"ҚУРЪОНИ КАРИМГА ХИЗМАТ" СОВРИНДОРЛАРИ | ||
|
«ҚУРЪОНИ КАРИМГА ХИЗМАТ» ХАЛҚАРО МУКОФОТИНИНГ ОЛТИНЧИ БОСҚИЧИ СОВРИНДОРЛАРИ АНИҚЛАНДИ Ислом Робитаси қошидаги халқаро «Таҳфизул Қуръон» ҳайъати ташаббуси билан муборак Рамазон ойида Жиддадаги «Ҳилтон» меҳмонхонасида «Қуръони Каримга хизмат» номли халқаро мукофот олтинчи босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бунга Икки Ҳарам ходими, подшоҳ Абдуллоҳ ибн Абдулазиз жаноблари ва Маккаи Мукаррама минтақасининг амири Холид Файсал жаноблари ҳомийлик қилдилар. Анжуман Қуръон тиловати билан очилди.
Унда «Таҳфизул Қуръон» ҳайъати Бош котиби шайх Абдуллоҳ Басфар жаноблари, амир Холид Файсал сўзга чиқдилар ва ушбу оламшумул тадбирнинг аҳамияти ва натижалари ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Маросимда Қуръони Каримга қилган хизматлари учун қуйидаги шахс ва ташкилотлар тақдирланди: «Энг яхши Қуръон факултети» йўналиши бўйича, Судандаги «Умму Дурмон» номли Қуръон факултети ғолиб бўлди. «Қуръонни ёдлатиш бўйича энг яхши ташкилот» йўналишида Жидданинг «Хойрукум литаҳфизул Қуръан» ташкилоти ғолиб бўлди. «Қуръонга ихтисослашган институт» йўналишидан Мисрдаги «Маъсаровий Қуръон дарсликлари маркази» биринчиликни қўлга киритди. «Қуръон мусобоқаларини ўтказган энг яхши давлат» йўналиши бўйича Қувайт давлати ғолиб бўлди. «Қуръон ўргатиш бўйича энг яхши муаллим» йўналишидан Сумали давлатидаги қорилар шайхи устоз Ҳусайн Нур жаноблари ва Мисрдаги Шайх Абдулҳаким Абдуллатиф жаноблари ғолиб бўлдилар. «Қуръонни ўргатишда энг яхши қўлланма» йўналиши бўйича Шайх Айман Сувайднинг тажвид китоби ғолиб деб топилди. «Қуръонга оид энг яхши теледастур» йўналишида Саудия телеканали намойиш этаётган «Ал-Қуръан» телекўрсатуви биринчиликни олди. «Электиронлаштирилган энг яхши қуръоний сайт» йўналиши бўйича Мисрнинг «Электиронлаштирилган Қуръони Карим мавсуъаси» ғолиб бўлди. Робитатул аламил исламий «Халқаро Қуръони Карим ёдлатиш уюшмаси» сайтидан олинган |