Ҳишом ибн Аммор
Босма

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Фараж Андалусий, яъни Абу Абдуллоҳ Ҳумайдий: «Менга Бағдодда баъзи аҳли ҳадислар Ҳишом ибн Аммор бундай деганини айтиб беришди», дея шундай ривоят қилди: «Мен Аллоҳ таолодан еттита ҳожатимни сўрадим. Аллоҳ таоло улардан олтитасини берди. Биттасини нима қилганини билмайман. Мен У Зотдан мени ва ота-онамни мағфират қилишини сўраган эдим, У бизни мағфират қилдими ёки йўқми, билмайман. Аллоҳ таолодан ҳажга боришимни насиб этишини сўрадим, У дуойимни ижобат қилди. У Зотдан юз йил умр беришини сўрадим, У сўраганимни берди. У Зотдан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) сўзларида тўғри сўз бўлишни сўрадим, бу истагим ҳам мустажоб бўлди. У Зотдан кишилар менинг ҳузуримга эртаю кеч илм талабида келиб туришларини сўрадим, бу дуойим амалга ошди. Аллоҳ таолодан Дамашқ минбарида ваъз − хутба ўқишни сўрадим, бу тилагимга ҳам эришдим. Яратгандан минг динор ҳалол пул сўрадим, бу тилагим ҳам насиб бўлди».