Қуръон ёдлашда аҳамият бериладиган жиҳатлар
Босма

Қуръони Каримни тез ва осон ёдлашда аҳамият бериладиган асосий жиҳатларни шу соҳанинг етук олимлари ўз асарларида ёзиб қолдирганлар.
1.    Қуръон ёдлашда ёшнинг муҳимлиги: олимлар, тақрибан, беш ёшдан йигирма уч ёшгача давр ёдлаш ниҳоятда осон, ёддан чиқариш эса секин бўладиган ёш эканини ҳисобга олиб, «Қуръон ёдлашда олтин давр» деб номлаганлар. Аммо йигирма уч ёшдан кейин инсонда ёдлаш қобилияти сусайиб, тушуниш малакаси ортганлигидан, бу ёшда ёдлаш жуда суст, унутиш эса жуда тез бўлар экан. Шунинг учун юқорида зикр қилинган ёшлик дамларидан унумли фойдаланиб қолиш зарур экан. Лекин бу йигирма уч ёшдан кейин ёдлай олмайди, дегани эмас, балки бундан мақсад киши қанчалик ёш бўлса, ёдлаш қобилияти шунчалик кучли ва мустаҳкам бўлишини таъкидлашдир.

Имом Абу Ҳанифа қироат илмини Имом Осимда ўқиб ўрганди. У кишининг ўзларига хос қироатлари йўқ эди, яъни Имом Осим қироатида ўқир эдилар. Кейинчалик Имом Абу Ҳанифа катта ёшга кириб, фиқҳ илмида пешқадам бўлганларида Имом Осим Абу Ҳанифа ҳузурларига фиқҳни ўргангани келиб: «Сиз бизнинг олдимизга ёшлигингизда келган эдингиз, биз эса сизнинг ҳузурингизга қариганда келдик», деган эканлар. (Абу Убайднинг «Қуръон фазилатлари» номли асарининг ҳошиясида битилган. 216-бет.)
2.    Қуръон ёдлаш учун муносиб вақт: олимлардан бири: «Ёдлаш учун энг муносиб вақт саҳар, баҳс учун мос пайт тонг отган вақт, китобат учун мос пайт куннинг ўртаси, мутолаа ва музокара учун эса кечаси», деган эди. («Чиройли сўзлар» асарининг 186-бети)
3.    Қуръон ёд олиш учун жой тайёрлаш: Қуръони Каримни енгил ёд олишга ёрдамчи бўлган омиллар қуйидагилар: таҳоратли бўлиш; қиблага қараб хушуъ-хузуъ, виқор ва сукунат билан ўтириш; ўтирган жой кўзга ташланмайдиган бўлиши, нақшинкор, зийнатланган ва чалғитадиган нарсалар билан жиҳозланган бўлмаслиги; тоза, баҳаво бўлиши; жуда кенг, дарахтзор  боғ бўлмаслиги ва тинч бўлиши мақсадга мувофиқдир.
4.    Такрорлаш ва қайта ўқиш: бир оятни такрорлаш ва қайта ўқиш ўша оятни чиройли адо қилиш ва яхши ёдлашнинг асоси ҳисобланади. Бишр ибн Суррий: «Оят бамисоли хурмодир: қанча кўп чайналса, шунча мазаси чиқади», деган эди. Бу гап Абу Сулаймонга айтиб берилганида, у: «Ровий тўғри гапирибди, сизлардан айримлар бир сурани бошласа, уни охирига етказишни хоҳлайди», деган эди. (Бурҳон фи улумил Қуръон» асарининг 1/471-бети)
Қуръони Каримни ёдлашда оятларни такрорлаш асосий омил ҳисобланади. Чунки такрорланган нарса яхши ёдда қолади.
Қуръон ёдлашда фақат оятларни тушунишга таянибгина қолмасдан, балки ўша оятларни қайта такрорлаш керак бўлади. Чунки тил оятларни такрорлашга ўрганса, ёдланган оятлар зеҳн панд берган пайтда ҳам ўз-ўзидан тилга кела бошлайди. («Чиройли сўзлар» асарининг 89-90-бетлари)
Ҳар бир нарсани ёдлаш учун уни кўп-кўп такрорлаш керак. Ўртача зеҳнли талаба бир оятни уч мартадан ўн мартагача такрорлашда ёд олса, ўткир зеҳнли талаба ўша оятни икки мартада ёдлаши мумкин. Шунингдек, зеҳни паст талаба эса, бир оятни ўн мартадан ўттиз мартагача такрорлаш орқали ёд олади.
Булардан ташқари, оятларни такрорлаш натижасида кўплаб яхшиликларга эришилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръоннинг бир оятига ўнлаб ва ҳатто беҳисоб ажрлар берилишини ваъда қилган. Шундай экан, бир оятни ёдлаш, хатоларни тўғрилаш, қайта такрорлаш ва устозга ўқиб бериш асносида қанча марта такрор ўқилса, шунча савоб берилади. Демак, Қуръон оятларини такрорлаганда, яхшиликларни битувчи фаришталар ўша савобларни қорининг номаи аъмолига битиб борадилар, Аллоҳ таоло ҳузурида унинг исмини зикр қиладилар. Қуръон оятларини такрорлаш билан қори жаннат неъматларига эришади ва олий даражаларга кўтарилади.
5.    Қуръон ёдлаш вақтида қироатни ошкор ва овозни баланд қилишнинг афзаллиги:
Қуръон ёдлашни хоҳловчи киши ёдлаётган нарсасини такрор ўқиётганида овозини баландлатиб ўқиши лозим. Чунки бунда кўпроқ ҳиссиёт аъзолари иштирок этади ва ёдлаш ҳам мустаҳкам бўлади. Зеро, эшитиш аъзоси бўлмиш қулоқ кўриш аъзоси бўлган кўздан кўра қалбга кучлироқ таъсир ўтказади. Шунинг учун ҳам кўр кишиларнинг ёдлаши бошқаларга нисбатан тезроқ, мустаҳкамроқ ва афзалроқ бўлади. Абу Ҳомид Ғаззолий ўз дўстларига қарата: «Агар дарс қилсангиз, овозларингизни баландлатинг, чунки бу мустаҳкам ёдлашда ва уйқуни қочиришда муҳимдир», дер эдилар. Шунингдек, у киши: «Паст овозда ўқиш тушунишда, баланд овозда ўқиш эса  ёдлашда муҳим», деганлар. («Чиройли сўзлар» асарининг 74-75-бетлари)
6.    Ҳайз кўрган аёлнинг Қуръонни эшитиши, кўриши ва қалб билан такрорлаш услуби: агар аёл киши ҳайз кўрган бўлса, Қуръонни ёдидан чиқариб қўймаслиги учун уни эшитиши, шунингдек, қалбидан ўтказиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, Мусҳафга уни ушламасдан ва сўзларини талаффуз этмасдан ҳам қараши жоиздир. Тўрт мазҳаб имомлари наздида, ҳайз ва нифос кўрган ва жунуб кишига Мусҳафни ушлаш ножоиз ҳисобланади. Аммо Абу Ҳанифа, Шофеий ва Имом Аҳмаднинг (раҳматуллоҳи алайҳилар) наздида, ҳайз ва нифос кўрган аёлга мусҳафни ўқиш мумкин эмас. Имом Молик эса бундай кишиларга шайтон ва жинлардан ҳимояланиш мақсадида Қуръондан озгинасини ўқишни жоиз, деб билган.   
7.    Қуръонни яхши ёдлаган устоздан оғзаки ўрганиш: Қуръони Каимни ёдлаш жараёнидаги асосий рукнлардан бири уни фақатгина ёдлаш билан кифояланмасдан, балки бир устоздан ўрганишдир. Агар шундай қилинмаса, ўқувчининг хато қилиш эҳтимоли бор. Бу эса ушбу соҳанинг мутахассис олимлари айтган: «Илмни «суҳуфий» − фақат китоб кўрган кишидан ва Қуръонни «мусҳафий» − Қуръонни бирор устозга мурожаат қилмасдан, Мусҳафдан ўрганган кишидан ўрганмагин!» деган ҳикматли сўзнинг айни маъносидир. Бу, сен илмни фақат китоблардан, Қуръони Каримни эса яхши ўзлаштирган бирор қоридан ўтказмасдан, ўзича ўрганган кишидан ўрганмагин, деган мазмундадир.
8.    Нафл ибодатларда махфий ва қалбдан тиловат қилиш: Қори нафл ва таровиҳ намозларида Қуръонга қараб тиловат қилиш ножоиз деб эътиқод қилмоғи лозим. Ҳанафий мазҳабига кўра, махфий ва қалбдан қироат қилиш керак бўлади.
9.    Қуръон ёдлашда сабоқ оз бўлса ҳам, давомийликка эътибор қаратиш: Қуръон ёдлашда энг муҳим саналган ишлардан бири   уни ҳар куни ўқишни канда қилмасликдир. Қори қаттиқ касал бўлганида ҳам, ҳатто энг яқин кишилари оламдан ўтган кунларда ҳам бу режага вақт ажратиши керак. Чунки Қуръон ўқилмасдан ўтган бир кун бир неча куннинг баракаси кетишига сабаб бўлади.
Шунингдек, қорининг кунлик Қуръон ёдлашида тартиб, сабр, сабот ва доимийликнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога амалларнинг энг маҳбуброғи, гарчи оз бўлса ҳам, давомлироғидир», деганлар.
Инсонда мавжуд иқтидорлардан бири ёд олиш бўлиб, агар киши бу қобилиятни ёдлаш ва маълумотларни қайта ишлашга йўналтирмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйса, иш фаолияти сусайиб, дангаса бўлиб қолади.

«Қуръон ёдлаш фазилатлари» китобидан