Рамазонга Қуръон туҳфаси | ||
|
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм РАМАЗОНГА ҚУРЪОН ТУҲФАСИ Кириш Ўзининг инсониятга юборган сўнги китобини Рамазон ойида индирган ва бу ойни Ислом уммати учун Қуръон ойи қилиб берган Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин! Рамазонни Қуръон ойи ўлароқ ўтказишни амалий суратда кўрсатиб берган, одоб ва йўсинларини ўргатган ҳабибимиз Муҳаммад Мустафога дуруд ва салавотларимиз бўлсин! Ҳа, Рамазон Қуръон ойидир. «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон нозил қилингандир». Рамазон ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биргаликда Қуръон такрор қилган ва уни дилда мустаҳкамлаган ойдир. Рамазон ана ўша муборак онлардан буён Ислом уммати учун Қуръонни ўрганиш, ўқиш, ўқитиш ва тинглаш билан Каломуллоҳга боғланиш ойи бўлиб келмоқда. Мана, ўн тўрт аср ўтдики, бу илоҳий анъана узуликсиз давом этиб, ўзининг битмас туганмас самараларини бериб келмоқда. Дарҳақиқат, рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва шону шавкатга эгадир. Бу ой соя солиши билан бутун Ислом оламида кескин ўзгариш сезилади, ҳамма нарсага чирой ва файз киради, иймонли қалбларни сурур ва шодлик эгаллайди, дилларда эзгулик ва муҳаббат мавж уради. Рамазон ойи кириб келар экан, ҳар бир мўмин банда ўз имкониятидан келиб чиқиб, бу муборак ойга тайёргарлик кўради, нималардир ҳозирлайди, намадир қилиб бу ойга ўз муносабатини билдириш, эҳтироми ва муҳаббатини изҳор этиш пайидан бўлади. Айниқса, уламоларимиз, қориларимиз бу ойда ўз тарафларидан туҳфалар ҳозирлаб, Рамазоннинг файзига файз, шукуҳига шукуҳ бахш этадилар. Хусусан, Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратларининг Рамазон ойини ўзгача бир тайёргарлик билан, кўтаринки руҳда кутиб олиб, ана шундай юқори кайфиятда ўтказишга алоҳида эътибор беришларига барчамиз гувоҳ бўлиб келганмиз. Аллоҳ у кишининг қилган барча эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин! Ёққан чироқлари ҳаргиз сўнмасин! Улуғ устозларнинг удумларини баҳоли қудрат давом эттириш мақсадида бу йил Рамазон ойида Қуръан.уз сайтимизда Қуръонга доир маълумотларни бойитиш билан бирга, Қуръонга оид савол-жавоблар танлови ўтказмоқчимиз. Саволғжавоблар тест шаклида бўлади ва ҳар кунгиси сайтда эълон қилинади. Кунда учта савол берилади. Биринчи тўғри жавоб берган кишининг жавоби инобатга ўтади. Тўғри жавоблар ўз вақтида эълон қилинади. Ўттиз кун мобайнида энг кўп тўғри жавоб берган кишиларнинг аввалги учтаси ғолиб деб эътибор қилинади. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланадилар, иншааллоҳ. Саволларнинг айримлари илмий аниқликни тақозо этса, айримлари топқирликни талаб қилади. Айримлари содда бўлса, баъзилари бироз мураккаброқ. Уларни тузишда Қуръон илмига доир асарлардан ҳам фойдаланилди. Ўйлаймизки, бу тадбир сиз, азизларга манзур бўлади ва Қуръони Карим ҳақидаги билимларимизнинг ошишига сабаб бўлади. Аллоҳ таолодан ушбу ожизона уринишимизни муборак Рамазон ойи учун муносиб туҳфа этиб қабул этишин сўраймиз! Барчаларингизга омад ёр бўлсин!
Жавобларингизни Ушбу e-mail манзил спам-ботлардан ҳимояланган, уни тасвирлаш учун JavaScript-ни ёқишингиз лозим. манзилида кутиб қоламиз! Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид 1436 сана, 30 Шаъбон. |
Янгиланди ( 27.04.2017 21:02 ) |