Танловга: Юсуф ва Мусо алайҳимассаломларнинг қиссалари орасидаги ўхшашлик ва Қуръоннинг мўъжизлигининг баёни
Босма

Мақоламизда, Қуръонда номлари тез-тез такрорланган Мусо алайҳисалом қиссалари ва чиройда мисли кўрилмаган Юсуф алайҳиссалом қиссалари орасидаги ўхшашликларни ёритиб беришга ҳаракат қилинди. Булардан: ҳар иккисининг ҳам зикр қилинган оятлари муқаттоъ ҳарфлари билан бошланиши, қисса қаҳрамонларининг ёшликларидаёқ қийинчилик кўришлари, ота-оналаридан жудо бўлишлари, нубувват мақомига етгунларига қадар, ҳар турли азоб-уқубатларни бошларидан ўтказганликларини ҳам ўрганиб оламиз. Адади йигирмата бўлган бу ўхшашликларнинг диққатга сазовор тарафларидан бири ўлароқ, ҳар икки қиссида ҳам аёлларнинг иштирок этишлари ва иккисининг ҳам икки қаҳрамонга бўлган муҳаббатларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ҳар иккисининг ҳам бир минтақада, яъни Мисрда умр кечиришлари ва иккисининг ҳам умматлари билан бўлган қийинчилик, зулм каби мавзулар бизни яна ҳам бу ўхшашликларни очиб беришга ундади.
Қуръони Карим, Аллоҳ томонидан нозил қилингани учун ҳам ифодада ҳамда маъно ва ҳукум (ва ҳикмат) жиҳатидан ҳам кучли қаттиятликни талаб қилади. Инсонларнинг гўзаллик, яхшилик ва тартиб-интизом каби хусусиятлар ҳақидаги қарашлари доимо бир хил ва ҳамнафас бўлавермайди. Бу нарса бирор бир китобни ёзган ёки уни ўқиган кишининг орасидаги ҳолат ва шарт-шароитлар таъсирида зидлашиб ўзгаради. Биз, Қуръонда келганидек, Ҳазрати Юсуфнинг «Юсуф» сурасида, Ҳазрати Мусонинг эса  номлари  кўп зикр қилинган «Қасос» сурасида ва бошқа сураларда келган ўхшашликларини сиз азизлар билан ўрганиш истагимиз бор. «Юсуф» сураси билан Мусо алайҳиссалом ҳақларида жуда кўп зикр қилинган «Қасос» ва бошқа суралар, бошқа-бошқа вақтда нозил бўлишларига қарамасдан бизнинг қодир бўлганимизча келтиришга ҳаракат қилаётганимиз  мақоламизда жуда аҳамиятли ўхшашиликлари бордир. 
Келтирадиган мисолларимизда ўхшашликларига қарабгина қолмасдан, баъзиларининг зикр қилинган лафзлари ҳам бир хилдир.

Юсуф сураси

Маккада нозил бўлган. 111 оятдан иборат. Юсуф сураси битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларни аралаштирмай ҳикоя қилган ягона сурадир. Юсуф алайҳиссаломнинг исмлари бу сурадан бошқа яна бир жойда зикр қилинади, холос. Имом Ҳоким ва бошқалар қилишган ривоятда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил қилинди. У Зот уни бир қанча пайт тиловат қилиб юрдилар. Қавмлари: «Бизга қисса айтиб берсанг-чи?» дейишганида, «Биз сенга қиссаларни сўйлаб берурмиз», ояти нозил бўлди. Ва яна бир қанча пайт тиловат қилиб юрдилар. Қавмлари: «Бизга гапириб берсан-гчи» дейишганида, «Аллоҳ энг гўзал сўзни нозил қилди» (Зумар-23) ояти нозил бўлди.

Қасос сураси

Маккада нозил бўлган, 88 оятдан иборат. Бу сураи каримада Мусо алайҳиссалом қиссалари батафсил келгани учун унга «Қасас» (Қисса)  номи берилган. Бу сурада Мусо алайҳиссаломнинг туғилишларидан тортиб, қандай пайғамбар бўлганликлари ва кўрган- кечирганлари муфассал баён қилинганлиги сабабли у Қисса деб аталган.

Ҳазрати Мусо энг кўп зикр қилинган сура ҳам Қасос сурасидир.


Ҳазрати Юсуф, Ҳазрати Мусо қиссалари ва Юсуф, Қасос сураларининг ичидаги муташобиҳликлар (ўхшашликлар):

1. Ҳар икки сура ҳам «ҳуруфу муқаттао» билан бошланади. Ундан кейин келган оят эса бир хилдир. Юсуф сурасининг бош оятлари:
1. Алиф. Лом. Ро. Ушбулар очиқ-ойдин китобнинг оятларидир.
Қасос сурасининг бошидаги оятлар:
1. То. Сийн. Мийм.
2. Ушбулар очиқ-ойдин китоб оятларидир.

2. Ҳар иккисининг воқеъа ҳодисалари Мисрда содир бўлган.                                                                                                                            
3.    Ҳазрати Юсуфни акалари, оталари бўлмиш Яъқуб алайҳисаломдан қизғониб қудуққа ташлаб юборадилар.
Ҳазрати Мусонинг эса энг яқини бўлмиш оналари уни қутқариб қолиш учун денгизга оқизиб юборадилар.

4. Ҳазрати Юсуф оталаридан айрилганларидан сўнг яна узоқ йиллардан кейин қовушадилар. Ҳазрати Мусо ҳам оналаридан айрилганларидан сўнг яна оналарига қовушадилар.
5. Ҳар иккиси   турли вазиятларда бўлсалар ҳам, бошқалар (бири Вазир, бири Фиръавн) томонидан фарзанд қилиб асраб олинадилар.
6. Вазирнинг аёлига айтгани каби Фиръавннинг   аёли Фираъвнга айтган гаплари ҳам бир хилдир:
Вазир хонимига: «Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд, бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар» (Юсуф 21)

Фиръавннинг аёли ҳам  Фиръавнга шундай дейди:
Фиръавннинг хотини:  «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.»  (Қасос 9)

7. Ҳар икки қиссада ҳам аёл киши борлиги. Ва у икки аёл ҳам назокат соҳибалари эканликлари, яъни жуда ҳам меҳрибонликлари. Ҳазрати Юсуфни сақлаб олган Зулайҳо ва Ҳазрати Мусонинг оналари, ўзларининг у иккисига нисбатан беқиёс раҳмдилликлари ва муҳаббатлари кўз ўнгимизга келади.
8. Ҳазрати Яъқуб алайҳисалом, Юсуф алайҳисаломни қидириб, топиб келиш учун унинг акаларини жўнатадилар ва: «Эй ўғилларим, боринглар, Юсуфни ва унинг укасини яхшилаб изланглар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Ҳақиқатда Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар», деди.  (Юсуф сураси 87 - оят)
Ҳазрати Мусонинг онаси эса Мусо алайҳиссаломдан хабар олиб келиш учун унинг опасини юборадилар:
«У(она) у(Мусо)нинг опасига: «Изидан бор», деди. Бас, уни бир четдан кўрди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.» (Қасос сураси. 11 - оят)
9. Ҳазрати Юсуфнинг сифатларидек сифатлар Ҳазрат Мусода ҳам жо қилинганлигини  Аллоҳ таоло биринчи Ҳазрати Юсуфникини мана шундай баён қилади:
«Вояга етган вақтида унга ҳукмни ва илмни бердик. Гўзал иш қилгувчиларни шундай мукофотлармиз», – деди. (Юсуф сураси 22 – оят)
Ҳазрати Мусо учун эса:
«Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида, унга ҳикмат  ва илмни бердик. Биз яхши амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз». (Қасос сураси 14 – оят)
10. Қуръонда, Ҳазрати Юсуфнинг отаси, Ҳазрати Мусонинг эса фақатгина онаси зикр қилинган. Ояти карималарда Ҳазрати Юсуфнинг онасидан ва Ҳазрати Мусонинг эса отасидан зикр қилинмаган.
11. Ҳазрати Юсуф ҳам, Ҳазрати Мусо ҳам саройда улғайиб, балоғатга етганлар.
12. Ҳазрати Юсуфни ҳам, Ҳазрати Мусони ҳам оқлаб тарафларини олганлар, уларнинг маъсум эканликларига гувоҳлик берганлар душман тарафидан эканликлари ҳам жуда аҳамиятлидир. Ҳазрати Юсуфни оқлаб:
26. У: «Унинг ўзи менинг нафсимни хоҳлади», деди. У(хотин)нинг аҳлидан бир гувоҳ гувоҳлик берди ва: «Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, бас, хотин рост айтибдир, у ёлғончилардандир.
27. Агар унинг кўйлаги орт томондан йиртилган бўлса, бас, хотин ёлғон гапирибдир, у ростгўйлардандир», деди.
(Воқеани ҳеч ким кўрмаган. Фақатгина кўйлак йиртилган. Шунга қараб аниқлаш мумкин. Агар кўйлак олд томондан йиртилган бўлса, Юсуф ҳамла қилган, хотин эса ҳимояланиш чоғида кўйлакнинг олдидан йиртиб олган бўлади. У ҳолда хотиннинг даъвоси тўғри, Юсуф ёлғончи бўлади.
Агар кўйлак орт томондан йиртилган бўлса, хотин ҳамла қилган бўлади ва  қочаётган Юсуфни тутиш учун ортидан ташланиб, кўйлакни йиртган бўлади. У ҳолда хотин ёлғон гапирган, Юсуф эса  ростгўй бўлади. Оқилона гап, одилона ҳукм.)
28. Эр унинг кўйлагини орт томонидан йиртилганини кўрган пайтда: «Албатта, бу (иш) сиз хотинларнинг макрингиздир. Албатта, сиз хотинларнинг макри жуда зўрдир. (Юсуф сураси 26 ва 28 – оятлар)

Ҳазрати Мусони оқлаган эса:
Фиръавн аҳлидан бўлган, иймонини беркитиб юрадиган бир мўмин киши: «Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келмишдир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар. Агар ростгўй бўлса, унда у ваъда қилаётган баъзи мусибатлар сизга етади. Албатта, Аллоҳ исрофчи ва каззоб бўлган шахсни ҳидоят қилмас. (Ғофир сураси 28 – оят)
13. Ҳазрати Юсуф, бошларига тушганлардан чекиниб бир муддат қамоқда, қулай вақт кутадилар. Ҳазрати Мусо эса бундай вазиятда Мадянга ҳижрат қиладилар.
14. Ҳазрати Юсуфнинг мўъжизалари асосан маънавий бўлиб, қамоқдаги дўстлари ва уларнинг қамоқдан чиқишлари ва қиролнинг тушини таъбир қилишлари ва бу таъбирларнинг барчаси тўғри чиқиши бўлса, Ҳазрати Мусоники эса моддий мўъжизалардир. Чунки  Бани Исроил маънавиятга ишонмаган, моддиятчи бир жамоа бўлишган. Аллоҳга иймон келтириш хусусида ҳам Ҳазрати Мусога:
«Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча сенга ишонмаймиз»,  (Бақара сураси 55 – оят)
Аҳли китоблар сендан уларга осмондан китоб тушириб беришингни сўрарлар. Мусодан бундан ҳам катта нарсани сўраганлар − «Бизга Аллоҳни ошкора кўрсат», деганлар. (Нисо сураси 153 – оят)


15. Ҳар икки қиссанинг ҳам охирида бир-бирига яқин мазмунан маънодош ифода қўлланилиб тугатилади: Ҳазрати Юсуф қиссасининг охирида:
«Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида гап бириктирганларида олдиларида бўлмаган эдинг». (Юсуф 102)

Ҳазрати Мусога алоқадар ҳодисалар ортидан эса:
«Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтимизда сен ғарбий томонда эмас эдинг ва гувоҳлардан ҳам бўлмагансан». (Қасос сураси 44 – оят)
Биз нидо қилган чоғимизда Турнинг ёнида йўқ эдинг. Лекин Роббингдан раҳмат сифатида сендан олдин огоҳлантиргувчи келмаган қавмни огоҳлантириш учун (қиссаларни сенга билдирдик). Шоядки, эсласалар. (Қасос сураси 46 – оят)

16. Бу борада ҳар икки пайғамбарга ҳам “илм ва ҳикмат” берилгани баён қилинмоқда Юсуф алайҳисаломга қуйидаги ояти каримада:
(Юсуф сураси 22 – ояти)
Мусо алайҳисаломга эса:
(Қасос сураси 14 – ояти)

17. Ҳазрати Юсуф ҳақларида:
«Батаҳқиқ, (хотин) унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, (хотинга) интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у Бизнинг мухлис бандаларимиздан» (Юсуф сураси 24 – оят)
Ҳазрати Мусо алайҳисалом ҳақларида эса:
«Китобда Мусони эсла. Албатта, у танлаб олинган Набий ва Расул эди.» (Марям сураси 51 – оят)

Шунингдек, Қуръонда, бошқа пайғамбарларнинг ҳам мухлис банда эканликлари келган бўлса-да лекин бу ояти каримада икки пайғамбарнинг ҳам исмлари зикр қилиниб ортидан уларнинг сифатлари келмоқда.

18. Ҳазрати Юсуф ва Ҳазрати Мусонинг ҳам ҳаётида бир ўринда икки инсон билан учрашиб қолишлари рўй берган. Ҳазрати Юсуф қамоқдаликларида иккита «фата» (ёш йигит) билан учрашганлари келмоқда, бу борада Аллоҳ Таоло:
«У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди».(Юсуф сураси 36 – оят)
Ҳазрати Мусо, Мадян булоғи олдига келганларидаги воқеада эса:
«Қачонки Мадян сувига етиб келгач, бир тўп одамларнинг ҳайвонларини суғораётганини кўрди ва улардан бошқа (қўйларини сувдан) қайтараётган икки аёлни кўрди. У:«Сизларга не бўлди?» деди. Улар: «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз − қари чол», дедилар». (Қасос сураси 23- оят)

19. Бунда «катта ёшли чол» ибораси, Қуръонда фақатгина Юсуф сурасининг 78- ояти:
Улар: «Эй Азиз, бунинг катта ёшли чол отаси бор. Бас, биримизни унинг ўрнига ол. Биз сени яхшилик қилувчилардан эканлигингни кўрмоқдамиз», дедилар.
Ва Ҳазрати Мусога алоқадор ояти каримада яъни Қасос сурасининг 23-оятида:
Улар: «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз − қари чол», дедилар.
20. Ҳазрати Юсуфни қудуққа ташлаган акалари, Ҳазрати Юсуфни бир гуруҳ йўловчилар топиб олишганидан кейин ҳам унинг  укалари эканлигини билдирмасдан сир сақлаганлар. Улар бизнинг қулимиз, деб арзон нархга сотиб юборишди:
«Ва уни арзон баҳога, саноқли дирҳамларга сотдилар. Улар унга қизиқмаган эдилар».[1] (Юсуф сураси 20 – оят)

Ҳазрати Мусо бораларида эса  Фиръавннинг аёли топиб олингунга қадар хеч қайси аёлдан сут эммадилар. Унинг ҳол-аҳволини билиб келиш учун кетган опаси ҳам сутона (сут эмизган аёл) тавсия қилганида, у Ҳазрати Мусонинг қондош опаси эканлигини билдирмади.

Хулоса[2]

Азиз ўқувчи!
Юқорида келтирган мақоламизда икки муборак пайғамбар бири Ибнул Карийм бўлган, гўзаллик-ҳуснда тенги бўлмаган Ҳазрати Юсуф ва ўз замоналарида куч-қувват борасида тенги бўлмаган Ҳазрати Мусо алайҳимассаломлар ва улар ҳақларида нозил бўлган суралардан, Юсуф ва Қасос сураларидаги ўхшашликни баҳоли Қудрат билдиришга ҳаракат қилинди. Албатта, булар барчаси эмас, бундан ташқари, яна нечта ўхшашликлари ва яширин ҳикматлари бор, буни фақат ва фақат Аллоҳ таоло билади. У Зотнинг чексиз-чегарасиз марҳамати соясида билдирганлари ҳозирча шулардан иборат. Аллоҳнинг мўъжаз каломида сон-саноқсиз мўъжизалар ва ҳайрат қолдирадиган даражада, Аллоҳ таолонинг ҳикматли зарбул масаллари мавжуд. Буларни тушуниш ва англаб етиш учун, албатта, бизда, Қуръонга бўлган иймонимиз жуда ҳам бақувват бўлиши лозимдир. Шундагина буларни тушуниб етишимиз ва янада иймонимиз зиёда бўлиши муқаррардир!

__________________________________________
[1] – Бу ва бошқа ояти каримларнинг маънолари таржимаси  www.quran.uz сайтидан олинди.
[2] – Тайёрловчининг хулосаси.

Абдуллоҳ Раҳимбоев тайёрлади.