Унга ботил йўлай олмас | ||
|
Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4
Унга ботил йўл ола олмас
Жамики неъматлар соҳиби, динининг нусратини, Китобининг ҳимоясини, солиҳ бандаларини қўллаб-қувватлаш кафолатини олган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин.
Барча бандаларга ҳидоят қуёши қилиб юборилган Зотга, у кишининг оила аъзолари, саҳобларига ва тобеинларга қиёматгача салавот ва саломлар бўлсин.
Муқаддима
Бир ҳақиқат борки, у вақт ўтиши билан равшанлашиб бормоқда. Бу ҳақиқат шундан иборатки, Исломдан узоқ кишиларнинг унга мойиллик сезгани, Исломдан бехабар кишиларнинг уни ўрганишга ва ундан воқиф бўлишга рағбатлари ошгани сари Ислом душманларининг адовати ошиб, ҳиқду ҳасадлари зиёда бўлиб бормоқда. Бу адоватлар Исломга кўр-кўрона ҳужум қилиш тусини олди. Улар бу динга асоссиз ҳолда тил теккизяптилар, ақлсизларча макр-ҳийла киляптилар, ҳужум учун бор кучларини сарфлаяптилар, сўйилган ҳайвондек типирчилаяптилар.
Шуниси кулгилики, улар бу ҳужумларни худди атрофлари ўралган, эшиклари қулфланган бир уйда олиб бораётганга ўхшайдилар. Улар билан бирга фақат ўзларининг тарафдорлари бор, холос. Улар худди ҳаво билан ёки кўзгуда кўриниб турган ўзининг шарпаси билан курашаётган кишига ўхшайдилар.
Агар улар билан (мусулмон уламолари) юзма-юз кўриштирилса, ҳолатлари ўзгариб қолади. Юзларидан кек-адоват ниқобини ечиб ташлайдилар, ҳақиқатни юзага чиқариш учун ҳамкорлик қилишга ва ҳақиқат олдида таслим бўлишга рағбатманд кишидек кўринадилар. Сўнгра ўзаро ёлғиз қолганларида эса, бири туради-да: «Биз сизлар билан биргамиз. Уларни бир истеҳзо қилдик-да» дейишади. Ва яна қилиб юрган ишларига қайтадилар. Макр-ҳийла тўқиш, ҳақиқатни яшириш, ёлғон-яшиқ ишлатиш ва диннинг бирламчи манбаси бўлмиш китобга, барча пайғамбар ва расуллар олиб келган нарсаларнинг мазмуни жамланган Аллоҳнинг китобига уйдирмалар тўқишни бошлайдилар.
Уларнинг макр-ҳийласи фақат Ислом динига нисбатан эмас, балки барча пайғамбар ва расулларнинг рисолатига қарши макр эканлигини англаш қийин эмас. Бу иш бирини қўйиб, бошқасига қилинган макр эмас. Зеро, «Пайғамбар ва расуллар бир-бирига зид ақийда билан юборилган» ёки «Улар бир-бирига душман бўлган» деган гапни бирор оқил киши айтмаса керак.
Ҳеч шак-шубҳасиз, ким Куръонга қарши уруш очган бўлса, у бутун самовий китобларга уруш очибди, барча динларга уруш очибди. Бу иш динга қарши чиқиш ва ўзаро «Бунисига иймон келтирамиз, бунисига эса куфр келтирамиз» деган шиорни кўтариб чиқишдир.
Бугун бутун олам динга қарши очилган тинимсиз урушлар гувоҳи бўлмоқда. Душманлар фикран шундай қарорга келганлар: «Динни тараққиёт йўлидан супириб олиб ташлашнинг энг осон йўли – Исломни йўқ қилишдир. Зеро у барча пайғамбар ва расуллар рисолатиниг асоси, уларни хотимаси ва олдинги китоблар мазмунининг муштарак жамламасидир».
Исломни йўқ қилиш учун эса (уларнинг фикрича) унинг асоси ва манбасини, масдарини йўқ қилиш керак. Ҳамма билгандек, у Қуръондир.
Шу фикр асосида бугунги кунга келиб бу урушнинг катталари ва даъватчилари махсус телеканаллар, радиоэшиттиришлар, газета-журналлар воситасида Қуръонга тўқима, уйдирма ва бўҳтон ёмғирини ёғдириш билан овора бўляптилар. Иш шу даражага етдики, улар охири бу урушга шерик қилиш учун Ватиканни сафарбар қилдилар. Интернет сайтларининг маълумотига қараганда, бу урушни амалга ошириш учун жамланган бюджет миқдори ақл бовар қилмас даражада кўпдир. Унга баъзи ривожланган давлатлар қўшилмаган бўлса-да, қолганлари бу урушни алангалатиш ва йўналтириш ишларини бошқариб келмоқда.
Агар Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёки бирор киши Аллоҳ номидан тўқиган бўлганда, мана бу бесамар ҳаракатлар ва сарфланаётган маблағларнинг ўндан бири билан ҳам бу дин қачонлардир йўқ бўлиб кетган ёки бир тарихий воқеага айланиб қолган бўлиши керак эди.
Лекин Қуръон ҳар қандай бўҳтон ва тўқималардан холи эканлигини исботлаб келмоқда. Унинг ёрқин саҳифаларига турли шубҳа ва гумон бўронлари чанг сола олгани йўқ. Аксинча, неча асрлардан бери кишиларни шундай китобни ёзишга чорлаб келмоқда. Нафсоний майллар, мутаассиблик ва кибр кишанларидан қутулган кишиларнинг Қуръондан узоқликлари, уни билмасликлари уларни Қуръонни қабул қилишдан, унга қулоқ осишдан тўсгани йўқ. Улар юқоридагилар тўқиган макр-ҳийлага алданмасдан, Қуръонни ақл мезонларига қўйиб кўрдилар. Беҳисоб кишилар Аллоҳнинг каломи туфайли Исломга кирдилар. Ҳа, ана ўша Қуръондан бегона давлатларда ҳам шу боис Исломини махфий ёки ошкора эълон қилаётган кўпгина одамлар бор.
Шу сабаблардан бемалол айтишим ва таъкидлашим мумкинки, бу уруш қанчалик ёвуз бўлмасин, унга сарфланаётган маблағ қанчалик кўп бўлмасин, бу меҳнатлар бесамардир, бефойдадир. Уларнинг ҳаракати худди жон талвасасидаги сўйилган ҳайвонга ўхшайди. Бу мағлуб бўлмас, доимо ғолиб Қуръоннинг қароридир: لَّا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِن بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ تَنزِيلٌ مِّنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ «Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган Зотнинг туширганидир» (Фуссилат сураси, 42-оят)
يُرِيدُونَ لِيُطْفِئُوا نُورَ اللَّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَاللَّهُ مُتِمُّ نُورِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ «Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир» (Саф сураси, 8-оят). (Яъни Ислом динини йўқ қилиш учун уринувчиларнинг ҳаракати қуёшнинг шуъласини оғиз билан пуфлаб ўчиришга ҳаракат қилишга ўхшайди)
Лекин мана бу биз иймон келтирган ва ишонган қуръоний қарор мўмин-мусулмонлар роҳат ва фароғатда яшайверсин, бўлиб турган воқеаларга қараб ўтираверсин деган маънони англатадими? Бу қуръоний қарордан ўзимизга дангасалик ва Аллоҳ таоло ўзи буюрган буюк вазифани бажармаслик учун далил қилиб олишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Зеро, бошқа бир оятда У Зот шундай дейди:
...ادْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ «Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил» (Наҳл сураси, 125-оят).
Бу қуръоний қарор шуни англатади: Аллоҳ таоло мўминларга масъул кишиларни тайёрлаб, уларни дин ҳимоясига сафарбар қилишни фарз қилган. Ана шулар динни маккорларнинг макр-ҳийласидан, ёлғончиларнинг бўҳтонидан ҳимоя қиладилар.
Аллоҳ таолонинг бу буйруғи динини ҳимоя қиладиган, Китобини сақлайдиган кишига муҳтожлигидан эмас. Зеро, У Зот бандаларига эҳтиёжманд эмас, балки бандалари Унга муҳтождирлар. Балки бу – Аллоҳнинг динини танитиш, шариатига даъват қилиш, Қуръонни ўрганиш ва ўргатишга бел боғлаган кишиларга бериладиган шарафдир. Агар улар Аллоҳ юклаган бу вазифаларни адо қилсалар, У Зотнинг Ўзи уларни қўллаб‑қувватловчидир, улар сабабидан бошқаларни ҳидоят қилгучидир. Ўзи буюради, сўнгра Ўзи қўллаб-қувватлайди, сўнгра Ўзи булар сабабидан бошқа адашганларни ҳидоят қилади. Натижада кишиларни бир-бирига сабабчи қилиб, ҳар иккаласига ажр-мукофот беради. Бу илоҳий зиёфатдан фақатгина такаббурлар ва ҳақ душманларигина мосуво бўлади.
Шу сабабдан, кофирларга ёқмаса ҳам, Аллоҳ Ўз динини сақловчи эканлигига тўлиқ ишонсам-да, Аллоҳ мушарраф қилган вазифани бажармоқчиман. Ҳар қандай мазҳаб ва тарафкашликни четга суриб қўйиб, илм ва мантиқ мезони асосида ботилни рад қилмоқчиман, маккорларнинг макрини даф қилмоқчиман ва кўзбўямачиларнинг ниқобини олиб ташламоқчиман. Бу йўлда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига риоя қиламан:
وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَٰئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا
«Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар масъулдирлар» (Исро сураси, 36-оят). Ушбу қуръоний шиорга амал қиламан:
وَإِنَّا أَوْ إِيَّاكُمْ لَعَلَىٰ هُدًى أَوْ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ
«Албатта, биз ёки сиз ҳидоятда ёхуд очиқ-ойдин залолатдадирмиз» (Сабаъ сураси, 24-оят). Инсонларга мана бу оятнинг тасдиғини кўрсатмоқчиман: لَّا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِن بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ تَنزِيلٌ مِّنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ «Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган Зотнинг туширганидир» (Фуссилат сураси, 42-оят). Бу оятнинг замонлар оша, қиёматга қадар боқий қолажагини исботлайман. Душманлар Қуръонга путур етказиш мақсадида тўқиган туҳмат ва ҳийлаларини илмий баҳс хукмига ташлаймиз, илм ва мантиқ қарорига бўйин эгамиз. Ана шундан кейин кўрасизки, душманлар макрининг ўзи бизга уларнинг ёлғончилигини, Аллоҳга, Унинг китобига ва барча пайғамбарларга нисбатан бўҳтон тўқувчилигини айтиб беради.
Қани энди, улар ўзлари билан ўзлари баҳслашавермай, ичидан қулфлаб олган уйларидан чиқсалар. Қани энди, мунозара майдонига чиқсалар-да, юзма-юз кўришсак, миллионлаб кишилар кўз ўнгида ана ўша айтаётган шубҳа-гумонлари ҳақида баҳслашсак. Ана шунда бу баҳс ҳақиқатни топиш, гумонларни қувиш ва ниқобни очишда жуда қўл келарди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, Аллоҳ бизни мушарраф қилган динимиз бизларни баҳс-мунозарага ўргатган, уни муқаддас деб таълим берган. Баҳс-мунозарадан қочмасликка, уни алмаштирмасликка, ундан ҳақиқатга етиштирувчи восита сифатида фойдаланишга буюрган.
Агар бундай юзма-юз мунозарадан бош тортсалар, уларга қуйидаги китоб билан, телевидение каналлари орқали қўлдан келганича хитоб қиламиз. Агар уларга таъсир қилмаса, бошқа миллионлаб кишиларга таъсир қилади. Зеро, таъсирланганлар ҳақиқатни қаердан бўлса ҳам қабул қилаверадиган кишилардир. Ундайлар тарафкашлик ва қайсарликни афзал билиб, ҳақни тарк қилмайдилар. Аллоҳ ҳидоятга бошловчи, муваффақ қилувчидир ва Унга қайтилади. У Зот энг одил ҳукм чиқарувчидир.
Таржимон: Козимжон Иброҳим
|
Янгиланди ( 03.07.2017 19:56 ) |