Қарзни узиш дуоси
Босма

Сен: «Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан.  Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан», деб айт. (Оли Имрон сураси 26-, 27-оятлар)

Ушбу оятнинг нозил бўлиши сабабини Ибн Ҳотам Қатодадан ривоят қилиб айтади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизга Роббиларидан Рум ва Форс мулкини умматларига беришини сўраганларини зикр қилдилар. Шунда Аллоҳ: «Сен: «Эй барча мулкнинг эгаси...» оятини нозил қилди.
Ушбу икки оят Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тасалли бўлиши билан бирга, ҳар бир мусулмон лозим тутиши керак бўлган улуғ дуодир.
Эй Муҳаммад, агар мушрик ва аҳли китоблар сенинг даъватингни қабул қилишдан юз ўгирсалар, барча мулкларнинг эгасига юзланиб: «Эй Аллоҳ, барча мулкларнинг эгаси, мутлоқ салтанат Сенгадир. Халқингда тасарруф қилувчи ҳам Сенсан. Ирода қилганингни қилувчисан. Ҳикматинг бўйича ишларни тадбир қилувчисан. Сен берувчисан, Сен ман қилувчисан. Бандаларингдан хоҳлаганингга мулкни берасан. Яратганларингнинг хоҳлаганингдан мулкни тортиб оласан.
Хоҳлаганингни азиз қиласан, хоҳлаганингни хор қиласан. Азизлик ва хорликнинг кўринишлари ва асарлари бордир. Бу фақат молу-мулкка боғлиқ эмас. Қанчадан қанча хор подшоҳлар бор. Хор бойлар бор. Қанчадан қанча азиз фақирлар бор.
Хайрнинг ҳаммаси ёлғиз сенинг қудратингдадир. Қудратинг ила хоҳлаганигча тасарруф қиласан. Сен мутлоқ ҳамма нарсада – яхши бўлсин, ёмон бўлсин, қудрат соҳибисан.
Илоҳий қудрат ва моликлик, ҳамда улуғликнинг батамомлиги кўринишларидан кечани кундузга, кундузнинг кечага киритишидир. Бунда бирини қисқа, бирини узун қилиб, бирининг узунлигидан бирининг қисқалигига, бирининг қисқалигидан бирининг узунлигига киритиб иккисини мўътадил қилади. Ўлкаларга қараб кеча ва кундуз узун қисқа бўлганидек, фаслларга ҳам қараб қисқа ва узун бўлади. Ўликни тирикдан чиқарурсан ва тирикни ўликдан чиқарурсан..
Тафсирчи уламоларимиз оятнинг бу бўлагини: дарахтдан данакни, данакдан дарахтни, товуқдан тухумни, тухумдан товуқни, мўминдан кофирни, кофирдан мўминни чиқариш каби маъноларда тушунтирганлар.
Имом Табарий (раҳматуллоҳи алайҳи), жонсиз нутфадан (спермадан) жонли инсон ва ҳайвонларни чиқариш, жонли инсон ва ҳайвонлардан жонсиз нутфани чиқариш, деган фикрни қувватлаганлар.
Ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан
Хоҳлаган кишингга саноқсиз ризқ, мулк берасан, қийинчиликсиз ва машаққатсиз берасан. Осмону ерларнинг хазиналари Сеникидир.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо):
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳнинг дуо қилса қабул бўлишига сабаб бўладиган исми аъзами «Қулиллоҳумма моликал мулки...» оятидир, деганлар», деб айтганлар.
Машҳур ҳадис олимларидан ибн Абу Дунё ривоят қиладиларки, Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу):
«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га зиммамдаги қарздан шикоят қилган эдим, у киши:
«Эй Муоз, қарзинг узилишини хоҳлайсанми?» – дедилар. Мен:
«Ҳа», – дедим. Шунда у Зот:
«Қулиллоҳумма моликал мулки туътил мулка ман ташааъу ва танзиъул мулка мимман ташааъу, туъиззу ман ташааъу ва тузиллу ман ташааъу биядикал хойру. Иннака ала кулли шайъин қодийр». «Роҳманаддуния вал охира ва роҳиймаҳумаа туътий минҳумаа ман ташааъу иқзи аннии дайни», деб ўқи. Агар ер юзи тўла тилло қарз бўлсанг ҳам, узилади, дедилар».

Одинахон Муҳаммад Юсуф