
Аллоҳ таолога Ўзига лойиқ ҳамду санолар бўлсин! Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин! Қуръони Каримнинг бизларгача ҳеч бир ўзгаришсиз, бекаму-кўст етиб келишида беминнат хизмат қилган саҳобаи киромлар, тобеинлар ва улардан кейинги барча Қуръон устозларидан Аллоҳ рози бўлсин!
Юртимизда узоқ йиллик турғунликдан сўнг аста-секин диний саводхонлик ошиб, кишиларимиз турли билимлардан хабардор бўлиб бормоқдалар. Хусусан, Қуръон илмлари борасида ҳам кўпчиликда турли даражадаги маълумотлар пайдо бўлди. Шу билан бирга, қироатлар ва уларнинг турлари ҳақида ҳам саволлар юзага кела бошлади. Баъзиларда бу борада ноаниқ тасаввурлар ҳосил бўлган бўлса, айрим кишиларда нотўғри тушунчалар ҳам кўзга ташлана бошлади. Шу боис, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда қироатлар ва уларнинг келиб чиқиши ҳақида азиз ўқувчиларимизга қисқача маълумот беришни ният қилдик. Бу камтарона уриниш қироат илми ҳақида келгусида қилинадиган ишларга кичик бир дебоча бўлса, ажаб эмас.
Тарихга бир назар
Тарихга назар солсак, Аллоҳ таоло барча даврларда Ўз каломи Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун керак бўлган ҳамма шарт-шароитларни Ўзининг илоҳий тадбири билан тўлиқ таъминлаб келган. Роббимиз инсониятнинг бахт¬саодати гарови бўлган бу мўъжиз каломни Ўз муҳофазасида сақлашни ваъда қилган эди, асрлар оша турли омиллар воситасида мазкур ваъданинг юзага чиқишини таъминлаб келмоқда. Аввало Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий фариштаси воситасида нозил қилди ва уни Ўз Расули қалбида жамлашни ва тилида қироат қилдиришни Ўз зиммасига олди. Қуръони Каримни бир соат ёки бир кунда эмас, йигирма уч йил давомида оятма-оят туширди. Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Биз сенинг қалбингни у билан саботли қилиш учун шундай қилдик ва уни тартил билан тиловат қилдик» («Фурқон», 32). Ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом оятларни олиб тушиш билан бирга, уларнинг тартибини ҳам илоҳий топшириқ асосида ўргатиб кетар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлиб битиши билан ёзишни биладиган саҳобаларни чақириб, уларга янги тушган оятларни ёздириб қўяр ва уларнинг қайси сурага, қайси оятдан кейин қўйилишини ҳам айтиб берар эдилар. Шундай қилиб, сура ва оятларнинг тартиби ҳам ёдлаб, ёзиб борилар эди. Барча саҳобалар уларни баҳоли қудрат ўзлаштириб борар эдилар. Бундан ташқари, ҳар йили Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга ўзларига ўша пайтгача нозил қилинган оятларни ўқиб берар эдилар. Вафот этадиган йиллари у Зот Қуръонни икки маротаба ўқиб берганлар. Бу набавий хатмга айрим бахтиёр саҳобалар гувоҳ ҳам бўлганлар. Ушбу хатм манбаларда «арзаи охир» – «охирги ўқиб бериш» деган ном билан машҳур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мусулмонларни Қуръонни ўрганишга, уни ўргатишга тарғиб қилдилар, қизиқтирдилар ва амр қилдилар. Бу маънода келган ҳадислар жуда ҳам кўп. Масалан: «Сизларнинг энг яхшиларингиз ‒ Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганларингиздир», «Қуръонга моҳир киши улуғ, мукаррам фаришталар билан биргадир. Қуръон ўқиганда қийналадиган кишига иккита ажр бордир», «Қуръонни ўрганинглар ва ўргатинглар, чунки у Қиёмат куни ўз эгасига шафоатчи бўлиб келади», «Ким Қуръон ўқиса ва ундагиларга амал қилса, Қиёмат куни унинг ота-онасига тож кийгизилади. Унинг зиёси сизларнинг дунёнгиздаги қуёшнинг зиёсидан яхшироқ, гўзалроқдир». Ушбу таълим-тарбия, тарғибу буйруқлар натижасида аста-секин саҳобалар ичидан Қуръони Каримни ёдлашга, уни ўз ўрнига қўйиб тиловат қилишга лаёқатли бўлган, шунга бел боғлаган кишилар ажралиб чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу борада алоҳида эътибор бериб, улар билан махсус шуғулландилар. Ўз навбатида мазкур саҳобалар ҳам ҳар бир оятни, ҳар бир калимани буюк эҳтимом билан ўрганиб, ўзлаштириб борар эдилар. Уларнинг айримлари Қуръони Каримни барча жиҳатлари билан тўлиқ ёд олиб боришга ҳам улгурган эдилар. Бунга, жумладан, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб, Усмон, Али, Абу Дардо розияллоҳу анҳумни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин саҳобалар Қуръони Каримни ўзларидан кейинги авлод – тобеинларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзлари қандай ўрганган бўлсалар, худди шу тарзда, бекаму-кўст, сўзма-сўз ўргатдилар. Тобеинлар ичидан бу соҳага астойдил киришиб бел боғлаганлари бир нечта саҳобадан Қуръон ўқишни ўрганиб, ўзлаштирдилар. Натижада, улар қироат илми мутахассислари ўлароқ майдонга чиқдилар. Улар ўзлари ўрганган илмларни табаъа тобеинларга ўргатдилар. Қуръони Карим шу зайлда авлоддан авлодга ҳеч бир ўзгаришсиз етиб келмоқда. Аллоҳ таоло барча замонларда Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бандалари ичидан Ўзи истаган кишиларни танлаб олиб, уларнинг қалбига Қуръон муҳаббатини, Қуръон ишқини солиб, тилларини унга бурро қилиб қўйди ва дилларига Қуръон ўқитиш шавқини бахш этди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бундай буюк инсонлар Ислом уммати ичида ҳеч қачон узилиб қолмади. Натижада, дунёда мисли кўрилмаган ажойиб бир занжир, муборак бир силсила вужудга келди. Ушбу муборак силсиланинг ҳар бир ҳалқаси ўзгача бир олам бўлди.
Қуръон ва қироатлар
Аллоҳ таоло инсониятни ер юзида Ўзига халифа ўлароқ яратгандан сўнг унинг тўғри ва саодатманд ҳаёт кечириши учун Ўзининг диний таълимотларини юбориб тургани воқеий ҳақиқатдир. Ана ўша таълимотларнинг асоси одатда илоҳий китобларда акс этган. Аллоҳ таоло Ўз илоҳий ҳикмати ила Ўзининг сўнгги каломини араб тилида нозил қилишни ирода қилди ва уни фасоҳату балоғат ва бошқа жиҳатларда инсон зотининг қурби етмайдиган даражада юксак ва олий этди. Арабларнинг каттаю кичиги, олимию шоири – барча--барчаси унинг қаршисида тиз чўкканча таслим бўлишга мажбур бўлди. Унинг турли усулда ўқилиши эса алоҳида бир мўъжиза бўлди. Қуръони Карим даставвал бир хил суратда нозил этилар ва қироат қилинар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишгач, кўплаб араб қабилалари Исломга кира бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари, янги мусулмон бўлган кишиларга биринчи бўлиб Қуръон ўргатар эдилар ва аввалроқ мусулмон бўлиб, Қуръондан илм таҳсил қилганларга: «Биродарларингизга Қуръон ўргатинглар», дердилар. Аммо янги мусулмон бўлганларнинг ичида қариси ҳам, ёши ҳам, эркаги ҳам, аёли ҳам, билимлиси ҳам, билимсизи ҳам, шаҳарлиги ҳам, бадавийси ҳам бор эди. Шу боис, уларнинг Қуръон ўрганишларида маълум қийинчиликлар кўндаланг бўлиши табиий эди: йиллар давомида ўзлари ўрганган, табиатларига сингиб кетган лаҳжаларига зид равишда Қуръон калималарини талаффуз қилиш уларга машаққат пайдо қилди, агар ўзларига қўйиб берилса, Қуръонни нотўғри шаклда ўзлаштиришлари эҳтимоли ҳам кўзга ташланди. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан улар учун енгиллик беришини сўраб илтижо қилдилар. У Зотнинг дуолари сабаб бўлиб, Аллоҳ таолонинг азалий иродаси юзага чиқди: Қуръони Каримни бир неча ҳарфда – суратда ўқишга ижозат бўлди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Мен унга мурожаат қилиб, зиёда этишини сўрайвердим, у зиёда қилиб бораверди, ниҳоят, етти ҳарфгача етди», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилган. Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Fифорнинг ҳовузи олдида эдилар. У Зотнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: «Аллоҳ сенга умматинг Қуръонни бир ҳарфда ўқишини амр қилмоқда», деди. «Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман, менинг умматим бунга тоқат қила олмайди», дедилар у Зот. Сўнгра иккинчи марта келиб: «Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди. «Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман, менинг умматим бунга тоқат қила олмайди», дедилар. Кейин учинчи марта келиб: «Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди. «Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман, менинг умматим бунга тоқат қила олмайди», дедилар. Кейин тўртинчи марта келиб: «Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Ўшандан қайси ҳарфда қироат қилсалар ҳам, тўғри қилган бўладилар», деди».
Имом Термизийнинг ривоятида қуйидаги зиёда ҳам бор: «Эй Жаброил! Мен бир саводсиз умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, катта ёшдаги чоллар, ёш болалар, кичик қизчалар ва умуман ёзув ўқимаган одамлар бор», дедилар. (Жаброил:) «Эй Муҳаммад! Албатта, Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деди». Ушбу ва бошқа саҳиҳ ҳадислар Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини билдиради. Бу борадаги хабарлар мутавотир даражасига етган. Бунга бутун Ислом уммати иттифоқ қилган. Аммо ҳадисда етти ҳарф деганда нима назарда тутилгани ҳақида уламолар турли фикрларни айтганлар. Айримлари бу ерда етти ҳарфдан мурод ўша пайтдаги араб лаҳжалари деса, бошқалари уни қироатдаги хилофлар етти туркумга бўлиниши билан изоҳлаган. Учинчилари бу ерда маълум адад эмас, балки кўплик, яъни бир нечта деган маъно назарда тутилган, деб айтган. Бироқ буларнинг барчаси ижтиҳодий фикрлар бўлиб, бирортаси ҳақида на ҳадисларда ва на саҳобаларнинг сўзларида далил йўқ. Бунга сабаб шуки, етти ҳарфдан мурод нима экани у пайтда нафақат саҳобаларга, балки бошқа арабларга ҳам маълум бўлган. Шу боис, саҳобалар ҳам бу ҳақда баҳслашиб, тортишиб юрмаганлар, Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлганини эшитган ғайридинлар ҳам бу ҳақда эътироз билдириб ўтирмаганлар. Нима бўлганда ҳам, ҳарф деганда Қуръонни ўқишдаги турлилик тушунилгани маълум ва машҳур. «Ҳарф» сўзи асли луғатда нарсанинг олди тарафини, бир четини англатади. Шунингдек, унда бир тарафдан иккинчи тарафга бурилиш маъноси ҳам бор. Аммо бу сўз қироат истилоҳида бир калимани маълум бир шаклда ўқишни англатган ва ҳозирда ҳам айнан шу маънода ишлатилади. Эътиборлиси шундаки, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлаётгани ва бунга рухсат этилгани бошқа ҳукмлар каби оммавий эълон қилинмаган. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга етти ҳарфда таълим бериб бораверганлар. Бундан хабар топган саҳобалар аввалига бироз тараддудга, ихтилофга тушишган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига тортишиб боришган. Шундагина у Зот бу ҳақда уларга маълум қилганлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳишом ибн Ҳаким «Фурқон» сурасини мен ўқийдиган суратдан бошқача қироат қилаётган экан. Менга уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқитган эдилар. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйишимга сал қолди. Кейин (намоздан) чиққунича тегмай турдим. Сўнгра уни ёқасидан олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, манавининг «Фурқон» сурасини сиз менга ўқитганингиздан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим», дедим. «Уни қўйиб юбор. Ўқи, эй Ҳишом», дедилар. У мен эшитгандек қироат қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худди шундай нозил қилинган», дедилар ва менга: «Ўқи», дедилар. Мен ҳам ўқидим. У Зот: «Худди шундай нозил қилинган. Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир. Ундан ўзингизга осон бўлганида қироат қилинглар», дедилар». Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилган. Имом Муслим Убай бин Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Масжидда эдим. Бир одам кириб, намоз ўқий бошлади. У шундай бир қироат қилдики, мен уни инкор қилдим. Кейин бошқаси кириб, ҳалигининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди. Икковлари намозларини тугатиб бўлганларидан кейин ҳаммамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик ва мен: «Манави шундай бир қироат қилдики, мен уни инкор қилдим. Кейин буниси кириб, унисининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларга амр қилган эдилар, иккови ҳам ўқиб беришди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккисининг ўқишини ҳам маъқулладилар. Кўнглимга шундай бир ёлғонга чиқариш фикри тушдики, бунақаси жоҳилият пайтида ҳам бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қамраб олган нарсани билиб, кўксимга урдилар. Тер бўлиб оқиб кетдим. Қўрққанимдан худди Аллоҳ азза ва жаллани кўриб тургандай бўлдим. Шунда у Зот менга: «Эй Убай! Менга «Қуръонни бир ҳарфда қироат қил», деб элчи юборилди. Мен уни У Зотга «Умматимга осон қил», деб қайтардим. Менга иккинчи марта «Уни икки ҳарфда қироат қил», деб қайтарди. Мен У Зотга «Умматимга осон қил», деб қайтардим. Менга учинчи марта «Уни етти ҳарфда қироат қил. Сени ҳар бир қайтарганимда сен учун бир нарсани Мендан сўраб олишингга имкон бор», деб қайтарди», дедилар».
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида энг пешқадам қорилардан эди. У киши кўплаб саҳобалар қатори Қуръони Каримни бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганарди. Бир куни бир саҳобанинг бир сурани ўзлари ўргангандан бошқача қироат қилаётганига гувоҳ бўлиб қолди. Аввалига уни хато ўқияпти деб ўйлади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳам, шеригининг ҳам қироатини тасдиқлаганларида ҳеч нарсани тушунмай қолди. Шайтон қалбига васваса солиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига, Қуръоннинг илоҳий китоб эканига шубҳа уйғотишга ҳаракат қилди. Пайғамбар алайҳиссалом буни дарҳол пайқадилар ва Убайнинг кўксига урдилар. У Зотнинг баракотларидан Убайнинг қалбидаги васваса бутунлай йўқ бўлиб, яқийн – чин иймон тажаллий қилди, унда худди Аллоҳ таолони кўзи билан кўргандек ҳол пайдо бўлди, Қуръони Каримга бўлган ишончи янада комил бўлди. Ушбу ҳадислардан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Қуръони Карим оятларини саҳобаларга турлича, уларга қайсиниси осон бўлса, ўшанисини ўқитганлар. Аммо бу Қуръоннинг ҳар бир сўзи бир неча хил ўқилади, дегани эмас. Балки бунда айрим сўзларни икки-уч хил ўқиш мумкинлиги назарда тутилади. Мисол учун, «Фотиҳа» сурасидаги «маалики» калимаси «малики» тарзида ҳам ўқилади. Шунингдек, айрим мад, идғом, иқлоб каби қоидаларда ҳам турлилик мавжуд бўлиб, баъзи мадлар бир неча миқдорда чўзилиши, бир қироатда идғом ё иқлоб бўлмайдиган ҳарфлар бошқасида идғом ёки иқлоб қилиниши, бир қироатда «алиф» ҳарфи «йа»га мойил қилиб, бошқасида эса оддий ўқилиши мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қироатдаги ушбу турлилик Қуръоннинг маъносига халал бермайди, балки унинг мазмуни ёритиб бериши, янада бойитиши мумкин. Мисол учун, «маалики» калимаси «эга» деган маънони англатса, «малики» шакли «подшоҳ» деган мазмунни билдиради. Тилшунос олимларнинг таъкидлашларича, «эга» бирор нарсага эгадорликни билдирса, «подшоҳлик» ўша ўзи эга бўлган нарсани тўла тасарруф этишни англатади. Бу икки маъно бир-бирини тўлдириши натижасида мазкур оятнинг мазмуни «У Зот Қиёмат кунининг эгаси ва унинг тасарруфини қилувчи подшоҳи» дегани бўлади. Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп. Қуръони Каримнинг мазкур қироат услублари Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбларига нозил бўлар, у Зот оятларни ўзларига қандай нозил қилинган бўлса, худди шу тарзда саҳобаларга етказар эдилар. Бу жараён Расул алайҳиссаломнинг саҳобаларга оятларни ўқиб беришлари билан ҳам, уларнинг қироатларини эшитиб, маъқуллашлари билан ҳам амалга ошаверар эди. Бу турлилик бир қарашда араб лаҳжаларига монанд келса-да, аслида уларнинг бирортасига ҳам тўла бўйсунмайди, ҳеч бир умумий қоидага бош эгмайди, балки ҳаммасидан устун туради. Аммо уларнинг қайсинисидир қайсидир қабила кишилари учун бошқасидан осон бўлиши мумкин эди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни кишиларга таълим беришда уларнинг ўзларига осон бўлган суратида ўргатар эдилар. Баъзан бир қабилага мансуб саҳобаларга икки хил қироат шакли ўргатилар эди. (Мисол учун, ҳазрат Умар билан Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳумо иккиси ҳам Қурайш қабиласидан, аммо уларга икки хил қироат таълим берилганлиги юқоридаги ҳадисда ўтди.) Баъзи саҳобалар бир нечта қироат турини, айримлари деярли барча турини ўзлаштириб борар эди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қадимги араб лаҳжаларида мавжуд бўлган бир қанча кўринишлар қироатларда учрамайди. Агар яхши ўрганилса, уларнинг Қуръони Каримга муносиб келмаслиги аён бўлади. Бу ҳам бўлса, қироатларнинг барчаси ваҳий асосида бўлганига далолат қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Зеро, уларни қамраб, саралаш башар тоқати етадиган, имкон топадиган иш эмаслиги кундек равшан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичидан Қуръон қироатига лаёқатлиларига алоҳида эътибор бериб, улар билан махсус шуғулланардилар. Жумладан, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ Ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум ана шундай саҳобалардан эдилар. Булардан ташқари, яна бир қанча саҳобалар Қуръон қориси ўлароқ ном чиқарган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин саҳобаи киромлар ўзларига маълум бўлган, Расул алайҳиссаломдан таълим олган сура ва оятларни ўзлари ўрганган суратда кейинги авлодга, яъни тобеинларга етказдилар. Уларнинг ичида Қуръон қироатини ўрганишга бел боғлаган кишилар ажралиб чиқдилар. Улар бир эмас, бир нечта саҳобадан Қуръон қироатларини ўзлаштирдилар ва ўрганганларини кишиларга сўзма-сўз, оятма-оят етказдилар. Ҳатто айрим саҳобалар Қуръон қироатида уларнинг баъзиларига шогирд ҳам бўлди. Улар саҳобалар ҳаётлик давридаёқ Қуръон устозлари бўлиб эътироф этилдилар. Мана шу аснода секин-аста қироат мадрасалари шакллана бошлади. Шу билан бирга, қироат мазҳаблари ҳам юзага чиқиб, айрим устозлар маълум бир усулда ўқиш ва ўқитиш билан танилдилар. Улар саҳобаи киромлардан олган таълимотларини тартибга солиб, услубларини бирлаштира бошладилар. Натижада, уларнинг ҳар бирида ўзига хос қироат услуби пайдо бўлди. Улар бунда кўпчилик саҳоба ва тобеинлардан қилинган ривоятни бошқасидан устун қўяр, гоҳида бир саҳобадан ўрганганини асос қилиб олиб, бошқасидан ўрганган қироатидан баъзи оятларнинг ўқилишини қўшар эдилар. Бошқача қилиб айтганда, улар ҳарфларни – калималарнинг маълум бир шаклда тиловат қилинишини саҳобалардан ўрганиб, жамлаб, ушбу илмда етук билимга эга бўлиб, ижтиҳод асосида уларни бир тартибга сола бошладилар. Уларнинг илму фазллари ва қироатлари барча мусулмонлар, хусусан, уламолар томонидан эътироф этилиб, кишилар бу борада уларга иқтидо қилдилар. Натижада, ўша даврда Ислом оламида илм-маданият ўчоғи бўлиб турган шаҳарларда баъзи қироат илми мутахассислари, пешволари кўзга ташлана бошлади. Тобеинлар ичида Қуръон ўқиш ва ўқитиш бўйича ана шундай фаолият олиб борганларнинг энг машҳурлари Мадинада Ибн Мусайяб, Абу Жаъфар, Нофеъ, Сулаймон ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Абдурроҳман ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Зайд ибн Асламлар, Маккада Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Куфада Алқама, Ал-Асвад ибн Язид, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шурҳабийл, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдурроҳман Суламий, Саид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаий ва Шаъбий, Басрада Абу Олия, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сийрин, Қатода ва бошқалар эди. Бу жараён табаъа тобеинлар даврида янада ривож топди ва маълум бир қироат услубини танлаб, шу бўйича машҳур бўлган олимлар етишиб чиқди. Ушбу икки табақада энг кўзга кўринганлари қироат имомлари ўлароқ саҳнага чиқдилар. Қуръон қироати тарихидаги ушбу жараённи биз фиқҳий мазҳабларнинг шаклланишига ёки тариқатларнинг тасаввуфдаги тутган ўрнига ўхшатишимиз мумкин. Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятларда у Зот алайҳиссаломнинг намозлари турлича васф қилинган, лекин ҳаммаси ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айнан ўзларида кўрилган. Ана ўша маълумотлар ичидан ижтиҳод асосида қайсидир мужтаҳид бир тур намоз ўқишни кўрсатиб берган. Лекин бунда мужтаҳид намоздаги бирорта тасбеҳни ўзича тақдим қилмаган, балки бор нарсани тартибга солиб, ўзлаштиришни осонлаштириб қўйган, холос. Ёинки бир кеча-кундузда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиб юрган зикр ва дуоларни қайсидир тасаввуф илми олими чуқур ўрганиб, ижтиҳод асосида уларнинг ичидан маълумларини танлаб, тартибга солиб, кўпчиликка тақдим қилган ва бу унинг тариқати ўлароқ акс этган. Лекин у бирорта зикр ё дуони ўзича ихтиро қилмаган, балки ҳаммасини суннат асосида йўлга қўйган. Қироат илм уламолари ҳам умматга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган Қуръон ўқиш суратларини ўзлаштиришни осонлаштириш мақсадида етук илм ва улкан меҳнат билан уларни тартибга солиб, умматга ўргатганлар, холос. Бу борада ҳеч ким – на саҳоабалар ва на тобеинлар ўзларича бирор калиманинг қироатини ихтиро қилмаганлар. Аммо фиқҳий мазҳаблар уларга асос солган кишилар номи билан аталганидек, қироатларда ҳам ким қайси қироат билан кўп шуғулланиб, ўргатиб танилган бўлса, ўша қироат унинг номи билан аталадиган бўлиб қолган. Мисол учун, Ибн Масъуднинг қироати, Нофеънинг қироати деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган қироатлар ичидан улар кўпроқ ўқитган қироатлар назарда тутилган. Иккинчи ҳижрий асрга келиб, қироат турлари кўпайиб, одамларда уларни ўзлаштириш машаққати пайдо бўлди. Шу билан бирга, саодат замонидан узоқлашилган сари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган қироатларга бошқаларнинг дахл қилиши, кимдир чиқиб, ўзича бирор қироатни тўқима равишда нақл қилса, уни ажратиш мушкул бўлиб қолиши эҳтимоли пайдо бўлди. Буни сезган уламолар қироатларни ровийлари билан хатга тушириб, қайдлай бошладилар. Улар бунда ўша даврда Ислом ўлкаларида энг машҳур бўлган ва одамларга ушбу соҳада пешво бўлган қироат устозларининг қироатларини танладилар. Бу борада биринчи бўлиб китоб ёзган киши Абу Убайд ибн Саллом раҳматуллоҳи алайҳи бўлади. У киши ўз китобида 25 дан ортиқ қироат устозининг қироатини ривоят қилган. Аммо бу китоб бизгача етиб келмаган. Кейин Аҳмад ибн Жубайр Антокий раҳматуллоҳи алайҳи (ваф. 258 ҳ.) ўз китобида бешта қироатни жамлади. Ундан кейин Ибн Жарир Табарий (ваф. 310 ҳ.) қироатлар ҳақида бир китоб ёзиб, унда йигирмадан ортиқ қироат устозлари ва уларнинг қироатлари ҳақида сўз юритди. Шу тариқа, қироат илми билан шуғулланган уламолар ўзлари ўрганган қироат турларини санадлари билан, қироатни уни ўқитишда шуҳрат қозонган устозга нисбат берган ҳолда қайд қила бошладилар. Натижада қироатларни оғзаки таълим билан бир қаторда, маълум китоблар асосида ўрганиладиган бўлди.
Етти ва ўн қироат тушунчаси
Учинчи ҳижрий асрга келиб, кишиларга Қуръон қироатларини ўрганишни осонлаштириш учун мавжуд қироатлар ичидан маълумларини танлаш зарурати туғилди. Бу борада барчанинг таҳсинига сазовор бўладиган ишни буюк имом, Ибн Мужоҳид номи билан шуҳрат қозонган олим Абу Бакр Аҳмад ибн Мусо ибн Аббос ибн Мужоҳид Тамимий (ваф. 324 ҳ.) амалга оширди. У киши ўз даврида илмий марказ бўлиб турган йирик шаҳарлардан бир-иккитадан қироат устозларини, жами еттита қорини танлаб, уларнинг қироатларини мутавотир санадлар асосида нақл қилиб, ўзининг машҳур «Ас-Сабъа» («Еттилик») китобида қайд этди. Мадина қорилари ичидан Нофеъни, Маккадан ибн Касир, Басрадан Абу Амр ибн Ало, Шомдан ибн Омир, Кўфадан Осим, Ҳамза, Кисоийни танлади ва уларни китобда мана шу тартибда – шаҳарлар тартиби бўйича келтирди. Имом Мужоҳид қориларни танлашда уларнинг ичида илму тақвоси, омонати билан танилган, қироатларни ва араб тилини пухта ўзлаштирган, мусулмонлар оммаси томонидан бу борада пешво деб тан олинган, ўз даврида ўша диёрларда қироатда биринчи рақамли устоз бўлган ва шу мақомда энг узоқ фаолият олиб борган кишиларни танлаган эди. Қориларнинг қироатини улардан таълим олган шогирдлари ривоят қилган. Одатда, уларнинг қироатини нақл қилишда ўша ровийларга суянилади. Ибн Мужоҳид ҳар бир қори учун унинг қироатини ривоят қилганлар ичидан иккитадан ровийни танлади ва бунда ҳам қориларни танлашдаги шартига амал қилди. Шу билан бирга, у танлаган ровийларнинг ҳаммаси ҳам устозидан кейин унинг ўрнида Қуръондан таълим берган, унинг қироатини энг пухта ўзлаштирган шогирдлар эди. Асарнинг ушбу имтиёзлари унинг Ислом оламида тезлик билан кенг тарқалишига, барча томонидан катта эътибор билан қабул қилинишига сабаб бўлди ва одамлар бошқа қироатлардан кўра ўша етти қироатга кўпроқ эътибор берадиган бўлдилар. Ибн Мужоҳиднинг нима сабабдан айнан еттита қорини танлагани ҳақида турлича фикрлар бор. Уламоларнинг айтишича, у киши ўзига маълум бўлган қироатлар ичидан ўзи қўйган шартларга жавоб берадиганларини танлаганда уларнинг сони еттита чиқиб қолган, бу ҳол тасодиф бўлган. Айрим кишиларнинг фикрига кўра, у бунда Усмон Мусҳафлари еттита бўлган, деган фикрга таяниб, шунга қиёс қилган бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, Ибн Мужоҳиднинг китоби давр талаби бўлиб тургани, китобдаги қироатларнинг машҳурлиги, уларни жорий қилган қориларнинг мартабаси юксаклиги, китобнинг услуби қулайлиги ва бошқа шу каби омиллар омма орасида ушбу етти қироатнинг кенг тарқалишига сабаб бўлди. Аммо ушбу қироатлар ададининг айнан еттита бўлиши баъзи кишиларда «ҳадисда айтилган етти ҳарфдан мурод – етти қироатдир» деган нотўғри тушунчанинг келиб чиқишига олиб келди. Аслида эса уларнинг бир-бирига алоқаси йўқ эди. Шу боис, уламолар Ибн Мужоҳидни бироз айблаганлар ҳам ва қорилар ададини олтита ёки саккизта қилганида, яхши бўлар эди, деб айтганлар. Ушбу асрда қироатга доир яна бошқа асарлар ҳам яратилди. Жумладан, Тоҳир ибн Ғалбун «Ат-Тазкира» («Эслатма») китобида саккизта қорининг қироатини жамлади. Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Меҳрон Асбаҳоний «Ал-Мабсут фи қироат ал-ъашр» («Ўн қироат ҳақида кенг маълумот») китобини ёзди. Маккий ибн Абу Толиб (ваф. 437 ҳ.) «Ал-Кашфу ъан вужуҳи ал- қироат ас-сабъ» («Етти қироатнинг юзини очиш») номли асарини битди. Ниҳоят, андалусиялик буюк олим Абу Амр Усмон ибн Саид ад-Доний (ваф. 444 ҳ.) ўзининг машҳур «Ат-Тайсир фи қироат ас-сабъ» («Етти қироат борасида осонлаштириш») китобини ёзди. Унда муаллиф Ибн Мужоҳиднинг китобига асосланган ва қисқа қилиб айтганда, уни осонлаштирган эди. Бу китоб бутун Ислом оламида шуҳрат ва катта эътибор қозонди. Қироат илмини эгалламоқчи бўлган кишилар уни ёд оладиган бўлди. Орадан бир аср ўтиб Андалусиянинг Шотиба шаҳрида нодир қобилият ва хислатлар соҳиби бўлган Абу Муҳаммад ал-Қосим ибн Фирруҳ ал-Андалусий аш-Шотибий дунёга келди. У ёшлигида ёд олган Донийнинг «Ат-Тайсир» китоби асосида ўзининг дунёга машҳур «Ҳирзул- аманий ва важҳут-таҳаний фи қироат ас-сабъ ли-сабъ ал-масаний» («Сабъул-масоний – Қуръоннинг етти қироати борасида эминлик қўрғони ва энг улуғ қутлов») асарини ёзди ва Ибн Мужоҳид танлаган, имом Доний ўрганишни қулайлаштирган етти қироатнинг барча каттаю кичик қоидаларини шеърий услубда баён қилди. Асар ушбу соҳада беназир бўлиб, бетакрор усулда, ёдлашга қулай суратда тузилган. Бугунги кунгача унинг ўрнини боса оладиган бирорта китоб ёзилмади. Ҳозир ҳам ўша етти қироатни ўрганмоқчи бўлган толиблар ушбу шеърий асарни ёд оладилар. Мазкур етти қироат борасида битилган нодир асарлар омманинг ўша қироатларга кўпроқ эътибор қаратиши, уларни ўрганишга интилиши натижасида бошқа қироатлар эътибордан четлашиб, унутилиб кетиши хавфи туғилди. Чунки улар хусусида етти қироатга бағишланган китоблардек қулай қўлланмалар йўқ эди. Уларнинг бири саккиз қироат ҳақида ёзилган китобда акс этган бўлса, бошқаси яна бир қайсидир асарда қайд қилинган эди. Бу эса уларни ўрганишни қийинлаштирарди. Мана шу пайтда қироат илмининг етук намояндаларидан бири, ушбу соҳада беназир олим имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий дунёга келди. У йигитлик давридаёқ ўз давридаги деярли барча қироатларни ўрганиб, ўзлаштирди. У бунинг учун Ислом мамлакатларини айланиб, улардаги қироат мадрасалари билан танишиб чиқди ва қироатга доир элликка яқин китоб бўйича устозлардан ижоза олди. У мазкур етти қироатдан ташқари уларнинг даражасидаги яна учта мутавотир қироатни аниқлаб, санадларини келтириб, уларни қироат мадрасаларида қайта саҳнага олиб чиқишни ният қилди. Бунинг учун у биринчи бўлиб «Ал-Ҳидая фи татимматил-ъашара» («Ўн қироатни тўлдиришда ҳидоят қилиш») номли шеърий асар ёзди. Кейин шу асосда Донийнинг «Ат-Тайсир» китобига ўша учта қироатни қўшиб, уни «Таҳбиру ат-Тайсир фи ал-қироат ал-ъашар» («Ўнта қироат борасида «Тайсир»ни безаш») деб номлади. Имом Жазарий «Ат-Тайсир» асарини бир китобга қора сиёҳда кўчириб, ҳар бир оят ва калима баҳсида мазкур учта қироат қоидаларини қизил сиёҳда ёзиб чиққан. Кейинроқ ушбу ўнта қироатни ўзининг «Ан-Нашр фи ал-қироат ал-ъашар» («Ўнта қироатни ёйиш») деган китобида насрда баён қилди ва унда ўша қироатларнинг Ибн Мужоҳид ва Донийлар келтирмаган айрим ривоятларини ҳам қўшимча қилди. Имом Жазарий ушбу ўн қироат қоидаларини шеърий услубда ҳам жамлаган ва уни «Тоййибату ан-Нашр» («Ан-Нашр китобининг хушбўйи») деб атаган. У киши яна ўша учта қироатни «Ад-Дурра ал-мудиа фи ал-қироат ас-салас ал-мутаммима лил-ъашро» («Ўн қироатни тугал қилувчи учта қироат борасида нурафшон дур») деган ном билан уларни ўзига хос шеърий услубда ҳам жамлаган. Бугунги кунда қироат илми толиблари етти қироат учун «Шотибия»ни ёд олгандек, ўн қироат учун «ад-Дурра»ни ёд оладилар. Имом Жазарий келтирган мазкур уч қироат Абу Жаъфар Маданий, Яқуб Хазрамий ва Халаф ибн Ҳишомларнинг қироатларидир. Ҳозирда дунёда мана шу ўн қироат машҳур бўлиб, мутахассислар томонидан ўрганиб, ўзлаштирилиб, толибларга таълим бериб келинмоқда. Уларнинг барчаси тавотур – ёлғонга келишиб бўлмайдиган даражада кўп ададдаги кишилар ривоят қилиши натижасида ҳосил бўлган силсила орқали нақл қилинган. Бунга бутун Ислом уламолари иттифоқ қилганлар. Зеро, уламолар Қуръон фақат тавотур билан собит бўлади, оҳод – якка шахсларнинг ривояти билан собит бўлмайди, дейишган. Шу боис, Ҳасан Басрий, Ибн Муҳайсиний каби тобеинлар нақл қилган қироатлар оҳод ривоят бўлгани учун тиловат қилиш учун қабул қилинмаган.
Нима учун қироатлар ўнта?
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилиши мумкин: нега фақат ўнта қироат танланди, ундан кам ҳам, кўп ҳам эмас? Нима сабабдан аввал бор бўлган бир қанча қироатлар кейинчалик унутилиб кетди? Юқоридаги фикрлардан ҳам маълумки, мазкур ўн қорининг қироатлари тарқалишига уларнинг илму тақвода, ҳифз ва билимда, қоидаларни ижро ва татбиқ этишда, ушбу соҳани ўрганиб, ўзлаштириб, унга махсус батамом ажраб чиқиб, кейин мусулмонларга Қуръон таълим беришда бошқалардан пешқадам бўлганлари ва жамиятдаги тутган илмий мавқеълари сабаб бўлган. Қолверса, қироат илмида мутахассис бўлиб, китоб таълиф қилган уламоларнинг ушбу ўн қорининг мазкур фазилатларидан келиб чиқиб, уларнинг қироатларини ўз китобларига қайд қилиб, тарқатиши ҳам бу маънода муҳим омиллардан ҳисобланади. Шу билан бирга, бу қироатларни мазкур ўн имомдан бошқалар ҳам ривоят қилган. Бошқа қироатларнинг қабул қилинмаслигига эса аввало уларнинг ривояти мутавотир даражасига етмагани сабаб бўлган. Қолверса, мазкур ўн қироатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган деярли барча қироат суратлари ўз ифодасини топган. Бошқа қироатларда уларнинг такрорлари бор эди, холос. Аммо бу ўн қироатдан бирортасини тарк этиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган етти ҳарфнинг маълум бир қисми йўқолишига сабаб бўлиши эътиборидан уламолар томонидан бунга йўл қўйилмаган. Бу борада имом Жазарийнинг тутган ўринлари ниҳоятда катта бўлган. Қироатлар тарихида кечган ушбу ҳолатни худди фиқҳий мазҳабларнинг шаклланиши ва сараланиши жараёнига қиёслаш мумкин. Нима учун айнан тўрт фиқҳий мазҳаб сақланиб қолди, учта ҳам, бешта ҳам эмас? Чунки ушбу тўрт мазҳабда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган фиқҳий масалалар, шариатнинг фиқҳий қисми тўлиқ ўз ифодасини топган. Улардан бирортасини олиб ташлаш ҳам, уларга бирор мазҳаб қўшимча қилиш ҳам динга зарар бўлади. Шу боис, уламолар ушбу тўрт мазҳабни эътироф этиб, уларнинг давомий сақлаб қолишга интилганлар. Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг сўнгги китоби ўзининг мўъжиз эканини яна бир бор кўрсатди. Саҳобалардан тортиб бугунги кунгача уламолар Қуръоннинг ҳар бир калимасини қайси суратларда ўқиш мумкинлигини ҳарм-ҳарф нақл қилиб, сақлаб келдилар. Бугунги кунда ҳам дунёнинг исталган чеккасида ушбу ўн қироатни ўрганиб, ёдлаб, таълим бераётган мутахассислар кўплаб топилади.
Ҳозир ҳам бирор қироат яратиш мумкинми?
Аввало шуни яхши англаш керакки, қироат имомлари аслида маълум бир устознинг қироатига таянганлар, фақат айрим ўринлардагина, саноқли калималардагина бошқа саҳоба ва тобеинларнинг нақлларини ижтиҳод асосида қабул қилганлар. Қолаверса, улар саҳоба ва тобеинларнинг бевосита ўзларидан таълим олган эдилар. Уларнинг илм ва фазлларига, қироатларига саҳобаи киромлар ва тобеинлар гувоҳ бўлиб, эътироф этишган. Бу зотлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасида асосан бир ёки иккита восита бўлган, холос. Уларнинг қироатларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимлари акс этиб бўлган. Энди бошқа янгилик қилиш мумкин эмас, бунинг имкони ҳам йўқ. Чунки ўша даврдаги қироатларнинг шаклланишига асос бўлган билим, вазият ва шароитнинг ўзи йўқ. Бу борада энди қилинадиган уриниш фақат адашув ва фитна бўлади, холос. Шу боис Ислом уммати асрлар оша ўша имомларга эргашишга иттифоқ қилиб келган. Унга хилоф чиқиш бидъат бўлади. Буни ҳам худди янги фиқҳий мазҳабга эҳтиёж қолмаганига қиёс қилиш мумкин.
Қироат, ривоят, тариқа ва ҳарф
Ҳар бир илмда бўлгани каби, қироат илмида ҳам бир қанча истилоҳий сўзлар – терминлар (атамалар) мавжуд. Уларни яхши фарқламай туриб, бу борада бирор нарсани яхши англаш қийин. Уларнинг асосийлари «ҳарф», «қироат», «ривоят», «тариқа» истилоҳларидир. Қироат илми истилоҳида «ҳарф» деб бир калиманинг маълум бир шаклда ўқилишини айтилади. Мисол учун, Ҳамза Ибн Абу Лайлодан айрим ҳарфларни олган, дейилса, баъзи калималарни маълум бир шаклда ўқишни ўргангани тушунилади. Шунингдек, ҳарф сўзи умумий бир услубда ўқишга ҳам ишлатилади. Масалан, Алқама Ибн Масъуднинг ҳарфида ўқирди, дейилса, Ибн Масъуднинг қироатида ўқирди, деб тушунилади. «Қироат» сўзи аслида «ўқимоқ» деган маънони англатади. Қироат илми истилоҳида эса «қироат» деганда Қуръон ўқиш илми имомларидан бирининг Қуръон ўқишда нақл ва ривоятга асосланган ҳолда бошқа имомлардан бошқача йўл тутиши, қироат қилиши тушунилади. Бунда турлилик бир нутқ товуши ўрнига бошқасини айтишда бўладими ёки нутқ товушларини талаффуз қилишда турлича нутқ қилишда бўладими, барибир. Бошқача қилиб айтганда, бирор қироат имоми томонидан йўлга қўйилган маълум ҳарфларнинг тартибли равишдаги жамланмаси «қироат» бўлади. Банно раҳматуллоҳи алайҳи: «Қироат – Қуръон калималарини адо этиш ва нақл қилувчига нисбат берган ҳолда улардаги турлиликларни билиш суратидир. У суннат ва ижмоъга асосланган бўлади», деган. Закариё Ансорий дейди: «Қироат – бу Қуръоннинг ҳар бир бўғинини устозлар ўргатгани каби ўқишдир». Ушбу таърифлардан маълум бўладики, қироат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишончли кишилардан иборат муттасил, яъни узлуксиз санад билан нақл қилинган бўлиши шарт, бўлмаса қироат ҳисобланмайди. Мазкур ўн қироатнинг барчасида бу шарт мавжуд. «Ривоят» аслида «сув билан қондириш» маъносидан келиб чиққан. У луғатда бирор хабарни кўриб ё эшитиб, нақл қилишни англатади. Қироат илмида эса, «ривоят» атамаси бирор қироат имомининг қироати шогирдлари томонидан нақл қилинишига ишлатилади. Қироат имомлари қироатда айрим ўринларни икки-уч хил ўқиган ва одатда унинг бирини бир шогирдига, иккинчисини бошқасига ўргатган. Унинг қироатидаги бу турлилик шогирдларининг нақлида акс этган. Шу боис, бир қироатнинг ривоятлари орасида бироз фарқ мавжуд. Хуллас, имомнинг қироатини ўрганиб, бошқаларга ўргатиш «ривоят» бўлади ва бу ишни амалга оширган шогирд «ровий» деб юритилади. «Тариқа» луғатда «йўл», «тутум» маъноларини билдиради. Истилоҳда эса қироат ровийларидан бирор қироат имомининг қироати бошқалардан фарқли нақл қилинишига айтилади. Қироатдаги ровийдан қуйида бўлган ҳар қандай ўзига хос йўналиш «тариқа» дейилаверади. Мисол: Имом Осим Қуръони Каримни тобеинлардан ўзи ўрганган шаклда қироат қилган бўлиб, унинг ушбу ўзига хос ўқиши «қироат» дейилади. Унинг қироатини Ҳафс ва Шуъба деган шогирдлари ривоят қилган. Аммо Осим айрим калималарни икки-уч хил ўқитган. Уларнинг бир турини Ҳафс, иккинчисини Шуъба ривоят қилган. Ҳафс ривоят қилгани «Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти» деб, Шуъба нақл қилгани «Шуъбанинг Осимдан қилган ривояти» деб юритилади. Ушбу ровийлар ҳам имомдан ўрганган қироат турларини маълум тартибга солиб шогирдларига таълим берган ва бошқа имомлардан ҳам айрим ҳарфларни нақл қилган. Натижада уларнинг қироатларида ҳам айрим калималарнинг ўқилишида турлилик юзага келган. Бу ҳарфларнинг бирини бир шогирди нақл қилган бўлса, иккинчисини бошқаси нақл қилган ва бу ҳолат «тариқа» деб юритилган. Мисол учун, Амр ибн Сабоҳ ва Фазл ибн Яҳёлар Ҳафсдан Қуръон ўрганар экан, унинг айрим ҳарфларини Амр, айримларини Фазл нақл қилган. Амр нақл қилгани «Амрнинг тариқаси» деб, Фазл ривоят қилгани «Фазлнинг тариқаси» деб айтилган. Худди шунингдек, ровийнинг шогирдлари ҳам ўзлари ўрганган қироатдаги турли ҳарфларни шогирдларига таълим берган ва улардан ҳам бу турлиликни шогирдлари нақл қилган. Аммо унинг бир қисмини бир шогирд нақл қилган бўлса, бошқа қисмини иккинчи бир шогирд нақл қилган. Тариқалар шу зайлда вужудга келган. Ровийнинг ва ундан кейинги барча табақалар қироатидаги турлилик истилоҳда «тариқа» деб юритилган. Шунга кўра, имом Шотибий ўз санади орқали Ҳафснинг қироатини ривоят қилган бўлса, имом Жазарий бошқа бир санад орқали Ҳафснинг яна бир қироат йўналишини нақл қилган. Уларнинг орасида йигирматача фарқ бор, холос. Ушбу фарқ сабабидан олдингисини «Шотибий тариқаси», кейингисини «Жазарий тариқаси» деб юритилади. Асосий фарқ қироатларда бўлади. Ривоятларда фарқлар анча кам бўлади, тариқаларда эса фақатгина саноқли тафовут учрайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур қироат, ривоят ва тариқаларнинг барчаси илмий асосда саҳобалардан нақл қилинган. Бунда ҳеч ким бирор ҳарфни ўзича ўқиши мумкин бўлмаган, фақат нақл асосида иш кўрилган. Шу билан бирга, уларни мазкур қори, ровий ва тариқа эгаларидан бошқа ўнлаб, юзлаб кишилар ҳам нақл қилган. Мазкур кишилар ўша қироат, ривоят ва тариқаларда Қуръон ўқишда бошқалардан машҳур бўлиб кетгани, шу билан ном чиқарганлари учун уларга нисбат берилган, холос. Йигирманчи асрнинг кўзга кўринган қироат уламоларидан Мисрлик Абдулфаттоҳ Қозий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Қироатнининг муайян бир шахсга нисбат берилиши ўша киши шундан бошқа қироатни билмайди ёки бу қироатни ундан бошқалар билмайди дегани эмас. Аксинча, бир қироатнинг бир кишига нисбат берилиши мазкур қироатга унинг моҳир ва билимдон бўлганини, ўша қироатни кўп ўқиб, ўқитганини билдиради, холос. Бу эса, албатта, унинг бундан бошқа қироатларни билишини, бу қироатни ундан бошқалар ҳам ривоят қилишини тўсмайди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда мазкур ўн қироатнинг қайси бирида ўқиганлар?
Қироатлар ҳақида сўз кетганда кўпинча «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мазкур ўн қироатнинг қайси бирида ўқиганлар?» деган савол ўртага ташланади. Ушбу саволда бироз хато бор. Чунки мазкур ўн қироатнинг барчасини шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқитганлар. Шу боис, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатдаги қироатлари ёки Қуръон етти ҳарфда нозил қилинишидан олдинги қироатлари мазкур ўн қироатнинг қайси бирига тушади?» дейилса, тўғрироқ бўлади. Бу борада тадқиқот олиб борган уламоларнинг айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларга рухсат берилишидан олдинги қироатлари қурайш лаҳжасига мос бўлган. Бу лаҳжада имола (алифни «йа»га мойил қилиш) бўлмаган. Шу билан бирга, уларда ҳамза товуши талаффуз этилмаган. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатий қироатлари Осим ва Нофеъ қироатларида акс этган, дейиш мумкин. Ҳақиқатини яна Аллоҳ Ўзи билади.
Қироатларнинг қай бири афзалроқ?
Айрим кишилар қироатларнинг қайсиниси устунроқ, тўғрироқ, деган мулоҳазага бориши ҳам мумкин. Баъзилар эса ўзи танлаган қироатни бошқаларидан устун қўйишга интилади ҳам. Аслини олганда эса бу иш ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Чунки қироатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг каломи ҳисобланиши, У Зотнинг ҳузуридан нозил этилгани барчага маълум. Бинобарин, қироатларнинг бирини иккинчисидан устун қўйиш умуман мумкин эмас. Имом Аҳмад ва Насоийлар Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «...Жаброил: «Уни етти ҳарфда ўқигин, барчаси шифо ва кифоя бўлувчидир», деди». Имом Насоий Убай ибн Каъбдан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Убай, албатта, Қуръон менга етти ҳарфда нозил қилинди, ҳар бири шифо ва кифоядир», деганлар. Аммо «Уларнинг қайси бири мутавотир ва машҳурликда юқорироқ?» дейилса, уламоларнинг таъкидлашича, имом Нофеънинг қироати бу борада энг юқори даражадаги қироат ҳисобланади. Бугунги кунда дунё бўйлаб имом Осим қироатининг кенг тарқалиши алоҳида масала бўлиб, бунга ташқи омиллар ҳам сабаб бўлган.
Қироат асослари
Уламолар, қироат илми мутахассислари бирор қироатни ҳақиқий деб қабул қилиш учун маълум шартлар топилиши керак, деб иттифоқ қилишган. Ушбу шартлар асосан учтадир: 1. Қироатнинг санади саҳиҳ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муттасил равишда етиб борган бўлиши. Чунки Қуръон фақат ваҳий асосида собит бўлгани каби, унинг қироати ҳам ваҳий асосида собит бўлган. Бирор киши бу борада ўзича иш кўриши мумкин эмас. Бу имтиёз фақат Қуръонга хос, бошқа ҳеч бир китобда, ҳатто ҳадисларда ҳам бу ҳолат йўқ. 2. Араб тили асосларига мос келиши, (қайсидир бир кўринишига бўлса ҳам). Чунки Қуръон соф араб тилида нозил қилинган ва бу ҳақиқат Қуръони Каримнинг бир нечта оятларида таъкидланган. Аммо бу шартга мутлақ асос ўрнида эмас, қувватловчи омил сифатида қаралади. Зеро, қироатларда асосан нақлга таянилган. Зотан, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу таъкидлаганидек, «Қироат ‒ эргашиладиган суннатдир». Қолаверса, Қуръон араб тилига эмас, араб тили Қуръонга қиёсланади. Имом Жазарий бунга араб тилида одатда учрамайдиган бир қанча ҳарфларни мисол қилиб келтирган. 3. Усмон мусҳафи хатига мувофиқ келиши. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган қироатларни кўтариш хусусиятига эга. Қуръонни нақл қилишда асосий шарт тавотур шартидир. Агар у топилса, кейинги шартларга қарашга ҳожат йўқ. Чунки улар қироатлардаги айрим калималарнинг ўқилишини нақл қилишда тавотур даражаси топилмаган тақдирда ёрдамчи, қувватловчи бўлиб хизмат қилади ва уларни машҳурлик даражасидан тавотур даражасига кўтарилишига хизмат қилади. Ушбу шартларга жавоб берган барча қироатлар саҳиҳ, мақбул ҳисобланади ва уларни инкор этиш жоиз эмас. Аммо шартлардан бирортаси топилмаса, у қироат заиф, шозз ёки тўқима бўлади. У ўн қироат имомларидан нақл қилинган бўладими, ёки бошқасиданми, фарқи йўқ. Ушбу қироатларнинг тафсилоти қироат турларида ўз ифодасини топади. Шу боис, уламолар нақл қилинган қироатларни бир неча турга ажратганлар.
Қироат турлари
Қироатлар илмий тадқиқотлар асосида беш турга бўлинади: 1. Мутавотир қироатлар. Мазкур шартларнинг барчаси топилган ва тавотур – ёлғонга келишиб бўлмайдиган даражадаги кўпчиликдан шунча ёки ундан кўп ададдаги кишилар ривоят қилиши натижасида ҳосил бўлган силсила орқали нақл қилинган қироатлар. Бу ўн қироат имомларидан нақл қилинган бўладими, улардан бошқа имомлардан нақл қилинган бўладими, фарқи йўқ. Мазкур ўн қироатнинг барчаси мана шу тарзда ривоят қилинган. Чунки уларнинг ҳар бирини сон-саноқсиз қорилар катта бир жамоа устозлардан, бутун бир шаҳар аҳолиси авлоддан авлодга нақл қилган. Уламолар «Мутавотир қироатларни қабул қилиш шарт, улардан бирортасини рад этиш мумкин эмас, куфр ҳисобланади», деганлар. 2. Саҳиҳ қироатлар. Қироатларнинг бу туркумида ҳам юқорида айтилган қироат шартлари топилади. Бироқ уларнинг нақлдаги даражаси мутавотир мартабасига етмайди. Бу тур қироатлар икки қисмга бўлинади: а) машҳур қироатлар. Санади саҳиҳ, ровийлари ишончли, мўътабар кишилар бўлган, араб тили асосларига ва мусҳафга мувофиқ келган, қироат уламолари ўртасида машҳур бўлган, аммо санаддаги табақаларда тавотур ҳосил қиладиган даражада кўпчилик топилмаган қироатлар. Мазкур ўн қироатнинг айрим тариқалари, ҳарфлари мана шу даражада нақл қилинган. Машҳур ҳарфлар ‒ қироат аҳкомлари ҳам мутавотирлар каби қабул қилинади ва ёрдамчи шартлар асосида мутавотир даражасига кўтарилади; б) оҳод қироатлар. Санади саҳиҳ, аммо якка шахслардан иборат бўлган қироатлар. Уларнинг машҳурлардан фарқи қироат мутахассислари ўртасида улар каби кенг тарқалган бўлмаслигидир. Бу тур қироатларни қабул қилиш шарт эмас. Улар шозз қироатлар ҳукмида бўлади. Уларни тиловат маъносида, намозда ўқиш ҳам жоиз эмас, чунки Қуръон фақат тавотур билан собит бўлади. Аммо улардан оҳод хабар ўрнида ҳукм олишда, тафсирда фойдаланилади. 3. Шозз (нодир, ажраб қолган) қироатлар. Улар қироатни қабул қилишдаги мазкур учта шартдан бир ё иккитаси топилмаган қироатлардир. Яъни уларда ё санад саҳиҳ бўлмайди, ё араб тили асосларига зид бўлади, ёки мусҳаф расмига тўғри келмайди, ёхуд булардан иккитаси уларда мавжуд бўлади. Аммо учала шарт ҳам топилмайдиган бўлса, у умуман асли йўқ қироат ҳисобланади. Уларнинг шозз деб аталишига сабаб шуки, уларни нақл қилган қори бошқа қироат устозларидан айри ҳолда ривоят қилган бўлади ёки мусҳаф расмидан тўғри келмайди, ундан ажраган бўлади. Шозз қироатлар мутавотирларнинг зидди ҳисобланади. Шозз қироатлар уч қисм бўлади: а) санади саҳиҳ, араб тили асосларига мувофиқ келади, аммо мусҳаф расмига тўғри келмайди. Масалан, Ибн Муҳайсиннинг «وَما خَلَقَ الذَّكَرَ وَالأُنثَى» оятида «وَما خَلَقَ» иборасини тушириб ўқиши каби. Бу тур қироат гарчи мусҳаф расмига тўғри келса ҳам, қабул этилмайди, қироат қилинмайди, намозда ўқилмайди; б) санади саҳиҳ, мусҳаф расмига тўғри келади, аммо араб тили асосларига мувофиқ келмайди. Бунга имом Нофеънинг баъзи ровийлар нақл қилган «مَعَايِش» калимасини «مَعَائِش» деб ҳамза билан ўқиши мисол бўлади. Бу тур қироат жуда ҳам нодир ва у ҳам қабул қабул этилмайди, қироат қилинмайди, намозда ўқилмайди; в) ишончсиз кишилар нақл қилган қироатлар. У араб тили асосларига ёки мусҳаф расмига тўғри келадими, келмайдими − фарқи йўқ. Бу қисм қироат мусҳафга тўғри келса ҳам, қабул қабул этилмайди, қироат қилинмайди, намозда ўқилмайди. Шозз қироатнинг ҳар учала тури ҳам Қуръон ҳисобланмайди, уларни Қуръон деб эътиқод қилиш ҳам жоиз эмас, чунки уларда мақбул қироат шартлари топилмайди, улар тавотур йўли билан нақл қилинмаган. Шу боис, уларни инкор қилган киши кофир бўлмайди. Аммо кўпчилик уламолар шозз қироатларнинг биринчи ва иккинчи тури санади саҳиҳ бўлгани учун тафсир қилишда далил бўлиши мумкин, деганлар. Шозз қироатларнинг машҳурлари тўртта: А) Ҳасан Басрий қироати; Б) Ибн Муҳайсин қироати; В) Яҳё ал-Язидий қироати; Г) Шанбузий қироати. Одатда, ўнта мутавотир қироатга муқобил ёки қўшимча равишда зикр қилинганда мана шу тўрт қироат назарда тутилади. 4. Мавзуъ – (тўқима) қироатлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғондан нисбат берилган қироатлар. Масалан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига ёлғон нисбат берилган баъзи оятлар қироати каби. Айрим мўътазила ва шиалалар ўзларининг ақидавий мазҳабларини қувватлаш мақсадида айрим калималарнинг қироатини бузишга ҳам ҳаракат қилишган. 5. Мудраж (киритма) қироатлар. Бу баъзи саҳоба ёки тобеинларнинг томонидан айрим калима ёки ибораларни изоҳлаш учун қўллаган сўзларидир. Бу киритмаларнинг кўпи ўша саҳоба ва тобеинларнинг шахсий мусҳафларида ҳам акс этган. Мисол учун, «وَلَهُ أَخٌ أَوْ أُختٌ» («...ва унинг иниси ёки дугонаси бўлса...») оятида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан нақл қилинган «مِنْ أُمٍّ» («мин уммин» «она томонидан») сўзлари бунга мисол бўлади. Бундай қўшимчалар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ҳам кўплаб нақл қилинган. Буларнинг қироат деб аталишига сабаб шуки, уларни мазкур саҳоба ва тобеинлар қироат ўртасида ҳам келтирган, ўз мусҳафларига ёзиб қўйган ва айрим кишилар уларни Қуръондан деб ўйлаган. Мудраж қироатлар агар санади саҳиҳ бўлса, араб тили асосларига мос келса, тафсир ўрнида қабул қилинади, балки энг мўътабар тафсирлардан саналади. Ушбу икки тур қироатни ҳам Қуръон деб эътиқод қилиш жоиз эмас, чунки бу Қуръон бўлмаган нарсани Қуръон дейиш бўлади ва куфр ҳисобланади.
Мутавотир қироатларнинг ҳукми
Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, мазкур ўн мутавотир қироатда Қуръони Каримнинг етти ҳарфи ўз аксини топган. Уларни сақлаш Қуръонни муҳофаза этиш ҳисобланади. Уларнинг бирортасини инкор қилиш, бирини иккинчисидан устун қўйиш мумкин эмас, барчаси Қуръон. Уларни ўрганиб, ўргатиб бориш жамият устидаги фарзи кифоя ҳисобланади. Қуръон хизматига масъул кишиларга уларни ўрганиб, кишиларга таълим бериб бориш фарзи айндир. Ҳар бир жамиятда етарли даражада ушбу ўн қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бордиган санад воситасида ўрганган ва ўргатадиган кишилар бўлиши лозим. Бунга мусулмон жамиятининг ҳар бир аъзоси қайсидир даражада масъулдир.
Мутавотир қироатларни бир-бирига аралаштириб ўқиш мумкинми?
Қори қироатларни бир ўтиришда, бир ўқишда бир нечтасини аралаштириб ўқиши мумкинми? Ушбу савол қадимдан уламолар ўртасида катта баҳсларга сабаб бўлиб келган. Биз уларнинг хулосаларини айтиш билан кифояланамиз. Қироатларни аралаштириб ўқишни «қироатларни жамлаш» деб юритилади. Қироатларни жамлаш икки ҳолатда бўлади: таълим пайтида ва тиловат вақтида. Қироатларни жамлаш даставвал бўлмаган бўлса-да, узоқ замонлардан бери қироат соҳасида қўлланиб келади. Доктор Фатҳий Убайдий имом Жазарийнинг тадқиқотларига асосланган ҳолда айтишича, қироатларни таълим ва тиловат пайтида жамлашнинг ҳар иккиси ҳам тўртинчи-бешинчи ҳижрий асрларда илк бор йўлга қўйилган. Қироатларни таълим ўрнида жамлаш жоизлигига барча уламолар иттифоқ қилишган. Бунга кишилар ҳаётининг мураккаблашиши, илмлар доирасининг кенгайиши, толиби илмларда олдингилардаги ҳиммат ва ғайрат топилмаслиги каби омиллар сабаб бўлган. Чунки ҳар бир қироатни алоҳидадан, битта-битта хатм қилиб ўрганиш учун йиллар давомида қироат билан машғул бўлиш керак. Бунга эса аксар инсонларнинг қурби, имконияти етмайди. Шу боис, уламолар қироатларни жамлашга рухсат берганлар. Агар шундай қилинмаса, қироатлар унутилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас эди. Мутавотир қироатларни сақлаш эса Ислом умматига фарздир. Зеро, қироатларни сақлаш Қуръонни муҳофаза қилишнинг айни ўзи. Бу эса уммат зиммасидаги фарзи кифоядир. Аммо қироатларни тиловат учун жамлашга келсак, буни айрим уламолар макруҳ санашган. Бироқ кўпчилик олимлар, қироат устозлари, жумладан, имом Жазарий ҳам жоиз деб билганлар ва уни ман қилишга ҳеч қандай шаръий асос йўқ, чунки уларнинг ҳаммаси ҳам Қуръон, фақат маълум шартларга амал қилса бўлди, деб айтганлар. Қироат илми уламолари қироатларни жамлашнинг бир қанча шарт ва одобларни ҳам ишлаб чиққанлар ҳамда ушбу мавзуга бағишлаб алоҳида китоблар ҳам ёзганлар. Улардан хулоса қилиб айтганда, қироатларни таълим ёки тиловат ўрнида жамлашнинг асосий тўртта шарти бор: 1. Вақф ‒ тўхташ қоидаларига риоя қилиш. Чунки бу бевосита оятнинг маъносига дахл қилади; 2. Ибтидо ‒ бошлаш қоидаларига риоя қилиш. Бу ҳам вақф каби аҳамиятга эга. 3. Қироатларни бир-бирига кириштириб юбормаслик. Яъни бир ўқишда бир қироатдан битта қоидани, иккинчисидан бошқа бир қоидани олиб, аралаштириб ўқиш мумкин эмас. Шу боис, бир нафасда бир қироатда ўқиш лозим. 4. Қироатни гўзал адо эта билиш. Яъни тажвид қоидаларига қатъий амал қилиш, қоидаларни чалкаштирмаслик. Энг муҳими, қироатларни жамлаши тиловатнинг равнақини, гўзаллигини оширишга хизмат қилиши, унинг шукуҳига футур етказмаслиги шарт. Ўйин, енгилтаклик, ўзини кўрсатиш каби салбий ҳолатлар аралашмаслиги лозим. Қироатларни мазкур шартлар асосида жамлаш учун қорида қуйидаги сифатлар топилиши лозим: Биринчи: ахлоқий шартлар. Қироатларни жамламоқчи бўлган қори мусулмон, оқил, ишончли, мўътабар, омонатдор, каттаю кичик гуноҳлардан ўзини сақлаган тақводор, одамгарчиликка футур етказадиган ишлардан холи инсон бўлиши керак. Акс ҳолда, у Қуръонга зарар етказиши мумкин. Иккинчи: илмий шартлар. Қироатларни бир ўқишда жамламоқчи бўлган кишида бунинг учун етарли илм ва малака бўлиши лозим. Бўлмаса, у юқорида айтилган шартларга амал қила олмайди, Қуръонга зарар етказади. Мазкур илмий шартлар қуйидагилар: 1. Қуръони Каримни пухта ёд олган бўлиши. Камида ўзи ўқимоқчи бўлиб турган қисмни пишиқ ёд билиши лозим. 2. Қироат илмининг усул ‒ умумий ва фарш ‒ маълум калималардаги қоидаларини тўла ўзлаштирган бўлиши. Чунки бусиз ҳеч қачон қироатларни жамлаш мумкин эмас. Бунинг учун «Шотибия», «Тоййиба», «Ад-Дурра» каби мазкур қоидаларни жамлаган китобларни ёддан билиши лозим. 3. Тажвид қоидаларини назарий ва амалий суратда устозлардан ўрганиб, пухта ўзлаштирган бўлиши ва гўзал адо эта олиши. 4. Қироат қоидаларини устоздан ўрганишда ўта хушёрлик билан пухта ўзлаштириб, мустаҳкам эгаллаган бўлиши. 5. Усмон мусҳафи расмидаги асос қоидаларни ўзлаштирган бўлиши. 6. Араб тили қоидаларини, асосларини яхши билиши. Бу илмда оқсоқлик қироатларни жамлашда маънога халал етказадиган хатоларга олиб боради. 7. Вақф ва ибтидо қоидаларини чуқур билиши. 8. Вожиб хилоф ва жоиз хилофларни ўзлаштириб, уларнинг фарқини ажрата олиши. 9. Қироатларни алоҳида суратда, якка ҳолида ҳам ўқий олиши. Бу асосий шартлардан биридир. Чунки қироат ва ривоятларни алоҳида ўқий олмаган киши қандай қилиб уларни тўғри жамлай олиши мумкин? 10. Қироатларни келтиришда уларни ўрганишда ўзи асос қилиб олган китобдаги тартибга амал қилиш мустаҳаб ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, қироатларин жамлашнинг қонун-қоидалари, одоблари ҳақида алоҳида рисолалар, китоблар ҳам бор. Биз бу ерда намуна сифатида асосий шартларни келтириб ўтдик, холос.
Қироатлар хилма-хиллигининг ҳикматлари
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китобини араб тилида нозил қилар экан, унинг барча жиҳатдан ўзига хос ва мўъжизакор – ожиз қолдирувчи бўлишини ирода қилди. Жумладан, унинг ўқилиши – қироатида ҳам ушбу ҳолат акс этиши айни ҳикмат эди. Шу боис, У Зот Қуръони Каримни аввалига бир ҳарфда нозил қилиб, кишиларни Қуръонга боғлаб, ўргатиб, керакли вазият ҳозир бўлгач, уни етти ҳарфда ўқишни жорий қилди ва бунинг учун керакли сабабларни ҳам тайёрлади. Ушбу етти ҳарфнинг барчаси фасоҳатли араб тилида мавжуд бўлиб, турли лаҳжаларда акс этган эди. Соф араб тилида нозил бўлган Қуръони Каримнинг мазкур суратларни ҳам ўзида акс эттириши, ҳақиқатан ҳам алоҳида бир мўъжиза бўлган эди. Қуръони Каримнинг бир неча ҳарфда нозил бўлишида ва турлича қироат қилинишида бир қанча ҳикматлар бор, албатта. Жумладан: 1. Ислом умматига енгиллик, осонлик. Ислом барча ҳукмларда инсонларга енгилликни жорий қилган. Турли лаҳжаларда тили қотган кишиларга Қуръонни етти ҳарфда тушириб, ҳар ким ўзига осон бўлган ҳарфда ўқишига изн берилиши, албатта, енгилликдир. Бу маънони таъкидловчи ҳадислар билан юқорида танишиб ўтдик. 2. Бир калимада бир неча маъноларни ифодалаш. Қироатларда айрим калималарнинг турлича ўқилиши унинг маъносини янада бойитади, бир сўз билан ифодаланган фикрни тўлиқроқ тушунтиришга ёрдам беради. Масалан, «Аъроф» сурасининг 57 оятида шундай марҳамат қилинади: «У Ўз раҳматидан олдин шамолларни хушхабар қилиб юборадиган Зотдир». Ушбу оятда «хушхабар» деб таржима қилинган сўз «بشراً» («бушрон») калимасидир. Бу калиманинг яна уч хил суратдаги ўқилиши бор: а) « نُشْراً» («нушрон») – (ёмғирни) тарқатувчи. б) « نَشْراً» («нашрон») – тарқалувчи, ёйилган, тирилтирувчи. в) « نُشُراً» («нушурон») – тарқатилган, ёйиб юборилган. Ушбу сўзларни «хушхабар» сўзининг ўрнига қўйиб ўқиб кўрилса, қироатлардаги турлилик қанчалар бой мазмун касб этишини англаш мумкин. 3. Айрим калималарнинг турлича ўқилиши оятдан ҳукм олишда ҳам энг ишончли далил бўлиб хизмат қилади. Шунга кўра, айрим фақиҳларнинг баҳслари ҳам ўзгача маъно касб этади. Мисол учун, «يطهرن» калимаси икки хил – «то» ҳарфини шаддасиз ва шаддали қилиб ўқилади. Шаддасиз ўқилганда ҳайздан пок бўлишни, шаддали қилганда ҳайздан сўнг ғусл қилишни англатади. Шунга кўра фақиҳлар ўз ижтиҳодларига оятнинг у ёки бу маъносидан фойдаланадилар. Яна бир мисол: таҳорат фарзилиги ҳақидаги оятда «وَأَرجُلكم» («ва оёқларингизни(га)») калимаси икки хил: «лам» ҳарфини фатҳали ва касрали қилиб ўқилади. Фатҳали бўлганда, оёқларни ювишга, касрали бўлганда, оёққа масҳ тортишга далолат қилади. Шунда, оятдан оёқни ювишга ҳам, унга масҳ тортишга ҳам далил олинади. Биринчиси оёқ яланг бўлгандаги ҳолатга, иккинчиси оёқда маҳси ё унинг ўрнидаги нарса бўлган суратга тегишли бўлади. Бу ҳукм суннат асосида аниқлаштирилади. 4. Қуръони Каримнинг мўъжизлиги. Қироатлар ўртасида сон-саноқсиз турлилик бўлишига қарамай, бирор жойда уларнинг ўртасида маънода ўзаро зидлик, хилоф учрамайди, фақат бир-бирини тўлдириб, қувватлаб келади. Агар бунга бирорта инсон бурун суққанида иш бундай кечмаслиги аниқ эди. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг ўзида шундай оят келган: «Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, унда кўп ихтилофлар топар эдилар» («Нисо» сураси, 82-оят). 5. Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримни муҳофаза қилишда Ўзининг қудратини, мўъжизасини кўрсатиши. Мазкур ўн қироатдаги турлиликни ўргатишга бағишланган бир қанча китоблар ёзилганидан ҳам уларнинг кўлами қанчалар кенг эканини билиш мумкин. Аммо шунчалик турлилик бўлиши билан бирга, Қуръони Каримнинг бирор калимаси ҳам ўзгармай, айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қилинган суратда сақланиб келиши Аллоҳнинг сирли қудрати белгиси, улкан мўъжизаси бўлмай нима бўлиши мумкин?! 6. Қироатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари бўлиб, у Зотнинг шарафларига далолат қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу қироатларни ўрганиш кишидан катта вақт ва имконият талаб қилади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг барчасини бир ўзлари юзлаб вазифаларни адо этиш қаторида ўргатганлар. Бу, албатта, у Зотнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларига далолат қилади. 7. Қуръони Каримнинг фазли. Ҳеч бир самовий китобни турлича ўқишга изн берилмаган. Шунингдек, ҳадисларда ҳам бу имтиёз йўқ. Дунёда фақат Қуръонгина бир тилнинг турли суратларида ўқилади. 8. Қироатлар Ислом умматининг фазли, хусусиятидир. Аллоҳ таоло ушбу умматни Ўзининг каломини турли суратда ўқиш шарафига муваффақ этиш билан икром этди, бошқалардан устун қилди. Ҳеч бир умматга уларга нозил қилинган китобни турлича ўқиш жорий қилинмаган. Шу билан бирга, ҳеч бир уммат ўзининг муқаддас китобига мусулмонларчалик эътибор бермаган. Мусулмонлар унинг ҳар бир калимасининг қандай ўқилишини, ҳатто айрим калималарининг неча хил ўқилишини ҳам бутун вужудлари билан ўрганиб, ўзлаштириб, авлоддан авлодга ўзгаришсиз етказиб келмоқдалар. Қиротлар ҳақидаги илк ёзилган асарлар билан бугунги китобларни солиштирилганда уларнинг орасида бирорта зиддият чиқмаслиги ҳам фикримизнинг далилидир. Бошқа умматларнинг самовий китобларининг ҳоли ҳаммага маълум, ҳатто уларнинг бирорта ҳам асл тилдаги нусхаси топилмайди. 9. Қуръон қироатлари Ислом умматига кўпроқ ажру савоб касб этиш имкониятидир. Имом Жазарий айтади: «Шак-шубҳа йўқки, Ислом уммати Қуръоннинг маъноларини тушуниш, чегараларига риоя қилиш билан ибодат қилгани каби унинг сўзларини тўғри талаффуз этиш ва ҳарфларини қироат имомларидан ўрганилган, фасиҳ араб тилида сўзловчи жаноб Пайғамбар алайҳиссаломга етиб борадиган, мухолафат қилиш мумкин бўлмаган ва ундан бошқа томонга буриш жоиз бўлмаган сифатда адо этиш билан ҳам ибодат этади». 10. Қироатлар Ислом умматининг бирлигини сақлашга ҳам хизмат қилган. Агар Қуръони Карим бир ҳарфда нозил қилинганида ўша ҳарфга мос лаҳжада сўзловчи араблар учун бу иш шараф бўлса-да, бошқалар учун армон бўлар эди. Бу нарса уларнинг ўрталарида зиддиятлар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин эди. Хулоса қилиб айтганда, Қуръони Каримнинг турли қироатларда ўқилишида битмас-ғтуганмас фойдалар, ҳикматлар бор. Бу ерда биз ўзимиз билганимизча, идрокимиз етганича сўз юритиб ўтдик, холос.
Хотима ўрнида
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз каломи Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун барча замонларда мусулмонлар ичидан Ўзи ихтиёр қилган бандаларини танлаб, уларни ушбу вазифага қоим қилди. Ул муборак зотлар бутун умрларини ушбу Раббоний Каломни сақлашга, унга хизмат қилишга бағишладилар. Улар умрларининнг аввалги қисмини Қуръонни ўрганишга, уни ўрнига қўйиб тиловат қилишни ўзлаштиришга бағишладилар, иккинчи қисмини эса ўзлари олган илмни бошқаларга таълим беришга бахш этдилар. Бу силсила узулуксиз равишда, йилдан йилга кенгайиб давом этиб келмоқда. Агар тарихга назар ташласак, Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги дини Исломнинг шаръий аҳкомларини сақлаш учун ўз вақтида имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий, имом Молик, имом Аҳмад, имом Авзаъий каби ақлу заковатли мужтаҳидларни, ҳадисларнинг соф ҳолда инсониятга етказиш ва муҳофаза қилиш учун Исҳоқ ибн Роҳвай, Бухорий, Муслим, Термизийдек нодир қобилиятли ҳофизларни етиштирган. Худди шунингдек, У Зот Ўз каломи Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун ўз вақтида қироат имомларини ҳам етказиб берди. Улар Қуръоннинг ўқилиш кайфиятини бекаму-кўст сақлаб келдилар. Уларнинг мусаффо қалблари ушбу илоҳий нурни сақловчи энг ишончли қутилар бўлди, тиллари уни асрлар оша авлоддан- авлодга етказиб берувчи мутаҳкам тасма бўлди. Бу хусусият Ислом умматининг ўзига хос фазилатларидан бири эди. Байҳақий ва Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сенинг умматингдан шундай бир қавмни пайдо қилманки, уларнинг қалблари ‒ китобларидир», деган экан. Имом Муслим Иёз ибн Ҳимордан ривоят қилган узун ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, жумладан, шундай деганлар: «Аллоҳ таоло: «Мен сени фақатгина синаш учун ва сен билан бошқаларни синаш учун юбордим. Сенга шундай китоб нозил қилдимки, уни сув юва олмас, сен уни ухлаган ҳолингда ҳам, уйғоқ ҳолингда ҳам ўқийверасан», деди». Қуръонни «сув юва олмас»лиги унинг муҳофазасида ёзувга эмас, ёд олишга суянилишига ишорадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни «ухган ҳолда ҳам, уйғоқ ҳолда ҳам ўқишлари» эса, у Зотнинг қалбларида Қуръон ҳар қандай ҳолатда ўқий оладиган даражада ёд туришига, Қуръонни ёдлаш, ўқиш осон қилиб қўйилганига далолат қилади. Имом Жазарий айтади: «Қуръонни нақл қилишда қалбларда, кўксларда сақлашга суянилади, мусҳаф хатига, ёзувга эмас. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таоло томонидан ушбу умматга берилган хусусиятларнинг энг шарафлиси, улуғидир». Қуръоннинг бу хусусиятини нафақат мусулмон олимлар, балки бошқалар ҳам эътироф этганлар. Жеймос Манчес айтади: «Қуръон дунёда энг кўп ўқиладиган китобдир ва аниқки у китобларнинг ичида ёдлашга энг осонидир». Аллоҳ таоло Қуръонни ўзида сақлаган қалб эгаларини «илм берилганлар» деб номлаб, «Анкабут» сурасида шундай марҳамат этади: «Йўқ! У (Қуръон) илм берилганларнинг кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур» (49). Бугунги кунда дунёда қироат илмини, унинг татбиқини ҳарфма-ҳарф сақлаб келаётган минглаб қорилар мавжуд ва ҳар куни яна ўнлаб, юзлаб қорилар етишиб чиқмоқда. Бунга қўшимча сифатда, Қуръонни, унинг ўқилишини сақловчи турли воситалар: видео ва аудио тасмалар, рақамли мосламалар ҳам вужудга келди. Улар бугун Аллоҳнинг Каломини сақлашга, уни етказишга катта хизмат қилмоқда. Ҳар бир мусулмон ушбу муборак ҳалқага дахлдор бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Имкони бўлса, ўзи, бўлмаса, фарзанд-набираларидан бирортасининг Қуръон ҳофизларидан бўлиб, ушбу қутлуғ силсила аъзоси бўлиши учун интилиши керак. Зеро, имом Байҳақий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ёд олса, ҳалолини ҳалол билса, ҳаромини ҳаром билса, Аллоҳ уни жаннатга киргизади ва ўз аҳли байтидан ўн кишини шафоат қилишга изн беради», деганлар. Аллоҳ таолодан барчаларимизни Қуръон ҳидоятига бошлашини, унга чин муҳаббатли қилишини, унинг аҳлларидан этишини ва дунёу охиратда у билан азиз қилишини сўраймиз.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |