Россияда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган Қуръон қироати мусобақаси ўтказилди
Босма

Жорий йилнинг 5 июнь куни Россия федерацияси Саратов вилояти Энгелс шаҳрида болалар ва ўсмирларга мўлжалланган Қуръон қироати мусобақаси ўтказилди.

 

Саратов вилояти мусулмонлари диний идорасининг матбуот хизмати юқоридаги маълумотни тарқатиш билан бирга, илова этдики, ушбу Қуръон мусобақаси 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар иштирокида ўтказилди ва унинг асосий шартларидан бири Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини тўғри қироат қилишдан иборат эди.
Иштирокчиларнинг қуръоний билим ва истеъдодлари Саратов вилояти муфтийсининг ўринбосари Равшан Сайфуллоев, вилоят жомеъ масжидининг имом –хатийби Фанил Бибарсов, Саратов «Шайх Саид» номидаги Ислом мадрасасининг ўқитувчилари  Рашид Тугушев ва Абдулқодир ал Ҳасанийлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Таҳлиллар натижаларига кўра, биринчи ўринни Дониёр Жоналиев, иккинчи ўринни Руслан Валиаҳмадов ва учинчи ўринни Сафия Кудашевалар эгаллашди.