Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Бизларга Ўзининг ҳақ каломини улуғ неъмат қилиб берган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин! Қуръони Каримни бизларга чиройли суратда етказиб, унга амал қилишда намуна бўлган ҳазрати Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимиз бўлсин! Муҳтарам «Ислом.уз» портали ижодкорлари! Сизларни «Қуръон.уз» сайти фаолиятининг 10 йиллиги муносабати билан чин юракдан муборакбод этишга рухсат бергайсиз. Сизларнинг саъй-ҳаракатингиз самараси ўлароқ, бугун диёримиздаги аксарият мусулмонлар муқаддас динимизнинг мазмун-моҳиятини тушуниш, Аллоҳнинг Каломини тўлиқ ўқиб-ўрганиш, унга тўғри амал қилиш, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига имкон қадар амал қилиш имконига эга бўлмоқдалар. Сизларнинг бу улуғ ишларингизга Аллоҳ беҳисоб ажру мукофотлар ато этсин! Олиб бораётган бу хайрли ишларингизда Ўзи ёрдамчи бўлсин! Мен ҳам «Қуръон.уз» сайти фаолиятининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган танловга баъзи шеърларимни юбормоқдаман. Барчаларингизга Аллоҳдан мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга тинчлик-тотувлик, касб-корларингизга барака, ривож сўраб қоламан. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Дилшод Абдуазизов, Тошкент шаҳри.
Каломни ўқиб Тақдирдан нолима, бўлмагин шаккок, Сен ахир тақдирга эмассан хожа. Тилинг шукрда-ю, қалбинг бўлсин пок, Шояд, бу бахтингга бўлса кифоя. Ҳаётни ўйин деб билар бўлсанг гар, Унутма, қоидасиз ўйин бўлмагай. Ғолибсан – ҳалоллик этсанг ихтиёр, Нолиган мақсадга ета олмагай. Эсла, шукр қилмас қавмлар ҳолин, Сабоқ бўлсин сенга Шайтон қисмати. «Алҳамду лиллаҳи Роббил аламин!»* – Аллоҳ суйган калом, дунё ҳикмати. Мақсадинг ўткинчи ҳою ҳавасмас, Чинакам бахт бўлса, тугал саодат, Вақтингни сарфлагин дийдиёгамас, Умринг эзгуликдан бўлсин иборат.
* – «Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин. (Оламларни яратгани учун ҳам, уларнинг тарбиячиси бўлгани учун ҳам, улардаги барча жонзотларга ҳаёт, ризқи рўз бергани учун ҳам Аллоҳ барча ҳамду саноларга сазовордир.)» (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони Карим маънолари таржимаси. «Фотиҳа» сураси, 2-оят)
Ҳаёт йўли Яшаяпмиз бугун ажиб замонда: Ким орзуманд, яна кимлар армонда, Кимдир бахт деб сарсон, кимлар омонда, Дини Исломдан сўр: «Бахт не маконда?» Айтур: «Қуръон билан машғул забонда». Дилдан кетса хотиржамлик, осойиш, Вужудингни чулғаб олса зўр ташвиш, Зар либосинг беролмаса оройиш, Сўра: «Қалбга ором берар не юмуш?» Айтур: «Дарҳол хатми Қуръонга кириш». Йўлин йўқотганга не топса – йўлдош: Кимга тумор – мато, кимга – чақмоқтош, Кимлар руҳшуносу табибга муҳтож, Сўра: «Синовларга бор қандай бардош?» Айтур: «Фақат Қуръон ила бўл сирдош». Инсонмиз-да, ҳавою нафсимиз зўр, Шайтон айтар: «Ғолибсан, гар муштумзўр!» Ҳақни кўрмаслик-чун ўткир кўзлар «кўр», «Ахир, қандай нажот топай?» – сўраб кўр, Айтур: «Хаёлингда Қуръон билан юр». Қара, вақтдан қочди барака, қадр, Не юмушга қўл урма, беҳудадир, Қазою қадарга қилмаслар сабр, Сўрасалар: «Ҳаёт қадри недадур?» Айтур: «Қуръон буюрган ҳукмдадир». Кимлар тарих қаърига сингиб кетмиш, Қай олимлар қўли осмонга етмиш, Кимлар яна миллион мўъжиза кутмиш, Қизиқиб бил:«Ойни ёрган қай ўтмиш?» Айтур: «Қуръон бағрига жо ҳар кечмиш». Ўзи банда, боқийликка даъвогар, Ўзин ҳатто «Яратгувчи» деб атар, Фиръавнлар ҳоли бўлди бесамар, Сўра: «Боқий роҳатга қандай етар?» Айтур: «Умринг Қуръонга айланса гар!» Тарих шоҳид: не китоблар битилди, Унутилмиш хўп, қанчаси йиртилди, Нечаси кул бўлди, қайта битилди, Сўраб бил-чи: «Ўзгармаган не қолди?» Айтур: «Аллоҳ каломи – Қуръон қолди!» Ҳаққа ошиқ бандадирман, бир ожиз, Қуръон таърифига ақлим лол-ноқис, Ҳар сатридан ҳикмат топилгай илкис, Борми яна мўъжиза шундай тўкис?! Қўлдан қўйманг, Қуръони Карим тенгсиз! Илоҳий илм Тафаккур қилмоқлик инсонга Берилган энг олий неъматдир. Ўз Роббин илм-ла танимоқ – Бетакрор Қуръоний ҳикматдир. Каломнинг тарихин ўрганган Англагай бегумон ҳикматин: Илоҳий ваҳийнинг аввали Илмга рағбатдир, бу тайин. Аллоҳнинг илк амри шу бўлган: «Ўқи!» – деб буюрган инсонга. Ҳақиқий мўъжиза бу даъват: Энг яқин йўл экан иймонга! «Аллази аллама бил-қолам»* – Аллоҳнинг раҳмати бепоён! Инсонга бермаса илмни Ҳолимиз бўларди ноаён! Сендаги бор илм Аллоҳдан, Не боис ғулувга юз тутдинг?! Таассуф, Шайтоннинг қисматин, Эй инсон, ўзингга дўст тутдинг. Бас, ортиқ адашма, бўл содиқ, Аллоҳнинг амрига қулоқ сол! Жаннатий оқибат истасанг, Қалбингга Қуръонни жойлаб ол!
* – «У қалам билан илм ўргатгандир»(Қуръони Карим. «Алақ» сураси, 4-оят).
|