Танловга: Қориларга қирқта ҳушхабар
Босма

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муқаддас китоб − Қуръони Каримни нозил қилган Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин! Парвардигорнинг сўзларини қабул айлаб, умматга баён қилиб берган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту-саломлар бўлсин! Қуръони Каримни ёд олиб, ҳифз қилиб, қалбларида сақлаб кейинги авлодга етказишда муносиб хизмат қилган ва қилаётган аҳли Қуръон − қори, олимларга шон-шарафлар бўлсин!
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, уни севиш, ўрганиш, тарқатиш, маъноларини ўзлаштириш ва бошқаларга ўргатиш ўзига хос фазилат бўлиб, Расулуллоҳ жаноблари орқали бу шарафли амалларга Аллоҳ таолонинг алоҳида ажр-мукофотлари ваъда қилинган. Энг фасоҳатли инсон − ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Қуръон омонатини етказар эканлар, унинг хизматида қоим бўлишликка ҳам жиддий аҳамият берганлар, саҳобаларни бу ишга ўзига хос гўзал услублар билан тарғиб қилган, қизиқтирганлар. Ул Зотнинг қорилар фазилати ҳақида жуда кўп ҳадислари бўлиб, қуйида улардан қирқтасини жамлаб, «арбаъин» ҳолига келтирилди.
Мақолани диққат билан ўқиб чиқар экансиз, қалбингизда беихтиёр Қуръон ва унинг аҳллари учун учун кучли муҳаббат ва ҳавас, уни ёдлаш учун ҳиммат ва нашот, бошқаларга ўргатиш учун ғайрат ва шижоат, бу шарафли амаллар учун берилажак ажр-мукофотларга ишонч ва умид уйғонса, ажабмас. Айниқса, бу ҳадисларда Қуръон хизматида камарбаста бўлиб турган аҳли илмларни янада руҳлантириб, рағбатлантирувчи маънолар борки, кишини янада завқ-шавқ билан хизмат қилишга ундайди. Шу нуқтаи назардан мақолани «Қориларга қирқта ҳушхабар» деб номладик. Зотан, бу ҳадисларнинг барчаси, айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан аҳли Қуръонлар учун айтилган хушхабарлардир!
Муҳтарам Қуръон ходимлари! Инсонларнинг энг улуғи, Қуръон билимдони, фасоҳату балоғатда мислсиз Расулуллоҳ жаноблари айнан сизлар ҳақингизда қуйидаги хушхабарларни билдирганлар:
1-ҳадис:
عَن عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:خَيْرُ كُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ  وَعَلَّمَهُ - رَوَاهُ أًحْمَد وَأَصْحَابُ الْكُتُبِ السِّتَّةِ
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: ул Зот айтдилар: «Сизларнинг энг яхшингиз − Қуръонни ўрганган ва ўргатганларингиздир!» (Имом Аҳмад ва олти тўплам эгалари ривоят қилганлар.)
2-ҳадис:
عنْ أَيُّوبَ بْنِ مُوْسَى قَالَ : سَمِعْتُ مُحَمَّدَ بْنَ كَعْبٍ الْقُرَظِيَّ قَالَ : سَمِعْتُ عَبْدَ اللهِ بْنَ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ  يَقُولُ: قَالَ  رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا؛لَا أَقُولُ: الم حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ. رَوَاهُ التِّرْمَذِيُّ
Айюб ибн Муса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтди: мен Муҳаммад ибн Каъб ал-Қурозийдан эшитдим, у айтган: мен Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан эшитгандим, у айтар эди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки агар Аллоҳнинг китобидан бир дона ҳарф ўқиса, бас, унга бир яхшилик ёзилади. Ва бир яхшилик эвазига ўн баробар унинг мислича мукофот бордир! Мен: «алиф лом мим» бир ҳарфдир, демайман. Балки, «алиф» бир ҳарфдир, «лом» бир ҳарфдир, «мим» бир ҳарфдир!» (Термизий ривоят қилган)
3-ҳадис:
قَالَ عُمَر رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: أَمَا إِنَّ نَبِيَّكُمْ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ قَالَ : إِنَّ اللهَ  يَرْفَعُ بِهَذَا الْكِتَابِ أَقْوَامًا وَيَضَعُ بِهِ آخَرِيْنَ.- رَوَاهُ مُسْلِمٌ، وَابْنُ مَاجَه
Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: Огоҳ бўлинг! Батаҳқиқ, Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ бу китоб билан (унга амал қилган, ҳаққини адо қилган) бир қавмни улуғлайди ва (Қуръон ҳаққини адо қилмаган) бошқа бир қавмни ерга уради (хор қилади)».(Имом Муслим ва ибн Можа ривоят қилган).
4-ҳадис:
عَنْ أَبِيْ سَعِيْدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ  رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَقُولُ الرَّبُّ عَزَّ وَجَلَّ: مَنْ شَغَلَهُ الْقُرْآنُ  وَذِكْرِيْ  عَنْ مَسْأَلَتِيْ أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ مَا أُعْطِي السَّائِلِيْنَ وَفَضْلُ كُلَامِ اللهِ عَلَى سَائِرِ الْكَلَامِ كَفَضْلِ اللهِ عَلَى خَلْقِهِ. - رَوَاهُ التِّرْمَذِيُّ
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Кимники, Қуръон ва менинг зикрим мендан ҳожатини сўрашдан машғул қилган бўлса, унга соилларга берилгандан кўра афзалроғини бераман». Аллоҳ каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли − Аллоҳнинг махлуқотларига нисбатан бўлган фазли кабидир!» (Термизий ривоят қилган.)
5-ҳадис:
عَنْ أَبِيْ مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ  رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِيْ يَقْرَأُ الْقُرْآن  كَمَثَلِ الْأُتْرُجَّةِ رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا طَيِّبٌ وَمَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِيْ لَا يَقْرَأُ الْقُرْآنَ  كَمَثَلِ التَّمْرَةِ لَا رِيْحَ لَهَا وَطَعْمُهَا حُلْوٌ وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِيْ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ  مَثَلُ الرَّيْحَانَةِ رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا مُرٌّ وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِيْ لَا يَقْرَأُ الْقُرْآنَ  كَمَثَلِ الْحَنْظَلَةِ لَيْسَ لَهَا رِيْحٌ وَطَعْمُهَا مُرٌّ.  وَ فِيْ  رِوَايَةٍ :مَثَلُ الْفَاجِرِ" بَدَلَ: الْمُنَافِقِ.- رَوَاهُ أًحْمَدُ، وَالْبُخَارِيُّ، وَمُسْلِمٌ، وَأَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمَذِيُّ، وَالنَّسَائِيُّ، وَابْنُ مَاجَه
Абу Муса ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръон ўқийдиган мўмин мисоли апельсиндир-ки, хушбўй ва хуштаъм. Ва Қуръон ўқимайдиган мўмин мисоли хурмодирки, ҳидсиз-у, лекин таъми ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон мисолидирки, хушбўй-у, лекин таъмсиз. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ мисоли қалампирдирки, унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқ». (Бир ривоятда «мунофиқ»» сўзи ўрнида «фожир» сўзи қўлланган. Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва ибн Можалар ривоят қилган).
6-ҳадис:
عَن أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ:قَالَ  رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِيْ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ  مَثَلُ الْأُتْرُجَّةِ رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا طَيِّبٌ وَمَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِيْ لَا يَقْرَأُ الْقُرْآنَ  كَمَثَلِ التَّمْرَةِ طَعْمُهَا طَيِّبٌ وَلَا رِيْحَ لَهَا وَمَثَلُ الْفَاجِرِ الَّذِيْ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ  كَمَثَلِ الرَّيْحَانَةِ رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا مُرٌّ وَمَثَلُ الْفَاجِرِ الَّذِيْ لَا يَقْرَأُ الْقُرْآن  كَمَثَلِ الْحَنْظَلَةِ طَعْمُهَا مَرٌّ وَلَا رِيْحَ لَهَا وَمَثَلُ الْجَلِيْسِ الصَّالِحِ كَمَثَلِ صَاحِبِ الْمِسْكِ إِنْ لَمْ يُصِبْكَ مِنْهُ شَيْءٌ أَصَابَكَ مِنْ رِيْحِهِ. وَمَثَلُ جَلِيْسِ السُّوْءِ كَمَثَلِ صَاحِبِ الْكِيرْ إِنْ لَمْ يُصِبْكَ مِنْ سَوَادِهِ أَصَابَكَ مِنْ دُخَانِهِ. - رَوَاهُ أَبُوْدَاوُدَ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръон ўқийдиган мўмин мисоли апельсиндирки, хушбўй ва хуштаъм. Ва Қуръон ўқимайдиган мўмин мисоли хурмодирки, ҳидсиз-у, лекин таъми ширин. Қуръон ўқийдиган фожир (фосиқ) райҳон мисолидирки, хушбўй-у, лекин таъмсиз. Қуръон ўқимайдиган фожир мисоли қалампирдирки, унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқ. Солиҳ ҳамсуҳбат мисоли ҳушбўй мушк эгасидирки, ундан бирон нима ололмасангиз-да, унинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўласиз. Ёмон ҳамсуҳбат мисоли темирчидирки, унинг қораси тегмаса-да, унинг (ёқимсиз) тутуни, барибир, сизга етади». (Абу Довуд ривоят қилган).
7-ҳадис:
عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: قَالَ  رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:  الْمَاهِرُ بِالْقُرْآنِ مَعَ السَّفَرَةِ الْكِرَامِ الْبَرَرَةِ وَالَّذِيْ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ  وَيَتَتَعْتَعُ  فِيْهِ وَهُوَ عَلَيْهِ شَاقٌّ لَهُ أَجْرَانِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ، وَمُسْلِمٌ، وَأَبُوْدَاوُدَ، وَالتِّرْمَذِيُّ، وَالنَّسَائِيُّ، وَابْنُ مَاجَه.
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, ул зоти шарифа айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръонга моҳир (малакали) қори мукаррам, итоатгўй фаришталар билан бирга бўлади. Ва шундай кишики, Қуръон ўқиш унга қийин бўлгани ҳолда, тутилиб-тутилиб (қийналса ҳам муҳаббат билан) ўқир эди, унга икки ҳисса ажр берилади!» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва ибн Можалар ривоят қилган).
8-ҳадис:
عَنْ أَبِيْ ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ قَالَ : قُلْتُ: يَا رَسُوْلَ اللهِ أَوْصِنِيْ: قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : عَلَيْكَ بِتَقْوَى اللهِ. فَإِنَّهَا رَأْسُ الْأَمْر كُلِّهِ. قُلْتُ : يَا رَسُوْلَ اللهِ زِدْنِيْ . قَالَ : عَلَيْكَ بِتِلَاوَة الْقُرْآنِ ، فَإِنَّهُ نُوْرٌلَكَ  فِي الْأَرْضِ، وَذُخْرٌ لَّكَ  فِي  السَّمَاءِ. - رَوَاهُ ابْنُ حِبَّانَ
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши айтдилар: «эй Расулуллоҳ менга маслаҳат беринг», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Тақво – Аллоҳдан қўрқишни маҳкам тут! Чунки у барча яхшиликнинг бошидир». Мен яна: «Эй Расулуллоҳ, қўшимча қилинг», дедим. Ул Зот айтдилар: «Қуръон тиловатини одат қил! Чунки у сен учун ерда нур, осмонда эса захира, жамғармадир». (Ибн Ҳиббон ривоят қилган).
9—ҳадис:
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : الْقُرْآنُ  شَافِعٌ مُشَفَّعٌ، وَمَاحِلٌ مُّصَدَّقٌ، مَنْ  جَعَلَهُ أَمَامَهُ قَادَهُ إِلَى الْجَنَّةِ ، وَمَنْ  جَعَلَهُ خَلْفَ ظَهْرِهِ سَاقَهُ إِلَى النَّارِ. رَوَاهُ ابْن حِبَّانَ، وَ الْبَيْهَقِيُّ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши Пайғамбаримиздан ривоят қилган, ул Зот айтганлар: «Қуръон (қорилар учун) шафоати мақбул шафоат қилувчидир, Қуръон (уни ўқимасдан ташлаб қўйганларнинг зарарига берган кўрсатмаси) шаҳодати тасдиқланган шоҳиддир. Ким уни олдига қўйса, жаннатга бошлаб боради, ким уни ортига қўйса, дўзахга ҳайдаб боради». (Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоят қилган).
10-ҳадис:
عَنْ زَيْدٍ أَنَّهُ سَمِعَ أَبَا سَلَّامٍ يَقُولُ: حَدَّثَنِي أَبُو أُمَامَةَ الْبَاهِلِيُّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: اقْرَءُوا الْقُرْآنَ فَإِنَّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيْعًا لِأَصْحَابِهِ... - رَوَاهُ مُسْلِم.
Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши Абу Саллом розияллоҳу анҳудан эшитган эканки, у айтарди:   менга Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу шундай ҳадис сўзлаган: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, айтардилар: «Қуръон ўқинглар! Чунки у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлиб келади...» (Имом Муслим ривоят қилган).
11—ҳадис:
عَنْ سَهْلِ بْنِ مُعَاذٍ الْجُهَنِيِّ عَنْ أَبِيْهِ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَعَمِلَ بِمَا فِيهِ أُلْبِسَ وَالِدَاهُ تَاجًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ ضَوْءُهُ أَحْسَنُ مِنْ ضَوْءِ الشَّمْسِ فِي بُيُوتِ الدُّنْيَا لَوْ كَانَتْ فِيكُمْ فَمَا ظَنُّكُمْ بِالَّذِي عَمِلَ بِهَذَا؟! رَوَاهُ أَبُو دَاوُد، وَالْحَاكِمُ.
Саҳл ибн Муаз ал-Жуҳанийдан ривоят қилинди, у киши отасидан шундай ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки Қуръон ўқиса ва ундаги аҳкомларга амал қилса, ота-онасига қиёмат куни тож кийдирилади. Агар  (фаразан) сизларда қуёш бўлса, у тожнинг ёғдуси дунё уйларидаги (ўша) қуёш нуридан-да гўзалроқ бўлади. Энди  Қуръонга амал қилганларга не мукофотлар берилиши ҳақида қандай ўйлаяпсизлар?!» (Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилган).
12-ҳадис:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُرَيْدَةَ الأَسْلَمِيِّ ، عَنْ أَبِيْهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَتَعَلَّمَهُ وَعَمِلَ بِهِ أُلْبِسَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَاجًا مِنْ نُورٍ ضَوْءُهُ مِثْلُ ضَوْءِ الشَّمْسِ ، وَيُكْسَى وَالِدَيْهِ حُلَّتَانِ لاَ يَقُومُ بِهِمَا الدُّنْيَا فَيَقُولانِ : بِمَا كُسِيْنَا ؟ فَيُقَالُ : بِأَخْذِ وَلَدِكُمَا الْقُرْآنَ . - رَوَاهُ الْحَاكِمُ
Абдуллоҳ ибн Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки Қуръон ўқиса, Қуръон илмларини ўзлаштирса ва унга амал қилса, унга қиёмат кунида нурдан бўлган тож кийдирилади, тожнинг нури мисоли қуёш нури кабидир. Ва унинг ота-онасига шундай либослар кийдириладики, (уларнинг ҳашами ва бебаҳолигидан) уларга дунё (тенг) тура олмайди. Ота-она айтадилар: бизга нима сабабдан бундайин либослар кийдирилди? Уларга жавобан айтилади: фарзандингиз Қуръонни ўзига олиши, эгаллаши сабабли». (Ҳоким ривоят қилган).
13-ҳадис:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَجِيْءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُ: يَا رَبِّ حَلِّهِ  فَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ: يَا رَبِّ زِدْهُ فَيُلْبَسُ حُلَّةَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ: يَا رَبِّ ارْضَ عَنْهُ" فَيَرْضَى عَنْهُ فَيُقَالُ لَهُ: اقْرَأْ وَارْقَ وَتُزَادُ بِكُلِّ آيَةٍ حَسَنَةً.
- رَوَاهُ التِّرْمَذِيُّ، وَابْنُ خُزَيْمَةَ، وَالْحَاكِمُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: ул Зот айтдилар: «Қиёмат куни Қуръон (аҳли Қуръонларга яхшилик қилиш учун) келади ва: «эй Роббим уни кийинтир», дейди. Бас, (аҳли Қуръонга) каромат тожи кийдирилади. Сўнгра яна Қуръон: «эй Роббим қўшимча қил», дейди. Бас каромат либослари кийдирилади. Ундан кейин ҳам Қуръон: «Эй Роббим ундан рози бўл», дейди. Бас, Аллоҳ (қоридан) рози бўлади. Кейин унга: «Ўқи, юқори мартабага кўтарил! Ва ҳар бир оят эвазига бир ҳасанадан қўшимча қилинади», деб айтилади». (Термизий, ибн Хузайма ва Ҳоким ривоят қилган).
14-ҳадис:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ: اقْرَأْ وَارْتَقِ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا فَإِنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَأُ بِهَا.- رَوَاهُ التِّرْمَذِيّ، وأَبُو دَاوُد، وابْن مَاجَه، وابْن حِبَّانَ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: ул Зот айтдилар: «Соҳиби Қуръонга охиратда шундай дейилади: «Ўқи! Ва тараққий қил! Ва дунё ҳаётида тартил қилганингдек тартил билан ўқи! Чунки (тайин қилинадиган мартабали) манзилинг сен ўқиган охирги оят олдидадир (яъни  тўхтаган оятингга қараб мақоминг белгиланади)». (Термизий, Абу Довуд, ибн Можа, ибн Ҳиббон ривоят қилган).
15-ҳадис:
عَنْ الزُّهْرِيِّ قَالَ: حَدَّثَنِي سَالِمُ بْنُ عَبْدِ اللهِ أَنَّ عَبْدَ اللهِ بْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:لَا حَسَدَ إِلَّا عَلَى اثْنَتَيْنِ رَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ الْكِتَابَ فَقَامَ بِهِ آنَاءَ اللَّيْلِ وَآنَاءَ النَّهَارِ وَرَجُلٌ أَعْطَاهُ اللَّهُ مَالًا فَهُوَ يَتَصَدَّقُ بِهِ آنَاءَ اللَّيْلِ والنَّهَارِ. - رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Зуҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтганлар: менга Солим ибн Абдуллоҳ шундай ҳадис сўзлаб берган: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай эшитганманки, ул Зот айтардилар: «Ҳавас қилиш (ҳавасга арзигулик нарса) йўқ, магар икки нарса мустасно: бир кишики, унга Аллоҳ китоб (Қуръон ҳифзи, илми ва амали)ни берган, у эса туну кун уни ўқийди (ҳаққини бажо қилади). Ва шундай кишики, унга Аллоҳ мол-дунё берган, у эса туну кун ундан садақа қилиб туради». (шу иккисини ҳавас қилса арзигуликдир. Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
16—ҳадис:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا حَسَدَ إِلَّا فِي اثْنَتَيْنِ: رَجُلٌ عَلَّمَهُ اللَّهُ الْقُرْآنَ فَهُوَ يَتْلُوهُ آنَاءَ اللَّيْلِ وَآنَاءَ النَّهَارِ فَسَمِعَهُ جَارٌ لَهُ فَقَالَ لَيْتَنِي أُوتِيتُ مِثْلَ مَا أُوتِيَ فُلَانٌ فَعَمِلْتُ مِثْلَ مَا يَعْمَلُ. وَرَجُلٌ آتَاهُ اللَّهُ مَالًا فَهُوَ يُهْلِكُهُ فِي الْحَقِّ  فَقَالَ رَجُلٌ لَيْتَنِي أُوتِيتُ مِثْلَ مَا أُوتِيَ فُلَانٌ فَعَمِلْتُ مِثْلَ مَا يَعْمَلُ. - رَوَاهُ الْبُخَارِيّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «(Ҳеч нарсани) ҳавас қилиб бўлмайди магар, икки нарса мустасно: Бир кишики, унга Аллоҳ Қуръонни ўргатган, бас, у Қуръонни кечаю кундуз тиловат қилиб туради. Унинг тиловатини қўшниси эшитганда (ҳавас қилиб) айтади: қани энди, менга ҳам фалончига берилган нарса (илм, Қуръон тиловати) берилса-ю, унга ўхшаб амал қилсам... . Ва яна шундай кишики, унга Аллоҳ бойлик берган бас, у бойлигини ҳақ йўлда сарф қилади, бас, (ундан хабар топган) киши(лар эса ҳавас қилиб) айтади: қани энди, менга ҳам фалончига берилган нарса (мол-дунё) берилса-ю, унга ўхшаб амал қилсам...». (Бухорий ривоят қилган).
17-ҳадис:
عَنِ ابْنِ عمر رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُما قَالَ : قَالَ رَسُوْلُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ :  ثَلَاثَةٌ لَا يَهُوْلُهُمُ الْفَزَعُ الْأَكْبَرُ، وَلَا يَنَالُهُمُ الْحِسَابُ، هُمْ عَلَى كَثِيْبٍ مِّن مِّسْكٍ حَتَّى يَفْرُغَ مِنْ حِسَابِ الْخَلَائِقِ: رَجُلٌ قَرَأَ الْقُرْآنَ  ابْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ تَعَالَى، وَأَمَّ بِهِ قَوْماً، وَهُمْ رَاضُوْنَ. وَدَاعٍ يَّدْعُوْ إِلَى الصَّلَاةِ ابْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ. وَعَبْدٌ أَحْسَنَ بَيْنَهُ، وَبَيْنَ رَبِّهِ، وَ فِيْمَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ مَوَالِيْهِ. - رَوَاهُ الطَّبْرَانِيُّ
Ибн Умар розияллоҳу анҳмумодан ривоят қилинди: у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамлар бордирки, уларни қиёматнинг даҳшатлари қўрқита олмайди ва уларнинг бошига ҳисоб-китоб ҳам тушмайди, халойиқнинг ҳисоби тугагунча улар мушки анбардан иборат дўмликларда бўлади: (биринчиси) шундай кишики, Аллоҳ  таолонинг розилигини истаб Қуръон ўқиган ва у (Қуръони) билан имом бўлган ва қавми ундан (ҳурсанд) рози; (иккинчиси) шундай кишики, Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини истаб (инсонларни) намозга чақирган; (учинчиси) қулки, ўзи ва роббиси Аллоҳнинг орасини гўзал қилган, шунингдек, ўзи ва хўжайинининг орасини ҳам гўзал қилган». (Имом Тобароний ривоят қилган).
18-ҳадис:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: بَعَثَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَعْثًا وَهُمْ ذُو عَدَدٍ فَاسْتَقْرَأَهُمْ فَاسْتَقْرَأَ كُلَّ رَجُلٍ مِنْهُمْ مَا مَعَهُ مِنْ الْقُرْآنِ فَأَتَى عَلَى رَجُلٍ مِنْهُمْ مِنْ أَحْدَثِهِمْ سِنًّا فَقَالَ مَا مَعَكَ يَا فُلَانُ قَالَ مَعِي كَذَا وَكَذَا وَسُورَةُ الْبَقَرَةِ قَالَ أَمَعَكَ سُورَةُ الْبَقَرَةِ فَقَالَ نَعَمْ قَالَ فَاذْهَبْ فَأَنْتَ أَمِيرُهُمْ فَقَالَ رَجُلٌ مِنْ أَشْرَافِهِمْ وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ مَا مَنَعَنِي أَنْ أَتَعَلَّمَ سُورَةَ الْبَقَرَةِ إِلَّا خَشْيَةَ أَلَّا أَقُومَ بِهَا فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَعَلَّمُوا الْقُرْآنَ وَاقْرَءُوهُ فَإِنَّ مَثَلَ الْقُرْآنِ لِمَنْ تَعَلَّمَهُ فَقَرَأَهُ وَقَامَ بِهِ كَمَثَلِ جِرَابٍ مَحْشُوٍّ مِسْكًا يَفُوحُ رِيحُهُ فِي كُلِّ مَكَانٍ وَمَثَلُ مَنْ تَعَلَّمَهُ فَيَرْقُدُ وَهُوَ فِي جَوْفِهِ كَمَثَلِ جِرَابٍ وُكِئَ عَلَى مِسْكٍ. - رَوَاهُ التِّرْمَذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (хизмат сафари билан қаергадир) бир гуруҳни юборди, улардан ҳар бирини Қуръондан қанча оят билса, ўқитиб кўрди, улар ичидан ёшроқ бир кишининг олдига келди-да, унга: «Эй фалончи, сен қанча оят биласан?»  деди. У: «Шунча-шунча (оят) ва  Бақара  сурасини ҳам биламан», деди. Расулуллоҳ: «Сен  Бақара  сурасини ҳам биласанми?» дедилар. У киши: «Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ унга: «Боргин, сен уларнинг бошлиғисан», дедилар. Уларнинг ичидан обрўлироқ бир киши: «Аллоҳга қасам, эй Расулуллоҳ, мени  Бақара  сурасини ўрганишдан фақатгина унга амал қила олмай қолишим (эҳтимоли)гина ман қилган...», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръонни ўрганинглар ва уни ўқинглар! Албатта, Қуръонни ўрганиб, ўқиб, унга амал қилган киши учун Қуръон мисоли ичига мушки анбар тўлдирилган қопдирки, унинг хушбўй ҳиди ҳар томонга тарқаб туради. Ва Қуръонни ўрганган-у, аммо  Қуръон унинг ичида қолиб кетган ҳолда (ўқимай қўйган), ухлаб қолган киши мисоли ичига мушки анбар солиб оғзи бўғиб бойланган қопдир». (Термизий ривоят қилган).
19-ҳадис:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ ، أَنّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ : مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ فَقَدِ اسْتَدَرَجَ النُّبُوَّةَ بَيْنَ جَنْبَيْهِ غَيْرَ أَنَّهُ لاَ يُوحَى إِلَيْهِ ، لاَ يَنْبَغِي لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ أَنْ يَجِدَّ مَعَ جِدٍّ ، وَلا يَجْهَلَ مَعَ جَهْلٍ وَفِي جَوْفِهِ كَلامُ اللهِ تَعَالَى - رَوَاهُ الْحَاكِمُ
Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким агар Қуръон ўқиса, бас, ўз олдига пайғамбарликни келтирибди, лекин унга ваҳий қилинмайди. Соҳиби Қуръонлар жиддий ҳаракат қилганга (қарши жўрттага) жиддий ҳаракат қилиш ярашмайди  ва (шунингдек) жоҳиллик қилганлар билан (бекорга вақтни сарфлаб) жоҳиллик қилиш тўғри келмайди, ваҳоланки, унинг қалбида Аллоҳнинг каломи бор!» (Ҳоким ривоят қилган).
20-ҳадис:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا ، أَنّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ : الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ ، يَقُولُ الصِّيَامُ : رَبِّ إِنِّي مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ : مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَيُشَفَّعَانِ. - رَوَاهُ أًحْمَدُ  وَابْنُ أَبِي الدُّنْيَا  وَالطَّبْرَانِيُّ ِ، وَالْحَاكِمُ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Рўза ва Қуръон иккиси бандани шафоат қилади, Рўза айтади: «Роббим, мен уни кундузида таом емоқ ва шаҳватларидан тўсганман, бас, шундай экан, менинг шафоатимни қабул қилгин»  ва Қуръон айтади: «Мен уни тунги (ширин) уйқуларидан ман қилганман». Бас, иккиси шафоат қилади». (Имом Аҳмад, ибн Абу Дунё, Тобароний ва Ҳокимлар ривоят қилган).
21-ҳадис:
عَنْ أَبِي ذَرٍّ الْغِفَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : إِنَّكُمْ لاَ تَرْجِعُونَ إِلَى اللهِ بِشَيْءٍ أَفْضَلَ مِمَّا خَرَجَ مِنْهُ -يَعْنِي الْقُرْآنَ- ظَهَرَ مِنْهُ. - رَوَاهُ الْحَاكِمُ، وأَبُوْدَاوُد.
Абу Зар ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлар Аллоҳга ундан чиққан (зоҳир бўлган) нарса (Қуръон)дан кўра афзалроқ нарса билан мурожаат қила омайсизлар!» (Ҳоким ва Абу Довуд ривоят қилган).
22-ҳадис:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ لِهа أَهْلِينَ مِنَ النَّاسِ. قَالُوا: وَمَنْ هُمْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: أَهْلُ الْقُرْآنِ هُمْ أَهْلُ اللهِ وَخَاصَّتُهُ. - رَوَاهُ النَّسَائِيّ، وابْن مَاجَه، والحاكم
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг инсонлардан иборат аҳллари бор!» Саҳобалар сўрадилар: улар ким эй Расулуллоҳ? Ул Зот айтдилар: «Аҳли Қуръонлар, улар Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир»». (Насоий, ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилган).
23—ҳадис:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُما قَالَ:مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ لَمْ{يُرَدُّ إِلَى أَرْذَلِ الْعُمُرِ لِكَيْ لاَ يَعْلَمَ بَعْدَ عِلْمٍ شَيْئاً } وَذَلِكَ قَوْلُهُ عَزَّوَجَلَّ:ثُمَّ رَدَدْنَاهُ أَسْفَلَ سَافِلِيْنَ إِلَّا الَّذِيْنَ آمَنُوْا" قَالَ: إِلَّا الَّذِيْنَ قَرَأُوا الْقُرْآنَ. - رَوَاهُ الْحَاكِمُ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: у киши айтдилар: «Кимки Қуръон ўқиса, билимли бўлгач, ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада тубан умрга етказилмайди». Бу (маъно) Аллоҳнинг ушбу сўзи(дадир): «..сўнгра уни асфала сафилинга ҳайдадик, магар иймон келтирганлар» (мустаснодир). Ибн Аббос розияллоҳу анҳу (оятнинг тафсирида) айтдики: «Магар Қуръон ўқиганлар мустасно». (Ҳоким ривоят қилган).
24-ҳадис:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُمَا قَالَ : قَالَ رَسُوْلُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : أَشْرَافُ أُمَّتِيْ حَمَلَةُ الْقُرْآنِ،وَأَصْحَابُ اللَّيْلِ.
- رَوَاهُ  الْبَيْهَقِيُّ، وَابْنُ أَبِي الدُّنْيَا.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Умматимнинг энг шарафлилари Қуръон эгалари ва тунни (ибодат билан) бедор ўтказувчилардир». (Байҳақий ва ибн Абу Дунё ривоят қилган).
25-ҳадис:
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ شِبْلٍ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اقْرَءُوا الْقُرْآنَ وَاعْمَلُوْا بِهِ وَلَا تَغْلُوا فِيهِ وَلَا تَجْفُوا عَنْهُ وَلَا تَأْكُلُوا بِهِ وَلَا تَسْتَكْثِرُوا بِهِ. رَوَاهُ أًحْمَد، وأَبُو يَعْلَى، والطبراني، والبيهقي.
Абдураҳмон ибн Шибл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръон ўқинглар! Унга амал қилинглар! Унда чуқур кетманглар! Ва ундан узоқлашиб кетманглар! Ва у билан еманглар (ҳақ эвазига келишиб Қуръон ўқиманглар)! Ва у билан (бойлик жамғариб) мол кўпайтирманглар!» (Имом Аҳмад, Абу Яъло, Тобароний ва Байҳақий ривоят қилган).
26-ҳадис:
عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ أَنَّهُ مَرَّ عَلَى قَاصٍّ يَقْرَأُ ثُمَّ سَأَلَ؛ فَاسْتَرْجَعَ ثُمَّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ فَلْيَسْأَلِ اللهَ بِهِ فَإِنَّهُ سَيَجِيءُ أَقْوَامٌ يَقْرَءُونَ الْقُرْآنَ يَسْأَلُونَ بِهِ النَّاسَ. - رَوَاهُ التِّرْمَذِيُّ  
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши бир кун бир қиссагўйнинг олдидан ўтиб қолди, у Қуръон ўқирди ва (қироъати учун одамлардан ҳақ) сўрарди. (Буни кўрган Имрон розияллоҳу анҳу бу ҳолдан афсусланиб) «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деди. Сўнгра айтди: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, айтардилар: «Ким Қуръон ўқиса, у билан (фақат) Аллоҳдан (хоҳлаган нарсасини) сўрасин (Қуръон баракоти туфайли Аллоҳ сўраганини беради). Чунки  яқинда шундай қавмлар келадики, Қуръон ўқийдилар-у, Қуръон билан тиланчилик қиладилар» (ўшалардан бўлишдан Аллоҳ сақласин). (Термизий ривоят қилган).
27-ҳадис:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَتَغَنَّ بِالْقُرْآنِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيّ، ورَوَاهُ أًحْمَد، وأَبُودَاوُدَ، وَابْنُ حِبَّانَ،وَالْحَاكِمُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръон (ўқиш)да товушини ёқимли, гўзал қилмаганлар биздан эмасдир!» (Имом Бухорий, Аҳмад, Абу Довуд, ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривоят қилган).
28-ҳадис:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا : أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: قِرَاءَةُ الْقُرْآنِ فِي الصَّلَاةِ أَفْضَلُ مِنْ قِرَاءَةِ الْقُرْآنِ فِيْ غَيْرِ الصَّلَاةِ وَ قِرَاءَةُ الْقُرْآنِ فِيْ غَيْرِ الصَّلَاةِ أَفْضَلُ مِنَ التَّكْبِيْرِ وَ التَّسْبِيْحِ وَ التَّسْبِيْحُ أَفْضَلُ مِنَ الصَّدَقَةِ وَ الصَّدَقَةُ أَفْضَلُ مِنَ الصَّوْمِ وَ الصَّوْمُ جُنَّةٌ مِّنَ النَّارِ. رَوَاهُ الدَّار قُطْنِيُّ، وَالْبَيْهَقِيُّ  .
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Қуръонни намоз ичида ўқишлик намоздан ташқарида ўқишликдан афзалдир. Намоздан ташқарида Қуръон ўқишлик такбир ва тасбиҳ (айтишлик)дан афзалдир. Тасбиҳ (айтишлик) садақадан афзалдир. Садақа (қилишлик) рўза тутишдан афзалдир. Рўза (эса) дўзаҳдан паналовчидир». (Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилган).
29-ҳадис:
عَنْ أَوْسِ بْنِ أَبِيْ أَوْسٍ الثَّقَفِيِّ  مَرْفُوْعًا قَالَ : قَالَ رَسُوْلُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قِرَاءَةُ الرَّجُلِ الْقُرْآنَ فِيْ  غَيْرِ الْمُصْحَفِ اَلْفُ دَرَجَةٍ، وَقِرَاءَتُهُ  فِي  الْمُصْحَفِ تُضَاعَفُ عَلَى ذَلِكَ إِلَى أَلْفَيْ  دَرَجَةٍ.- رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ، وَالْبَيْهَقِيُّ.
Абу Авснинг ўғли Авс Ассақофий розияллоҳу анҳудан, марфуан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръонни мусҳафга қарамасдан ўқиган кишининг (савоби) минг даражадир. Ва мусҳафга қараб ўқиши эса, унга нисбатан икки баробар кўп, икки минг даражага кўтарилади». (Тобароний ва Байҳақий ривоят қилган).
30-ҳадис:
عَنْ أَبِيْ أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اقْرَأُوا الْقُرْآنَ، فَإِنَّ اللهَ تَعَالَى لَا يُعَذِّبُ قَلْباً وَعَى الْقُرْآنَ.
- رَوَاهُ تَمَّامٌ.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинди (ул Зот айтганлар): «Қуръон ўқинглар! Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни ўзига жойлаган қалб(соҳиби)ни азобламайди». (Таммом ибн Муҳаммад ар-розий Абулқосим ривоят қилган).
31-ҳадис:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ أَنَّ رَسُوْلَ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : إِنَّ الْقُرْآنَ غِنًى لَا فَقْرَ بَعْدَهُ، وَلَا غِنَى دُوْنَهُ - رَوَاهُ أَبُوْيَعْلَى
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръон (шундайин) бойликдирки, ундан кейин фақирлик йўқ ва ундан бошқа бойлик йўқ!»  (Абу Яъло ривоят қилган).
32-ҳадис:
عَنْ عَلِيٍّ رَضِىَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ قَالَ:قَالَ رَسُوْلُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْقُرْآنُ هُوَ الدَّوَاءُ.- رَوَاهُ القُضَاعِيُّ.( أخرجه الشهاب القضاعي في مسند الشهاب 1/51، الحديث:28)
Али розиялллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қуръон. У даводир!» (Шиҳоб ал-Қузоъий ривоят қилган. Муснади шиҳоб. 51/1. 28-ҳадис).
33-ҳадис:
عَنْ أَنَسِ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ أَنَّ رَسُوْلَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَهْلُ الْقُرْآنِ عُرَفَاءُ أَهْلِ الْجَنَّةِ.- رَوَاهُ الضِّيَاءُ. (أخرجه الضياء المقدسي في الأحاديث المختارة 6/99-100 الحديث: 2084)
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аҳли Қуръонлар жаннат аҳлининг бошларига тож кийдирилган таниқлиларидир!» (Зиййо ал-Мақдисий ривоят қилган. Аҳодийси мухтара. 99-100/6. 2084-ҳадис).
34-ҳадис:
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : لَوْ جُعِلَ الْقُرْآنُ فِي إِهَابٍ، ثُمَّ أُلْقِيَ فِي النَّارِ مَا احْتَرَقَ (رواه الدارمي)
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, айтардилар: «Агар Қуръонни бирон терининг ичига жойланса, кейин оловга улоқтирилса, (унинг ичидаги муқаддас калом баракотидан тери) ёнмайди». (Доримий ривоят қилган).
35—ҳадис:
عن ابن عمر قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم - : " إن هذه القلوب تصدأ كما يصدأ الحديد إذا أصابه الماء " قيل: يا رسول الله وما جلاؤها ؟ قال : " كثرة ذكر الموت وتلاوة القرآن.(رواه البيهقي)
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, бу қалблар, темирга сув тегса занглагани каби занглайди».  Савол қилинди: эй Расулуллоҳ унинг жилоси, сайқалланиши қандай бўлади? Ул Зот айтдилар: «Ўлимни кўп эслашлик ва Қуръон тиловати» билан. (Байҳақий ривоят қилган).
36-ҳадис:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ".......وما اجتمع قوم في بيت من بيوت الله , يتلون كتاب الله , ويتدارسونه بينهم, إلا نزلت عليهم السكينة , وغشيتهم الرحمة , وحفتهم الملائكة , وذكرهم الله فيمن عنده " رواه مسلم وغيره
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «... ва бирор қавм Аллоҳнинг уйларидан бирор уйда жамланиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, ўзаро дарс қилсалар, албатта, уларга хотиржамлик нозил бўлади, уларни Аллоҳнинг раҳмати қамраб олади, фаришталар уларнинг ҳурматини ўрнига қўяди ва Аллоҳ уларни хузуридаги (фаришта)лар ичида зикр қилади». (Муслим ва бошқалар ривоят қилган).
37-ҳадис:
عن ابن مسعود رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "يؤم القوم أقرؤهم لكتاب الله تعالى" رواه أحمد
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қавмга Аллоҳнинг китобини яхши биладиганроғи бошлиқ бўлади». (Имом Аҳмад ривоят қилган).
38-ҳадис:
عن جابر رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم كان يجمع بين الرجلين من قتلى أحد  ثم يقول : " أيهم أكثر أخذا للقرآن , فإن أشير إلى أحدهما : قدمه في اللحد " رواه البخاري
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  Уҳуд жангида вафот қилганларни иккитадан жамлаб, дафн этардилар ва айтардиларки, «Қайси бири Қуръондан кўпроқ ўзлаштирган?» Агар иккисидан бирига ишора этилса, ўшани лаҳадда олдинга қўярдилар. (Имом Бухорий ривоят қилган).
39-ҳадис:
عن أبي موسى الأشعري رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " إن من إجلال الله تعالى , إكرام ذي الشيبة المسلم , وحامل القرآن غير الغالي فيه والجافي عنه , وإكرام ذي السلطان المقسط " رواه مسلم
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «(Соч-соқоли Исломда оқарган) Мўйсафидларни, Қуръон аҳкомларида (ҳаддан ортиқ) чуқурлашмасдан ва ундан (бегоналашиб) ўзини четга олмаган Қуръон эгаларини ва адолатли подшоҳни ҳурмат қилмоқ Аллоҳни улуғламоқдандир (яъни  Аллоҳни улуғлашнинг бир кўринишидир)». (Имом Муслим ривоят қилган).
40-ҳадис:
عن ابن عباس رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: إن الذي ليس في جَوفِه شيءٌ من القرآن كالبيت الخَرِب. رواه أحمد والحاكم والترمذي
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у киши Пайғамабар соллаллоҳу алайҳи васаламдан, ул Зот айтдилар: «Ичида (қалбида) Қуръондан ҳеч нимаси йўқ киши гўёки хароба уй кабидир». (имом Аҳмад, Ҳоким ва Термизий ривоят қилган.)

Тўпловчи: Андижон шаҳар «Уйғур» жоме масжид ноиб имоми Ботирали Алишер ўғли (Ҳикматуллоҳ Иброҳим)