Шафоат қилувчи Китоб
Босма

 

وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: اقْرَءُوا الْقُرْآنَ فَإِنَّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيعًا لأَصْحَابِهِ... رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Абу Умома Боҳилий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлади», деб айтганларини эшитганман» (Муслим, Аҳмад ва Табароний ривояти). 
Ушбу ривоятга кўра, Қуръон банда фойдасини кўзлайди ва уни ҳимоя қилади, банда фойдаси учун гувоҳлик беради. Бир сўз билан айтганда, Қуръон бандага шафоатчи бўлади. Қуръон қандай шафоатчи бўлиши қуйидаги ривоятларда келтирилган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон келади ва: «Эй Роббим, уни (яъни  Қуръон ўқиган бандани) кийинтиргин!» дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра: «Эй Роббим, унга зиёда қилгин!» дейди. Бас, унга каромат либоси кийдирилади. Сўнгра (Қуръон): «Эй Роббим, ундан рози бўлгин!» дейди. Бас, (Аллоҳ) ундан рози бўлади. Сўнг (Қуръон соҳибига): «Ўқи ва кўтарилиб боравер», деб айтилади. Бас, (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир ҳасана (даража) зиёда қилади» (Термизий, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).

Абу Солиҳдан ривоят қилинади: «Мен Абу Ҳурайра ( розияллоҳу анҳу): «Қуръон ўқинглар. У қиёмат куни қандоқ ҳам яхши шафоатчи? Қуръон қиёмат куни: «Эй Роббим, унга каромат безагини кийдир!» дейди. Бас, унга каромат безаги кийдирилади. «Эй Роббим, унга каромат либосини кийдир!» дейди. Бас, унга каромат либоси кийдирилади. «Эй Роббим, унга каромат тожини кийдир. Эй Роббим, ундан рози бўл. Зеро, Сенинг розилигингдан бошқа нарса йўқдир!» дейди», деб айтганини эшитганман» (Доримий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الصِّيَامُ وْالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَقُولُ الصِّيَامُ: رَبِّ إِنِّي مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ وَيَقُولُ الْقُرْآنُ: مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَيُشَفَّعَانِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَاللَّفْظُ لَهُ وَصَحَّحَهُ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالطَّبَرَانِىُّ فِي الْكَبِيرِ.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: «(Эй Роббим,) мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер». Сўнгра Қуръон айтади: «(Эй Роббим,) мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер». Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади» (Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий «Шуабул иймон»да ва Табароний «Кабийр»да ривоят қилган. Ҳадис лафзи Ҳокимга тегишли, у ҳадис санади саҳиҳ, деган).

Ушбу ривоятда ҳам Қуръон охиратда бандани қандай шафоат қилиши тасвирланмоқда.

«Шафоат» арабча сўз бўлиб, «бирон нарсани талаб қилиш», «кимнингдир ҳаққига яхшилик сўраб дуо қилиш», «ҳамроҳ бўлиш» каби маъноларни англатади. Демак, рўза ва Қуръон охиратда Аллоҳ таолодан рўза тутган, Каломуллоҳни ихлос билан тўғри тиловат қилган банда гуноҳларини кечириб, ундан рози бўлишини ва жаннатга киритишини сўрар экан.

Уламолар Қуръон ва рўзанинг шафоатини бир неча хил таъвил қилишган:

– қиёмат куни Қуръон ва рўзанинг савоби жисм шаклига кириб, гапиради. Зеро, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир;

– Аллоҳ улар номидан бир фариштани вакил қилади ва ўша фаришта гапиради;

– ҳадисда мажоз ва ўхшатиш услубидан фойдаланилган.

Нима бўлганда ҳам, рўза ва Қуръон охиратда банда фойдасига гувоҳлик бериши аниқ. Бунинг учун Рамазон рўзасидан ташқари, нафл рўзалар тутиш ва Қуръонни мунтазам тиловат қилиб туриш  лозим.

Ҳадисда Қуръони Каримни кечаси тиловат қилиш афзалроқ экани таъкидланмоқда.

وَعَنْ مُجَاهِدٍ عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: يَجِىءُ الْقُرْآنُ يَشْفَعُ لِصَاحِبِهِ يَقُولُ: يَا رَبِّ لِكُلِّ عَامِلٍ عُمَالَةٌ مِنْ عَمَلِهِ وَإِنِّى كُنْتُ أَمْنَعُهُ اللَّذَّةَ وَالنَّوْمَ فَأَكْرِمْهُ فَيُقَالُ: ابْسُطْ يَمِينَكَ فَتُمْلأُ مِنْ رِضْوَانِ اللهِ ثُمَّ يُقَالُ: ابْسُطْ شِمَالَكَ فَتُمْلأُ مِنْ رِضْوَانِ اللهِ وَيُكْسَى كِسْوَةَ الْكَرَامَةِ وَتَحِلُّ عَلَيْهِ الْكَرَامَةُ وَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Мужоҳид Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: МҚуръон (қиёмат куни) келиб, ўз соҳибини шафоат қилади ва: «Эй Роббим, ҳар бир амал қилувчи ўз ишидан мукофот олади. Мен уни лаззат ва уйқудан тўсдим. Бас, уни эъзозла!» дейди. Шунда: «Ўнг қўлингни чўз!» дейилади. У(нинг қўли) Аллоҳнинг розилиги билан тўлади. Кейин: «Чап қўлингни чўз!» дейилади. У(нинг чап қўли ҳам) Аллоҳнинг розилиги билан тўлади. Унга каромат либоси кийдирилади. Унга каромат ярашади (ёки ҳалол бўлади). Сўнг унга каромат тожи кийдирилади» (Дорақутний ривояти. Ривоят санади ҳасан[1]).

Байҳақий «Шуабул-иймон»да Зирр ибн Ҳубайшдан, у эса Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан қилган шу маънодаги ривоятни келтирган.

Демак, Қуръон ўқиган, умуман Қуръон ҳақларини адо қилган бандалар охиратда Аллоҳнинг розилигини қозонар ва унга иззат-икром кўрсатилар экан.
Одилхон қори Юнусхон ўғли тайёрлади

[1] Ҳусайн Сулайм Асад: «Ушбу ривоят санади Осим сабабидан ҳасандир», деган.