Абу Мансур Хайёт
Босма

Абу Саид ибн Самъоний айтади: «У (Абу Мансур Ҳайёт) нинг ўз махсус вирди (вазифаси) бўлиб, у қариб қолганига қарамай, шом билан хуфтон орасидаги вақтда тик туриб ва ўтириб, Қуръоннинг еттидан бирини ўқир эди. У каромат соҳиби эди». Ибн Нажжор айтади: «Абу Мансурда Қуръон ўқитган кишилар сони етмиш мингтага етар эди. Мен ушбу маълумот Ҳофиз Абу Наср Юнортий хати билан ёзиб қўйилганини кўрганман».
Абу Мансур Ҳайёт ҳижрий 499 сана муҳаррам ойининг 16-куни, чоршанба, 99 ёшда вафот қилган. Абу Мансур ибн Хайрун айтади: «Абу Мансур Ҳайётнинг жанозасидек халойиқ кўп, баракотли бўлган жанозани кўрмаганман». Силафий айтади: «Солиҳ кишилардан бўлган Али ибн Айсар:
«Абу Мансурнинг жанозасида иштирок этдим, халойиқ бу қадар кўп бўлган бошқа жанозани кўрмаганман. Ҳатто бир яҳудий келиб, ушбу оломонни кўрди-да: «Гувоҳлик бераманки, шубҳасиз, бу дин ҳақдир», дея Исломни қабул қилди», дейди». Салафий айтади: «Шайх Абу Мансур вафотининг иккинчи жумасида Муътаман Ножий менга: «Бугун унинг қабри устида 221 маротаба хатм қилинди», деди». Самъоний дейди: «(Абу Мансур) вафот этганидан кейин уни тушларида кўриб, ундан: «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?» деб сўрашганида, у: «Аллоҳ мени болаларга Фотиҳа сурасини ўргатганим сабабли мағфират қилди», деб жавоб берган экан».