Ақли ноқислар учун илк бор Қуръон мусобақаси
Босма

Мисрдаги Вақф Ишлар вазири Абдуллоҳ Ҳилол ақли ноқислар учун биринчи Қуръон мусобақаси ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди.
Вақф Ишлар идоралари ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш муассасалари томонидан 11 июнь шанба куни мазкур мусобақада иштирок этишга қизиқувчиларнинг қабули бошланди.

Искандариядаги Вақф Вазирлигининг вакили Муҳаммад Маҳмуд Абу Ҳатаб ушбу ҳаракатни: «Мусобақадан мақсад, ақли ноқис кишиларни Қуръони Каримни ёдлашга, Аллоҳнинг оятларини, сўзларини тартил билан тиловат қилишга рағбатлантириш ва жонлантиришдир. Тоинки, жамиятнинг ўша қатламларида ҳам диний тушунча тарқалсин», дея изоҳлади.
Мусобақа бир ҳафта давом этади ва тўрт йўналишда олиб борилади:
1.«Аъло» сурасидан бошлаб «Наас» сурасигача бўлган қисқа сураларни ёдлаш.
2.Бир порани тўлиқ ёдлаш.
3.Қуръони Каримнинг тўртдан бирини ёдлаш.
4. Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш.
Мусобақада иштирок этувчи шахс махсус муассасалар томонидан ақли ноқислар рўйҳатига олинган бўлиши шарт. Иштирокчининг ёши чекланмайди.