«
Эй инсон, яшаяпсан асли Қуръон чоғида, Аммо сен ҳанузгача жаҳолат ботқоғида. Қалбинг қаттиқ, кўзинг кўр, бошинг кибр тоғида, Қуръон: − Келгин, − демоқда. Гар хоҳласанг, келасан, Сенсан гўзал мавжудот, Қуръон нима? – биласан.
Осон танлашинг учун икки йўлдан бирини, Очиқча билдирмоқда оятлар таъбирини. Ё Пайғамбар, ё шайтон – танлагин раҳбарингни, Сен шундай танлагинки, кейин роҳатланасан, Гар шайтонни танласанг… Яна ўзинг биласан.
Ё жаннатий боғчадир, ёки оташдир мозор, Борми дунёда макон шундай чуқур ҳамда тор?! Одамзодга, албатта, етиб келар ўлим бор, Демоқда: − Ҳисоби бор олаётган нафасинг, Ҳатто сўзлайди мозор. Қуръон яна не десин?!
Молу мулкинг, давлатинг ушбу дунёда бисёр, Aллоҳнинг ҳузурига олиб кетар ниманг бор?! − Менга кифоя,− дерсан, шу беш кунлик эътибор, Лек олтинчи кун борки, жуда оғир, биласан (!) − Булар сафсата, − десанг, ўзинг афсус қиласан.
Айтилганки, - гар Қуръон тоққа тушса-чи, кўкдан, Тоғ парчаланиб кетиб, майда бўларди сўкдан. (Сал каллани ишлатгин, фарқинг бўлсин-да пўкдан), Тоғ билан қиёсласа, сен жудаям майдасан, Буни билишинг учун масжид, мадрасадасан.
Ўзининг пок руҳидан руҳ берди У инсонга, Эришилмас бир ҳолат бахшида этди жонга. Хоҳласанг яхшиликни, қўл урмагин ёмонга, Аммо сен ўз нафсингга ибодатлар қиласан, Билиб-билмай бўйнингга надоматлар иласан.
Бир муддат бор, яқиндир – тоғлар юрар у онда, Ойу қуёш, юлдузлар ҳеч қолмайди осмонда. Она дилбандин топмас, чанг-тўзон, тўполонда, Қиёмат онидир бу, ўйин эмас, биласан, Бугун сен титрамасанг, эрта нима қиласан?
Ўша ҳисоб чоғида барча «тил»лар лол бўлур, Бошқа турли аъзога гапирмоқ ҳалол бўлур. Кўрсанг: қайноқ оловда эркагу аёл бўлур, Амал дафтар очилур... Сен буларни биласан, Онгингни ишлат дўстим, йўқса, ёмон куясан...
Бўйни букилмаганлар кўп пушаймон бўлажак, Дўзах қизир, чор атроф дод-фарёдга тўлажак. – Эй, дўзах, тўлдингми сен? – дейилса, – ЙЎҚ, – деяжак, Жаҳаннам азобини, балки, кўзга иларсан?! Аммо ҳануз намоз йўқ, қачон сажда қиласан?
Қара, бу кўҳна замин қанча жон ташимоқда, Кўплари ўтиб кетди, кимлардир яшамоқда. Жаннат сари интилгин, қолмай дўзах – қамоқда, Қуръон дер: – Мана жаннат, фақат интил – кирасан! Эй, мусулмон азизим, тушундингми сира сан...
«Энг ожиз банда»нинг ожизона саъй-ҳаракати...
|