Танловга: Тинчлик ва бағрикенглик – Ислом динининг асоси
Босма

Ислом дини доимо ўзига эътиқод қилувчиларни тинч аҳоли билан тинчлик сояси остида ҳамжиҳат бўлиб яшашга чақиради. Шу сабабли, Ислом дини уруш ва тўқнашувларнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди. Ислом дини барча макон ва замонларда инсон ва унинг қадр-қиммати ва ҳаётини юксак даражада эъзозлаб келади.  
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бирор қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг.  Албатта, Аллоҳ қилаётан амалингиздан хабардор Зотдир , деб айтади.
Ушбу оят мусулмонларни бошқа миллат вакиллари билан ўзаро муносабатда адолатли бўлишга чақиради ва ораларида адоват бўлишига қарамай ҳаддан ошишликдан қайтаради.
Имом ал-Қуртубий юқоридаги оятда келган  «ла яжриманнакум»  иборасини одамлардан нафратланишинг сени адолат чегарасидан чиқишингга сабаб бўлмасин ҳамда зулм учун ёлғонни ишга солиб ҳақиқатдан юз ўгириб бирор ишга қўл урма , деган маънони англатади, деб тафсир қилади.
Шунингдек Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримнинг бошқа бир оятида хунрезликни тақиқлаб шундай марҳамат қилади:
Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир...
Бироқ  дин ниқоби остидаги бузғунчи кучлар тинч аҳолига нисбатан уларнинг насл-насаби, ирқи, жинси, динидан қатъи  назар ўзларининг қабиҳ ишларини амалга оширишда, хусусан, портовловчи моддаларни портлатиб юбориб ёки қорниларига портловчи моддаларни боғлаб жамоат жойларида бегуноҳ инсонларнинг жонларига қасд қилишда ташқи кучларнинг Мусулмон мамлакатларини босиб олишга бўлган уринишлари туфайли улар терроризмдан мақсадга эришиш йўли сифатида фойдаланишликларини сабаб қилиб келтирадилар. Албатта, бу нотўғри сабабдир. Илоҳий тақиқ бўлмиш бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин дейилган ушбу оят ҳар бир миллат ва инсонларнинг гуруҳини адолатдан четга чиқиб, қонунга итоатсизлик қилиб жабр-зулмни ўзига мақсад қилиб олишдан қайтаради.                                                                                       
Имом Қуртубийнинг фикрига кўра: Ислом дини ҳамиша бутун башариятни ўзаро бир-бирларига нисбатан бағри кенг, сабр-тоқатли, ҳар қандай шароит ва вазиятда ҳам келишув асосида умр кечиришликка буюради. Шунингдек, тинч аҳолининг қонини тўкишлик (хунрезлик)нинг ҳар қандай кўринишини, ҳатто жанг даврида ҳам қатъий тақиқлайди.
Дарҳақиқат, юқоридагилардан террористларнинг мақсад ва муддаолари нечоғлик нотўғри эканлиги очиқ-ойдин намоён бўлади. Агар биз бугунги террористик ёки экстремистик ҳаракатларнинг Исломга қарши бўлган кучларга қарши жиҳод олиб бораётганликларини сабаб қилаётганларига назар солсак, бу ҳаркатлари орқали Ислом динининг урушга оид қонун-қоидаларини четлаб ўтаётганликларининг гувоҳи бўламиз.

Даврон Нурмуҳамедов 
Тошкент Ислом университети III босқич талабаси