. Шунингдек, Шайх Абдулҳафиз Фаъсий қироатни ундан ривоят қилган. Хадижа унга ҳижрий 323 йилда ижозат берган.

Хадижа бинт Ҳорун Давкалийя

Ҳижрий 640 йил Мағриб (Марокаш)да туғилган. Қуръони Каримни еттита қироатда ўқиган ва «Шотибия»ни ёдлаган. Ўн бешта ҳужжат келтирган. Ҳижрий 695 сана муҳаррам ойининг 5-да, душанба куни вафот этган.

Уммул Хайр бинт Аҳмад ибн Исо

Ибн Макинанинг қизи деб танилган. Ваҳоланки, у Қози Фозил Шиҳоб Аҳмад ибн Исо ибн Муҳаммаднинг қизи бўлиб, ҳижрий 810 йилдан олдин Малайзияда туғилган. Қуръонни ёдлаб, отаси Нофеъга ўқиб берган ва доимо ёддан ўқиб юрган. Ҳижрий 849 йил сафар ойида Лайя водийидаги Убло қишлоғида унинг олдига Бақоъий келади ва унга бир нарса ўқиб беради. Албатта, у котиба, қория ва фозила эди. Унга бир жамоат ижозат берган. Отаси кўзи ожиз киши бўлиб, яқинлари ичида «Чумчуқ» номи билан танилган. Уммул Хайр бинти Аҳмад ёшлигида Қоҳирага кўчиб борган. Азҳарда яшаб, Қуръонни ёдлаган ва катта машойихлар қўлида илм-фан ўрганган.

Салмо бинт Муҳаммад ибн Жазарий


Куняси − Уммул Хойр. Отаси «Ғоятун ниҳоя фий тобақотил қурро» номли китобида унинг таржимаи ҳолини ёзган: «У менинг қизим, Аллоҳ уни манфаатли қилсин, дунё ва охират яхшиликларига етиштирсин... У ҳижрий 813 йили Қуръон ёдлашга киришди. Тажвид муқаддимасини, наҳв муқаддимасини ёдлаб, топширди. Сўнгра яхши нашр бўлган «Алфия»ни ёдлаб, ўнта қироатда топширди. Ҳижрий 832 йили рабиул аввалнинг 12- да ҳамма қироатларни ўз ичига олган тажвидли саҳиҳ қироатларни мукаммал қилди. Бу муваффақиятларга эришишда, юксакликка кўтарилишда бирор киши унга шерик бўлмади. Аруз ва араб тилини ўрганди, форсча ва арабча шеърлар ёзди. У ўзи ҳадис ўқир, мендан эшитар ва ўзимга кўп бор ўқиб берар эди. Аллоҳ уни бахтли қилсин, дунё ва охират яхшиликларига етиштирсин».
Салмо бинт Муҳаммад ибн Жазарийнинг отасига келсак, у ўз замонасидаги қорилар шайхи ва ҳадис хофизларидандир. Дамашқда туғилиб, у ерда ўсиб улғайган. Дамашқда «Дорул Қуръон» деб номлантан Мадраса қурди ва Амир Темур билан бирга Мовароуннаҳрга сафар қилди. Сўнгра Шерозга кўчиб ўтиб, унинг вилоятига волий бўлди ва ўша ерда вафот этди. У Курдистон (ҳозирги Туркия)даги «Жазийра ибн Умар» деган жойга нисбат берилади. Қуръони Карим илмларига оид кўпгина китоблари бор. Энг машҳурлари тажвид, қироат, Қуръон фазилатлари ва қориларнинг таржимаи ҳоллари хусусидагиларидир. Шунингдек, у кишининг чуқур маъноли зикрлар ва дуолар хусусидаги «Мустаҳкам қўрғон» ва унинг ҳошиясига ёзилган «Мустаҳкам қўрғоннинг калити» деб номланган китоблари одамлар орасида жуда машҳурдир. Ҳижрий 833 йилда вафот этди.

Ойша бинт Иброҳим Дамашқий

Ойша бинт Иброҳим ибн Сиддиқ Суламийя Дамашқия ўқимишли солиҳа аёлдир. Ҳижрий 661 йили туғилган. Қуръонни Аҳмад ибн Ҳибатуллоҳ ибн Асокирдан, ҳадисни эса бошқалардан эшитган. Аёллар ундан кўп манфаат олдилар. У ҳақда куёви Ибн Касир бундай дейди: «У ибодатни кўп қилишда ва Қуръонни чиройли адо этишда беназир эди. Бу хусусда кўп кишилардан фазилатли бўлди. У дунёда зоҳида бўлиб, ундан озгина нарса қолди. Ҳижрий 741 йил жумадул аввал ойида вафот этди. Эри Хофиз Абул Ҳажжож Юсуф Миззий Шом диёрининг муҳаддиси, «Таҳзибул камал фий асмаир рижал» ва «Тухфатул ашроф би маърифатил атроф» китоблари муаллифидир. Ушбу китоблар хусусида Ибн Тулун: «Аниқки, бундан кейинги муҳаддислар шу икки китобга боғлангандир», дейди. Ҳижрий 742 йилда вафот этди.

Ойша бинт Имрон Манубий

Обида, солиҳа бу аёл Манубада туғилиб, отаси қарамоғида ўсди. Ота қизининг тарбиясига катта эътибор бериб, Қуръони Каримни ўргатди, ҳифзини чиройли қилди. Сўнгра ўзи ибодатга зўр бериб, зоҳидликни лозим топди. У жун йигиришдан келадиган даромади эвазига кун кечирарди. Кўпгина китобларда унинг жасоратларидан ҳикоя қилинади. Ҳаёти давомида Қуръонни 1520 марта хатм қилган. У фақир-мискинларга ғамхўрлик кўрсатар, муҳтожлар эҳтиёжини қондирар эди. Ўз касбидан бирор нарса жамғармагани ҳақида гапириб: «Чўнтагимда бирор дирҳам қолиб, уни садақа қилмасам, тунги ибодатим нуқсонли бўларди!» дейди. Бу унинг яхшилиги ва раҳмдиллигига далолат қилади. Жон бераётгандаги охирги сўзлари: «Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл сураси, 128-оят) бўлди. 67 ёшга яқинлашганида, ҳижрий 665 йил 21 ражаб ойининг жума куни вафот этди. Жанозасига тунислик уламоларнинг кўпчилиги келишди. Тунисдаги Қаржоний равзасига дафн қилинди.

Ойша бинт Юсуф Боъуния

Бу қобилиятли, ўқимишли, олима ва фозила аёл Абдулваҳҳоб Дамашқийнинг онаси, Боъунийнинг қизи бўлган. Шахсий сийрати хақидаги сўзида у: «Аллоҳ таоло мени Ўзининг Китобини ўқишим учун танлаб олди, менга уни мукаммал қилиб ёдлашни тортиқ қилди. Ваҳоланки, мен саккиз ёшда эдим», дейди. Отаси машҳур олим Юсуф ибн Аҳмад ибн Носир Боъуний Мақдисий тўрт ёшдалигида Қуддусдан Дамашққа кўчиб борган. Қизи Ойша бинт Юсуфга Қуръон, фиқҳ, араб тили ва бошқа фанларни ўргатган. Юсуф ибн Аҳмад Дамашқий Шофиий Софд вилоятига волий бўлди, сўнгра Дамашқда, ҳижрий 847 йили Шомнинг Тараблус вилоятида, кейинроқ Ҳалабда қозилик қилди. Барча соҳаларда мақтовларга сазовор бўлди. Камтар, забардаст, машҳур олим, зеҳни ўткир, юмшоқ муомалали ва олий ҳимматли инсон бўлган у зот кўп тиловат ва садақа қилар, кўпинча душанба ва пайшанба кунлари рўза тутар, кечалари туриб, таҳажжуд ўқир, кўп эҳсон қилар эди. «Одилийятус суғро», «Шомийятул жавонийя» ва «Азизийя» каби узоқ жойларга бориб, дарс берарди. Юсуф ибн Аҳмад ҳижрий 880 йилда заҳарланиш оқибатида вафот этгани ҳақида маълумотлар бор.
Кўпгина ака-ука ва опа-сингиллари билан бирга отаси тарбиясида улғайган Ойша улар билан ҳужжатлашиб, ҳаммасидан устун келарди. Қоҳирада у илмдан жуда катта насиба олди ва унга фатво ҳамда дарс беришга рухсат этилди. Ҳижрий 919 йилда Ойша Қоҳирага кириб келганида, унинг ҳамроҳи − Миср диёридаги қурилиш ишлари девони бошлиғи Абуссано Маҳмуд ибн Ожо Ҳалабий уни отасининг ҳурмати юзасидан ўз уйига туширган эди.
Ибн Ҳанбалийнинг айтишича, юқорида зикр этилган таржимаи ҳол соҳибаси ҳижрий 922 санада Ҳалаб шаҳрига келган. Бадр Суюфий, шогирди Шамс Сафирий ва бошқалар у киши билан парда ортида туриб учрашганлар. Сўнг Дамашққа қайтиб, у ерда ўша йили вафот этган.
Олима аёллардан бўлмиш Ойша Боъунийя Ислом тарихида қуйидаги китоблари билан шуҳрат қозонган:
−    «Ал-Ишарот ал-Хофийя фи-л-Маназил ал-Алийя» («Олий даражаларга махфий ишоралар»), Бу Ҳаровийнинг «Маназил ас-Саъирин» китобини мухтасар равишда жамлаб ражаз вазнида ёзилган шеърдир.
−    «Ад-дур ал-гоис фий баҳр ал-муьжизат ва-л-хосоис» («Мўъжиза ва хусусиятлар денгизидаги гавҳар») − Байт бошидан охиригача «ро» ҳарфида тугайдиган қасида бўлиб, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сийратлари ҳақидадир.
−    «Салот ас-салам фий фазли ас-салот вассалам» («Набийнинг (алайҳиссалом) фазилатлари ҳақида салоту саломлар») − Имом Саховийнинг «Ал-қовл ал-бадиъ фис-солат ъалал-Ҳабиб аш-Шафиъ» китобини ўз ичига олган назмий манзума.
−    «Ал-Фатҳ ал-Ҳақий мин фатҳ ат-Талаққий».
Унинг «Ал-Фатҳ ал-Мубин фий мадҳи ал-Амин» асари «мимия (қофиялари «мим» ҳарфи билан тугайдиган) қасида бўлиб, уни худди «Кашф аззунун» каби гўзал шарҳ билан шарҳлади. Унинг аввали:    *** деб бошланади. Шафоат қилувчи Ҳабибимизни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўкка кўтариб мадҳ этувчи бу қасидани Ойша бинт Юсуф ҳижрий 922 йили Рамазон ойида ёзиб тугатган.

Фотима бинт Абдурроҳман Широт

Куняси − Уммул Фатҳ. У отасида Нофеъ қироатини хатм қилди ва Қузоъийнинг «Аш-Шихоб» ва Толайтулийнинг «Мухтасар»ини (ёдлаб) айтиб берди. Шу билан бирга «Саҳиҳ Муслим», Ибн Исҳоқнинг «Сийратун Набавийя» ва «Алкомил ван Наводир» китобларини қабул қилди ва отасидан кўп нарсаларни эшитди. Али Абу Абдуллоҳ Андажарий Зоҳид ва Абу Абдуллоҳ ибн Муфаззалга Қуръонни ўқиб берди. Ундан ўрганган ўғли Абул Қосим ибн Тойласот Қуръонни Варш қироатида ўқиб берди. Ҳижрий 613 йили вафот этди.

Фотима бинт Абдуллоҳ ибн Мутаваккил ъалаллоҳ

Илмда етарли даражада маърифатга эга, иймон ва тақво билан бирга, зийрак ва фаросат соҳибаси бўлиб, Қуръони Каримни Тавба сурасигача пухта ёдлаган, давомли равишда ҳафтада етти порадан ўқиб туриш одати бўлган аёл эди.
Имом Мутаваккил ъалаллоҳ қизи Фотимани Яҳё ибн Шарофиддинга турмушга берган. Улар барча илмларни ўрганишни ҳамда муаммоли жойларни биргаликда ҳал қилишган. Ҳижрий 895-910 йиллар давомида бетобликдан азият чекиб, оқибатида ҳижрий 910 санада Санода вафот этган.

Фотима бинт Муҳаммад ибн Юсуф Дувайрутий

Бу олима, фозила аёл, Қуръони Каримни, ақийда, «Арбаъин ан-Нававий» ва «Шотибия»ларни, Саховийнинг «Нуния»си ва Абу Шужоънинг «Мухтасар»ини тўла ёдлаган. Қироатларни отасидан ифрод 168, сўнг жам 169 шаклда ўтказиб олганидан кейин Қоҳирага келди. Шиҳоб Искандарий ва Зайн Жаъфарга ўқиб берди. «Шотибия»ни мукаммал ва мустаҳкам ўрганиш билан бирга, қироатларда моҳир бўлди. Ундан кўпчилик эркак ва аёллар манфаат олдилар. Унга ўқиб берган аёллар ичида Байрам бинт Аҳмад ибн Муҳаммад Дувайрутия Моликия ҳам бор.
Оталари Муҳаммад ибн Юсуф ибн Аҳмад Шаме Дайрутий ал-Муқрий бўлиб, Ибн Соиғ исми билан танилган. У киши Қуръони Каримни, иккита «Шотибия»ни ва бошқа асарларни ёдлаб чиққан. Етти қироат билан ифрод ва жам ҳолда ўқир эди. Ўз шаҳарларида одамларга муқрий бўлиш (устозлик қилиш) ташаббуси билан чиққанлар. У кишидан кўпчилик фойдаланган.
Имом Саховий айтадилар: «Илмда баракотли эдилар. У зотга ўқиб берган киши манфаат оларди. Тўқувчилик билан тирикчилик қилганлар. Ҳижрий 864 йилда Дайрутда вафот этганлар».

Фойиз Қуртубий қизи

Илм ва одобда ниҳоятда машҳур бўлган. Оталари Фойиздан тафсир, луғат ва шеър илмларини ўрганган. Турмуш ўртоғи Абу Абдуллоҳ Ибн Аббордан фиқҳ ва ахлоқ таълимини олган.
Қироат илмларини ўрганиш учун Абу Амр Доний олдига келганида, у киши бетобликдан вафот этди. У зотнинг шогирдлари ҳақида сўраганида, Абу Довуд Муқрий ҳақида айтишади. У (Фойиз Қуртубий қизи) ҳижрий 444 сана охирларида Балнасияга келиб, Абу Довудга тажвид билан етти қироатни ўқиб берганидан сўнг ҳаж қилиб, 446 санада Миср сафарида вафот этган.

Маймуна бинт Язид Қори

Тўлиқ исми Маймуна бинт Абу Жаъфар Язид ибн Қоъқоъ Махзумий Маданий Қори бўлиб, қироатни отасидан ривоят қилган. Ундан ўғиллари Аҳмад ва Собит ривоят қилган.
Отаси қироат бобида машҳур шахслардан − ўн қироат имомлари сирасига кирганлардан эди. Бу улуғ инсон, Қуръонни мавлоси Абдуллоҳ ибн Иёш ибн Абу Робиъа, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абу Ҳурайраларга (розияллоҳу анҳум) ўқиб берган ҳамда улардан ривоят қилган. Шунингдек, Нофеъ, Сулаймон ибн Муслим, ибн Жаммоз, Ийсо ибн Вирдон, ўғиллари Исмоил ва Яъқуб ҳамда қизи Маймуналар ундан қироатни ривоят қилганлар.
Ибн Жазарий айтади: «Устоз Абу Абдуллоҳ Қассоънинг дастхатларида шуни ўқидимки, у зот ярим тунда саккиз-ўн олти ракат намоз ўқир, ҳар бир ракатда Фотиҳа сурасига ўртача узунликдаги суралардан замсура қилиб, намоздан сўнг ўзини, мусулмонларни ва унга ўқиб берган ҳамда унинг қироати билан олдин ўқигану кейин ўқийдиганларни дуо қилар экан». Маймуна Мадинада вафот этган.

Маймуна бинт Шоқула

У кишининг ўғлидан ҳикоя қилинади: «Ҳовлида ёрилган девор бор эди. Бир куни онам: «Қоғоз билан қалам олиб кел!» деди ва қоғозга нимадир ёзиб, менга берди-да: «Девордаги анави тешикка тиқиб қўй», деди. Мен шундай қилдим. Йигирма йилдан сўнг, онам вафот қилгач, ҳалиги қоғоз ёдимга тушди. Бориб  олишим биланоқ девор қулади. Қоғозни очиб қарасам,унга: «Албатта, Аллоҳ осмонлар ва Ерни завол топишларидан ушлаб турар»  Эй Осмону ерни тутиб турувчи! Буни тутиб тургин», деб ёзилган экан. Фотир сураси, 41-оят.