Яҳё ибн Одам
Босма

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ йўлидан ривоят қилган эдик: «Яҳё ибн Одамнинг: «Мен Абу Бакр ибн Иёшнинг ҳузурига уч йил қатнадим ва унга Қуръоннинг ҳаммасини, валлоҳу аълам, ўқиб бердим», деганини эшитдим». Ибн Ҳанбалдан (раҳматуллоҳи алайҳи) Яҳё ибн Одам ҳақида сўралганида, у киши: «Мен у кишидан кўра илмни билувчироқ ва кенг қамровлироқ кишини билмайман. У оқил, ҳалим, Абу Бакр ибн Иёшдан кўп ривоят қилган ровий эди. У киши ғилай эди». Абу Тоҳир ибн Абу Ғошим айтади: «Бизга Али ибн Аҳмад Ажалий ва бошқа ровийлар сўзлаб беришган. Улар: «Бизга Абу Ҳошим», у эса: «Бизга Яҳё ибн Одам сўзлаб берди», деган. У айтади: «Мен қирқ йилдан буён Осимнинг бу дафтарда мавжуд ҳарф −   қироатлари ҳақида Абу Бакр ибн Иёшдан сўраб келдим. У менга уларнинг ҳаммаси ҳақида сўзлаб ва ҳарфма-ҳарф қироат қилиб берди, мен уларга нуқта қўйиб, қайд этиб бордим. Яна мен ундан у менга олдин сўзлаб бермаган ҳарфлар маъноларини ҳам ёзиб олдим. У яна: «Буларни мен сенга ҳарфма-ҳарф сўзлаб берганимдек, Осим менга ўқитган», деди».