Қуръон ўқиганда ҳар бир оятда тўхташ хукми
Босма

Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4

 

Мавзунинг долзарблиги

Ҳабиби муҳтарам ва Расули акрам Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бери Қуръони Карим оятлари тиловат қилиниб, қироат этилиб келмоқда. Асрлар давомида Қуръони Каримнинг тиловати ва қироати бўйича етук мутахассис қорилар ва ҳофизи Каломуллоҳлар етишиб чиққан. Улар ўзларининг тиловат ва қироат услублари ҳамда назарий билимларини кейинги авлодларга оғзаки ва ёзма равишда тўла етказганлар. Шу тариқа Қуръон Карим тиловати ва қироати бутун дунёда илмий равишда соф ҳолида ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Қуръони Каримнинг тиловати ва қироати ўзига хос қонун-қоидалари билан бўлиши лозим. Уни ўзига хос қонун-қоидалар билан ўқиш фарз амал ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таолонинг:وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً – «Қуръонни тартил билан ўқи!» (Муззаммил, 4) ояти каримасини далил келтириш мумкин. Ҳазрати Али Муртазо (карамаллоҳу важҳаҳу) ушбу оят ҳукмидаги «тартил» сўзини: الترتيل تجويد الحروف و معرفة الوقوف – «Тартил ҳарфларни тажвид билан яхши ўқиш ва вақфларни танишдир», деб изоҳлаган экан. Демак, Қуръон ўқиш учун тажвид қоидаларини билиш ва вақф ўринларини англаш лозим. Бу Қуръон ўқишнинг энг асосий қоидаларидан бири.

«Вақф» дегани бирор сўзни айтгандан кейин нафас олиш учун тўхташ бўлиб, унинг Қуръондаги ҳукмини қироат олимларидан Шамсиддин Муҳаммад ал-Жазарий (раҳимаҳуллоҳ ) чиройли ифодалаган:

و ليس فى القرآن من وقف وجب، و لا حرام غير ما له سبب

«Қуръонда сабаби бўлмайдиган бўлса, тўхташ вожиб бўладиган ёки ҳаром бўладиган вақф йўқ!»

Мазкур байтга кўра Қуръон ўқувчисига тўхташ жойларини билиш лозим бўлар экан. Чунки  айрим сабаблар юзага келганда тўхташ вожиб ўринлари бор экан, ўзича тўғри келган жойларда тўхтайверса, ҳаром бўлиб қолар экан, тўхталмаслик керак бўлган ўринларда тўхталса, тўхталиши керак бўлган ўринларда тўхтамасдан ўтилса, гуноҳкор бўлиб қолиш ҳеч гап эмас экан.

Вақф ўринларини билишнинг аҳамияти борасида бир ҳадисни келтириш мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига бир кимса келиб, хутба ўқиб берибди ва унда: من يطع الله ورسوله فقد رشد ومن يعصهما فقد غوى«Ман йутиъаллоҳ ва росулаҳу фа-қод рошада, ва ман йаъсиҳима фа-қод ғова» («Кимки Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қилса, тўғри йўл топибди, кимки икковига осийлик қилса, адашибди») дебди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга: بئس الخطيب أنت قل ومن يعص الله ورسوله – «Сен қандаям ёмон хатиб экансан, «Ман йаъсиллаҳа ва расулаҳу», дегин!» дедилар.

Қироат олимларининг зикр қилишларича, бу ерда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўша хатибнинг гарчи мақсади тўғри бўлса-да, бироқ нотўғри жойда тўхтаб вақф қилганлигини ёқтирмаган эдилар. Чунки  у «ва ман йаъсиҳима» («ва икковига осий бўлади») сўзида тўхтаган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга вақф ўрнини кўрсатиб бердилар, «Ман йаъсиллаҳа ва расулаҳу»да тўхташни буюрдилар. Айрим ривоятларда ул зоти шариф унга «фа-қод рошада»да ёки «фа-қод ғова»да тўхташни буюрганлар (Муслим, 2/870; Абу Довуд, 1/1101; Насоий, 3/5530; Ибн Ҳиббон, 7/2798; Байҳақий, 1/409; Аҳмад, 4/18273). Демак, оддий хутбалардан кўра ҳам Қуръон ўқишда қаерда тўхташ керак, қаерларда тўхтамаслик лозимлигини яхши билиб олиб, бунга амал қилиб бориш керак бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлари ҳам оятлар маъносига қараб тўхташ лозимлигини билдиради:

إِنَّ هَذَا الْقُرْآنَ أُنْزِلَ عَلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ فَاقْرَؤُوا وَلا حَرَجَ وَلَكِنْ لاَ تَخْتِمُوا ذِكْرَ رَحْمَةٍ بِعَذَابٍ وَلا ذِكْرَ عَذَابٍ بِرَحْمَةٍ

«Ушбу Қуръон етти ҳарф (лаҳжа)га кўра нозил қилинган. Уларни ўқисангиз, зарар йўқ. Лекин  раҳмат ояти зикрида азоб ояти ила тугатманглар, азобни эса раҳмат билан тамом қилманглар!» (Байҳақий, «ас-Сунан ас-суғро», 1/10256).

Бу борадаги Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг гаплари янада ибратли ва бугунги кун учун ҳам ўта долзарбдир:

لقد عشنا برهة من دهرنا وأحدنا يؤتى الإيمان قبل القرآن وتنزل السورة على محمد صلى الله عليه و سلم فنتعلم حلالها وحرامها وآمرها وزاجرها وما ينبغي أن يقف عنده منها كما تعلمون أنتم اليوم القرآن ثم لقد رأيت اليوم رجالا يؤتى أحدهم القرآن قبل الإيمان فيقرأ ما بين فاتحته إلى خاتمته ما يدرى ما آمره ولا زاجره ولا ما ينبغي أن يقف عنده منه فينثره نثر الدقل

«Биз замонамизда жуда оз фурсат яшадик. Бизлардан ҳар биримиз Қуръондан олдин иймон келтирган. Сўнг Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га суралар нозил қилинди. Шунда биз унинг ҳалолини, ҳаромини, буйруқларини, қайтариқларини ва ундаги қаерда тўхташ керак бўлган жойларини ўрганганмиз. Худди бугун сизлар Қуръонни ўрганаётганингиздек бўлган эди. Кейинчалик бир қанча одамларни кўрдим, улар иймон келтиришдан олдин Қуръонни ўргана бошладилар. Қуръоннинг фотиҳасидан тортиб то хотимасигача ўқийдилар, бироқ  унинг буйруғини, қайтариғини, унда қаерларда тўхташ кераклигини билмайдилар. Қуръонни худди сифатсиз, қуриган хурмо каби сочиб ташлайдилар» (Байҳақий, 3/5073).

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ушбу «Қуръонни худди сифатсиз, қуриган хурмо каби сочиб ташлайдилар» деган сўзлари билан вақф жойларини билмаганларни қораламоқдалар. Қуръонни қуриган хурмо каби сочиб, оят ёки калималарни бўлиб-бўлиб ўқийдиганларни айбламоқдалар. Зотан, Абу Ҳотим (раҳимаҳуллоҳ): «Кимки вақфларни танимаса, Қуръонни танимайди», деган бўлса, Ибн ал-Анборий (раҳимаҳуллоҳ): «Қуръонни тўлиқ тушуниш тўхташ ва бошлаш ўринларини билишга боғлиқ. Қуръон маъноларини англаш фақат тўхташ ўринларини билиш билангина ҳосил бўлади», деган эди.

Қуръоннинг вақф ўринларини илмий равишда яхши билиб олиб, унга қатъий амал қилиш лозим. Шунинг учун ҳам ҳанафийларнинг фатво тўпламларидан энг машҳури «Хулосат ал-фатово»да, масалан:

و كذا من يقف فى غير مواضعه و لا يقف فى موضعه لا ينبغى ان يؤمّ

«Шунингдек, Қуръоннинг ўз ўрнидан бошқа ерларда тўхтаб, ўз ўрнида тўхтамайдиган кимса имом бўлишга лойиқ ҳисобланмайди», дейилган (Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. «Хулосат ал-фатово». 1-жилд. 1-жилд. Лакнау: Мунший Навол кишвар, 1911. – Б. 111).

«Фатовойи Қозийхон», «Хулосат ал-фатово», «Фатовойи Таторхонийя», «Фатовойи Оламгирийя» каби фатво тўпламларида ҳатто Қуръондаги вақф ўринларини билмасдан, истаган жойда тўхташ маънонинг бузилишига олиб келиши, натижада айрим фақиҳлар фикрича намоз ҳам фосид бўлиши эҳтимоли борлиги қайд қилинган. Демак, бу билан мавзу ниҳоятда долзарб ва аҳамиятли экани ойдинлашади.

Демак, юқоридагилардан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, Қуръон тиловати асносида қироат олимлари кўрсатган жойлардагина вақф қилмоқ, тўхтаб нафас олмоқ мақбул экан. Мавлоно Али ал-қори (раҳимаҳулоҳ)нинг айтишича, араб қориларининг ҳар оятда ва истаган жойларида тўхташни одат қилганларини кўрган Абдураҳмон Жомий (раҳимаҳуллоҳ): «Миср ва Шом қорилари каломда вақф қилиш риоясини тарк қилдилар, чунки уларнинг қозилари барча маконлардаги вақф ерларни зойе  қилганлари учун ҳатто Қуръоннинг вақфларини ҳам йўқотдилар», деган экан (Али ал-қори. «Ал-Минаҳ ал-фикриййа би-шарҳ ал-Муқаддима ал-жазариййа». – Қозон, 1887. – Б. 82).

Ҳақиқатдан ҳам, кейинги даврларда Қуръоннинг тиловати ва қироатида бундан юз йиллар олдин аввалига араб диёрларида юзага келган ихтилоф турк дунёси, ҳинд ва синд диёрларига тарқалди. Ниҳоят, кейинги ўн йилликларда Марказий Осиёга ҳам етиб келди. Гап Қуръон оятларини тиловат ва қироат қилишда ҳар бир оятда тўхташ, яъни оят охирида бир тин олиб, нафас олиб, тўхтаб кейин янги оятни бошлаш лозим бўладими, деган масала устида бормоқда. Кейинги даврларда ҳар бир оятда тўхтаб, кейинги оятни ўқишдан олдин вақф қилиб олиш суннат ва бу Қуръоннинг барча оятларига тегишли, деган эътиқод кенг тарқалиб қолди.

Исломнинг илк даврларида, кўфий ва ҳижозий хатда битилган Қуръонларда вақф ёки васл аломатлари билан бирга ҳатто ҳарф нуқталари ҳам қўйилмаган эди. У вақтларда Қуръоннинг қаерида тўхташ керак, қаерида тўхтамаслик лозимлигини оятларнинг маъноларидан билиб, унга амал қилинаверган. Кейинчалик Қуръонга хос китобат усуллари шаклланди, қироат илми бошқа исломий илмлар каби алоҳида фан сифатида ўзлаштирилиб, унинг ўзига хос махсус атамалари, истилоҳлари юзага келди. Кейинчалик юқорида кўрсатилган сабабларга кўра асрлар давомида китобат қилинган, кўчирилган ва нашр қилинган Қуръони Карим нусхаларида вақф аломатларини билдирадиган рамзий ҳарфлардан фойдаланиб келинган. Ҳозиргача Ўрта Осиё, Туркия, Ҳиндистон ва Покистон ҳамда Эронда нашр қилинаётган Қуръонларда бу жиҳатларга аҳамият берилади. Кейинги юз йилликдагина, асосан, араб диёрларида нашр этилаётган Қуръонларда бу анъанага амал қилинмай қолди, холос.

Ҳар бир оятда тўхташ суннат дейилишининг сабаби

Қуръони Каримнинг қироати ва тиловатида ҳар бир оят бошида тўхташнинг суннат эканлигига бир қанча далиллар кўрсатилади. Уларни умумийлаштириб, қуйидагича ифодалаш мумкин:

1. Ҳар бир оятда тўхташ борасидаги энг катта далил Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо)дан етиб келган ҳадиси шарифдир. Ушбу ҳадиснинг саҳиҳлиги алоҳида зикр қилинган. Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг завжаи мутоҳҳаралари Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо) ул зоти шарифнинг қироатларини тавсиф қилар эканлар, Қуръонни ҳар бир оятда тўхтаб-тўхтаб ўқишларини зикр қилганлар.

2. Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадисини Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ), Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ), Нофеъ ибн Умар (раҳимаҳуллоҳ) ва Абу Солиҳ (раҳимаҳуллоҳ) каби ровийлар ривоят қилган бўлиб, улардаги матнлар бир-бирини қувватлаб келади. Бинобарин, ушбу ҳадиси шарифга жумлаи жаҳон қорилари амал қилишлари керак бўлади.

3. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари борасида ривоят етиб келган бўлиб, унда ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятларни бўлиб-бўлиб қироат қилишлари маъноси келиб чиқади. Ушбу ҳадиси шариф ҳам Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадисларини қувватлаб келади.

4. Ҳар бир оятда тўхташ суннат дейдиганларнинг айрим олимлар саҳиҳ деган Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ҳадиси ҳамда уни қувватлаб келган ривоятлар мавжуд. Аксинча, ҳар бир оятда тўхташ суннат эмас, дейдиганларнинг ҳадислардан ҳеч қандай далиллари йўқ.

5. Дунёга машҳур қироат олимлари, жумладан, Имом ал-Доний (раҳимаҳуллоҳ) ва Имом ал-Жазарий (раҳимаҳуллоҳ) кабилар ҳар оятда тўхташни суннат деб зикр қилганлар. Жумладан, ал-Жазарий (раҳимаҳуллоҳ) бундай ёзади:

فَالتَّامُ فَالْكَافِى وَ لَفْظاً فَامْنَعَنْ. إِلاَّ رُؤُس الآىِ جَوِّزْ فَالحَسَن

«Демак, тўхташлар томм (тўлиқ), кофий (кифоя қилувчи) бўлади. Лафзда бўладиган бўлса, тўхтама, фақат оятлар бошида бўлса, бундан мустасно, уни жоиз деб билгин. Сўнг ҳасан (гўзал) тўхташ ҳам бор» («Муқаддимат ал-жазариййа». 76-байт).

6. Дунё бўйлаб фаолият олиб бораётган, асрлар давомида Қуръон қироати ва тиловатидан ижоза олиб келаётган қориларнинг бугунги кундаги силсиласида ҳам қироатларда оятларни бўлиб-бўлиб, ҳар бир оят охирида вақф қилиб ўқиш суннатлиги таъкидланмоқда.

7. Бугунги кунда дунё бўйлаб нашр қилинаётган Қуръони Каримларда оятлар охирида вақф аломатлари қўйилмаяпти. Бунга замонавий қироат олимлари ва машҳур қорилар томонидан рухсат берилган бўлиб, ҳозирда аксар мусулмонлар ушбу Қуръонлардан кенг фойдаланиб келмоқда. Бу ўзига хос ижмоъ бўлганини билдиради.

Ҳар бир оятда тўхташнинг суннатлигига далил

Қироат ва тиловат асносида ҳар бир оятда тўхташни суннат, дейдиганлар фақат битта ҳадиси шарифга суянадилар. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг завжаи мутоҳҳаралари Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган.

Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васалла)нинг қироатларини тавсиф қилганлар:

أنها سُألت عن قراءة النبي صلى الله عليه وسلم وصلاته ؟ فقالت : ما لكم وصلاته ؟ ،كان يصلي ، ثم ينام قدر ما صلى ، ثم يصلي قدر ما نام ، ثم ينام قدر ما صلى حتى يصبح ، ثم نعتت قراءته ، فإذا هي تنعت قراءة مفسّرة حرفا حرفا

Умму Салама (розийаллоҳу анҳо)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари ва намозлари борасида сўралди. У бундай деди: «Ул Зоти шарифнинг намозлари ҳақида нима дейиш мумкин? Ул Зоти шариф намоз ўқирдилар, сўнг намоз ўқиган миқдорича ухлар эдилар. Сўнг ухлаган миқдорича яна намоз ўқирдилар, кейин яна намоз ўқиган миқдорича ухлар эдилар. Бу ҳолат тонггача давом этарди». Кейин Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатларини тавсифлаб берди. Унинг тавсифлашича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари ҳарф-ҳарф ҳолда изоҳланган.

Ушбу ҳадиси шарифни Имом Термизий «Ал-Жомеъ ас-сунан» (2/2923), «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» (1/305), Абу Довуд (1/1468), Насоий (2/1629), Ҳоким (1/1165), Байҳақий «Ас-Сунан ал-кубро» (3/4489), «Шуаб ал-иймон» (2/2156), «Маърифат ас-сунан» (2/765), Ибн Хузайма (2/1158), ат-Табризий (1/1210), Табароний (23/646), Аҳмад (6/26569, 26606), Таҳовий «Шарҳ маоний ал-асор» (1/1194), «Мушкил ал-асор» (14/5408), Ибн Абу Шайба (2/8821, 10/30777) каби муҳаддислар ўз асарларида ривоят қилганлар.

Шунингдек, Имом Термизийнинг (раҳимаҳуллоҳ) айтишича, ушбу ҳадис фақат битта йўл орқали Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ)дангина ривоят қилинган:

قال أبو عيسى هذا حديث حسن صحيح غريب لا نعرفه إلا من حديث ليث بن سعد عن بن أبي مليكة عن يعلى بن مملك عن أم سلمة

«Абу Исо ат-Термизий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ-ғарибдир! Уни фақат Лайс ибн Саъд Ибн Абу Мулайкадан, у эса Яъло ибн Мамлакдан, у эса Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан қилган ҳадисидангина таниймиз» (2/2923).

Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) қилган ривоят

Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг юқоридаги ҳадисини Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) деган ровий ҳам ривоят қилган. Гарчи Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)нинг ривоятларида ҳадис матни ҳар хил бўлиб нақл қилинган бўлса ҳам, лекин у далилни қувватлаб келади:

عن ابن جريح عن عبد الله بن أبي مليكة عن أم سلمة رضي الله عنها قالت : إن النبي صلى الله عليه و سلم كان يقطع قراءته آية آية

Ибн Журайждан, у эса Абдуллоҳ ибн Абу Мулайкадан, у эса Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилган. У бундай деган: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироатларини оят-оят қилиб бўлиб ўқир эдилар» (Термизий «Ал-Жомеъ ас-сунан» 4/3095, «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» 1/307; Ҳоким, 2/2910; Аҳмад, 44/26583; Дорақтуний, 1/1187, 1204).

Нофеъ (раҳимаҳуллоҳ) қилган ривоят

Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) ривоятида келтирилган ҳар бир оятда тўхташ тўғрисидаги ҳадисни қувватлайдиган яна бир ривоятни келтириш мумкин. Уни муҳаддислардан Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) ва Ибн Абу Шайба (раҳимаҳуллоҳ) Вакиъ→Нофиъ ибн Умар→Ибн Абу Мулайка→Саҳоба тариқида зикр қилганлар:

عن بعض أزواج النبي صلى الله عليه و سلم قال أبو عامر قال نافع أراها حفصة انها سئلت عن قراءة رسول الله صلى الله عليه و سلم فقالت انكم لا تستطيعونها قال فقيل لها أخبرينا بها قال فقرأت قراءة ترسلت فيها قال أبو عامر قال نافع فحكى لنا بن أبى مليكة { الحمد لله رب العالمين } ثم قطع { الرحمن الرحيم } ثم قطع { مالك يوم الدين

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг баъзи аёлларидан ривоят: Абу Омир ( раҳимаҳуллоҳ): «Нофиъ ( раҳимаҳуллоҳ) буни Ҳафса ( розияллоҳу анҳо.) деб ўйлаган», деган. Ундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари борасида сўралган. У: «Сизлар унга қодир эмассизлар!» деганда, унга бошқалар: «Буни бизларга хабар беринг!» деганлар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ушбу завжаи мутоҳҳаралари тарассул қилинган қироатни ўқиб берган. Абу Омир ( раҳимаҳуллоҳ) айтишича, Нофиъ ( раҳимаҳуллоҳ) Ибн Абу Мулайка ( раҳимаҳуллоҳ)дан бундай ҳикоя қилган: «Алҳамду лиллаҳи робби-л-ъаламин» деб тўхтаган, сўнг «Ар-роҳмани-рроҳим» деб тўхтаган, сўнг «Малики йавми-д-дин» деган (Аҳмад, 6/26513; Ибн Абу Шайба, 2/8826, 8734).

Абу Солиҳ (раҳимаҳуллоҳ) қилган ривоят

Умму Салама ( розияллоҳу анҳо)нинг ҳадиси Абу Солиҳ (раҳимаҳуллоҳ) деган ровий орқали ҳам ривоят қилинган бўлиб, уни муҳаддис Имом Табароний (раҳимаҳуллоҳ) келтирган. Унинг исноди: Муталлиб ибн Шуайб ал-Аздий→Абу Солиҳ→ал-Лайс→Ибн Лаҳиъа→Ибн Абу Мулайка→Яъло ибн Мамлак→Умму Салама ( розияллоҳу анҳо) силсиласидан иборат бўлиб, матн қуйидагича:

عن أم سلمة أنها نعتت قراءة رسول الله صلى الله عليه و سلم فإذا هي تنعت قراءة مفسرة حرفا حرفا

«Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатларини тавсифлаб берган. У қироатни ҳарфма-ҳарф изоҳлаган ҳолда қироат қилиб тавсифлаган» (Табароний, 23/646).

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) қилган ривоят

Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир оятда тўхтаб қироат қилар эдилар, деган ривоятини қувватлайдиган яна бир ҳадисни Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилгани айтилади. Абу-л-Ало ал-Ҳасан ибн Аҳмад ал-Ҳамадоний ал-Аттор→Умар ибн Қайс ас-Сандал ал-Маккий→Ибн Абу Мулайка→Яъло ибн Мамлак тариқида айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қандай қироат қилганларини сўраб, Ойша (розияллоҳу анҳо)га мактуб йўлланган. У эса «Бисмиллаҳи-р-роҳмани-р-роҳим», «Алҳамду лиллаҳи робби-л-ъаламин» деб тугагунча исмма-исм, ҳарфма-ҳарф баён қилиб, жавоб ёзиб берганлар (Абу-л-Ало ал-Ҳамадоний. Ат-Тамҳид фий маърифат ат-тажвид. 1/177).

Қироат олимлари ҳар бир оятда тўхтаб ўқишни суннат деганлар

Имом Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ.), ал-Доний (раҳимаҳуллоҳ), Абу-л-Ало ал-Ҳамадоний (раҳимаҳуллоҳ), Ибн ал-Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) ва Имом ал-Жазарий (раҳимаҳуллоҳ) кабилар ҳар бир оятда тўхташни суннат деб билганлар (Қаранг: Байҳақий, «Шуаб ал-иймон», 2/521, (2581); «Ал-Муктафий», 1/146; Ибн ал-Қаййим, «Зод ал-маод», 1/337; Ибн ал-Жазарий, «Ат-Тамҳид», 1/174, «Ан-Нашр», 1/226).

Имом Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Шуаб ал-иймон»даги гапига қолганлар эргашганлар, холос. У мазкур асарида бундай деган эди:

ومتابعة السنة أولى مما ذهب إليه بعض أهل العلم بالقرآن من تتبُّع الأغراض والمقاصد والوقوف عند انتهائها

«Қуръондаги оятлар тугаганида вақфлар, мақсадлар ва ғаразларни ифодалашни текшириш борасида айрим уламолар фикрларидан кўра суннатга эргашишлик яхшироқдир!» (2/521).

Имом Саховий (раҳимаҳуллоҳ) ва Ибн ан-Нуҳҳос (раҳимаҳуллоҳ) кабилар مفسرة حرفا حرفا «Ҳарфма-ҳарф изоҳлаб қироат қилиб берди» деган жумлани бу ерда ҳар бир оятда тўхташ назарда тутилган, деганлар («Жамол ал-қурро», 2/548; «Ал-Қатъ ва-л-эътиноф», 1/87). Шунинг учун Имом Саховий (раҳимаҳуллоҳ) олимлардан бир жамоасигина мазкур маънодаги ҳадисларга амал қилиб, ҳар бир оятда тўхташни жоиз деганлар, деб қайд қилади (Илмиддин ас-Саховий. Жамол ал-қурро. 2-жилд. – Маккат ал-мукаррама: Мактабат ат-турос, 1987. – Б. 553). Шунингдек, Абу-л-Фазл ал-Хузоъий (раҳимаҳуллоҳ.) ҳамда Абу-л-Фазл ар-Розий (раҳимаҳуллоҳ) каби олимлар ҳар оятда тўхташни маъқул кўрганлар.

Оятларда маънога мувофиқ жойда тўхташ суннат

дейдиганларнинг фикрлари

Шайх Дўстмуҳаммад Турсун (раҳимаҳуллоҳ)нинг: «Қуръони Карим араблар диёрида нозил бўлди, Шом ва Мисрда ёд олинди, Истанбулда китобати йўлга қўйилди, Мовароуннаҳрда амал қилинди», деган ҳикматига кўра Марказий осиёлик ва бошқа жойлардаги қорилар ҳар бир оятда тўхташ лозим, деган фикрнинг унчалик тўғри эмаслигига, балки маъно-мазмунга қараб тўхташ суннатдир, дейишларига бир неча сабаблар кўрсатганлар:

1. Ҳар бир оятда тўхташ суннат, дейдиганлар кўрсатган далил фақат битта саҳобадан – Умму Салама онамиз ( розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган, холос. Айрим ривоятларда мазкур ривоятни қилган онамизнинг исмлари номаълумлиги ҳам қайд қилинган. Ҳолбуки, Қуръон кироати омма олдида, ошкора равишда бўлган, барча мусулмонлар ва бошқалар Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Қуръон ўқиганлари, қироат ва тиловат қилганларини кўриб, билиб, эшитиб, боз устига, саҳобалар оммавий равишда Қуръонни ўрганиб турган бўлсалар, наҳотки, ҳар бир оятда тўхташ ҳақида биттагина ҳадис етиб келган бўлса?!

2. Ҳар бир оятда тўхташ суннат, дейдиганлар кўрсатадиган Умму Салама ( розияллоҳу анҳо) ҳадисининг иснодида заифлик бор, матнида эса изтироб (ҳар хиллик) мавжуд. Мазкур ҳадиснинг саҳиҳ санадли ривоятларида ҳар бир оятда тўхташлик борасида аниқ ва сариҳ иборалар учрамайди. Боз устига, унинг саҳиҳ дейилган ривоятлари иснодида, Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) ва Имом Таҳовий (раҳимаҳуллоҳ) айтишларига қараганда, муттасиллик етишмайди, у мунқатеъ иснодлидир. Шунингдек, у ғариб – битта тариқ орқали ривоят қилинган мунфарид-аҳод ҳадис ҳисобланган.

3. Умму Салама ( розияллоҳу анҳо) ҳадиси саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам у Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Фотиҳа» сурасидан бошқа сураларда, ҳамма вақт ва ҳар доим ўз қироатларида оятлар ўртасида тўхтаб, бўлиб-бўлиб ўқиганликларига далолат қилмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айрим қори саҳобаларга оятларнинг бошланиши ва тугашини билдириш мақсадида шундай қилиб ўқиган бўлишлари ҳам мумкин.

4. Ҳар бир оятда тўхташ лозим, деган фикрни ислом тарихида бир-икки нафар қироат олимларигина айтган эдилар, холос. Бошқа жумҳур уламо ва қироат олимлари ҳар бир оятда тўхташ жоиз десалар ҳам, лекин оятлар маъно жиҳатдан бир-бирига тааллуғи бўлса, кучли боғлиқлик мавжуд бўлса, тўхталмайди; оят мазмунида бир-бирига алоқаси бўлмаса, тўхташ керак бўлади, деганлар. Таъкидлаш керакки, ҳар бир оятда тўхтаб ўтиш суннат дейдиган олимларнинг аксарияти, жумладан, ал-Доний (раҳимаҳуллоҳ) ва ал-Жазарий (раҳимаҳуллоҳ) кабилар ҳам оятнинг маъно-мазмуни тўлиқ чиқмай қолса, унда у ерда тўхташ мумкин эмаслиги, унга кейинги оятни улаб қироат қилиш лозимлигини билдирганлар.

5. ХХ аср ўрталаригача бутун ислом оламида қўлёзма ҳолида кўчирилган ва тошбосмаларда нашр қилинган Қуръонларда оят охирларидаги вақф аломатларини учратиш мумкин. Таъкидлаш керакки, мазмун жиҳатдан бир-бирига алоқаси бор оятларда тўхташ керак эмас, деган маънода унга тўхтамасликни билдирадиган рамзий аломатлар асрлар давомида китобат қилинган Қуръонларда бўлиши бу борада ижмоъи уммат бўлганлигини билдиради.

6. Оятларнинг бир-бирига тааллуқ ва боғлиқлиги бўлса, тўхталмайди, бошқа ўринларда тўхтаб ўтишни суннат бўлади, дейиш ўртача йўлдир. Мусулмонлар ҳар бир нарсада ўртача йўл тутадиган уммат ҳисобланади.

Оятлар орасида уларнинг маъноларига қараб вақф қилиш суннат, маъноларига эътибор қилмасдан ҳар бир оятда тўхташ суннат дейиш унчалик тўғри эмас, дейдиганлар «Ҳар бир оят охирида тўхташ суннатдир», деб қатъий фикр билдирувчиларнинг фикрларига ўзларининг жавобларини айтиб келганлар.

Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ҳадиси ҳақида

Ҳар бир оятда тўхташ суннат дейдиганлар келтирадиган Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг ривоятига қуйидаги учта фикрни билдириш мумкин. Ҳар бир оятда тўхташни суннат дегувчилар ушбу ҳадис матни ва унинг бошқа ривоятларидаги матнига кўра далилланишган:

1) унинг матни Лайс ибн Саъд→Ибн Абу Мулайка→Яъло ибн Мамлак→Умму Салама иснод йўлига кўра нақл қилинган бўлиб, бошқа бирорта йўл билан ривоят қилинмагани учун у ғариб ҳисобланади;

2) Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг биз ўрганаётган ҳадисини ривоят қилган Яъло ибн Мамлак (раҳимаҳуллоҳ) ҳижозлик ровий бўлиб, Умм ад-Дардо (розияллоҳу анҳу) ва Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ҳадис ривоят қилган. «Мезон ал-эътидол»да айтилишича, ундан фақат Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) ҳадис ривоят қилган, холос (аз-Заҳабий. «Мезон ал-эътидол». 7-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1995. – Б. 286). Имом Насоий (раҳимаҳуллоҳ) ушбу Яъло ибн Мамлак (раҳимаҳуллоҳ) ҳақида: «У машҳур ровий эмас», деган. «Ат-Тақриб»да унинг ривоятлари мақбул, дейилган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Тақриб ат-Таҳзиб. – Дамашқ: Дор ал-қалам, 1991. – Б. 610). Лекин  Ибн Ҳиббон (раҳимаҳуллоҳ)дан бошқа одам уни сиқа – ишончли деган эмас. Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) ундан қилган ривоятлари гоҳида аниқ, гоҳида аниқ бўлмай қолган. Шунинг учун ҳам унинг ривоятлари агар мутобеъ ўрнида бўлса, мақбул ҳисобланади.

Демак, Имом Ҳоким (раҳимаҳуллоҳ): «Ушбу ҳадисни Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) тахриж қилмаган бўлса-да, унинг шартига кўра саҳиҳ», деган бўлса-да, бироқ, унинг ровийлари борасида озгина гап-сўз борлиги учун Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) ва Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) уни ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўпламига киритган эмаслар;

3) эътибор берилса, юқоридаги ҳадиси шариф матнида оятларни бўлиб-бўлиб, оятлар ўртасида вақф қилиб, тўхтаб ўқиш ҳақида аниқ – сариҳ гап учрамайди. Бу ерда ҳарфларни аниқ махражлари ила чиқариб, содда-содда, аниқ ва равон қилиб, шошмасдан қироат қилиш назарда тутилмоқда.

Умму Салама ( розияллоҳу анҳо) ҳадисининг Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) қилган ривояти ҳақида

Умму Салама онамиз ( розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган мазкур ҳадиснинг бошқа тариқида оятлар ўртасини бўлиб-бўлиб қироат қилиш маъноси чиқади. Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) тариқидагина «қироатида бўлиб-бўлиб ўқир эди», дейилган. Лекин  уни чуқур ўрганилса, икки жиҳатдан заифлик борлиги маълум бўлади: 1) исноддаги заиф ровийлар ва номуттасиллик; 2) ҳадис матнидаги изтироб – ҳар хиллик.

Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) мазкур ҳадисни ривоят қилар экан, Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) ривояти ҳақида бундай деб изоҳ бериб кетган:

وقد روى بن جريج هذا الحديث عن بن أبي مليكة عن أم سلمة أن النبي صلى الله عليه وسلم كان يقطع قراءته وحديث الليث أصح

«Ибн Журайж ҳам бу ҳадисни Ибн Абу Мулайкадан, у эса Умму Салама ( розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилган бўлиб, унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироатида бўлиб-бўлиб ўқир эди, дейилган. Лайснинг ҳадиси бундан кўра саҳиҳроқ» (2/2923).

Бу ерда Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) мазкур ҳадисни ғариб ва заиф деб сифатлаганига бир неча сабаблар бор:

1) Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) тариқини ҳам келтирган: Ибн Журайж→Ибн Абу Мулайка→Умму Салама. Демак, Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) тилга олган Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) тариқидагина «қироатида бўлиб-бўлиб ўқир эди» дейилган. Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) ривоятида эса ушбу жумла йўқ;

2) Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) иснодида Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) билан Умму Салама ( розияллоҳу анҳо) ўртасида Яъло ибн Мамлак (раҳимаҳуллоҳ) деган ровий бор, Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) ривоятида эса бу ровий тушиб қолдирилган, демак, унинг ривояти муттасил эмас. Яъни Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) Умму Салама ( розияллоҳу анҳо)дан ҳадис эшитмаган. «Туҳфат ал-аҳвазий»да келтирилган у бир марта Умму Салама ( розияллоҳу анҳо)дан бевосита ҳадис эшитган бўлса, кейинги сафар восита билан ҳам ҳадис эшитган бўлиши мумкин, дейилган (ал-Муборакфурий. «Туҳфат ал-аҳвазий». – Қоҳира: Дор ал-фикр, 1967. 8-жилд. – Б. 248). Бироқ  муҳаддислар жамоаси Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)ни мудаллис ровий деб турганларидан кейин у ривоятда хатоликка йўл қўйган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) ва Имом Таҳовий (раҳимаҳуллоҳ) унинг иснодини муттасил эмас, мунқатеъдир, деганлар.

Ибн Ҳажар Асқалоний (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг «Талхис ал-ҳабир» асарида Имом Таҳовий (раҳимаҳуллоҳ)нинг Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) Умму Салама ( розияллоҳу анҳо)дан ҳадис эшитмаган, деган гапини рад қилиб, Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) бундай демаган, деб қайд қилади. Аслида, Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) ўз «Сунан»ида Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) ривоятини икки марта келтирган бўлиб, иккинчи ўринда, Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) ривоятини муттасил эмаслигини аниқ айтган (Термизий, 4/3095);

3) Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) маккалик табъа тобеин бўлиб, мудаллис ровийлардан эди. Яъни  у ҳадис иснодларида кўпинча тадлис қилар эди. Тадлис бу ровий ўз устозининг номини яшириши ёки ундан ҳадисни аниқ эшитганига далолат қиладиган ҳадис илмининг атамаларини ишлатмасдан ривоят қилишидир.

Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) у ҳақида бундай деган:

إذا قال ابن جريج « قال « فاحذره ، وإذا قال : «سمعت » أو « سألت » جاء بشيء ليس في النفس منه شئ

«Агар Ибн Журайж: «деди» деса, ундан ҳазар қил. Агар «эшитдим» ёки «сўрадим», деса, бир нарсани айтиб келтирган бўлади, аслида ўша нарса ҳақиқатда айтилмаган бўлади».

Имом Дорақутний (раҳимаҳуллоҳ) эса: «Тадлиснинг энг ёмони Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)нинг тадлисидир, унинг тадлиси энг қабиҳидир!» деган (Ибн Ҳажар Асқалоний. Табақот ал-мудаллисин. – Уммон: Мактабат ал-Мино, 1404. – Б. 41);

4) Қизиғи, Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)нинг ўз отасидан қилган ривоятида унинг отаси Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ)дан, у эса Яъло ибн Мамлак (раҳимаҳуллоҳ)дан, у эса Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан бу тариқада ҳадис эшитгани зикр қилинади:

كان يصلي العتمة ثم يسبح ثم يصلي بعدها ما شاء الله من الليل ثم ينصرف فيرقد مثل ما صلى ثم يستيقظ من نومه ذلك فيصلي مثل ما نام وصلاته تلك الآخرة تكون إلى الصبح

Яъло ибн Мамлак Умму Салама ( розияллоҳу анҳо)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг кечки намозлари борасида сўраганда, у бундай деган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хуфтан намозини қўир, сўнг тасбеҳ айтиб, кечаси Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқир, сўнг қайтиб, намоз ўқиган миқдорича ухлар эдилар. Кейин эса уйқусидан туриб, ухлагани миқдорича намоз ўқир эдилар. Мана шу охирги намозлари то тонггача бўлар эди» (Насоий, 3/1628).

Бу ерда аниқ кўриниб турибдики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари борасида бирор гап йўқ. Бу ерда худди Лайс ибн Саъд ( раҳимаҳуллоҳ) тариқида Яъло ибн Мамлак ( раҳимаҳуллоҳ) орқали қилинган ривоятидаги каби қироат борасида аниқ бир гап учрамайди.

Ибн Журайж ( раҳимаҳуллоҳ)нинг отаси Абдулазиз ибн Журайж ал-Қураший ал-Маккий бўлиб, у заиф ровий ҳисобланади. Ибн Ҳиббон ( раҳимаҳуллоҳ) уни ишончли деган бўлса-да, бироқ Имом Бухорий ( раҳимаҳуллоҳ): «Унинг ҳадисига эргашилмайди», деган. «Ат-Тақриб»да уни «лаййин ал-ҳадис» дейилган (Ибн Ҳажар асқалоний. «Тақриб ат-Таҳзиб». – Дамашқ: Дор ал-қалам, 1991. – Б. 356).

Мазкур ҳадиснинг иснодида заифлик борлиги учун уни Имом Термизий ( раҳимаҳуллоҳ) ва Имом Таҳовий ( раҳимаҳуллоҳ) заиф деганлар. Гап шундаки, мазкур ҳадис фақат битта тариқдан – тобеинлардан бири Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка ( раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилинган. Яъни  ҳадис мадори ушбу ровийдир. Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка ( раҳимаҳуллоҳ)дан эса Лайс ибн Саъд ( раҳимаҳуллоҳ) ва Ибн Журайж ( раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилганлар. Лайс ибн Саъд ( раҳимаҳуллоҳ) ривоятида қироатда оятларни бўлиб-бўлиб ўқиш ҳақида гап йўқ. Боз устига, унинг ривояти фақат битта йўл орқали нақл қилинган. Ибн Журайж ( раҳимаҳуллоҳ) ривоятида эса оятларни бўлиб-бўлиб ўқиш ҳақида гап бўлгани билан, унинг ўзи мудаллис ровий ҳисобланади. Демак, унинг ривоятларини далил сифатида қабул қилишга кўнгил унчалик чопмайди. Шунинг учун ҳам Имом Термизий ( раҳимаҳуллоҳ) Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)нинг ривоятидан кўра Лайс ибн Саъд ( раҳимаҳуллоҳ) ҳадисини афзал санаганига юқоридаги сабаблар муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

Ибн Журайж ( раҳимаҳуллоҳ)дан қилинган ривоят матнидаги ҳар хилликлар

Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) ва бошқалар Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ҳадисини заиф деганларига яна бир сабаб унинг матнида изтироб – ҳар хиллик мавжуд. Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) орқали қилинган қуйидаги ривоятлар матнига эътибор беринг:

كان يقطع قراءته آية آية

«Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироатларини оят-оят бўлар эдилар» (Ҳоким, 2/2910; Аҳмад, 44/26583).

كان يصلي في بيتها فيقرأ بسم الله الرحمن الرحيم الحمد لله رب العلمين الرحمن الرحيم ملك يوم الدين...

«Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг уйида намоз ўқиганлар. Шунда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», «Алҳамду лиллаҳи робби-л-ъаламин», «Ар-роҳмани-р-роҳийм», «Малики йавми-д-дин...» деб қироат қилдилар (Таҳовий, «Мушкил ал-асор» 14/5405; «Шарҳ Маоний ал-асор» 1/1186).

كان يقطع قراءته الحمد لله رب العلمين ثم يقف، الرحمن الرحيم ثم يقف

«Қироатларида бўлиб-бўлиб ўқирдилар. «Алҳамду лиллаҳи робби-л-ъаламин» деб тўхтардилар, «Ар-роҳмани-р-роҳим» деб тўхтардилар (Термизий «Ал-Жомеъ ас-сунан» 4/3095, «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» 1/307; ат-Табризий 1/2205).

ان قراءة النبي صلى الله عليه و سلم كانت فوصفت { بسم الله الرحمن الرحيم } حرفا حرفا قراءة بطيئة

Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатларини тавсиф қилиб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ҳараф-ҳарф қилиб, секин-секин ўқиб берган (Аҳмад, 6/26785).

Эътибор берилса, Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) ривоятидаги Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) нақлидаги мазкур матнда ҳар бир оятни тўхтаб-тўхтаб ўқиш ҳақида аниқ жумла ишлатилган эмас. Яна эслатиш ўринлики, Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) ривоятида ҳам бу борада аниқ ибора йўқ эди.

فَقَطَّعَهَا آيَةً آيَةً وَعَدَّهَا عَدَّ الأَعْرَابِ وَعَدَّ ( بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ ) آيَةً وَلَمْ يَعُدَّ ( عَلَيْهِمْ )

«Уларни оят-оят қилиб бўлган ва уларни араблардек санаган эди. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» бир оят, «алайҳим»ни эса оят деб санамаган эди» (Дорақтуний, 1/1187, 1204).

Имом Дорақутний (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган мана шу охирги матн ровийлари орасида Умар ибн Ҳорун (раҳимаҳуллоҳ) бор бўлиб, у Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)дан нақл қилган. Таъкидлаш керакки, Умар ибн Ҳорун (раҳимаҳуллоҳ) муҳаддис ва ҳадисшунослар иттифоқига кўра заиф ровий ҳисобланади.

Шунинг учун Имом Таҳовий (раҳимаҳуллоҳ) ва аз-Зайлаъий (раҳимаҳуллоҳ) Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)нинг мазкур ривоятини матндаги иборалар ҳар хил бўлгани боис заиф санаганлар (Таҳовий, 1/199; аз-Зайлаъий, 1/350).

Юқоридаги сабабларга кўра Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг мазкур ҳадисини Имом Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ), Ибн ал-Жавзий (раҳимаҳуллоҳ), аз-Заҳабий (раҳимаҳуллоҳ), аз-Зайлаъий (раҳимаҳуллоҳ) ва Ибн ат-Туркмоний (раҳимаҳуллоҳ) заиф деб сифатлаганлар.

Нофеъ (раҳимаҳуллоҳ) ривоятидаги матн ҳақида

Нофеъ (раҳимаҳуллоҳ) ривоятида саҳобанинг кимлиги номаълум, ровийлар уни Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳо) деб ўйлаганлар. Бошқа ривоятда эса ровий Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) ولا أعلمها الا حفصة – «Уни фақат Ҳафса деб биламан!» деган (Аҳмад, 6/26494). Бу борадаги ҳадисларни, айниқса, Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) ривоятидаги бошқа ҳадислар Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо)дан бўлгани боис бу ерда ҳам Умму Салама (розияллоҳу анҳо) дейиш мумкин. Саҳобанинг кимлиги номаълум қолиши ҳадиснинг саҳиҳлигига путур етказмайди. Бироқ  Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) бир ундан, бир бундан эшитдим, деб ривоят қилишидан унинг ривоятларига шубҳа назари тушиб қолади.

Эътибор берилса, бу ердаги асли ҳадис матнида ҳар бир оятда тўхташ борасида аниқ ибора учрамайди. Фақат ровий Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) уни ўзича ҳар бир оятда тўхташ деб изоҳ бермоқда. Шунинг учун ҳам унинг ушбу изоҳи муҳаддис Ибн Абу Шайба (раҳимаҳуллоҳ) ривоятида келтирилган эмас.

Мазкур ҳадиснинг асли матнида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари сифатида тарассул қилинган ҳолда ўқиб кўрсатилган. «Тарассул» деб луғатда «эҳтиёткорлик билан оҳиста ўқимоқ», «қофиясиз, оҳангга солмасдан шеър ўқимоқ» маъноларини беради (ан-Наъим. – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003. – Б. 305). Демак, бу ерда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг завжалари оҳиста, ҳар бир ҳарфни махражи ила аниқ чиқариб, тиловатда лаҳн ва оҳанг қилмасдан ўқиб кўрсатган.

Абу Солиҳ ( раҳимаҳуллоҳ) орқали ривоят қилинган ҳадис ҳақида

Абу Солиҳ (раҳимаҳуллоҳ) деган ровий томонидан қилинган ривоят бўлиб, уни муҳаддис Имом Табароний (раҳимаҳуллоҳ) келтирган. Матн қуйидагича:

عن أم سلمة أنها نعتت قراءة رسول الله صلى الله عليه و سلم فإذا هي تنعت قراءة مفسرة حرفا حرفا

«Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатларини тавсифлаб берган. У қироатни ҳарфма-ҳарф изоҳлаган ҳолда қироат қилиб тавсифлаган» (Табароний, 23/646).

Биринчидан, ушбу ҳадис иснодидаги Абу Солиҳ (раҳимаҳуллоҳ) деган ровий Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ)нинг котиби ҳисобланади. Уни ҳадисшунослардан Ибн Муин (раҳимаҳуллоҳ) ишончли, ҳадисини Абу Зуръа (раҳимаҳуллоҳ) ҳасан деган бўлса-да, бироқ, аз-Заҳабий (раҳимаҳуллоҳ) «Ал-Муғний»да уни «Инкор қилинган ҳадислари бор», Ибн Ҳажар (раҳимаҳуллоҳ) «Ат-Тақриб»да эса «Тўғри сўз, лекин кўп ғалат қилади, унда ғафлат бор», деган («Ал-Муғний», 1/2318; «Ат-Тақриб», 1/3388).

Иккинчидан, иснодга қаралса, (Муталлиб ибн Шуайб ал-Аздий→Абу Солиҳ→ал-Лайс→Ибн Лаҳиъа→Ибн Абу Мулайка→Яъло ибн Мамлак→Умму Салама), Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) билан Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ) ўртасига Ибн Лаҳиъа (раҳимаҳуллоҳ) деган ровий қўшилган. Бошқа жами ўринларда Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) Ибн Абу Мулайка (раҳимаҳуллоҳ)дан тўғридан-тўғри ривоят қилган. Бунга эътибор қаратиш керак бўлади.

Учинчидан, ҳадис матнига чуқур назар солинса, у ерда ҳар бир оятда тўхташ кераклиги айтилган аниқ ибора учрамайди.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадис ҳақида

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадис қироат олими Абу-л-Ало ал-Ҳамадоний томонидан келтирилган (Абу-л-Ало ал-Ҳамадоний. Ат-Тамҳид фий маърифат ат-тажвид. 1/177). Унинг исноди Абу-л-Ало ал-Ҳасан ибн Аҳмад ал-Ҳамадоний ал-Аттор→Умар ибн Қайс ас-Сандал ал-Маккий→Ибн Абу Мулайка→Яъло ибн Мамлак тариқида бўлиб, у ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин:

Биринчидан, бу ривоят иснодидаги ас-Сандал деган лақабли ровий заиф, балки матрук – ҳадислари тарк қилингандир. У ҳақида Ибн Адий (раҳимаҳуллоҳ): «Унинг барча ҳадисларига эргашилмайди, ижмоъга кўра у заифдир», деган («Ал-Комил», 6/12; «Ат-Тақриб», 1/4959).

Иккинчидан, яхшилаб эътибор берилса, бу ерда «исмма-исм, ҳарфма-ҳарф баён қилиб» берилишидан ҳар бир оятда тўхташ маъноси аниқ билинмайди.

Учинчидан, Ойша онамиз ( розияллоҳу анҳо)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари тўғрисида бошқалар ҳам сўраганлар. Уларга ҳам Ойша ( розияллоҳу анҳо) ҳарфларни аниқ айтиб, махражларга эътибор қаратган ҳолда жавоб берганлар. Масалан, мана бу ривоятга назар солинг:

حدثنا عبد الله حدثني أبي ثنا عفان ثنا صخر بن جويرية قال ثنا إسماعيل المكي قال حدثني أبو خلف مولى بنى جمح إنه دخل مع عبيد بن عمير على عائشة أم المؤمنين في سقيفة زمزم ليس في المسجد ظل غيرها فقالت مرحبا وأهلا بأبي عاصم يعنى عبيد بن عمير ما يمنعك أن تزورنا أو تلم بنا فقال أخشى أن أملك فقالت ما كنت تفعل قال جئت أن أسألك عن آية في كتاب الله عز و جل كيف كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يقرؤها فقالت أية آية فقال الذين يؤتون ما أتوا أو الذين يأتون ما أتوا فقالت أيتهما أحب إليك قال قلت والذي نفسي بيده لإحداهما أحب إلي من الدنيا جميعا أو الدنيا وما فيها قالت أيتهما قلت { الذين يأتون ما أتوا } قالت أشهد أن رسول الله صلى الله عليه و سلم كذلك كان يقرؤها وكذلك أنزلت أو قالت أشهد لكذلك أنزلت وكذلك كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يقرؤها ولكن الهجاء حرف

Баний Жумаҳнинг ходимларидан Абу Халаф билан бирга Убайд ибн Умайр мўъминлар онаси Ойша ( розияллоҳу анҳо) олдиларига борган. У масжиди ҳаромда замзам қудуғи тепасига қурилган бостирма тагида турган эди. Масжидда бу ердан бошқа соя йўқ бўлган. Ойша ( розияллоҳу анҳо): «Марҳабо, хуш келдинг, эй Абу Осим!» дедилар. Яъни  Убайд ибн Умайрга қараб, «Бизни зиёрат қилишдан сени нима ман қилди? Ёки бизлардан малолланиб қолдингми?» дедилар. У: «Мен сизни қийнаб қўйишдан қўрқаман», деди. Ойша ( розияллоҳу анҳо): «Унда нимага келдинг?» дедилар. Убайд ибн Умайр: «Мен сиздан Аллоҳ таолонинг китобидаги бир оят ҳақида сўрамоқчи бўлиб келдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни қандай ўқиган эканлар?» деди. Ойша ( розияллоҳу анҳо): «У қайси оят экан?» деб сўрадилар. У: «Аллазина ма аатав»ми ёки «Аллазина ма атав»ми?» деди. Ойша (розияллоҳу анҳу): «Бу иккисидан сенга қайсиси севимлироқ?» дедилар. У: «Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, икковидан бири менга дунёдаги ҳамма нарсадан севимлироқ», деб жавоб берди. Ойша ( розияллоҳу анҳо): «У қайсиси?» деди. Убайд ибн Умайр: «Аллазина ма атав», деб ўқиди. Ойша ( розияллоҳу анҳо): «Гувоҳлик бераманки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам худди шундай ўқиганлар, у шундай нозил қилинган. Лекин, ҳижо ҳам ҳарфдир!» (Аҳмад, 6/24685, 25158). (Имом Осим ( раҳимаҳуллоҳ) қироатида бошқа саҳиҳроқ ривоятларга асосан «аатав» деб ўқилади).

«Мажмаъ аз-завоид»да Исмоил ибн Муслим ал-Маккий ( раҳимаҳуллоҳ) деган ровий бўлгани боис, мазкур ҳадис заиф, дейилган («Мажмаъ аз-завоид», 7/11189). Яна бу ерда Абу Халаф деган ровий ҳам бор бўлиб, у номаълумдир (Ибн Ҳажар Асқалоний. Таъжил ал-манфаат. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-башоир ал-исломия, 1996. – Б. 447). Гарчи мазкур ҳадисни бошқа тариқдан Ҳоким ўз китобида саҳиҳ деб ривоят қилган бўлса-да, бироқ, унинг иснодида Яҳё ибн Рошид деган заиф ровий бор (Ҳоким, 2/2923, 2969).

Ойша онамиз ( розияллоҳу анҳо)нинг мазкур ҳадисидан биз унинг Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам) қироатларида ҳарф махражлари ва сўзларнинг ўқилишига диққат қаратганлиги ва одамлар кўпроқ мана шунга қизиққанлигини билиб оламиз.

Ҳатто Умму Салама ( розияллоҳу анҳо)дан ҳам оятнинг ўқилишидан сўралган:

سَأَلْتُ أُمَّ سَلَمَةَ كَيْفَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقْرَأُ هَذِهِ الآيَةَ (إِنَّهُ عَمَلٌ غَيْرُ صَالِحٍ) فَقَالَتْ قَرَأَهَا (إِنَّهُ عَمِلَ غَيْرَ صَالِحٍ)

«Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу: «Иннаҳу амалун ғойру солиҳ» оятини қандай ўқиганликлари ҳақида сўралди. Умму Салама ( розияллоҳу анҳо) ушбу оятни «Иннаҳу ъамила ғойра солиҳ» тарзида ўқиб берди» (Абу Довуд, 4/3985).

Демак, юқоридаги Ойша онамиз ( розияллоҳу анҳо) ривоятларида ҳар бир оятда тўхташ кераклиги тўғрисида гап кетаётгани йўқ, дейиш ҳам мумкин. Шунга кўра, гап оятларни содда-равон, ҳарф махражларини аниқ ўз жойидан чиқариб тиловат қилиш борасида бўлиши эҳтимоли ҳам бор.

Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ҳадиси саҳиҳ бўлиши мумкинми?

Имом Дорақутний (раҳимаҳуллоҳ) Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)нинг ривоят қилган ҳадисидаги ровийларнинг ҳаммасини ишончли деган (Дорақутний, 1/313; «Муснад», 6/302), Имом Заҳабий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам ўзининг «Мухтасар жамъи бисмиллаҳ» рисоласида уни саҳиҳ деган (1/35). Бу иккисига Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам эргашган («Ал-Мажмуъ» 3/333, 346).

Умму Салама онамиз ( розияллоҳу анҳо) ҳадисини янглиш равишда Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) ва Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган, деганлар ҳам бор. Мавлоно Али ал-қори (раҳимаҳуллоҳ) ҳам мазкур ҳадисни «саҳиҳайн»да бор, деб зикр қилиб кетган (Али ал-қори. Ал-Минаҳ ал-фикриййа би-шарҳ ал-Муқаддима ал-жазариййа. – Қозон, 1887. – Б. 85).

Бироқ, буларнинг саҳиҳ деганларига фақат санаднинг зоҳирига қараб айтилгани сабаб бўлган бўлиб, агар улар Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) каби Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) ва Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ)нинг икки ривоятини матнлари ва санадлари билан солиштириб кўрганларида, ушбу ривоятнинг заиф ва иллатли эканини топган бўлардилар. Шунинг учун ҳам Имом ал-Жазарий (раҳимаҳуллоҳ): «Ушбу ҳадис ҳасан, унинг исноди саҳиҳ» деган, ҳадиснинг ўзини саҳиҳ деган эмас (Шамсиддин ал-Жазарий. ан-Нашр фи-л-қироат ан-нашр. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 226). Усули ҳадис фанидан маълумки, исноднинг саҳиҳ бўлиши ҳамма вақт ҳам ҳадис матнининг саҳиҳ эканини билдирмайди.

Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ҳадисини қандай маънода тушунмоқ керак?

Юқорида зикр қилинган Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан қилинган ривоятлар ичида энг саҳиҳи Лайс ибн Саъд (раҳимаҳуллоҳ) нақли бўлиб, унинг матнида قراءة مفسّرة حرفا حرفا – «Қироати ҳарма-ҳарф изоҳланган» жумласи мавжуд. Унда ва унинг бошқача ривоятларида ҳар бир оятда тўхташ суннатлигига далолат борлиги учун булардан ҳар бир оятда тўхташ суннат, дегувчилар далил топганлар.

Аслида, ундан бошқача маъно ҳам топиш мумкин. Яъни, у бир қанча маъноларга эга «кўп эҳтимолли» матнга эга ҳадислар жумласидандир. Мазкур ибораларда қироатда Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфи ўз махражидан чиқиши лозимлиги, уни шошилмасдан, тафаккур қилган ҳолда ўқиш кераклиги, ҳар бир ҳарфни ўз сифатлари билан адо этиш кераклиги назарда тутилган, дейиш ҳам мумкин. Чунки  мазкур ҳадиснинг Нофеъ (раҳимаҳуллоҳ) ривоятида قراءة ترسلت فيها – «Унда шошилмасдан қироат қилган» деган ибора қўлланган. Бугунги кунда барча эргашаётган Имом Осим (раҳимаҳуллоҳ) қироатлари мутарассила бўлганлиги манбаларда алоҳида қайд қилинган. Бу ердаги «тарассул»нинг шошилмасдан, ҳар бир ҳарфни, мад-чўзимларни ўз ҳаққида адо этиш маъноси борлигини айтиб ўтган эдик. Берилган мазкур маъно бошқа ояти карималар ва ҳадиси шарифларда ҳам ўз ифодасини топган.

Жумладан, саҳоба Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатларини тавсиф қилар экан, уларнинг мадларига алоҳида эътибор қаратган эди:

سُئِلَ أَنَسٌ كَيْفَ كَانَتْ قِرَاءَةُ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ كَانَتْ مَدًّا ثُمَّ قَرَأَ { بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ } يَمُدُّ بِبِسْمِ اللَّهِ وَيَمُدُّ بِالرَّحْمَنِ وَيَمُدُّ بِالرَّحِيمِ

«Анас (розияллоҳу анҳу)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатлари қандай бўлганлиги тўғрисида сўралди. У мадд ҳолда бўлишини айтиб, «Бисмиллаҳи-р-роҳмани-р-роҳийм», деди ва «бисмиллаҳ»да мад қилди, «ар-роҳман»да мад қилди, «ар-роҳим»да мад қилиб кўрсатди» (Бухорий, 1/4/5046; Ҳоким, 1/852; Байҳақий, 2/2221; Дорақутний, 1/1189; Аҳмад, 20/13050).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деб буюрган:

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً {4}

«Қуръонни тартил билан ўқи!» (Муззаммил, 4).

Машҳур саҳоба, муфассирлар қироли Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ушбу оятдаги тартил билан ўқишни بَيِّنْهُ تَبْيِينًا – «Очиқ баён қилиб ўқи!» деб тафсир қилган (Ибн Абу Шайба, 2/8817).

Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай деган:

عن بن عباس قال فصل القرآن من الذكر فوضع في بيت العزة في السماء الدنيا فجعل جبريل عليه السلام ينزل على النبي صلى الله عليه وسلم يرتله ترتيلا قال سفيان خمس آيات ونحوها

«Қуръонни зикр қилиб, бўлиб-бўлиб туширди. Уни дунё осмонидаги байт ал-иззатда қўйди. Сўнг Жаброил (алайҳиссалом) уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тартил ҳолида бўлиб нозил қилди». Суфён ас-Саврий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Беш оятдан ва шунга ўхшаш ҳолда нозил қилди» (Насоий, 5/7991; Ҳоким, 2/2881; Табароний, 12/12381).

Имом Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ) тартил ҳақида Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ)нинг гапини келтирган:

قَالَ الشَّافِعِىُّ رَحِمَهُ اللَّهُ : أَقَلُّ التَّرْتِيلِ تَرْكُ الْعَجَلَةِ فِى الْقُرْآنِ عَنِ الإِبَانَة

«Тартилнинг энг ози Қуръонда баён қилишда шошилишни тарк қилишдир» (Байҳақий, 2/160).

Аллоҳ таоло ҳам Қуръонни шу хилда, тартил ўлароқ нозил қилган. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ҳам буни тушунтириб берган:

وَكَانَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ يُنْزِلُهُ عَلَى رَسُولِهِ -صلى الله عليه وسلم- بَعْضَهُ فِى إِثْرِ بَعْضٍ. فَقَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ وَقَالُوا (لَوْلاَ نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً كَذَلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلاَ)

«Аллоҳ таоло ўз Расулига айрим оятлар ортидан баъзисини нозил қилиб туширган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтади (Фурқон, 32): «Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Сенинг қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни дона-дона қилиб ўқидик» (Байҳақий, 2/8784).

Ҳатто инсон (қори) жаннатга кирганида ҳам Қуръонни тартил билан ўқиши таъкидланган (Доримий, 2/3454; Аҳмад, 5/23000). Бу ерда қори шошилмасдан, секин ўқиб борса, борган ва юрган сайин мартабаси кўтарилиб, жаннатдаги даражаси ошиб бораверди.

Аллоҳ таоло яна бундай деган:

وَقُرْآناً فَرَقْنَاهُ لِتَقْرَأَهُ عَلَى النَّاسِ عَلَى مُكْثٍ وَنَزَّلْنَاهُ تَنزِيلاً {106}

«Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик» (Исро, 106).

Бу ердаги «мукс» сўзини Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) ва бошқалар «шошилмасдан ўқиш» деб тафсир қилганлар. Унда бир одам Бақара  ва  Оли Имрон  сураларини ўқиса, иккинчи бир одам шошилмасдан фақат Бақара  сурасини ўқиса, улардан қайси бир яхши, деб сўраганида, у шошмасдан, аниқ ва тафаккур билан  Бақара  сурасини ўқигани афзал эканини айтиб, бунга далил сифатида мана шу оятни ўқиган экан (Ибн Абу Шайба, 2/8827; Абдурраззоқ, 2/4188).

قلت لابن عباس إني سريع القراءة إني أهذ القرآن فقال بن عباس لأن أقرأ سورة البقرة فأرتلها أحب إلي من أن أقرأ القرآن كله هذرمة

«Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)га: «Мен қироатни тез ўқийман, Қуръонни шошилиб ўқийман», дедим. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): «Мен  Бақара сурасини тартил билан ўқиганим бутун Қуръонни шошилиб ўқиганимдан яхшироқ кўраман! деди (Байҳақий, 2/2258; Абдурраззоқ, 2/4187).

Бошқа ўринда ушбу ривоят бу тариқа келтирилган:

قلت لابن عباس أني سريع القراءة أني أقرأ القرآن في ثلاث قال لأن اقرأ البقرة في ليلة فأتدبرها وأرتلها أحب إلى أن أقرأها كما تقرأ

«Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)га: «Мен қироатни тез ўқийман, Қуръонни уч кунда ўқиб чиқаман», дедим. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): «Мен  Бақара  сурасини бир кечада оятларини тадаббур ва тартил қилиб ўқиганим бутун Қуръонни сенга ўхшаб ўқигандан яхшироқ кўраман!» деди (Байҳақий, 2/3866).

Яна бир ўринда бу ривоят бу хилда зикр этилган:

قلت لابن عباس أني رجل سريع القراءة وربما قرأت القرآن في ليلة مرة أو مرتين فقال بن عباس لأن أقرأ سورة واحدة أعجب إلى من أن أفعل مثل الذي تفعل فإن كنت فاعلا لا بد فاقرأه قراءة تسمع أذنيك ويعيه قلبك

«Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)га: «Мен қироатни тез ўқийдиган одамман, кўп ҳолларда Қуръонни бир кечада бир марта ёки икки марта ҳам ўқиб ташлайман», дедим. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) менга: «Сенинг бундай қилганингдан кўра мен битта сурани ўқиганим менга ажойиброқдир. Агар сен Қуръон ўқийдиган бўлсанг, сенга шундай бир қироат қилиш лозимки, уни икки қулоғинг ҳам эшитсин, қалбинг ҳам тушунсин» (Байҳақий, 2/3867).

Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг бундай дегани ҳам аслида юқоридаги маъноларга тааллуқли ҳисобланади:

لأَنْ أَقْرَأَ الْقُرْآنَ فِي شَهْرٍ أَحَبُّ إلَيَّ مِنْ أَنْ أَقْرَأَهُ فِي خَمْسَ عَشْرَةَ ، وَلأَنْ أَقْرَأَهُ فِي خَمْسَ عَشْرَةَ أَحَبُّ إلَيَّ مِنْ أَنْ أَقْرَأَهُ فِي عَشْرٍ ، وَلأَنْ أَقْرَأَهُ فِي عَشْرٍ أَحَبُّ إلَيَّ مِنْ أَنْ أَقْرَأَهُ فِي سَبْعٍ أقف وَأَدْعُو

«Менга Қуръонни бир ойда ўқиганим уни ўн беш кунда ўқиганимдан кўра севимлироқ. Ўн беш кунда ўқиганим эса ўн кунда ўқиганимдан кўра яхшироқ. Ўн кунда ўқиганим эса етти кунда ўқиганимдан маҳбуброқ. Мен Қуръонни етти кунда ўқиб тўхтатаман ва дуо қиламан» (Ибн Абу Шайба, 2/8673).

Ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаларидан бирлари мана бундай деган:

لأَنْ أَقْرَأَ الآيَةَ بِإِعْرَابٍ أَحَبُّ إلَيَّ مِنْ أَنْ أَقْرَأَ كَذَا وَكَذَا آيَةً بِغَيْرِ إعْرَاب

«Менга битта оятни эъроб билан ўқиганим, мана шунча – мана шунча оятни эъробсиз ўқиганимдан кўра яхшироқ!» (Ибн Абу Шайба, 10/30538).

Бу ерда оятларнинг эъробларига аҳамият бериб ўқишдан ҳарфлар махражлари, калималарнинг оятлардаги ўрнига аҳамият бериб, маъно-мазмунга қараб қироат қилиш назарда тутилган.

Тобеъинлардан Муҳаммад ибн Каъба ал-Қуразий (р.ҳ.)нинг мана бу гапи ҳам юқоридаги маънода бўлса ажаб эмас:

سَمِعْتُ مُحَمَّدَ بْنَ كَعْبٍ الْقُرَظِيَّ يَقُولُ: لأَنْ أَقْرَأَ: {إذَا زُلْزِلَتْ} وَ{الْقَارِعَةُ} أُرَدِّدُهُمَا وَأَتَفَكَّرُ فِيهِمَا أَحَبُّ إلَيَّ مِنْ أَنْ أَهُذَّ الْقُرْآنَ.

«Иза зулзилат  ва ал-Қориъату  сураларини такрор қилиб, тафаккур билан ўқиганим, Қуръоннинг ҳаммасини ўқиганимдан кўра менга севимлироқ!» (Ибн Абу Шайба, 10/30786).

Хулафои рошидинлардан бири Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) бомдод намозида  Юсуф  ва  Ҳаж сураларини жуда секин қироат қилганлиги маълум (Молик, «Муватто», 1/183; Байҳақий, 2/3827; Шофеий, 1/1063; Ибн Абу Шайба, 1/3568; Таҳовий, 1/1077). Ҳатто одамлар ушбу икки сурани Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) намозда тез-тез жуда секин ўқийверганидан ёдлаб олишган экан (Абдурраззоқ, 2/2715).

Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) ривоятида Ибн Журайж→Ибн Абу Мулайка→Умму Салама (розияллоҳу анҳо) нақлида Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қироатларини кўрсатиб, «Бисмиллаҳи-р-роҳмани-р-роҳим»ни ҳарма-ҳарф жуда секин қироат қилиб берган. Кейинги ровийлардан Аффон (раҳимаҳуллоҳ) бўлса, оятни кесиб, тўхтаб-тўхтаб қироатни кўрсатганини Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) ёзиб қолдирган (Аҳмад, 6/26785).

Ўтган салафи солиҳинларнинг кўпчилиги Қуръонни шошмасдан, секин, ҳар бир ҳарфни ўз ҳаққида тўла адо қилиб ўқишлари билан шуҳрат қозонган. Жумладан, Фузайл ибн Аёз (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам худди шундай қироат қилар экан. Унинг қироатини бу тариқада тавсифлашган: قراءة حزينة شهية بطيئة مترسلة كأنه يخاطب إنسانا – «Ҳазин, севимли, секин, аниқ қироат бўлиб, худди бирор одамга хитоб қилаётгандек бўларди» (Абу Нуайм, «Ҳилят ал-авлиё», 8/86).

Юқоридаги ҳадиси шарифларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан ҳофизлар қироатни шошмасдан, чайналмасдан, ҳарфларни аниқ, махражларидан тўғри чиқариб, ҳар бир ҳарфнинг ҳаққини тўла адо қилиб қироат қилишни таъкидлаганлар. Ушбу ҳадислардан оятлар охирида тўхташ маъноси борлигини ҳам мутлақ инкор қилиб бўлмайди. Бироқ қайсидир оятнинг ўзидан кейинги оятга маъно жиҳатдан жуда кучли тааллуғи бўлса, унда аввалги оятларда тўхтамасдан, улардан ўтиб маъно тўла бўлганидан кейин тўхташ керак бўлади. Бу ҳақида Ибн ан-Нуҳҳос (раҳимаҳуллоҳ) бундай деган:

من التبيين تفصيل الحروف والوقف على ما تم معناه منها

«Баён қилиш жумласидан бири ҳарфларни ажратиб айтиш ва маъноси тўлиқ бўлган жойда тўхташдир» («Ал-Қатъ ва-л-эътиноф», 1/74).

Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий (раҳимаҳуллоҳ) айтишича, юқорида келтирилган Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ва бошқаларнинг ҳадисидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръоннинг ҳамма жойида, барча оятларда тўхтаганлар, деган қатъий фикр чиқмайди. Чунки  ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг  Сураи Фотиҳадан бошқа сураларда ҳар бир оятда тўхтаб ўқиганликларига, шунингдек, оятлар ўртасида умуман тўхтамаган деган фикрга ҳеч қандай далолат йўқ (Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ас-сунан. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 1210). Ат-Таҳонавий (раҳимаҳуллоҳ) айтишига қараганда, Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг мазкур ҳадиси оятларни бўлиб ўқишнинг васлдан кўра афзал эканига далолат қилади, холос.

Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятларни билдириш, уларнинг ўрнини ва оятлар сонини кўрсатиш мақсадида таълим учун ҳар бир оятда тўхтаганлар, дейиладиган бўлса ҳам, асло ҳар бир оятда тўхташнинг суннат экани келиб чиқмайди. Чунки   суннат бўлиши учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўша ишни тааббудий – ибодат тарзида қилган бўлишлари керак ва бу ҳол саҳиҳ ҳадислар ила исботланиши лозим. Шунинг учун ҳам қироат олимларидан Имом ал-Жаъбарий (раҳимаҳуллоҳ) ҳар оятда тўхташ баҳсида бундай деган эди:

وهم فيه من سماه وقف السنة لأن فعله صلى الله عليه وسلم إن كان تعبدا فهو مشروع لنا وإن كان لغيره فلا

«Олимлардан баъзиси вақфни суннат деб «суннат вақфи» деб номладилар, чунки уни Расулуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ) қилган эканлар. Агар у тааббудий бўлган бўлса, бизга қонуний бўла олади, акс ҳолда у бизга шариат бўлиб ҳисобланмайди» (Бунинг учун қаранг: Бадриддин аз-Заркаший. Ал-Бурҳон фий улум ал-Қуръон. 1-жилд. – Қоҳира: Мактабат ат-турос, 1957. – Б. 98).

Қироат олимлар бу борада нима деганлар?

Ҳар бир оятда тўхташ лозим эмаслиги ҳақида қироат олимлари ва ислом уламолари ўз фикрларини баён қилганлар. Шуни айтиш керакки, машҳур етти қироат олимларидан фақат бир нафари – Абу Амр ибн ал-Ало: «Агар оятнинг боши бўладиган бўлса, унда тўхтаб сукут қилганим яхшироқ», деган (Абу Амр ал-Доний. ал-Муктафий фи-л-вақф ва-л-ибтидо. – Байрут: Муассаса ар-рисола, 1987. – Б. 146).

Имом Осим (раҳимаҳуллоҳ) ва ал-Кисоий (раҳимаҳуллоҳ) эса маъно тўлиқ бўладиган жойда тўхташ учун ҳаракат қилганлар. Имом Ҳамза (раҳимаҳуллоҳ) ўз услубига кўра мадларни ўта чўзимда олгани боис нафас етмаган жойдаёқ тўхташни маъқул кўрган. Қолган барча қироат имомлари вақф ўринларига катта аҳамият берганлар (Шамсиддин ал-Жазарий. ан-Нашр фи-л-қироат ан-нашр. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 238).

Шамсиддин ал-Жазарий (раҳимаҳуллоҳ) «Ан-Нашр»да ишончли тобеинлардан Абдуллоҳ ибн Абу ал-Ҳузайл (раҳимаҳуллоҳ)нинг оятнинг баъзисини ўқиб, баъзисини ўқимасдан қўйишни макруҳ санаганини зикр қилган. Яна унинг: إذا قرأ أحدكم الآية ، فلا يقطعها حتى يتمها – «Агар сизлардан бирларингиз оятни қироат қилса, уни то тугагунча тўхтатмасин!» деган гапини ҳам эслатган (Шамсиддин ал-Жазарий. ан-Нашр фи-л-қироат ан-нашр. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 239-240).

«Ат-Тибён»да ҳам Абдуллоҳ ибн Абу ал-Ҳузайл (раҳимаҳуллоҳ)нинг ушбу фикри келтирилган (Яҳё ибн Шараф ан-Нававий. Ат-Тибён фий одоби ҳамалат ал-қуръон. – Байрут: Дор ан-нафоис, 1992. – Б. 78).

Мазкур тобеиннинг гапидан оят ўртасида тўхтамаслик, маъно тугал бўлганида тўхташ кераклиги чиқади. Унинг бу гапидан ҳар бир оятда тўхташ мумкинлиги ҳам чиқади. Бироқ  бундан оятнинг маъноси ўзидан олдинги ёки кейинги оятга боғлиқ бўлса, унда тўхтаб қолмаслик маъноси ҳам келиб чиқади. Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) айнан мана шу маънода тушунгани учун оятлар маъноси бир-бирига уланиб кетадиган бўлса, ҳатто аъшорлар ва ҳизбларда ҳам тўхтамаслик кераклигини баён қилган ва бу борада бир қанча оятларни келтириб ўтган.

Имом аз-Заркаший (раҳимаҳуллоҳ)нинг айтишига қараганда, оятларнинг маъноси бир-бирига боғлиқ бўладиган бўлса, унда тўхтамаслик кераклигини кўпчилик қироат олимлари қўллаб-қувватлаган экан. Жумладан, у бундай деб ёзади:

واعلم أن أكثر القراء يبتغون في الوقف المعنى وإن لم يكن رأس آية

«Билгинки, кўпчилик қорилар маънода тўхташга интилдилар, гарчи у оятнинг боши бўлмаса ҳам» (Бадриддин аз-Заркаший. ал-Бурҳон фий улум ал-Қуръон. – Б. 350).

«Ан-Нашр» соҳибининг ҳам ҳар бир оятда тўхташ кераклигини айтган олимларни номма-ном санаганидан ушбу фикрга кўпчилик олимлар қўшилмаганини билиш мумкин. Шунинг учун ҳам тарихда оятлар мазмуни бир-бирига боғлиқ бўладиган бўлса, уларда тўхтамаслик мақбуллигини ёқлаб чиққан олимлар жамоаси юзага келди ва бу борада алоҳида «Ал-Вақф ва-л-Ибтидо» номли китоблар туркуми пайдо бўлди. Ҳозиргача ушбу туркумдаги етмишдан ортиқ китоб ва рисолалар ёзилгани маълум. Буларга асосан Қуръон нусхаларида оятларнинг боши-охири бўладими, ўртаси бўладими, фарқ қилинмасдан уларнинг маъноларига қараб тўхташ ёки тўхтамаслик аломатлари қўйиладиган бўлди. Худди оят ўрталарида (لا) белгиси қўйилганидек, оят боши-охирига ҳам бу белги қўйилиши мумкин бўлди. Бу тўхтамаслик аломати эди. Имом Сажовандий (раҳимаҳуллоҳ), «Ал-Хулоса» соҳиби, ал-Жаъбарий (раҳимаҳуллоҳ), ал-Қуммий (раҳимаҳуллоҳ) кабилар буларнинг бошида турган уламолар бўлиб, тарихда қолди.

Имом Саховий (раҳимаҳуллоҳ) Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо) ҳадисини шарҳлар экан, айрим уламолар ушбу ҳадисга биноан ҳар бир оятда тўхташни суннат деганларини қайд қилади. Бироқ  ушбу суннат дейилиши ҳар бир оятга тегишли бўлиши мумкин эмас, ундан айрим оятларни истисно қилишга тўғри келади, деган фикрни илгари суради. Имом Саховий (раҳимаҳуллоҳ)нинг фикрича, масалан, فَوَيْلٌ لِلْمُصَلِّين«Фа-вайлун ли-л-мусоллин» (Моъун, 4) оятида тўхташ мумкин эмас. Чунки  вайл намозхонларга эмас, балки намозларини эсдан чиқарувчиларга бўлаётгани аниқ. Бинобарин, маъно бузилмаслиги учун бу оятда тўхтамасдан, кейинги оятга улаб қироат қилиш керак бўлади (Илмиддин ас-Саховий. Жамол ал-қурро. 2-жилд. – Маккат ал-мукаррама: Мактабат ат-турос, 1987. – Б. 553). Шунингдек, унинг фикрича, وَالضُّحَى«Ва-з-Зуҳа!»нинг ўзи бир оят бўлса-да, бироқ  ушбу қасамнинг жавоби кейинги оятда айтилаётгани боис унинг ўзида тўхтаб бўлмайди. Бу барча қасам оятларига тегишли: وَالطُّور«Ва-т-Тур!», ق وَالْقُرْآنِ الْمَجِيد«Қоф, ва-л-Қуръани-л-мажид!» кабилар ҳам шулар жумласидандир. Мавлоно Али ал-қори (раҳимаҳуллоҳ) эъроб ва маънони мулоҳаза қилмасдан тўхтовчи кимса аниқ хатокор эканини таъкидлаб, мисол тариқасида «Фа-вайлун ли-л-мусоллин» да тўхташни келтирган (Али ал-қори. Ал-Минаҳ ал-фикриййа би-шарҳ ал-Муқаддима ал-жазариййа. – Қозон, 1887. – Б. 91).

Қизиғи, Имом ал-Жазарий ( раҳимаҳуллоҳ) ҳар бир оятда тўхташ суннатлигини айтиб, ўзи маъно бузиладиган, муносиб маъно чиқмайдиган жойда тўхташдан Аллоҳ асрасин, дея бунга мисол тариқасида «Фа-вайлун ли-л-мусоллин»да тўхташни зикр қилган ва бундай ўринларда тўхташ жоиз эмас, фақат изтирор (нафас етмасдан) тўхташ мумкин, холос, деган (Шамсиддин ал-Жазарий. ан-Нашр фи-л-қироат ан-нашр. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 229-230).

Ҳар бир оятда тўхташ суннат дейдиган Ал-Доний ( раҳимаҳуллоҳ) ҳам «Фа-вайлун ли-л-мусоллин» да тўхташни қабиҳ санаб, бу ерда тўхталадиган бўлса, асли зотида яхши ҳисобланган намозхонларга вайл бўлиб қолади, деган. Шунинг учун унинг фикрича, кейинги оятни қўшиб, уни вайл қилинганлар жумласидан чиқариб, бу ерда вайл намозни айрим ҳолларда унутадиганларга бўлгани боис «Аллазийна ҳум ъан солãтиҳим сãҳун»ни бирга қироат қилиш керак (Абу Амр ал-Доний. ал-Муктафий фи-л-вақф ва-л-ибтидо. – Байрут: Муассаса ар-рисола, 1987. – Б. 151-152).

Демак, ҳар бир оятда тўхташни ёқлайдиган Имом ал-Жазарий ( раҳимаҳуллоҳ) ва Имом ал-Доний ( раҳимаҳуллоҳ) фикрларига кўра ҳам оятларнинг бир-бирига тааллуқли ва маъно умуман бузилиб кетиши хавфи бўлган ўринларида маънони тугал қилиш мақсадида тўхтамасдан ўтиш лозим бўлади. Абу Яҳё Закариё ал-Ансорий ( раҳимаҳуллоҳ) бундай деб ёзади:

و الناس مختلفون فى الوقف فمنهم من جعله على مقاطع الانفاس و منهم من جعله على رؤس الآى و الأعدل انه قد يكون فى اوساط الآى و ان كان الاغلب فى أواخرها و ليس آخر كل آية وقفا بل المعانى معتبرة و الانفاس تابعة لها و القارئ اذا بلغ الوقف و فى نفسه طول يبلغ الوقف الذى يليه فله مجاوزته الى ما يليه فما بعده فان علم ان نفسه لا يبلغ ذلك فالأحسن له لا يجاوزه

«Одамлар вақф борасида турличадирлар. Айримлар тўхташни нафасларининг тўхтаган жойида деб биладилар. Айримлар эса тўхташни оятнинг бош (охир)ларида бўлади, дейдилар. Тўхташ гарчи кўпинча оятларнинг охирларида бўлса ҳам, бироқ тўхташ оятнинг ўрталарида бўлгани энг адолатлироғидир. Ҳар бир оятнинг охирида тўхташ йўқ! Балки тўхташда маъно-мазмунлар эътиборлидир, нафаслар унга эргашувчи – тобедир. Қори бирорта вақфга етса-ю, нафасида кейин келадиган вақфга етишга қодирлик сезса, унга кейинги вақфгача ўтиб кетиши жоиз бўлади. Агар нафаси бунга етмайдиган бўлса, яхшиси вақфлардан ўтиб кетмасин» (Абу Закариё ал-Ансорий. «Ал-Муқсид ли-талхис ма фий ал-Муршид». – Истанбул, 1903. – Б. 2).

Аллоҳ таолонинг мана бу ояти каримаси бор:

وَلَوْ فَتَحْنَا عَلَيْهِم بَاباً مِّنَ السَّمَاءِ فَظَلُّواْ فِيهِ يَعْرُجُونَ{14}

«Ва лав фатаҳна ъалайҳим бабан(м) мин ас-самаи фа-золлу фиҳи йаъружун» (Ҳижр, 14).

«Ал-Муқсид»да айтилишича, мазкур ояти каримада тўхтаб бўлмайди, чунки бу оятда маъно тугал эмас (Абу Закариё ал-Ансорий. Ал-Муқсид ли-талхис ма фий ал-Муршид. – Истанбул, 1903. – Б. 3). Маъно тўлиқ бўлишлиги учун кейинги оятни ўқиш керак. Бинобарин, бу ерда тўхтамасдан ўтиб кетиб, кейинги оятни ҳам ўқиш керак:

لَقَالُواْ إِنَّمَا سُكِّرَتْ أَبْصَارُنَا بَلْ نَحْنُ قَوْمٌ مَّسْحُورُونَ {15}

«Ла-қолу иннама суккират абсоруна бал наҳну қовмун (м) масҳурун» (Ҳижр, 15).

«Ал-Муқсид»да Сод  сурасидаги мана бу оятларни ҳам шу тариқда дейилган («Ал-муқсид ли-талхис ма фи-л-муршид», 1/5):

قَالَ فَبِعِزَّتِكَ لَأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ {82} إِلَّا عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ {83}

«Қола фа-би-ъиззатика ла-уғвийаннаҳум ажмаъин, илла ъибадака минҳум ул-мухласин» (Сод, 82-83).

Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий ( раҳимаҳуллоҳ) Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадисини шарҳлар экан, ҳар бир оятда тўхташни қайд қилиб, хослаш керак, дейди. Чунки  унинг фикрича, эшитувчининг қулоғига оғир туюладиган ўринларда ҳадеб тўхтайвериш тўғри келмайди. Жумладан,  Одиёт  сурасининг аввалги оятларида тўхтайверишдан кўра 5 та оятни бирданига ўқиш эшитувчига ҳам, ўқувчига ҳам гўзал қироат бўлиб туюлади. Бунга «Заййину-л-Қуръона би-асвотикум ва ҳаббируҳу таҳбиро!»(«Қуръонни овозларингиз ила зийнатланг ва уни ғоятда гўзал қилиб ўқинг!») маъносидаги ҳадиси шарифлар далолат қилади (Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ас-сунан. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 1209-1210).

Ҳар бир оятда тўхташ мутлақо суннат дейдиган ал-Доний раҳимаҳуллоҳ), Имом ал-Жазарий ( раҳимаҳуллоҳ.) кабилар ҳам умумий ҳукмни хослаб айтганлар. Чунки  уларнинг фикрларига кўра ҳам юқоридаги каби маъно тугал бўлмаган жойда тўхташни қабиҳ деб ҳисоблаганлар.

Вақф билан сактанинг орасида фарқ борлиги кўпчилик қуръонхонларга маълум. Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг юқоридаги ҳадисларини оят бошларида тўхташда вақф эмас, балки сакта бўлган, деган уламолар ҳам йўқ эмас (Шамсиддин ал-Жазарий. ан-Нашр фи-л-қироат ан-нашр. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 243). Сакта ўринида ҳам нафас кесилиб, бир тин олиб кетилгани боис тобеинлардан Қатода ( раҳимаҳуллоҳ)  Каҳф  сурасининг биринчи ояти билан иккинчи ояти ўртасида тўхтамаслик кераклигини буюрган. Чунки  у иккинчи оятдаги «қоййиман» сўзини аввалги оятга тааллуқли эканини билдирган (Ибн ан-Нуҳҳос. Ал-Қатъ ва-л-эътиноф. 1-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 1992. – Б. 14).

Имом ал-Жазарий ( раҳимаҳуллоҳ) «Ан-Нашр» асарида саҳиҳ ривоят деб тобеинларнинг улуғларидан бири, илмда ва фиқҳда муқтадо имомлардан аш-Шаъбий ( раҳимаҳуллоҳ)нинг гапини келтирган. У كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ «Куллу ман ъалайҳа фанин(в)» (ар-Раҳмон, 26) оятида тўхтама, وَيَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ «Ва йабқо важҳу роббика зу-л-жалоли ва-л-икром»да тўхтагин!» деган экан (Шамсиддин ал-Жазарий. ан-Нашр фи-л-қироат ан-нашр. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 225).

Тобеинларнинг улуғларидан Маймун ибн Меҳрон ( раҳимаҳуллоҳ) ва машҳур халифаи одил Умар ибн Абдулазиз ( раҳимаҳуллоҳ)  Бақара  сурасининг ўн биринчи ва ўн иккинчи оятлари ўртасида тўхташдан қаттиқ қайтарган эканлар. Бунга кўра икки оятни қўшиб, ўртада вақф қилмасдан: «...иннама наҳну муслиҳуна, ала иннаҳум ул-муфсидуна ...» деб кетиш керак бўлади. Шунингдек, Маймун ибн Меҳрон ( раҳимаҳуллоҳ)  Бақара сурасининг саксон биринчи ва саксон иккинчи оятларининг ўртасида тўхташни инкор қилар экан. Ибн ан-Нуҳҳос ( раҳимаҳуллоҳ): «Ҳар қандай ҳолатда бу хилдаги маънода бир-бирига тааллуқли ўринларда тўхташ жоиз эмас», деган (Ибн ан-Нуҳҳос. Ал-Қатъ ва-л-эътиноф. 1-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 1992. – Б. 15-16).

Сураи фотиҳа да учта тўхташ бор

Қироат олимларидан мадиналик ва басралик қорилар  Сураи фотиҳанинг учта ўрнида тўхташни вақфи ҳасан деб таърифлаганлар. Бунинг биринчиси: «... Малики йавми-д-дин»да, иккинчиси: «Иййака наъбуду ва иййака настаъин»да, учинчиси: Сураи фотиҳанинг охирида. Кўфалик қорилар эса «Сураи фотиҳада тўхташ тўрт жойда бўлади, унинг биринчиси: «Бисмиллаҳи-р-роҳмани-р-роҳим» деганлар. Қироат олимлари бунга далил сифатида ҳадис ҳам келтирганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадис бор:

عن النبي صلى الله عليه و سلم من صلى صلاة لم يقرأ فيها بأم القرآن فهي خداج ثلاثا غير تمام

«Кимки намоз ўқиса-ю, унда «Умм ал-Қуръон»ни (Фотиҳа сураси) ўқимаса, у кемтикдир, кемтикдир, тўлиқ бўлмаган кемтикдир!»

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ушбу муборак гапларида Фотиҳани ўқимасликда нуқсон ва камчилик учта жойида бўлишига ишора қилинмоқда. Унга ҳадиснинг давомини ўқигандан сўнг тушуниш мумкин:

قال الله تعالى قسمت الصلاة بين وبين عبدي نصفين ولعبدي ما سأل فإذا قال العبد الحمد لله رب العالمين قال الله تعالى حمدني عبدي وإذا قال الرحمن الرحيم قال الله تعالى أثنى علي عبدي وإذا قال مالك يوم الدين قال مجدني عبدي ( وقال مرة فوض إلى عبدي ) فإذا قال إياك نعبد وإياك نستعين قال هذا بيني وبين عبدي ولعبدي ما سأل فإذا قال اهدنا الصراط المستقيم صراط الذين أنعمت عليهم غير المغضوب عليهم ولا الضالين قال هذا لعبدي ولعبدي ما سأل

«Аллоҳ таоло айтади: «Намоз мен билан бандам ўртасида тенг яримга бўлинган. Бандамга сўраган нарсасини бераман! Қачон банда: «Алҳамдулиллаҳи робби-л-ъаламин» деса, Аллоҳ таоло: «Бандам менга ҳамд айтди», дейди. Агар банда: «ар-Роҳмани-роҳим» деса, Аллоҳ таоло: «Бандам менга сано айтди», дейди. Агар у: «Малики йавми-д-дин» деса, «Бандам мени улуғлади», дейди. Бир ривоятда: «Бандам менга ўзини топширди», дейилган. Агар банда: «Иййака наъбуду ва иййака настаъин» деса, Аллоҳ таоло: «Бу мен билан бандам оарсидаги нарса, бандамга сўрагани бўлади», дейди. Агар банда: «Иҳдина-с-сирота-л-мустақима, сирот аллазина анъамта ъалайҳим, ғойри-л-мағзуби ъалайҳим ва ла-з-золлин» деса, Аллоҳ «Бу бандамники, бандамга сўрагани бўлади», дейди (Муслим, 1/395; Абу Довуд, 1/821; Термизий, 4/2953; Насоий, 1/909; Аҳмад, 2/7289; Ибн Хузайма, 1/502; Ибн Ҳиббон, 3/776; Дорақутний, 1/1201; Байҳақий, 2/2754; Баззор, 2/8779; Абдурраззоқ, 2/2767).

Бу ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло  Фотиҳа  сурасини учга бўлмоқда, биринчи қисми Аллоҳнинг ўзи учун, иккинчиси Аллоҳ билан бандаси учун, учинчи қисми эса банданинг ўзи учун бўлиши айтилмоқда. Демак, дейишади қироат олимлари:  Фотиҳа  сурасидаги вақфлар ҳам учта бўлади!

Имом ал-Доний ( раҳимаҳуллоҳ) ҳам ушбу ҳадиси шариф  Фотиҳа  сурасида учта вақфи томм борлигига далолат қилади, деган (Абу Амр ал-Доний. ал-Муктафий фи-л-вақф ва-л-ибтидо. – Байрут: Муассаса ар-рисола, 1987. – Б. 156).

Шунга кўра, Абу Яҳё Закариё ал-Ансорий ( раҳимаҳуллоҳ) «Ар-Роҳмани-роҳим»дан ҳамда «Малики йавми-д-дин»дан бошлаб ўқишни қабиҳ деб санаган ва улар ўзидан олдинги оятга тааллуқли бўлгани боис жар – касра ўқилади, деган (Абу Закариё ал-Ансорий. Ал-Муқсид ли-талхис ма фий ал-Муршид. – Истанбул, 1903. – Б. 3).

Ибн ан-Нуҳҳос ( раҳимаҳуллоҳ) айтишига қараганда, қироат олимларининг барчасининг  Сураи Фотиҳани ўқишдаги қироатлари учта вақф асосида бўлиб, бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан, ул Зотнинг асҳоблари, тобеинлар, таба тобеинлар ва мусулмонлар жамоасидан муттасил ҳолда нақл қилинган ва бу ижмоъ бўлиб, ҳужжат ҳисобланади (Ибн ан-Нуҳҳос. «Ал-Қатъ ва-л-эътиноф». 1-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 1992. – Б. 24).

Қайси оятларда тўхталиб, қайсиларида тўхталмайди?

Имом ас-Сажовандий ( раҳимаҳуллоҳ) Қуръони Каримнинг вақф ўринларини текширган ва пухта ўрганиб, амалиётга таклиф қилган таниқли олимлардан биридир. Кейинчалик унинг таклифига кўра Қуръон нусхаларига вақф аломатлари кенг миқёсда қўйила бошлаган. У тўхташ мумкин бўлмаган жойларга (لا) аломатини қўйган бўлиб, бу لا تقف – «Тўхтама!» ёки لا وقف – «Тўхташ йўқ» деган маънони билдиради. Бунда Имом ал-Жазарий айтишига қараганда, мутлақо тўхташ мумкин бўлмаган ўринлар билан бирга, тўхташ мумкин-у, бироқ кейинги сўздан бошлаш ноқулай бўладиган ўринларга ҳам ушбу рамзий маъно қўйиб кетилган (Шамсиддин ал-Жазарий. Ан-Нашр фи-л-қироат ан-нашр. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 334).

Қироат олимларидан Имом ал-Доний ( раҳимаҳуллоҳ) вақфларни тўртта қисмга: томм (тўлиқ, мутлақ), кофий (жоиз, ҳасан), солиҳ (мумкин) ва қабиҳ (ёмон) турларга ажратган. Бошқалар томм, кофий-ҳасан ва қабиҳга, айримлар эса томм ва қабиҳга ажратганлар. Абу Яҳё Закариё ал-Ансорий ( раҳимаҳуллоҳ) улар сонини тўққизтага етказган. Томм вақфда маъно-мазмун ва лафз тўлиқ баён қилиниб бўлгани боис тўхташ ва кейинги сўздан бошлаш мумкин. Кофий дейилган вақфда эса тўхташ ва кейинги сўздан бошлаш мумкин. Бироқ, кейинги сўзда лафзий жиҳатдан эмас, маъно жиҳатдан боғлиқлик бўлади. Вақфи ҳасанда эса тўхташ мумкин, бироқ кейинги сўздан бошлаш яхши эмас. Чунки  кейинги ибораларда тўхташдан аввалги ибораларга лафзда ҳам, маънода ҳам тааллуқли жойи бўлади. Қабиҳ вақфда эса маъно мутлақо бузилиб, фосид мазмун юзага келиб қолган ўринларда тўхташга нисбатан айтилади.

Ибн ан-Нуҳҳос ( раҳимаҳуллоҳ) айтишича, қироат ва тафсирга олим, қуръоний қиссалар билан таниш, араб тилини ва луғатларини билувчи, наҳв қоидаларини чуқур ўзлаштирган, фақиҳларнинг Қуръон ҳукмларини олишдаги бир-бирлари билан қилган ихтилофларидан хабардор кимсалар ўзлари Қуръоннинг вақф ўринларини билиб, шунга амал қилиб, вақф қилиб қироат қилаверадилар. Бошқалар эса вақф ва ибтидо илмини билувчи қироат олимларининг Қуръон нусхаларида белгилаб берган вақф ўринларига риоя қилишлари керак бўлади (Ибн ан-Нуҳҳос. Ал-Қатъ ва-л-эътиноф. 1-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 1992. – Б. 18-21).

Хулоса

Юқоридаги маълумотларга хулоса қилинадиган бўлса, Қуръони Каримнинг қироати ва тиловати вақтида ҳар бир оятда вақф қилиб, тўхташ суннат деб умумий қилиб айтиш, уни Қуръоннинг барча оятларига тегишли, дейиш тўғри эмаслиги келиб чиқади.

Биринчидан, бунга далил сифатида кўрсатиб келинган Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадиси асосан заиф ва ғариб бўлиб, битта йўлдан ривоят қилинган, холос. Ушбу ҳадиснинг саҳиҳ деб ҳисобланган ривоятлари борасида ҳам таниқли ҳадисшунослар томонидан унинг исноди ва матнига тегишли – исноди муттасил эмас, матнида изтироблар борлиги ҳақидаги гап-сўзлар ўртага ташланган.

Иккинчидан, Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадисини далил сифатида айтиб, оят охирларида тўхташни суннат дегувчилар орасида, жумладан, машҳур қироат олимлари ал-Доний ( раҳимаҳуллоҳ) ва ал-Жазарий ( раҳимаҳуллоҳ) ҳамда ас-Саховий ( раҳимаҳуллоҳ) кабилар уни Қуръоннинг барча оятларига тегишли эмаслигини, унда истисно борлигини далиллар билан қайд қилганлар. Бундай истиснони эса ҳар бир оятда тўхташ суннат, демайдиганлар ҳам айтадилар. Чунки тарихда ўтган машҳур қироат олимларидан фақат бармоқ билан санарлисигина ҳар бир оятда тўхташ суннат, деб қаттиқ турганлар, холос. Бошқа барча қироат олимлари, саҳоба ва тобеинларнинг кўпчилиги Қуръон қироати ва тиловатида маъно-мазмунга қараб вақф қилишни лозим тутганлар ва бу ижмоъ сифатида кейинги авлодларга мутавотир бўлиб ўтиб келмоқда.

Учинчидан, Имом ал-Доний ( раҳимаҳуллоҳ), ал-Жазарий ( раҳимаҳуллоҳ) ҳамда ас-Саховий ( раҳимаҳуллоҳ) кабилар ҳам «Фа-вайлун ли-л-мусоллин»каби оятларда тўхташни қабиҳ санаганлар. Зотан, бундай ўринларда тўхташ маънонинг бузилишига, ўқувчи ва эшитувчини қуръоний маъно-мазмунни тўғри тадаббур ва тафаккур қила олмай қолиши мумкинлигига олиб келади. Ҳатто Имом ал-Доний ( раҳимаҳуллоҳ)  Сураи фотиҳада фақат учта ўриндагина вақфи том борлигини айтиб, унга далил сифатида ҳадиси қудсийдан мисол келтирган. Демак, Қуръоннинг қироати ва тиловатидан мақсад тадаббур ва тафаккур бўлгани боис оятлар бошида ҳам, унинг ўрталарида ҳам маъно-мазмунга қараб вақф ёки васл қилиш лозим бўлади.

Тўртинчидан, асрлар давомида Қуръоннинг қаерларида тўхтаб нафас олиш керак, қаерларида қироат ва тиловатни бошлаб ўқиш кераклигини текширган, пухта ўрганган, илмий таҳлил қилган қироат олимлари етишиб чиққанлар. Имом Сажовандий ( раҳимаҳуллоҳ) ва шу каби олимларнинг бу борадаги етмишдан ортиқ асарлари Ислом оламига тарқалди ва бу мавзу «Ал-Вақф ва-л-ибтидо» номи билан туркумлашди. Натижада асрлар давомида китобат қилинган Қуръон нусхаларида ушбу асарларда битилган тўхташ ва бошлаш қоидаларига амал қилинди. Бу ҳатто Қуръоннинг тошбосма нашрларида ҳам ўз аксини топди. Шу тариқа Қуръоннинг «Абдурраҳмон», «Абдулмалик», «Абдурраҳим», «Қозоний босма» каби ўзига хос китобат нусхалари вужудга келди. Бутун дунё мусулмонлари якдиллик билан унга асрлар давомида амал қилиб келдилар.

Бешинчидан, вақф − бу нафас олиш учун тўхташ ва тин олиш бўлиб, унда бир нафас олинади ҳамда қироат ва тиловатни давом қилдирилади; сакта эса нафас олмасдан тўхташ ҳисобланади. Бугунги кунда айрим намоз қироатларида оятлар ўртаси ва бошидаги вақфлар сакта бўлиб қолаётгани кузатилади. Бу эса катта хато ва янглишувдир. Айниқса, махфий намозларда бу нарса мутлақо эътиборсизликка учрамоқда. Намоздаги махфий қироат ҳам ошкора қироат билан бир хил бўлмоғи шарт. Аслида, вақф Қуръоннинг ҳар бир оятида (ўртаси ёки охирида) мавжуд бўлиши мумкин, сакта эса бутун Қуръоннинг фақат тўртта ёки олтита ўрнидагина бор.

Шунингдек, айрим намоз қироатларида бир сурада ҳар бир оятда тўхталинса, кейинги сурада бунга мутлақо амал қилинмаяпти ёки бир ракъатда ҳар бир оятда тўхталиб, бошқа ракъатда оятлар бир-бирига уланиб кетмоқда. Айримлар Сураи Фотиҳанинг ҳар бир оятида тўхтаб, заммсурада бундай тўхташларга амал қилмаяпти. Бу хилдаги бир хил бўлмаган хато қироат услублари жумлаи жаҳон мусулмонлари ва қироат олимлари томонидан қораланиб келади.

Хуллас, ҳар бир юртнинг асрлар давомида шаклланиб, илмий ишланиб, ижмоъ ўлароқ маъқулланиб келган ўзига хос қироат услублари бор. Маъно-мазмунга аҳамият бериб, оят ўрталари ва охирларида вақф қилиб тўхташ ёки васл қилиб тўхтамасдан ўтиш ҳам шулар жумласидандир. Бугунги ва кейинги авлод уларга қатъий амал қилгани тузук. Зотан, бошқаларга қарши ўлароқ айнан мусулмонларда эски анъаналарга ва миллий-диний урф-одатларга содиқ қолиш афзаллик ва мумтозлик ҳисобланади.

Ҳамидуллоҳ Беруний