Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин! Қисқагина бир маъруза қилишга рухсат этгайсизлар. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «...Наҳот улар Қуръон ҳақида фикр юритишмаса?! Балки дилларида қулфлари бордир?.. (ки, у дилларга Қуръон нури етмаётгандир?!)» Муҳаммад сураси, 24-оят.
Қуръон ўқиган пайтда ўйланиш лозимлиги буюрилаётган мазкур оят борасида тафаккур қиладиган бўлсак, шундай хулосага келамизки: биз қанчалик Қуръон оятлари ҳақида ўйлансак, тафаккур ва тадаббур қилсак, Қуръон оятларидаги муҳим жиҳатларни ўрганишга интилсак, қалбларимиз Илоҳий муҳаббатга, марҳаматга, насиҳат олишга шунчалик мойил бўлиб бораверар экан. Чунки Қуръон – уммондир! Ва биз ушбу Китоб ҳақида Аллоҳ буюрганидай тафаккур қилишимиз лозим. Бирорта оятни, ёинки сурани қанчалар тафаккур қиладиган бўлсак, бунинг биз учун қанчалик аҳамият касб этишини тобора англаб бораверамиз: Бу оят орқали Аллоҳ бизга нимани билдирмоқчи? Бу оят бизнинг руҳиятимизга, ижтимоий салоҳиятимизга қандай таъсир қилади? Нималар қилишимиз керак? Ўзимизни қандай тутишимиз, қай тарзда ҳаёт кечиришимиз лозим? Қандай бўлишимиз зарур? Ҳолатимиз қандай бўлиши керак? Муслим ва муслималаримизни, дўстларимизни Қуръонга яқинроқ бўлишларини, яқиндан назар солишларини истар эдим. Зеро, Қуръон биз билан гаплашади − суҳбатлашади. Зеро, Қуръон – одамзотнинг ҳаммасига нозил қилинган. Тафаккур ва тадаббур қилишлари учун туширилган. Шу боис ҳам оламларнинг Робби – Аллоҳ Таоло ваъдасига вафо қилади. (Тафаккур қилганнинг қалбини янада очаверади)... Мен аминманки, агар оятлар устида тафаккур қиладиган бўлсак, бутун ҳаётимизга доир ечимлар топишимиз муқаррар. Айниқса, маънавий ҳаётимизга, одоб-ахлоқимизга доир барча ечимларни топишимиз аниқ. Мисол тариқасида, Қуръоннинг 12-сураси бўлмиш Юсуф сурасини келтирмоқчимиз. У мен учун севимли сурага айланди! Шу билан бирга, У – Қуръоннинг чиройи ҳамдир! Қайсидир сурани ўрганиб, у ҳақда тафаккур қиладиган бўлсангиз, у сизнинг севимли сурангизга айланиб қолади... Ва мен мазкур сурани имкон қадар ўрганиб чиқдим ҳамда ниҳоятда ҳайратда қолдим. Аллоҳ марҳамат қилганидек, бу ерда зикр қилинаётган ҳолат – буюк воқеа , улкан ҳодиса. Мен истардимки, ушбу қиссани сизлар ҳам ўқисангизлар. Нима учун Ёъқуб алайҳиссалом қайғуга берилган? Биламизки, У Юсуф алайҳиссалом сабабли ғамгин бўлганди. Ёъқуб алайҳиссалом севимли ўғли бўлмиш Юсуф алайҳиссалом нинг йўқолгани боис қайғули эди. Шунингдек, яна бир ўғли – Бинямин ҳам унинг ёнида эмасди. Ва Ёъқуб алайҳиссалом шулар сабабли ғамгин эди. 12-суранинг 86-оятида айтилганидай: «Менинг ғам-ташвишларим ва шикоят қилишим ёлғизгина Аллоҳгадир. Ва мен, Аллоҳ ёрдами билан, сизлар билмайдиган нарсаларни биламан...» Фитратимиз ( яратилишмиз) шундай: гоҳо тушкун вазиятда бўламиз, куйинамиз, ғам-қайғуга бериламиз, нима қилаётганимизни англаб етмаймиз... Шундай пайтларда ўзимизни таний олмай қоламиз: Киммиз ўзи? Кимникимиз? Нимамиз? Нега биз? ... Саволлар устига саволлар... Лекин жавобларини билолмаймиз. Биз мазкур саволларга жавоб бериш учун масалага тўғри ёндашмаймиз. Ҳаммаларимизга эслатиш − эсга солиш керак. Ўзи шундаймиз: барчамиз ҳам қийин вазиятда, тушкун ҳолатда бўлиб турамиз. Шундай қилиб... Ёъқуб алайҳиссалом Юсуф ва Биняминларнинг фироқида ғамгин бўляпти. Аммо унинг қарорига ва тутган йўлига бир эътибор беринг-а: Айтяптики: «Менинг ғам-ташвишларим ва шикоят қилишим ёлғизгина Аллоҳгадир». Бу – биринчидан. Энди навбатдаги оятга ўтамиз: У ўз фарзандларига насиҳат қиляпти. (Унда яна 10 фарзанд бор эди). Болаларига Юсуф ва Бинямийнни топиб келишларини буюрар экан, нима деганига диққат қилинг-а: «... Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақатгина кофир қавм ноумид бўлур». Мана шу жойида ҳам бизлар учун ибрат бор. У бизга ғам-алам, қайғу, ҳасрат билан қандай курашиш кераклигини ўргатяпти. Ёъқуб алайҳиссалом) Юсуф алайҳиссаломга бўлган севги-муҳаббати сабабли (уни йўқотганида) жуда қаттиқ қайғуга берилганди. Бинямийнни ҳам яхши кўрарди. (Иккисидан айрилганига) ниҳоятда тушкун вазиятда эди. Лекин у нима қиляпти? Айтяптики: «Мен ёлғизгина Аллоҳга ғам-ташвишларимни айтиб, мададни Ундангина сўрайман». Бу – биринчи жиҳат: Қачон дард-аламга берилсангиз, Аллоҳга шикоят қилинг, Унгагина юзланинг... Иккинчи эътиборли жиҳат эса: Ёъқуб алайҳиссаломнинг ўз фарзандларига айтган насиҳати. Айтган эди: «... Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақатгина кофир қавм ноумид бўлур». Бу шундан далолат берадики, кимдир қайғуга ботса, дард-аламга берилса, унда бошқаларга холис насиҳат қилиш ва Аллоҳнинг марҳаматини васият қилиш орқали қийин вазиятдан чиқиб кетиши мумкин экан. Ёъқуб алайҳиссалом жудаям қаттиқ хафа эди, аммо фарзандларига Аллоҳнинг марҳамати борасида, Унинг шафқати ва муҳаббати тўғрисида насиҳат қилди. Тушкун ҳолат ва қайғули вазиятдан чиқишнинг йўли – мана шунда экан: Ўзгаларга самимий насиҳат қилиш ва уларга Аллоҳнинг раҳматини эслатиш керак. Сир эмаски, кўплаб психотерапевт (руҳшунос)лар ҳам тушкун ҳолатда (депрессияда) бўлиб туради. Ва кимларнингдир «ғамларини аритамиз», дея ҳаракат қилишар экан, аслида бу орқали ўзларининг ғам-қайғуларини кетказишаётган бўлади. Сабаби, бошқаларга маслаҳат берилганда, бу − аввало, маслаҳат бераётган кишининг ўзига фойдали бўлади. Шундай экан, Қуръони Каримни тафаккур қилинглар, ака-ука, опа-сингиллар... Мабодо қайғуга берилсангиз, дастлаб Аллоҳга юзланинг, Унга таваккул қилинг, Унгагина илтижо қилинг... Чунки фақат Угина вазиятни ўзгартиришга, яхшилашга Қодир! Иккинчидан, ўзгаларга самимий холис насиҳат қилиб туринг. Учинчидан, ўзгаларга Аллоҳ Субҳаанаҳу ва Таолонинг ҳаётбахш марҳаматини эслатиб юринг... Инглиз тилидаги видео-маъруза асосида.
Тайёрлаган: eng_ojiz_banda.
|