Ходимул Ҳарамайннинг аёллар учун Қуръони Каримни Ёдлатиш Хайрия мажмуасининг Тоифдаги лойиҳасига пойдевор қўйилди. |
|

Шу йил 11 июнь шанба куни Саудия Мамлакатининг муфтийси Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх ва Қуръони Каримни ёдлатиш хайрия жамияти бош кенгашининг раиси Солиҳ ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад Оли Шайх иштирокида Ходимул Ҳарамайннинг аёллар учун Қуръони Каримни ёдлатиш хайрия мажмуасининг Тоифдаги лойиҳасига пойдевор қўйилиши муносабати билан йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида «Ахбурул Қуръонил Карим» интернет ахборот сайти хабар берди.
Тоифдаги Қуръони Каримни ёдлатиш хайрия жамияти бош кенгаши раисининг айтишича, мазкур лойиҳа Икки Ҳарам Ходими Малик Абдуллоҳ жамиятга тақдим этган жойга бино қилинади. Унинг кенглиги 7663 кв.метрни ташкил этади. Раиснинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа мамлакатдаги Қуръон ёдлатиш бўйича қилинган энг катта лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бу таълим муассасасида бир кунда турли ёшдаги 4000 хотин-қизлар таълим олади. Ходимул Ҳарамайннинг аёллар учун Қуръони Каримни ёдлатиш хайрия мажмуаси Тоифда ҳар бир даҳада аёлларга ихтисослашган яна бошқа Қуръон ёдлатиш мадраса ва марказларини барпо қилишни ҳам режалаштирган. Буларнинг барчаси аёл-қизларга Аллоҳ таолонинг китобини ўрганишларида, уни ёдлашларида ва бунга осонлик билан эришишларида кўмаклашиш учун мақсадида амалга оширилмоқда, дейди мазкур жамиятнинг Тоифдаги раиси. |