Илоҳий мўъжизалар
Босма

КИРИШ

Инсоният яратилиб ер юзида яшай бошлаган пайтлардан тортиб ҳозирги кунимизгача табиатни англашга, яратилишдан мақсад  ва умуман, ҳаётдан мақсад не эканини тушунишга ҳаракат қилиб келади.

 

Шу саволга тўғри жавоб ўлароқ, асрлар оша турли цивилизациялар бўйлаб  такомиллашиб борган дин инсоният ҳаётининг шаклланишида бош омил бўлди, тарихий жараёнларда ўз ўрнини кўрсатди. Ёзма манбаларга асосланган динлар борки, уларни ўз эргашувчилари томонидан илоҳий деб даъво қилинади, яна баъзилари борки, улар фақатгина инсоний тажрибалар асосига қурилган бўлади.
Ислом динининг асосий манбаси бўлмиш Қуръон, шу йўлга эргашувчилар − мусулмонлар томонидан тўлалигича илоҳий деб эътиқод қилинади, ишонилади. Мусулмонлар, ушбу Қуръон бутун башарият учун тўғри йўлни кўрсатиб берувчи китоб, деб ҳам иймон келтиришади. Модомики, Қуръон келтирган хабарлар, йўлланмалар барча замонлар учун тааллуқли деб эътиқод қилинар экан, дарҳақиқат, бу барча даврлар учун мос бўлиши керак. Бироқ Қуръон бу борада қандай фикрда?
Мен ушбу китобчада Қуръоннинг илоҳийлиги борасидаги исломий эътиқодларни замонавий илм-фанда исботланган кашфиётларга кўра холисона таҳлил қилишга ҳаракат қиламан.
Дунё цивилизацияси тарихида мўъжизалар сабабият қонуни ва мантиқни ожиз қолдирган даврлар бўлган. Шу ўринда, мўъжизанинг умумий таърифини келтирсак, унга кўра, одатий бир шароитда содир бўладиган ҳамда инсон ақлини ожиз қолдирадиган нарсага мўъжиза дейилади.
Бироқ  биз бирон нарсани мўъжиза деб қабул қилишда эҳтиёт бўлишимиз керак. 1993 йилда «Тhе Тimes of India» газетасида бир мақола чиқарилди, унга кўра, Баба Пилот исмли бир роҳиб уч кеча-кундуз давомий ҳолатда бир сув идиш ичида бўлганини даъво қилади. Лекин  мухбирлар ундан ўзининг «мўъжизакор ишини» амалга оширган ўша сув идишни текшириб кўришмоқчи бўлишганида, у бунга рухсат бермаган. У ўзининг бу ҳаракатини хаспўшлаш мақсадида айтган эди: «Сизлар қандай қилиб чақалоқни дунёга келтирган онанинг қорнини текшириб кўрмоқчи бўласиз?» Шундан аён бўладики, бу ерда «роҳиб» жанобларининг биздан беркитмоқчи бўлган сири бор. Унинг бу даъвоси, бор-йўғи, одамлар эътиборини тортиш мақсадидаги бир қаллобликдан бошқа нарса эмас. Аниқки, замон билан ҳамнафас, тўғри фикрлай оладиган ҳеч бир киши бунақанги «мўжизалар»га алданмайди. Ўйлаб кўрайлик, агар шунақа сохта мўъжизаларга илоҳий деб ишонилаверилса, дунёдаги барча машҳур сеҳргар – кўзбўямачиларни, усталик билан қилаётган фокусларию алдовлари сабабидан, ҳақиқий Худо − бу одам деб тан олишга тўғри келарди!
Бирон китобнинг илоҳий эканини даъво қилишлик, бу мўъжиза эканини даъво қилишлик билан баробардир. Бундай даъвони ҳар қандай замонда ўша пайт меъёрлари орқали қийинчиликсиз текшириб кўриш имкони бўлиши керак. Мусулмонларнинг эътиқодича, Қуръон – бу Аллоҳ инсониятга юборган диний таълимотларнинг охирги ва якунловчисидир, мўъжизалар мўъжизасидир ва инсоният учун раҳмат этиб нозил қилингандир. Шундай экан, келинг, бу эътиқодни замонавий илмга қанчалик мувофиқлигини ўргансак.

Қуръоннинг даъвогарларга қўйган талаби

Адабиёт ва шеърият ҳамиша барча маданиятларда инсонлар учун ўз фикрларини ифодалаш ҳамда янги ғояларни илгари суриш воситаларидан, деб ҳисоблаб келинган. Бутун дунё гувоҳи бўлганки, бир пайтлар адабиёт ва шеърият, ҳудди бугунги кундаги илм-фан ҳамда технология ривожлангани каби, ўз чўққисига чиққан.
Ҳаттоки, мусулмон бўлмаган олимлар ҳам, Қуръонни араб адабиётининг юксак намунаси – араб адабиётининг ер юзидаги тенгсиз мисоли сифатида эътироф этганлар. Қуръон  уни Худо ҳузуридан эканини рад қилувчи инсонлардан шунга ўхшаш нарса келтиришларини талаб қилади:
«Ва агар бандамизга туширилган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг.
Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар». (Қуръон 2:23-24)
Қуръон инсонлардан ундаги сураларга ўхшаш бўлган ақалли битта сура келтиришларини талаб қилмоқда. Худди шу талаб Қуръонда бир неча жойда такрорланади. Гўзалликда, балоғатда ва пурмаъноликда Қуръоний сурага ўхшаган бирор бир сура келтириш борасидаги ушбу талабга бугунги кунгача ҳеч ким жавоб бера олмаган.
Шундай бўлса-да, замонамизнинг ҳеч бир ақлли одами, шеъриятнинг энг олий кўринишида дунёни ясси, теп-текис, деб тасвирлайдиган диний китобни ҳеч қачон қабул қилмайди. Бунинг сабаби шуки, биз ҳозирда яшаётган давр – бу  инсон онги, логика ва илм-фанга урғу катта қўйилган даврдир. Қуръоннинг олий даражадаги балоғатини, гўзал тилда ёзилганини  лоҳий эканига далил деб қабул қиладиганлар кўп эмас. Илоҳий ваҳий асосида нозил бўлганини даъво қилётган ҳар қандай китоб ўзининг мантиқийлиги ва сабабият қонунига мувофиқлигига кўра ҳам қабул қилиш мумкин бўлиши керак.
Машҳур физик, Нобел Мукофоти совриндори Алберт Эйнштейн айтган эди: «Илм динсиз оқсоқдир. Дин илмсиз кўрдир». Шундай экан, Қуръонни ўрганиб замонавий фан билан қанчалик мувофиқ келиш ёки келмаслигини таҳлил қилсак.
Қуръон илмга бағишланган китоб эмас, балки  белгилар, ишоралар, аломатлар, мўъжизалар, яъни  бир сўз билан айтганда, оятлардан иборат китобдир. Қуръонда олти мингдан ортиқ оят бўлиб, улардан мингдан кўпроғи илмнинг асослари ҳақида баҳс юритади.
Бизга маълумки, кўп ҳолларда илм «У» шаклидаги йўналиш тарзига эга бўлади (яъни  аввал илгари сурилган фикр нотўғри бўлиб чиқади). Ушбу китобда камина фақат илмий исботланган фактларга мурожаат қилганман, ҳар хил фаразларгагина асосланган илмий жиҳатдан ҳеч бир асосга эга бўлмаган гипотеза ва назариялар эътиборга олинмайди.

АСТРОНОМИЯ

ОЛАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ: «УЛКАН ПОРТЛАШ» (БИГ БАНГ)

Оламнинг яратилишини астрофизиклар кўпчиликка маълум ва машҳур – «Улкан Портлаш» ҳодисаси орқали тушунтиришади. Астрономлар ҳамда астрофизиклар томонидан ўнлаб йиллар давомида тўпланган кузатиш ишлари ва тажрибалардан олинган натижалар ҳам шунга далолат қилмоқда. «Улкан Портлаш» ҳодисасига кўра, бутун олам дастлаб улкан масса (Бирламчи Туманлик) бўлган. Кейинчалик, «Улкан Портлаш» (Иккиламчи Ажралиш) содир бўлган, натижада Галактикалар юзага келган. Булар кейинроқ яна бўлиниб, юлдузлар, планеталар, қуёш, ой ва ҳоказолар пайдо бўлган. Оламнинг асли мислсиз, яъни илгари унга ўхшаши бўлмаган бўлиб, унинг «тасодифан» содир бўлганлик эҳтимоллиги нолга тенг.
Қуръонда оламнинг асли қандай бўлгани борасида қуйидаги оят бор:
«Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни… билмайдиларми?» (Қуръон 21:30)
Қуръон ояти ҳамда «Улкан Портлаш» ҳодисаси ўртасидаги ақл бовар қилмас ўхшашликни кўринг! 1400 йил илгари Араб саҳроларида пайдо бўлган бир китобда қандай қилиб бундай илмий ҳақиқат келтирилган бўлиши мумкин?!

ГАЛАКТИКАЛАР ЯРАТИЛИШИДАН ИЛГАРИ ГАЗ МАССАСИ БЎЛГАНИ

Олимларининг эътироф этишларича, оламда галактикалар шаклланишидан олдин, осмон материяси дастлаб газ ҳолатида бўлган.  Қисқача айтганда, галактикалар шаклланишидан илгари улкан газ материяси ёки булутлар мавжуд эди. Осмоннинг дастлабки материясини, яъни нимадан таркиб топганини тушунтириш учун газ сўзидан кўра «тутун» сўзи кўпроқ мос келади. Қуръоннинг қуйидаги ояти оламнинг ушбу ҳолати ҳақида бўлиб, ундаги духаан сўзи тутун деган маънони билдиради.
«Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар». (Қуръон 41:11)
Яна  ушбу факт «Улкан Портлаш» ҳодисасининг мантиқий хулосасидир, шунингдек, бу Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарликларидан илгари ҳеч кимга маълум нарса эмас эди. Шундай бўлса, қизиқ, бу билимнинг манбаси нима бўлиши мумкин?!

ЕРНИНГ ШАР ШАКЛИДА ЭКАНИ

Қадимги даврларда инсонлар ерни ясси деб билганлар. Кўп асрлар узоқ жойларга сафар қилишга журъатлари етмаган, улар ер тугаб қолиб пастга қулашдан қўрқишган! Сер Франсис Дреик ерни шар шаклида эканини исботлаган биринчи киши эди, у бу ишини 1597 йил ерни кемада айланиб чиққанидан сўнг бажарди.
Кеча ва кундузни алмашиб туриши ҳақидаги қуйидаги Қуръоний оятга эътибор беринг-а:
«Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини… кўрмадингми?!» (Қуръон 31:29)
Ушбу оятнинг маъноси: кеча секин-аста ва босқичма-босқич кундузга ўзгаради ва аксинча. Бу ҳодиса ер шар шаклида бўлганидагина содир бўлиши мумкин. Агар ер ясси бўлганида эди, кечанинг кундузга ва кундузнинг кечага ўзгариши бир лаҳзадаёқ амалга ошган бўларди.
Қуйидаги ояти карима ҳам ернинг шар шаклида эканига ишора қилади.
«У осмонлару ерни ҳақ ила яратган, кечани кундуз устига ўрайдиган, кундузни кеча устига ўрайдиган… Зотдир». (Қуръон 39:5)
Ушбу оятда «ўрамоқ» маъносини билдириб каввара сўзи келган, саллани бошга ўрашда ҳам айнан шу сўз ишлатилади. Бу нарса ернинг шакли шарсимон, думалоқ бўлганидагина содир бўлиши мумкин.
Ер ҳудди тўп каби думалоқ эмас, балки гео-сферикдир, яъни қутбларга томон яссилашиб боради. Қуйида келтириладиган оят ернинг асл шакли ҳақида маълумот беради:
«Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди». (Қуръон 79:30)
Бу оятда тухум маъносини билдириб келган сўз арабчада даҳааҳаа бўлиб, бу аслида туяқушнинг тухумига нисбатан ишлатилади. Туяқушнинг тухуми ернинг гео-сферик шаклига ўхшайди.
Шундай қилиб, ўша пайтларда ернинг ясси, деб ҳисоблаш кенг тарқалган тушунча бўлганига қарамай, Қуръон ернинг шаклини тўғри тасвирлаб бермоқда.

ОЙ НУРИНИНГ АКС ЭТТИРИЛГАН НУР ЭКАНИ

Дастлабки цивилизацияларда, ой ўз нурига эга, деб таъкидланган. Бугунги кунга келиб эса илм-фан ойнинг нури фақатгина қуёш нурининг акси эканини айтмоқда. Қуръон эса бу илмий фактни бундан 1400 йил олдин айтиб қўйган:
«Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли-буюк бўлди». (Қуръон 25:61)
Қуръондаги қуёшни билдирувчи арабча сўз шамс бўлиб, уни ифодалаб сирааж сўзи ишлатилган, бу «чироқ» маъносини билдиради ёки «машъала» маъносидаги ваҳҳааж сўзи  ёки «зиё» маъносини билдирувчи дия сўзлари ишлатилади. Бу учала таърифнинг барчаси тўғри, зеро қуёш давомий иссиқлик ва ёруғликни ички ёнув орқали ҳосил қилади.
Ойни англатувчи арабча сўз қамар бўлиб, Қуръонда уни тасвирлаб муниир сўзи келади, бу «нур таратувчи», яъни «нурни акс эттирувчи», деган маънони билдиради. Яна бир бор Қуръоний ифода ойнинг табиий ҳолатига тўлалигича мувофиқ келмоқда, яъни  ойнинг бевосита ўзи нур сочмаслиги, фақатгина қуёш нурини акс эттириши айтилмоқда. Қуръонда бирон жойда ойни ифодалаб сирааж, ваҳҳааж ёки дия сўзлари ёки қуёшни ифодалаб нур ёки муниир сўзлари келмаган. Бу шуни англатадики, Қуръонни нозил қилган Зот қуёш нури ҳамда ой нурининг бир-биридан фарқли эканини жуда яхши билган.
Қуйидаги оятлар қуёш ва ойдан келаётган нурнинг моҳиятига оид:
«У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ... Зотдир» (Қуръон 10:5)
Ва яна бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Аллоҳ етти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми? Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини кўрмадингизми?» (Қуръон 71:15-16)
Шундай қилиб, Қуръони Карим ва замонавий илм, қуёш нури ва ой нури ўртасидаги фарқ борасида ўзаро мувофиқ фикрда эканини билиб олдик.

ҚУЁШНИНГ АЙЛАНИШИ


Узоқ вақтлар европалик файласуфлар ва олимлар ерни оламнинг маркази ва бошқа барча жисмлар, шу жумладан, қуёш ҳам, унинг атрофида айланади, деган фикрда бўлганлар. Ғарбда, оламнинг геосентрик маркази дея аталган ушбу тушунча эрамиздан олдинги иккинчи асрда яшаган Птоломей давридан бери ҳукмрон эди. 1512 йилда, Николай Коперник ўзининг гелиосентрик назариясини илгари сурди, унга кўра, қуёш ўз системаси марказида ҳаракатсиз туради ва бошқа планеталар унинг атрофида айланади.
1609 йилда  немис олими Ёҳан Кепплернинг «Янги Астрономиа» китоби нашр этилди. Ўзининг ушбу китобида у қуйидагича хулосасини билдирди, планеталар нафақат ўз эллиптик орбиталари бўйлаб қуёш атрофида, балки ўз ўқлари атрофида ҳам айланиб туради. Шу нарса маълум бўлгач, европалик олимлар учун қуёш системасидаги кўплаб ҳолатлар, шу жумладан, кеча ва кундузнинг кетма-кетлигини тўғри тушунтириб беришга йўл очилди.
Шу кашфиётлардан сўнг, қуёш ўз жойидан силжимас, ер каби ўз ўқи атрофида айланмас сайёра, деб ҳисобланарди. Эсимда, мен бу нотўғри тушунчани, мактаб йилларим, география китобларидан ўқигандим.
Қуръоннинг қуйидаги оятига эътибор беринг:
«У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган Зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар». (Қуръон 21:33)
Юқорида келтирилган оятда, «сузиш» маъносида, ясбаҳуун сўзи ишлатилган. Бу сабаҳа сўзидан олинган бўлиб, киши ҳаракатининг турли кўринишларини билдиради. Агар бу сўзни текис жойда кетаётган кишига нисбатан ишлатилса, бу у кишининг думалаб кетаётганини англатмайди, балки  юриб ёки югуриб кетаётганини билдиради. Шу каби, агар бу сўзни сувдаги кишига нисбатан ишлатилса, бу уни сув оқизиб кетаётганини эмас, балки  унинг сузаётганини билдиради.
Шунингдек, агар ясбаҳ сўзини қуёш каби осмон жисмларига нисбатан ишлатилса, бу нафақат ўша жисм фазода учиб кетаётганини билдиради, балки  фазода учиш асносида айланаётганини ҳам билдиради. Мактаб ўқув дарсликларининг аксарида, ҳозирга келиб, қуёш ўз ўқи атрофида айланиши борасидаги факт ҳам киритилган. Қуёшнинг ўз ўқи атрофида айланишини қуйидаги жиҳоз ёрдамида исботлаш мумкин; бу жиҳоз қуёшнинг тасвирларини ўзида акс эттириб, стол устига ўрнатилган бўлади, бунинг ёрдамида исталган киши қуёшнинг тасвирларини текшириб кўриш имконига эга бўлади. Кузатувлардан аниқланишича, қуёшда майда доғлар бўлиб, уларнинг бир марта айланиб чиқиш вақти 25 кунга тенг экан, яъни  қуёш тақрибан 25 кунда ўз ўқи атрофида тўла бир марта айланиб чиқаркан.
Қуёш коинотда роппа-роса 240 км/сек тезлик билан ҳаракатланиб туради. У бу тезлик билан ўзимизнинг Сомон Йўли Галактикаси маркази атрофида бир марта айланиб чиқиши учун 200 миллион йил керак бўлади.
«На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар». (Қуръон 36:40)
Бу оят ҳозирги замон астрономия илми яқиндагина кашф қилган муҳим бир факт ҳақида маълумот бермоқда, яъни қуёш ва ойнинг ўз орбиталари мавжудлиги ҳамда уларнинг фазода ўз ҳаракатларига эга эканлари айтилмоқда.
Қуёшнинг ўз системаси билан бирга «Белгиланган манзил» томон ҳаракат қилаётгани замонамиз астрономиясига яқиндагина аён бўлди, бу манзилга қуёш апекси деб ном берилди. Дарҳақиқат, қуёш системаси Геркулес номли юлдузлар тўдаси (алфа лира) да жойлашган аниқ бир ўрин томон фазода ҳаракат қилмоқда. Ушбу юлдузлар тўдасининг жойлашган ўрни бугунга келиб ҳисоблаб аниқланган.
Ойнинг ўз ўқи атрофида бир марта айланиши учун кетган вақт ер атрофида бир марта тўла айланиб чиқиши учун кетадиган вақтга тенг бўлиб, бу тахминан 29  кундан иборатдир.
Қуръондаги оятларнинг илмий жиҳатдан қанчалик аниқ экани кишини ҳайратлантирмай қўймайди. Нега биз, Қуръондаги илмнинг манбаси нима, деган савол ҳақида чуқурроқ бир ўйлаб кўрмаймиз?!

ҚУЁШНИНГ БИР КУН КЕЛИБ СЎНИШИ

Қуёшдан келаётган ёруғлик унда 5 миллиард йилдан бери давомий суратда содир бўлаётган кимёвий реаксиялар туфайлидир. Келгусида  бир кун, албатта, бу ниҳоясига етади, ўшанда қуёш тўлалигича ўчади, сўнади, тугайди, натижада ер юзидаги барча тирик нарсалар ҳалок бўлади. Қуёшнинг боқий қолмаслиги ҳақида Қуръон айтади:
«Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи Зотнинг тақдир қилганидир». (Қуръон 36:38)
Бу оятда арабчада ишлатилган сўз мустақарр бўлиб, белгиланга макон ёки вақтни билдиради. Шундай қилиб, Қуръондаги хабарга кўра, қуёш олдиндан белгилаб қўйилган макон – ўз истиқрори томон муайян вақтгача жараён этади, ҳаракатда бўлади, яъни  бир кун келиб сўнади  ёки тугайди.

ЮЛДУЗЛАР АРО МАТЕРИЯНИНГ МАВЖУДЛИГИ

Илгарилари, астрономик системалардан ташқаридаги фазо вакуум деб ҳисобланарди. Кейинчалик, астрофизиклар юлдузлар аро материялардан иборат кўприклар мавжудлигини кашф қилишди. Бу кўприк материялар плазмалар деб аталиб, улар тўла ион ҳолидаги газдан таркиб топган. Ундаги газ эса тенг миқдордаги эркин электронлар ва позитив ионлардан иборатдир. Плазма материянинг тўртинчи ҳолати (бизга маълум бўлган уч ҳолат: қаттиқ, суюқ ва газ ҳолатларидан ташқари) деб ҳам аталади. Қуйидаги оятда Қуръон бизга юлдузлар аро материянинг мавжудлиги ҳақида хабар беради:
«У осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни… яратган…Зотдир». (Қуръон 25:59)
1400 йил илгари юлдузлар аро материя мавжуд экани маълум нарса эди, дейишнинг ўзи кулгилидир!

КОИНОТНИНГ КЕНГАЙИБ БОРИШИ

1925 йилда америкалик астроном Эдвин Ҳабл кузатув ишлари давомида шунга гувоҳ бўлдики, барча галактикалар бир-бирларидан тобора узоқлашиб бормоқда, яъни коинот кенгаймоқда. Бугунга келиб эса  коинотнинг кенгайиши илмий исботланган фактга айланди. Қуръон эса бу ҳолатни қуйидагича ифодалаган:
«Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз». (Қуръон 51:47)
Арабча мусиуун сўзи «бирон нарсани кенгайтириш» деб таржима қилиниши мумкин, яъни  бу коинотнинг кенгайиб боришига далолат қилади.
Атоқли астрофизиклардан бири бўлмиш Стефен Ҳовкинг ўзининг «Вақтнинг Қисқача Тарихи» китобида айтади, «Коинот кенгайиб боришининг кашф этилиши ХХ асрнинг буюк интеллектуал инқилобларидан бири бўлди». Қуръон эса  инсоният телескоп ясашни ўрганмасидан илгари, коинотнинг кенгайиб боришини айтиб қўйибди.
Кимдир айтиши мумкин: Қуръонда астрономиага оид фактларнинг келишининг ажабланарли жойи йўқ, чунки араблар астрономия соҳасида илғор эдилар. Уларнинг арабларни астрономия борасида етакчи бўлганларини эътироф этишларига қаршилигимиз йўқ, лекин  Қуръон арабларнинг фалакиёт илмида етакчи бўлиб олишларидан бир неча аср илгари нозил бўлганини улар эсдан чиқарган кўринишади. Унинг устига, юқорида эслатиб ўтилган, оламнинг яратилиши борасидаги Улкан Портлаш ҳодисаси ва бошқа бир қатор илмий фактлар, арабларга, илмда юксак чўққиларга чиққан пайтларида ҳам, маълум бўлмаган. Шундай экан, Қуръонда келган илмий фактлар арабларнинг астрономия соҳасидаги эришган ютуқлари сабабидан эмасдир. Аксинча, уларнинг астрономия, яъни фалакиёт соҳасида шундай етакчи бўлганликлари, астрономия Қуръонда ўз ўрнига эга бўлганидандир.

ФИЗИКА

АТОМЛАР ҲАМ БЎЛИНАДИ

Қадимги даврларда, «атомизм назарияси» деган тушунча кенг тарқалган эди. Бу назария греклар, аниқроғи, бундан 23 аср илгари яшаган Демокрит исмли олим, томонидан илгари сурилган. Демокрит, ундан кейин яшаб ўтган олимлар материянинг энг кичик бўлаги атом деб ҳисоблаб келишган. Қадимги араблар ҳам шу фикрда бўлишган. Арабча зарра сўзи, одатда, атом маъносини билдиради. Яқин ўтмишда, замонавий илм-фан, ҳатто, атом ҳам бўлиниши мумкинлигини кашф этди. Атомнинг янада майдароқ бўлакларга ажралишининг аниқлангани ХХ аср муваффақияти, деб ҳисобланди. Ўн тўрт аср илгари, бу тушунча, ҳаттоки, оддий араб кишиси учун ҳам ғайриоддий эди. У учун заррадан пастроқ даражани тасаввур қилишнинг ўзи бўлмасди. Шундай бўлса-да, қуйидаги Қуръоний оят бу чекловни рад этарди:
«Куфр келтирганлар: «Бизга (қиёмат) соати келмас», дедилар. Сен: «Йўқ! Ғойибни билгувчи Роббим ила қасамки, у сизларга? албатта? келур. У Зотдан осмонлару ердаги зарра вазнича, ундан кичик нарса ҳам, катта нарса ҳам ғойиб бўлмас. Илло, ҳаммаси очиқ китобдадир», деб айт». (Қуръон 34:3 )
Бу оят ҳам Худонинг шомил, мукаммал илмига далолат қилади, Унинг ҳамма нарсани, яширину ошкора бўлсин − барчасини билиб туришини англатади. Бу оят яна айтадики, Худо барча нарсадан, жумладан, атом (зарра)дан кичикроқ ёки каттароқ нарсалардан ҳам хабардордир. Шундай қилиб, ушбу оята атомдан кичикроқ нарсалар ҳам мавжуд эканини очиқ айтмоқда. Замонавий илм эса бу фактни, фақатгина яқин ўтмишда кашф қилди.


ГИДРОЛОГИЯ

СУВНИНГ АЙЛАНИШИ (СУВ ЦИКЛИ)

1580 йилда, Бернард Палисси, бугунги кунимизда «сувнинг айланиши» деб аталувчи ҳодисанинг моҳиятини тушунтириб берган биринчи киши бўлди. У океанлардаги сувнинг буғланишидан тортиб, кейинчалик совиб булутлар ҳосил қилишигача бўлган жараённи ўрганди. Булутлар қуруқликнинг ички қисми томон ҳаракатланади, у ерда суюқликка айланади ва ёмғир бўлиб ёғади. Бундан кўллар ва жилғалар ҳосил бўлиб, кейинчалик яна океанларга қайта оқиб боради, бу ҳодиса давомий суратда содир бўиб туради. Милоддан аввалги ВИИ асрда яшаган Фалес Милетский океанлар сиртидаги сувни шамол учириб кетиб, булутлар ҳосил қилади ва улардан ёмғир ёғади, деб ишонган.
Даставвал, инсонлар ер ости сувларининг манбаси нима эканини билмаганлар. Улар, океанлардаги сувлар, шамоллар таъсирида, континентларнинг ички тарафларигача етиб боради, деб ўйлашган. Улар яна, сирли йўл ёки туйнук орқали сув ўз изига қайтади, деб ишонишган. Бу йўлак океанлар билан туташ бўлиб, Платон вақтларидан бери, «Тартар» (грекча – ер ости олами) деб аталади. Ҳаттоки, ўн саккизинчи аср мутафаккирларидан бўлган Рене Декарт ҳам бу фикрга қўшилган. Ўн тўққизинчи асрда, Аристотелнинг бу борадаги назарияси ҳануз етакчи эди, унга кўра, совуқ тоғлардаги тубсиз ғорларда булутлар сувга айланиб, булоқлар манбаси бўлмиш ер ости кўлларини ҳосил қилган. Бугунга келиб бизга маълум бўлдики, ердаги ёриқлардан сизиб ўтиб йиғилиб қолган ёмғир сувлари бунинг жавоби экан.
Қуръонда бу нарса қуйидагича тасвирланади:
«Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбалардан юритиб қўйганини кўрмадингми?! Сўнгра у ила турли рангдаги экинларни чиқарур». (Қуръон 39:21)
«Ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтиради. Албатта, бунда ақл юратадиган қавм учун оят-белгилар бордир». (Қуръон 30:24)
«Биз осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерга жойлаштирдик. Албатта, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз». (Қуръон 23:18)
1400 йил илгари ёзилган ҳеч бир манба сувнинг айланиши ҳақида бунақанги дақиқ маълумот берган эмас.

БУҒЛАНИШ

«Қайтувчи (ёмғир) соҳиби бўлган осмон билан қасам» (Қуръон 86:11)

ШАМОЛЛАРНИНГ БУЛУТЛАРНИ УРЧИТИШИ

«Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик». (Қуръон 15:22)
Бу оятда келган лаваақиҳ сўзи лақиҳ сўзининг кўплик шакли бўлиб, лақаҳа сўзидан олинган, ўзи урчитиш ёки ҳосилдор қилиш маъноларини билдиради. Бу ерда, шамол булутларни бир-бирига яқинлаштиради ва конденсация юз беради, натижада чақмоқ чақиб ёмғир ёғишига сабаб бўлади, шу нарса урчитиш сўзи билан ифодаланмоқда. Қуръоннинг қуйидаги оятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат тасвирланади:
«Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра бирга тўплашини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмаяпсанми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан. У Зот осмондан, ундаги тоғлардан дўл тушириб, у билан Ўзи хоҳлаган кишиларга мусибат етказур ва уни Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Унинг чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлур». (Қуръон 24:43)
«Аллоҳ шундай Зотки, шамолларни юбориб, улар ила булутни қўзғатар ва у (булут)ни осмонда Ўзи хоҳлаганича ёяр ва бўлак-бўлак қилар, бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасан. Қачон у(ёмғир)ни Ўз бандаларидан хоҳлаган кимсаларга етказса, улар дарҳол шод бўлурлар». (Қуръон 30:48)
Гидрология борасидаги ҳозирги замон маълумотлари Қуръонда шу мавзуга тааллуқли оятлар билан тўлалигича мувофиқ келади.
Сувнинг айланиши Қуръони Каримнинг бошқа бир қатор ўринларида ҳам тасвирланган, жумладан, 7:57, 13:17, 25:48-49, 35:9, 36:34, 45:5, 50:9-11, 56:68-70 ва 67:30.

ГЕОЛОГИЯ

ТОҒЛАР ЧОДИРЛАРНИНГ ҚОЗИҒИ КАБИДИР

Геологиядаги «қатламланиш» ҳодисаси яқинда кашф этилган фактдир. Бу ҳодиса тоғларнинг қатламлари шаклланишини таъминлайди. Биз устида яшаб турганимиз, ер пўстлоғи, қаттиқ қобиққа ўхшайди, ер ичига чуқурроқ кириб борган сари, ҳарорат ошиб ва моддалар суюқлашиб боради ва кейинчалик тирик нарсадан асар ҳам қолмайди. Маълумки, тоғларнинг бундай субут ила барқарор туришларининг сабаби қатламланиш ҳодисаси билаб боғлиқдир. Ўша қатламлар тоғларнинг асосини ташкил этувчи рельефларни ҳосил қилади.
Геологларнинг бизга айтишларича, ернинг радиуси 6035 км бўлиб, биз яшайдиган қисм – ер пўстлоғининг қалинлиги бор йўғи 2–35 км. Модомики, ер қобиғи шундай юпқа бўларкан, унинг қимирлаб туриш эҳтимоллиги юқори бўлади. Бу вазиятда, тоғлар, худди чодирларни маҳкамлаб турувчи қозиқлар каби, ернинг пўстлоқ қисми барқарорлигини таъминлайди. Қуръон ҳам бу ҳолатни айнан шундай таъриифлайди:
«Ерни тўшаб қўймадикми? Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?)» (Қуръон 78:6-7)
Оятда келган автаад сўзи тиргаклар ёки қозиқлар деган маънони билдиради (чодирни тиргаш учун ишлатилган қозиқлар каби). Булар геологик қатламларнинг энг чуқур асосларини ташкил этади.
«Ер» номли китоб геология соҳасида дунёнинг кўплаб университетларида асосий қўлланма бўлиб келган. Доктор Френк Пресс ушбу китобнинг муаллифларидан бири ҳисобланади, у ўз вақтида АҚШ Фанлар Академияси Президенти лавозимида 12 йил ишлаган ҳамда Қўшма Штатлар собиқ Президенти Жимми Картернинг Фан ишлари бўйича маслаҳатчиси бўлган. У ушбу китобда, тоғларни тасвирлашда понасимон шаклни иллустрация қилиб келтиради, бу иллустрацияда тоғнинг ўзи бутун расмнинг кичик бир қисминигина ташкил қилади, катта ва асосий қисми эса  ерга чуқур кириб борувчи илдиздан иборат.  Доктор Прессга кўра, ер пўстлоғини барқарорлигини таъминлашда тоғлар юқори аҳамиятга эгадир.
Қуръон тоғларнинг вазифаси ер қимирлашини олдини олишдан иборат эканини қуйидаги оятда очиқ-ойдин айтади:
«Биз ерда уларни тебранмасликлари учун тоғлар қилдик». (Қуръон 21:31)
Қуръон бераётган таъриф замонамизнинг геологик маълумотлари билан тўлалигича мувофиқ келмоқда.

ТОҒЛАРНИНГ МУСТАҲКАМ ҚИЛИБ ЎРНАТИЛГАНЛИГИ

Ер юзаси қалинлиги 100 км лар атрофида бўлган кўплаб қаттиқ пластинкаларга бўлинади. Бу пластинкалар яримсуюқ ҳолатдаги астеносфера қатламида оқиб юради. Пластинкалар туташган жойларда эса  тоғлар ҳосил бўлади. Ер пўстлоғи океанлар остида 5 км, континентлар остида 35 км ва улкан тоғ тизимлари остида 80 км қалинликда бўлади. Мана шулар тоғларнинг мустаҳкам пойдеворлари ҳисобланади. Қуйидаги оятда Қуръон тоғларнинг ўша мустаҳкам пойдеворлари ҳақида хабар беради:
«Ва тоғларни собит қилди». (Қуръон 79:32)
Шундай қилиб, Қуръони Каримдаги тоғлар ҳақидаги маълумотлар геологиядаги замонавий кашфиётлар билан тўла мувофиқ келмоқда.

ОКЕАНОЛОГИЯ

ЧУЧУК ВА ШЎР СУВЛАР ЎРТАСИДАГИ ТЎСИҚ

«Дарё-денгизларни бир-бири билан учрашадиган қилиб қўйди. Ўрталаридаги тўсиқдан ошиб ўтолмаслар». (Қуръон 55:19-20)
Арабчада барзах сўзи тўсувчи ёки ажратувчи маъноларини билдиради. Бироқ бу моддий тўсиқ эмас. Маража сўзи эса «учрашишди ва аралашиб кетишди» маъносини билдиради. Илгарилари тафсирчилар ушбу оятдаги иккита қарама-қарши маънони тушунтириб беришга имконлари бўлмаган, яъни  икки хил сув учрашиб аралашишади дейилса-да, яна ўрталарида тўсиқ бор бўлса! Бугунга келиб, замонавий илмнинг кўрсатишича, иккита денгиз учрашадиган жойда ўртада тўсиқ бўлади. Бу тўсиқ икки денгизни бир-биридан шундай тўсадики, ҳар бир денгизнинг ўзига хос ҳарорати, шўрлик даражаси ва ҳажми сақланиб қолади.  Ҳозирда, океанологлар ушбу оятни янада аниқроқ тушунтириб бериш имконига эга бўлдилар. Икки денгиз орасида қиясимон шаффоф сув тўсиғи бўлиб, ундан сув бир денгиздан бошқасига ўтиб туради.
Бироқ эътиборлиси шуки, бир денгиздан бошқасига ўтаётганда, сув ўзининг илгариги хусусиятларини йўқотади ва қўшилган денгиз суви билан бир хил бўлиб қолади. Бу ерда, ҳалиги тўсиқ, бир денгиз суви бошқасига қўшилганида, уни ўша кейинг сувнинг хусусиятларига ўтказадиган «пост» вазифасини бажаради.
Бу ҳодиса Қуръоннинг қуйидаги оятида ҳам айтилади:
«…ва икки денгиз ўртасида тўсиқ қилган Зотми?!» (Қуръон 27:61)
Ушбу ҳодиса кўп жойларда кузатилиши мумкин, Гибралтардаги Ўрта Ер денгизи ва Атлантик Океанлари ўртасидаги тўсиқ бунга мисол бўла олади. Жанубий Африкада жойлашган Кейп яриморолидаги Атлантик ва Ҳинд океанлари учрашадиган Кейп нуқтасида ҳам бир оқ тўсиқни кўришимиз мумкин.
Бироқ  Қуръонда чучук ва шўр сувлар ўртасидаги тўсиқ ҳақида хабар келган ўринларда, ушбу тўсиқ сувларни бир-бирига қўшилишдан бутунлай тўсиши айтилади.
«У икки денгизни − буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва ораларига кўринмас тўсиқ ҳамда очилмас сарҳад қилган Зотдир».  (Қуръон 25:53)
Замонавий кашфиётлардан маълум бўлишича, дарё сувлари денгизга қуйиладиган жойлардаги  яъни чучук сув ва шўр сувлар ўртасидаги тўсиқ икки шўр денгиз сувлари ўртасидаги тўсиқдан фарқли бўлади. Фанга маълум бўлдики, дарёларнинг денгизга қуйилиш жойларида бўладиган, чучук сувдан шўрини ажратиб турадиган тўсиқ – «бу ўзига хос ҳажмдаги, икки тарафни узик-узик қилиб ажратиб турувчи ҳудуддир».  Бу қисм (ажратувчи ҳудуд) ҳар икки сув: чучук ва шўр сувлардагидан фарқли шўрлик даражасига эгадир.
Бу ҳодиса кўп жойларда кузатилиши мумкин, шу жумладан, Мисрда ҳам, Нил дарёси Ўрта ер денгизига қуйиладиган жойда шу нарсага гувоҳ бўлиш мумкин.
Қуръонда айтиб ўтилган шу каби илмий ҳодисалар Коларадо Университетида Геология Фанлари профессори, таниқли денгизшунос олим Доктор Вилям Ҳей ҳам буни тасдиқлаган.

ОКЕАН ҚАЪРИДАГИ ЗУЛМАТ

Профессор Дурга Рао денгизшунос геолог сифатида жаҳонда тан олинган, у ўз вақтида Жиддадаги Қирол Абдул Азиз Университетининг ҳам профессори бўлган. Ундан қуйидаги оят ҳақида мулоҳаза билдириш сўралган эди:
«Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшайдир. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса  булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас». (Қуръон 24:40)
Профессор Рао айтган эдики, олимлар фақатгина бугунга келиб замонавий жиҳозлар ёрдамида аниқлашларича, океанлар қаърида зулмат бўлиши тасдиқланди. Одам боласи ҳеч қандай ёрдамчи жиҳозсиз 20-30 метрдан чуқурроққа шўнғий олмайди ҳамда океаннинг чуқур жойларида 200 метрдан нарида тирик қолмайди. Бу оят барча денгизларга тааллуқли эмас, чунки барча денгизни ҳам, зулмат устидан зулмат бўлган қаватларга эга, деб тавсифлаб бўлмайди. Бу, хусусан, чуқур денгиз ёки океанга тегишлидир, зеро Қуръонда буни «қаърсиз денгиздаги зулматлар», деб ифодаламоқда. Чуқур денгизлардаги ушбу қаватма-қават зулматларга сабаб бўлган икки нарса бор:
Ёруғлик нури камалакнинг етти хил рангидан ташкил топган бўлади. Ушбу етти ранг қуйидагича: Бинафша, Кўк, Мовий, Яшил, Сариқ, Зарғалдоқ ва Қизил ранглар (БКМЙСЗҚ). Ёруғлик нури сувга тушганида рефраксияланади, яъни синади. Сувнинг юқориги 10-15 метргача қалинликда бўлган қисми қизил рангни ютиб юборади. Шунинг учун ҳам, 25 метр чуқурликка шўнғиган ғаввос жароҳатланиб қолса, у ўзидан чиққан қоннинг қизил рангини кўриш имконига эга бўлмайди, чунки қизил ранг бу чуқурликкача етиб бормайди. Шунга ўхшаб, зарғалдоқ ранг ҳам 30-50 метр чуқурликда ютилади, сариқ 50-100 метр, яшил 100-200 метр ҳамда мовий ва кўк ранглар 200 метрдан пастроқда бутунлай ютиб юборилади. Рангларнинг кетма-кет ютилиб бориши натижасида, океан, поғонама-поғона, қоронғулашиб боради, яъни ёруғлик ўринларини қоронғулик эгаллаб боради. 1000 метрдан чуқурроқда эса бутунлай зулматга айланади.
Қуёшдан келаётган нурни йўлдаги булутлар қисман ўзида тутиб қолади ва сочиб юборади  ва натижада булутлар остида бир қават қоронғулик ҳосил бўлади. Бу зулматнинг биринчи қавати ҳисобланади. Ёруғлик нури океанга тушганида мавжли юза уни қайтаради, яъни рефлексияланади, шунинг учун океан юзаси ялтироқ бўлиб кўринади. Шундан кўриниб турибдики, нурни қайтарадиган нарса тўлқинлар бўлиб, қоронғуликни келтириб чиқаради. Нурнинг рефлексияланмаган қисми эса океан қаъри томон йўлида давом этади. Шундоқ экан, океанларни икки қисмдан иборат дейишимиз мумкин. Ёруғлик ва илиқлик хусусиятларига эга бўлган сатҳ ҳамда зулматли қаър. Океан сатҳи ва қаърини ажратиб турадиган нарса тўлқинлардир.
Океан ва денгизлар тубидаги сувни ички тўлқинлар қоплаб туради, чунки тубдаги сувнинг зичлиги юқорироқдагига нисбатан каттароқдир.
Зулмат ўлкаси ички тўлқинлар остидан бошланади. Океан қаъридаги бу зулматда, ҳаттоки, балиқлар ҳам кўрмайди; улар фақатгина ўз таналаридан чиққан ёруғликдан фойдаланишади.
Қуръон буни жуда ўринли шаклда тасвирлайди:
«Қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшайдир. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж».
Бошқача айтганда, ушбу тўлқинлар устида яна бошқа тўлқинлар бор, улар океан сатҳида бўлади. Қуръон ояти давом этади: «...ва уни эса  булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир».
Юқорида айтиб ўтилганидек, бу булутлар ёруғликни қоронғуликка сабаб бўладиган зулмат қаватларининг биридир. Рангларнинг бирма-бир ютилиши билан зулматлашув кейингиз қаватларда давом этади. 
Профессор Дурга Рао ўз фикрини хулосалаб айтган эди: «1400 йил илгари яшаган ҳар қанақанги кишининг бу ҳодисани шундай фактлар билан тушунтириб бериши ақл бовар қилмас нарсадир. Шундай экан, бу маълумотлар оддий бир манбадан келган бўлиши мумкин эмас».

БИОЛОГИЯ

ҲАР БИР ТИРИК НАРСА СУВДАН ЯРАТИЛГАН

Қуръоннинг қуйидаги оятига эътибор беринг:
«Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?» (Қуръон 21:30)
Илм-фан анчагина ривожланиб олгачгина, ҳужайранинг асосий қисми саналган ситоплазманинг 80% и сувдан иборат экани бизга маълум бўлди. Сўнгги тадқиқотларнинг кўрсатишича, кўп организмлар 50%-90% атрофида сувдан таркиб топган экан, шунингдек, ҳар бир тирик жон яшаш учун сувга ўта муҳтож экани ҳам маълум нарса.
14 аср илгари инсониятга ҳар бир тирик нарса сувдан яратилгани маълум нарсамиди? Унинг устига, ҳар доим сув тақчил бўлиб келган Араб саҳроларида яшаган кишининг шунчалик даражадаги «топқирлиги» қанчалик ҳақиқатга яқин?
Қуйидаги оят жонзотларнинг сувдан яратилганига далолатдир:
«Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди». (Қуръон 24:45)
Қуйидаги оят эса инсонларнинг ҳам сувдан яратилганига ишорадир:
«У сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодир бўлган Зотдир» (Қуръон 25:54)


БОТАНИКА

ЎСИМЛИКЛАРНИНГ ЭРКАГИ ВА УРҒОЧИСИ БЎЛАДИ

Илгарилари, ўсимликларда ҳам эркак ва урғочи каби жинсга ажратилиш мавжудлиги инсониятга қоронғу эди. Ботаника фанининг таъкидлашича, ҳар бир ўсимликнинг эркаги ва урғочиси бўлади. Ҳаттоки, бир жинсли ўсимликларнинг ҳам эркак ва урғочи эканини ажратиб турадиган жиҳатлари бўлади.
«…ва осмондан сув туширган Зотдир», деди. Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик». (Қуръон 20:53)

МЕВАЛАРНИНГ ҲАМ ЭРКАК УРҒОЧИСИ БЎЛАДИ


«У… ҳар хил мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир» (Қуръон 13:3)
Мева олий ўсимликларнинг қайта ишловдан ўтган якуний маҳсулидир. Мева бўлиб етилишдан илгари гуллайди, бу гулнинг эркаги ва урғочиси бўлади (тухумдон ва уруғдон). Чанг гулга келиб тушгач, у мева тугади, мева пишиб етилади ва ўзидан данак қолдиради. Шу сабабга кўра, барча ўсимликларда эркак ва урғочи органлар борлиги аён бўлади; Қуръонда келган бир хабар тасдиқланади. 
Меваларнинг муайян турларида эса мева уруғланмаган гуллардан ҳам ҳосил бўлиши мумкин (партенокарпик меваларда), мисол учун, бананлар, ананаснинг баъзи турлари, анжир, апелсин, узум ва бошқалар. Уларда ҳам, албатта, жинсий хусусиятлар аниқ намоён бўлади.

ҲАММА НАРСА ЖУФТ ЯРАТИЛГАН

«Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик». (Қуръон 51:49)
Бу оятда урғу ҳамма нарсага тушмоқда. Бу нарса инсонлар, ҳайвонлар, ўсимликлар ва мевалардан ташқари электрга ҳам тааллуқлидир, электр  атоми манфий ва мусбат зарядланган заррачалар – электрон ва нейтронлардан ташкил топгандир. Бундан бошқа ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин!   
«Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан, барчасидан жуфтларни яратган Зот пок бўлди» (Қуръон 36:36)
Бу ўринда, Қуръон барча нарсалар, шу жумладан, бугунда инсониятга маълум бўлмаган, кейинчалик кашф қилиниши мумкин бўлган нарсалар ҳам жуфт яратилганини хабарини бермоқда.

ЗООЛОГИЯ

ЖОНЗОТЛАР ВА ҚУШЛАРНИНГ ЖАМОА БЎЛИБ ЯШАШИ

«Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир» (Қуръон 6:38)
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, жонзотлар ва қушлар ҳам инсонлар каби жамоаларда яшашади, яъни  улар ҳам биргалашиб ҳаёт кечиришади ва ишлашади.

ҚУШЛАРНИНГ УЧИШИ

«Осмон бўшлиғидаги беминнат, бўйсундирилган қушларга қарамайдиларми? Уларни фақатгина Аллоҳ ушлаб туради, холос. Албатта, бунда иймон келтирадиган     қавмлар учун оят-белгилар бордир». (Қуръон 16:79)
Яна бир оят қушлар мавзусида сўзлайди:
«Тепаларида (қаноатларини) ёйиб ва йиғаётган қушни кўрмайдиларми? Уларни Роҳмандан бошқа ушлаб турувчи йўқ. Албатта, У барча нарсани кўрувчидир» (Қуръон 67:19)
Арабча амсака сўзи тўғридан тўғри таржима қилинса, «қўлга олмоқ, чангалламоқ, ушлаб турмоқ, ушлаб қолмоқ» каби маъноларни билдиради, яъни  бу ерда Аллоҳ қушларни Ўз қудрати ила ушлаб туришини англатади. Бу оятлар қушларнинг феъл-атвори илоҳий қонуниятга қанчалик тобе эканига алоҳида урғу бермоқда. Замонамиз илми берган маълумотларга кўра, қушларнинг муайян турлари томонидан содир этилаётган ҳаракатлар мукаммал даражадаги программалаштиришга мисол бўла олади. Қушларнинг, ҳаттоки ҳали жуда ёш бўлганларидан тортиб, узоқларга қиладиган мураккаб саёҳатларини ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган ҳолда ҳамда ҳеч қандай йўл бошловчиларсиз уддалай олишларининг бирдан-бир сабаби шуки, уларнинг генетик кодида саёҳат дастури олдиндан ўрнатилгандир. Улар саёҳатни бошлаган жойларига аниқ бир кунда қайтиб ҳам келишади.
Профессор Ҳамбургер ўзининг «Куч ва Заифлик» китобида Тинч океанида яшовчи «бўрон-қуши»ни мисол қилиб келтиради, бу қуш 24000 масофалик саёҳати давомида «8» симон йўналишда учади. Унинг бу сафари 6 ойдан кўпроқ давом этади ва сафарини бошлаган жойга узоғи билан бир ҳафта кечикиб қайтиши мумкин. Ўта мураккаб тузилишга эга бўлган бундай саёҳат режаси қушнинг нерв ҳужайраларида ўрнатилган бўлиши керак. Албатта, бу саёҳат режаси программалаштирилгандир. Шундай экан, нега энди  шу нарсаларнинг «Программисти» ким экани ҳақида бироз тафаккур юритмаймиз?!

АСАЛАРИ ВА УНИНГ ҚОБИЛИЯТИ

«Роббинг асаларига: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди». (Қуръон 16:68-69)
Вон-Фрисч асаларилар жамоаси ва феъл-атворини ўрганиш бўйича қилган ўзининг тадқиқот иши учун 1973 йилда Нобел Мукофотини қўлга киритди. Асалари янги боғ ёки гулларни топса, қайтиб бориб ўз шерикларига ҳам айтади ва уларни айнан ўша жойга бошлаб келади, бу нарсага «асаларилар рақси» деб ном берилган. Бу ҳашаротнинг ўзига хос ҳаракатларидан мақсад ишчи асаларилар ўртасида маълумот алмашиниш экани илмий жиҳатдан исботланди, бунда уларнинг ҳаракатлари суратга олинди, шу ва бошқа воситалар орқали ўрганилди. Юқоридаги оятларда асалари ўз қобилиятини ишга солган ҳолда Роббисининг осон қилиб берган йўлларини қандай қилиб топиши ҳақида гап кетмоқда.
Юқорида келтирилган оятларда назарда тутилган асаларилар урғочи жинсда эканини билиб олишимиз мумкин (фаъслуки ва кули),яъни  озуқа топиш мақсадида инидан чиқадиган асаларилар урғочи асаларилар экани айтилмоқда. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, аскар ёки ишчи асалари бу урғочи асаларидир.
Шу ўринда бир гап, Шекспирнинг «Генри Тўртинчи» асаридаги баъзи қаҳрамонлар асаларилар ҳақида ҳам гапириб ўтишади, бунда асаларилар аскарлар бўлиб уларнинг Подшохи бўлади. Мана, Шекспир давридаги одамлар асаларини қандай деб билганлари. Улар ишчи асаларилар эркак асаларилар ва улар инига қайтганларида подшохларига ҳисоб бериб туришади, деб ўйлашган. Аслида эса  бундай эмас. Ишчи асаларилар урғочи бўлиб, улар подшоҳга эмас, балки қироличаларига ҳисоб беришади. Лекин буни аниқлаш учун сўнгги 300 йил  давомида янгидан янги тадқиқотлар олиб боришга тўғри келди.

ЎРГИМЧАК ТЎРИ – ЭНГ ЗАИФ УЙ

«Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки, билсалар эди». (Қуръон 29:41)
Ўргимчак уясининг заиф, нозик ва мўрт эканини ҳақида сўз юритаркан, Қуръон қуйидаги маъно, яъни ўргимчакнинг уясидаги эрак ва урғочиси ўртасидаги муносабатнинг қанчалик заиф эканига ҳам урғу беради, кўп ҳолларда урғочи ўргимчак ўз жуфтини, эркак ўргимчакни нобуд қилиши бор гап.
Қиссадан, бу дунё ва охират учун Аллоҳни қўйиб ўзгадан паноҳ истаганларнинг ҳоли жуда хароб ҳолда экани аён бўлади.

ЧУМОЛИЛАРНИНГ ЯШАШ ВА МУЛОҚОТ ТАРЗИ

«Сулаймонга жин, инс ва қушлардан бўлган аскарлари тўпланиб, тизилган ҳолда турдилар. Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: «Ей чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди». (Қуръон 27:17-18)
Илгарилари, эҳтимолки, баъзи одамлар, Қуръонда келган бу хабар, яъни чумолиларнинг ўзаро гаплашишлари ва мураккаб хабарларни бир-бирларига етказишларини ақлларига сиғдира олмагандирлар. Бироқ  чумолиларнинг яшаш тарзини ўрганиш борасида олиб борилган сўнгги тадқиқотлар илгари инсониятга маълум бўлмаган бир нечта фактларни тақдим этди. Бу тадқиқотлардан маълум бўлдики, барча жонзотлар ва ҳашаротлар ичида яшаш тарзи инсонларникига энг ўхшаб кетадигани чумолилар экан. Буни чумолиларда учрайдиган қуйидаги ҳолатларда кўришимиз мумкин:
Чумолилар вафот этган шерикларини инсонлар каби дафн қилишади.
Уларда мураккаб тузулмага эга меҳнат тақсимоти шакилланган, уларнинг алоҳида иш бошқарувчилари, назоратчилари, ўнбошилари ҳамда ишчилари ва бошқалар мавжуд.
Улар ҳар замонда бир ўзаро гаплашиб олиш учун йиғилиб туришади.
Уларда ўзаро ахборот алмашинишнинг такомиллашган усули мавжуд.
Уларнинг ўз «бозор» лари борки, у ерда нарсалар айирбошлашади.
Улар узун қишки мавсум учун дон йиғишади, агар дон куртак туга бошласа, улар ўша томирларни қирқиб туришади, гўёки  агар қўйиб беришса, дон чириб қолишини билишадигандай. Агар йиғиб қўйган донлари ёмғир  туфайли нам тортиб қолса, уларни қуёш нурига олиб чиқиб қўйишади, қуригач, яна қайтариб инларига олиб киришади; намлик таъсирида донлар илдиз отиб, кейинчалик сифати бузилишини улар биладигандай гўё.

ТИББИЁТ

АСАЛ: ИНСОНИЯТ УЧУН ШИФО

Асаларилар турли хил гулларнинг шарбатларини истеъмол қилишгач, кейинчалик таналари ичида улардан асал ҳосил бўлади, асални эса мум катакчалардан иборат уяларида сақлашади. Асалнинг асалари қорнидан чиқиши инсониятга фақатгина икки аср олдин маълум бўлди. Қуръонда эса бу хабар бундан 1400 йил илгари айтиб қўйилган:
«Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир». (16:69)
Бизга асалнинг шифобаҳш хислатлари кўп экани ва беғализ малҳам эканини фақатгина бугунга келиб аён бўлди. Иккинчи Жаҳон Урушида Совет қўшинлари жароҳатларига асални малҳам қилиб қўйишарди, шунда жароҳатланган жой намлигича сақланар ва ундан бироз чандиқ қоларди, холос. Асал ўта зич модда бўлганлиги сабабли, жароҳат ўрнида замбуруғ ёки бактерияларнинг кўпайиши учун ҳеч қандай шароит қолдирмасди.
Англияда хусусий шифохоналарида ҳамшира Керол хоним қўли остида бўлган бедаво кўкрак касаллиги ва Алсгеймер касаллигига чалинган 22 та беморни даъволашда прополис (асаларилар уяларидаги бактерияларга қарши ишлатилвучи) моддасидан фойдаланганида, ҳайратланарли даражада ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Муайян бир ўсимлик турига нисбатан аллергияси бор кишига ўша ўсимлик асалидан берилса, унда ўша аллергияга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Шу билан бирга,

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ан роппа-роса 13 аср илгари Қуръондаги бир оят сутнинг нималардан таркиб топганини шунга мувофиқ тарзда тасвирлаб берган.
Юқоридаги консепсияга тааллуқли бўлган Қуръон оятини тушуниш учун ичакларда қандай кимёвий реакциялар содир бўлиши, бу орқали, озуқадан ҳосил бўлган моддалар, кейинчалик қон айланиш системасига мураккаб йўллар, баъзида моддаларнинг табиатига қараб, жигар орқали ўтиши, каби муҳим нарсаларни билиб олишимиз керак. Қон бу моддаларни тананинг барча органларига етказади, шу жумладан, сут ишлаб чиқарувчи безларга ҳам.
Содда қилиб айтганда, ичакларда йиғилган муайян моддалар ичак деворидаги ташувчиларга бирикади-да, кейин тананинг турли органларига қон айланиш тизими орқали етказиб берилади.
Қуръоннинг қуйидаги оятини тушуниш учун ҳозиргина айтиб ўтилган физиологик консепцияни ёдда тутишимиз лозим:
«Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар (томоғи)дан осон ўтувчи соф сут ила суғорамиз». (Қуръон 16:66)
«Албатта, сиз учун чорва ҳайвонларида ибрат бордир. Биз сизни уларнинг қоринларидаги нарса ила суғорурмиз ва сиз учун уларда кўпгина манфаатлар бор ва улардан ерсизлар». (Қуръон 23:21)
Чорва ҳайвонларида сутнинг қандай ҳосил бўлиши борасидаги 1400 йил илгари айтилган Қуръоний таъриф яқин ўтмишда физиология фанига маълум бўлган кашфиётлар билан нақадар ўхшаш?!

ЭМБРИОЛОГИЯ

МУСУЛМОНЛАР ЖАВОБ АХТАРУРЛАР

Яманлик олим Шайх Абдул Мажид бошчилигидаги бир гуруҳ мусулмон олимлари эмбриологияга оид ҳамда Қуръон ва Саҳиҳ Ҳадисларда келган бир қатор илмий маълумотларни йиғишиб, уларни инглиз тилига таржима қилишди. Ундан сўнг эса Қуръоний кўрсатмага амал қилишди:
«Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз». (Қуръон 16:43 ва 21:7)
Қуръон ва Саҳиҳ Ҳадисларда келган эмбриологияга оид барча хабарлар йиғилиб инглизчага ўгирилгач, Эмбриология Фанлари Профессори ва Канададаги Торонто Университетининг Анатомия Бўлими раҳбари профессор Кеит Муурга тақдим этилди. У ҳозирги кунда Эмбриология соҳасида энг эътиборли шахслардан ҳисобланади.
Унга тақдим этилган маълумотлар  ҳақида ўз фикрини билдиришини сўрашганда, уни яхшилаб ўрганиб, таҳлил қилиб чиққач, Доктор Муур, Қуръон ва Саҳиҳ Ҳадисларда келтирилган эмбриологияга оид хабарларнинг асосий қисми шу соҳага тегишли бўлган сўнгги кашфиётлар билан тўла-тўкис мувофиқ ҳолда экани ва ўртада ҳеч қандай қарама-қаршиликлар йўқ эканини таъкидлайди. Шу билан бирга, у баъзи бир оятларнинг илмий жиҳатдан қанчалик асосли экани ҳақида фикр билдира олмаслиги, яъни уларни асосли ёки асоссиз, деб айта олмаслиги, зеро бу хабарлар унинг ўзига ҳали маълум бўлмаган нарсалар эканини қўшимча қилади. Шунингдек, бундай хабарлар эмбриологияга оид замонавий қўлёзмалару изланишларда ҳам ўрганилмаган экан.
Шундай оятлардан бири қуйидагича:
«Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди». (Қуръон 96:1-2)
Арабча алақ сўзи, қотган қон, қуюқ қон деган маънодан ташқари, осилиб турмоқ, чирмашиб олмоқ маъносини ҳам билдиради, худди зулукнинг чирмашиши каби.
Доктор Кеит Муурнинг эмбрион дастлабки босқичларда зулуксимон шаклда бўлишидан хабари йўқ экан. Буни текшириб кўриш мақсадида у эмбрионнинг бошланғич пайтдаги ҳолатини ўта кучли микроскоп остида ўрганиб чиқади ва кузатган нарсасини зулукнинг фотосуратлари билан солиштириб кўради, ва бу иккисининг бир-бирига нақадар ўхшаш эканидан ҳайратда қолади!
Баҳонада  у Қуръонда келган эмбриология оид хабарлардан илгари билмаган нарсаларини билиб, ўз билимини ошириб олади.
Доктор Кеит Муур Қуръон ва Ҳадисларда келган эмбриологияга оид маълумотлар бўйича саксонга яқин саволга жавоб берар экан, бу маълумотлар эмбриология соҳасидаги сўнгги кашфиётлар билан тамоман мувофиқ келишини таъкидлайди. У айтган эдики: «Агар менга ушбу саволлар ўттиз йил илгари берилганида, илмий маълумотлар камлигидан уларнинг ярмига ҳам жавоб бера олмаган бўлардим».
1981 йилда Саудия Арабистонининг Даммам шаҳрида ўтказилган Еттинчи Тиббиёт Анжуманида Доктор Муур қуйидагиларни айтганди: «Инсоннинг ривожланиш жараёни ҳақида Қуръонда келган хабарларга ойдинлик киритишга ўз ҳиссамни қўшганимдан бағоят хурсандман. Эндиликда, бу хабарлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Худо (Аллоҳ)дан келганига шубҳа қилмайман, чунки бу билимларнинг барчаси бир неча асрлардан кейингина инсонлар томонидан кашф этилди. Шу нарса мен учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг Расули эканига далил сифатида етарлидир».
Аввалроқ Доcтор Кеит Муур «Инсоннинг Ривожланиши» номли китоб ёзган эди. Қуръондан ўрганган янги маълумотларни ҳам унга киритиб, 1982 йилда китобнинг 3-нашрини тайёрлайди. Ушбу китоб ягона муаллиф томонидан ёзилган энг яхши тиббиёт асари мукофотини қўлга киритган. Бу китоб дунёдаги асосий тилларнинг кўпларига таржима қилинган  ва тиббиёт билим юртларида биринчи курсда эмбриология фанидан асосий дарслик сифатида фойдаланиб келинади.
АҚШнинг Ҳюстон шаҳрида жойлашган Бейлор Тиббиёт Коллежининг Акушерлик ва Гинекология Бўлими раҳбари Доктор Жо Ли Симпсон қуйидагиларни эътироф этади: «… бу ҳадислар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сўзлари, у яшаган давр (7 асрни назарда тутмоқда) илмига доир билимларга асосланган, дейиш тўғри бўлмайди. Бундан нафақат генетика ва дин (Ислом назарда тутилмоқда) ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқлиги келиб чиқади, балки дин (Ислом) турли анъанавий илмий қарашларга илоҳий кўрсатмаларнинг қўшилиши билан, илм-фанни ҳам тўғри йўлга бошлай олиши ҳам аён бўлади… Қуръонда баъзи хабарлар келганки, улар асрлар ўтиб исботланмоқда, буларни бари Қуръон Худо томонидан юборилган эканининг тасдиғидир».

УМУРТҚА ВА ҚОВУРҒА ОРАСИДАН ЧИҚУВЧИ ТОМЧИ СУВ

«Инсон нимадан яралганига назар солсин. У отилиб чиқувчи сувдан яратилгандир. У (сув) сулб (умуртқа) ва тароиб (кўкрак суяги) орасидан чиқадир». (Қуръон 86:5-7)
Эмбрионал ривожланиш босқичларида, эркак ва аёл жинсий органлари, яъни мояк ҳамда тухумдоннинг ривожланиш жараёни буйрак ёнида умуртқа поғонаси ва 11-12 қовурғалар орасидан бошланади. Кейинчалик улар ривожланишда давом этади; аёллар тухумдони тос суягига келиб тўхтаса, эркаклар мояги эса то эмбрион туғилгунича, чот орқали ўтиб мояк халтаси ҳосил бўлгунича давом этади. Ҳаттоки киши балоғатга етиб, унинг жинсий органлари шакллангач ҳам, ушбу органлар нерв ҳамда қон таъминотини, умуртқа поғонаси ва қовуғалар орасида жойлашган, Қорин Аортасидан олади. Лимфа суюқлиги ҳамда веноз қон ҳам ҳудди шу жойга қайтади.

НУТФА – СУЮҚЛИКНИНГ ЛАҲЗАДАГИ МИҚДОРИ

Қуръони Карим  камида ўн бир ўрнида, одам боласи нутфадан, яъни бир лаҳзалик суюқлик миқдори ёки пиёладан сувини тўкиб юборгач, қуйқаси сизиб чиқадиган миқдордаги суюқликдан яратилганини эслатиб ўтади. Бу Қуръоннинг бир неча ўринларида келтирилган, масалан, 22:5 ва 23:13
Яқинда илмга маълум бўлишича, тухум ҳужайрасини урчитиш учун уч миллион дона уруғ ҳужайра – сперматозоиддан биттаси етарли экан. Бошқача айтганда, чиқарилган сперматозоидларнинг 0,00003 % миқдори урчитиш учун етарли экан.

СУЛААЛА – СУЮҚЛИКНИНГ АФЗАЛ ҚИСМИ

«Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилди». (Қуръон 32:8)
Арабча сулаала сўзи бутуннинг энг яхши, афзал қисми деган маънони билдиради. Бизга маълум бўлдики, тухум ҳужайрани урчитиш учун миллионлаб сперматозоидлар ичидан бир донаси кифоя қиларкан. Ўша бир дона сперматозоид Қуръонда сулаала деб аталмоқда. Яна биламизки, аёл кишидаги ўн минглаб тухум ҳужайралардан атиги биттаси уруғланади. Ўн минглаб тухум ҳужайралар ичидаги ўша бир донаси ҳам Қуръонда сулаала деб аталади. Бу ҳам чиқарилувчи суюқликнинг яхши қисми деган маънода келмоқда. Бу ердаги суюқлик эркакда ҳам аёлда ҳам мавжуд бўлган, гаметалардан иборат герминал суюқликларга тааллуқлидир. Тухум ҳужайра ҳам, уруғ ҳужайра ҳам уруғланиш жараёнида ўз ўринларидан оҳиста чиқарилади.

НУТФАТУН АМШААЖ – АРАЛАШ СУЮҚЛИК

«Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик». (Қуръон 76:2)
Нутфатун амшааж сўзи ўзбекчада аралаш суюқлик деган маънони билдиради. Баъзи муфассирларга кўра, аралаш суюқликдан назарда тутилган нарса эркак ва аёлнинг суюқликларидир. Эркак ва аёл гаметалари аралашгач зигота деб аталади, зигота ҳам нутфа ҳисобланади. Аралаш суюқлик деганда, турли секретсия безлари секретларидан ташкил топган – сперма суюқлигини ҳам тушуниш мумкин.
Шунинг учун ҳам  аралаш суюқликларнинг лаҳзалик миқдори ҳисобланган  нутфатун амшааж эркак ва аёл гаметалари (жинсий ҳужайралари) ҳамда улар атрофидаги суюқликлар қоришмасидан иборатдир.

ЖИНСНИНГ БЕЛГИЛАНИШИ

Ҳомиланинг жинси қандай бўлиши аёлнинг тухум ҳужайраси эмас, балки эркакнинг уруғи – сперманинг табиатига боғлиқ. Бола, хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин − жинси қандай бўлиши 23-хромосомалар ХХ ёки ХИ бўлишига мос равишда боғлиқ.
Умуман олганда, уруғланиш пайтидаёқ эмбрионнинг жинси белгиланиб бўлади, қайси жинсда бўлиши эса  тухум ҳужайрани уруғлантирувчи сперманинг жинсий хромосомаси турига боғлиқ. Агар бу «Х» сперма бўлса, ҳомила қиз бўлади, агар «И» сперма бўлса, ҳомила ўғил бола бўлади.
«Албатта, икки жуфтни; эркак ва аёлни яратган ҳам Ўзи. Нутфадан, оқиб тушганда». (Қуръон 53:45-46)
Нутфа сўзи суюқликнинг бир лаҳзалик миқдори деган маънони билдирса, тумнаа сўзи оқиб чиқмоқ – эякулятсия бўлмоқ ёки экмоқ маъносини билдиради.
Шунинг учун ҳам нутфа, асосан, сперма маъносини билдиради, чунки  сперма оқиб чиқади.
Қуръонда айтилади:
«У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди? Сўнг алақа бўлди. Бас бекаму-кўст этиб яратди. Бас ундан жуфтни − эркак ва аёлни яратди». (Қуръон 75:37-39)
Бу ерда ҳам, ҳомиланинг қайси жинсда бўлиши эркакнинг спермасидан чиқувчи томчи сув (нутфатун мин маниййин) га боғлиқлиги яна бир бор таъкидланмоқда.
Баъзи бир қайноналар, одатда ўғил неваралар кўргиси келади  ва агар бола ўғил бўлмаса, келинларини айблашади. Қанийди, ҳомиланинг жинсини белгиловчи омил аёлларнинг тухум ҳужайралари эмас, балки эркакларнинг уруғ ҳужайраси эканини улар ҳам билишса! Шунда биронтасини айблаш керак бўлса, аввало, ўз ўғилларини айблаган бўлардилар, зеро Қуръон ҳам, илм ҳам боланинг жинси қандай бўлишига эркакнинг манийси жавобгар эканини кўрсатмоқда.

ҲОМИЛАНИНГ УЧ ҚАВАТ ЗУЛМАТ ПАРДАСИ ИЛА ТЎСИЛГАНИ

«У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида, бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир». (Қуръон 39:6)
Профессор Кеит Муурга кўра, Қуръондаги ушбу уч қават парда қуйидагилардир:
Онанинг қорин пардаси
Бачадон пардаси
Омниохорионик мембрана

ҲОМИЛАНИНГ РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ

«Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир». (Қуръон 23:12-14)
Юқоридаги оятда Аллоҳ инсоннинг бир томчи сувдан яратилиб, мустаҳкам қароргоҳ (қараарин макийн) га жойлаштирилганини таъкидламоқда. Бачадон орқа тарафдан умуртқа суяклари билан мустаҳкам ҳимояланган, умуртқани эса орқа мушаклар тутиб туради. Шу билан бирга, эмбрион амниотик суюқлиги бўлган эмбрион халтаси билан ҳам ўралган, ҳимояланган. Хуллас, эмбрионнинг яхшигина ҳимояланган бошпанаси бор.
Ушбу бир томчи сув кейинроқ алақага, яъни ёпишиб оладиган нарсага ўзгаради. Бу зулукка ўхшаш нарсага ҳам ишлатилади. Ҳар икки маънонинг ҳам тўғри экани илмий жиҳатдан асосланган, зеро дастлабки босқичларда эмбрион бачадон деворига ёпишиб, чирмашиб олади ҳамда зулуксимон кўринишга эга бўлади. Унинг феъли ҳам қон сўрувчи зулукка ўхшайди, ўзига керакли қон таъминотини йўлдош орқали онасидан олади.
Алақа сўзининг учинчи маъноси қотган қон, лахта қон деган маънони билдиради. Алақа бу босқичда, яъни ҳомиланинг 3-4 ҳафталарида қон томирлари ёпилиши натижасида қон қотиб қолади. Шундай қилиб, эмбрион зулуксимон шаклга ўтиш билан бирга, қотган қонга ҳам ўхшаб қолади. Қуръонда келтириб қўйилган тайёр илмни кўринг-у, қуйида келтириладиган, инсониятнинг қийинчиликлар билан эришган илмий хулосаларини кўринг:
1677 йилда Ҳамм ва Ливенҳоик исмли олимлар биринчи бўлиб, инсоннинг сперма ҳужайраси – сперматазоани микроскоп остида кузатишга муваффақ бўлишди. Улар сперма ҳужайраси инсоннинг кичрайтирилган шаклига ўхшаган нарса бўлиб, кейин у янги туғилган чақалоқ кўринишига келгунича бачадонда катта бўлиб боради, деб ҳисобланарди. Бунга перфоратсия назарияси номи берилган эди. Кейинчалик, тухум ҳужайраси уруғ ҳужайраси (сперма) дан каттароқ экани маълум бўлди ва Де Граф каби бир қатор олимлар эмбрион кичрайтирилган кўринишда тухум ҳужайрада мавжуд бўлган ва ундан шаклланган, деган фикрда бўлишган. Вақт ўтиши билан, 18-асрга келиб, Мопертю ота-она меросхўри назариясини илгари сурди.
Алақа кейинчалик мудға ҳолига ўтади, бу сўз «чайналган нарса (тишлангани кўриниб турган)» ҳамда оғизга сиғадиган сақич каби кичик ва ёпишқоқ нарса, деган маъноларни билдиради. Ушбу таърифларнинг ҳар иккиси ҳам илмий жиҳатдан тўғри. Профессор Кеит Муур гипс моддасидан керакли ўлчамда бир бўлак олиб, эмбрионнинг дастлабки босқичдаги кўриниши ҳолига келтиргач, ундан мудға ҳосил қилиш учун тишлари орасига қўйиб чайнаб кўради. Сўнг буни эмбрионнинг дастлабки босқичлардаги фотосуратлари билан солиштириб кўради. Ундаги тиш излари, кейинчалик умуртқа поғонаси шаклланишида асос бўладиган «сомит» (сомит) га ўхшаркан.
Ушбу мудға кейинчалик суякларга (изаам) айланади. Бу суякларга эса  гўшт ёки мушаклар (лаҳм) қопланади. Кейин Аллоҳ уни бошқа жонзот этиб яратади.
АҚШдаги етакчи олимлардан ҳисобланган, Томас Жефферсон Университети қошидаги Дениел Институти директори ҳамда Анатомия Бўлими раҳбари Профессор Маршалл Жонсондан Қуръондаги эмбриологияга оид оятлар ҳақидаги фикри сўралган эди. У, аввало, Қуръондаг эмбриология ҳақидаги бу оятлар тасодиф бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлайди. Балким Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг кучли микроскопи бўлгандир. Қуръон 1400 йил илгари нозил бўлгани ва микроскоплар Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларидан бир неча асрлар ўтиб пайдо бўлгани эслатилганида, Профессор Жонсон табассум қилган ҳолда, биринчи ясалган микроскоплар нарсаларни атиги 10 марта катталаштира олгани бу эса тиниқ кўриниш бера олмаслигини тан олади.
Кейинроқ у айтади: «Менимча, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўқиган Қуръон илоҳий экани ҳақидаги тушунчанинг ҳеч қандай ғалати жойи йўқ»
Доктор Кеит Муурга кўра, эмбрионнинг ривожланиш босқичлари борасидаги замонавий илм белгилаган классификация ўзлаштириш ва тушуниб кетиш учун осон эмас, чунки унда босқичлар рақамли кўринишда, яъни 1-босқич, 2-босқич,  ваҳоказо. Бошқа тарафдан, Қуръондаги тақсимотлар эса эмбрионнинг ривожланиш жараёнида кузатиладиган, бир-биридан фарқли ҳамда ажратиб олиш осон бўлган ҳар хил шаклларга асосланади. Булар ҳомиладорликдаги турли босқичларга асосланган бўлиб, бизга бу борада тўлиқ ва амалий аҳамиятга эга бўлган илмий маълумотларни беради.
Инсоннинг ривожланишидаги эмбриологик босқичлар қуйидаги оятда ҳам тасвирланган:
«У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди? Сўнг алақа бўлди. Бас, бекаму-кўст этиб яратди. Бас, ундан жуфтни − эркак ва аёлни яратди». (Қуръон 75:37-39)
«У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратган Зотдир. Ўзи хоҳлаган суратда сени таркиб қилди». (Қуръон 82:7-8)

БИТГАН-БИТМАГАН ЭМБРИОН


Мудға босқичида, агар эмбрионни кесиб, ички органлари ёриб кўрилса, уларнинг кўп қисми шаклланиб улгурганини ва баъзилари ҳали тўла шаклланмаганини кўриш мумкин.
Профессор Жонсонга кўра, агар биз эмбрионни битган жонзот деб тасвирламоқчи бўлсак, шаклланиб улгурган аъзоларинигина назарда тутган бўламиз. Агарда уни тўла шаклланиб улгурмаган жонзот деб атамоқчи бўлсак, унинг ҳали битмаган аъзоларини назарда тутган бўламиз. Бу қанақаси, у бутун жонзотми ёки чала? Эмбриогенез (эмбрион ривожланиш жарайни) нинг ушбу босқичини таърифлаш учун Қуръоний ифодадан муносиброғи йўқдир, бу нарса «битган-битмаган» деб қуйидаги оятда тасвирланган:
«Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик». (Қуръон 22:5)
Бизга илмий жиҳатдан маълумки, ривожланишнинг ушбу эрта босқичида баъзи ҳужайралар ўз шаклига кириб бўлган бўлса, баъзиларига ҳали бироз вақт  керак – баъзи органлар шаклланиб улгурган, баъзилари ҳали битмаган бўлади.

ЭШИТИШ ВА КЎРИШ ҚОБИЛИЯТИ

Инсон эмбрионининг ривожланиш жараёнида биринчи шаклланадиган қобилияти – бу эшитишдир. Ҳомила 24 ҳафталик бўлганидан сўнг эшита бошлайди. Ундан кейин кўриш қобилияти шаклланади, 28 ҳафталик ҳомилада кўз тўрпардаси ёруғликка таъсирлана бошлайди.
Қуръон буни қуйидагича ифодалайди:
«У сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди». (Қуръон 32:9)
«Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик. Синаш учун, бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик». (Қуръон 76:2)
«У Зот −  сизга қулоқни, кўзлару қалбларни пайдо қилган Зот. Нақадар оз шукр қилурсиз!» (Қуръон 23:78)
Юқоридаги оятларнинг барчасида эшитиш кўришдан олдин келмоқда. Шундай қилиб, Қуръоний таърифлар замонамиз эмбриологик кашфиётлари билан шомил суратда мос келмоқда.

УМУМИЙ ИЛМ

БАРМОҚ ИЗЛАРИ

«(Кофир) Инсон Бизни, унинг суякларини жамлай олмас, деб ўйларми? Ҳа, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз». (Қуръон 75:3)
Иймон келтирмаган кишиларнинг даъво қилишларича, вафот этган кишиларнинг суяклари емирилиб тупроққа қоришиб кетган бир ҳолда, қандай қилиб қайта тириладилар-у, қиёмат кунида қандай қилиб ҳар бири кишини таниб олиш мумкин бўлади? Барча нарсага қодир Аллоҳ бунга жавобан, нафақат суякларимизни йиғишга қодир эканини, балки бармоқларимиз учларигача қайта тиклашга ҳам қудрати етишини билдирмоқда.
Кишининг шахсиятини аниқлаш борасида гапирар экан, Қуръон нега айнан бармоқ учлари ҳақида тўхталмоқда? 1880 йилда, Сер Франсис Голт олиб борган тадқиқотдан сўнг, бармоқ изларидан фойдаланиш кишилар шахсини тасдиқловчи илмий усулга айланди. Бир кишининг бармоқ излари дунёдаги бошқа ҳеч кимники билан айнан бир хил бўлмас экан, ҳаттоки эгизакларда ҳам. Шунинг учун ҳам бутун дунёда, полиция жиноятчиларни аниқлаш борасида бармоқ изларидан фойдаланади.
Бир минг тўрт юз йил илгари, ҳар бир кишининг бармоқ излари бетакрор эканини ким билган бўлиши мумкин? Жавоб аниқ, буни  бирон кимса билган бўлиши мумкин эмас, магар Яратувчининг ўзи!

ТЕРИДАГИ ОҒРИҚНИ СЕЗИШ РЕЦЕПТОРЛАРИ

Оғриқ ва ҳис қилиш сезгилари фақатгина мияга боғлиқ деб ҳисоблаб келинар эди. Сўнгги кашфиётлар эса  терида ҳам оғриқ рецепторлари бор эканини тасдиқламоқдаки, киши уларсиз оғриқни сезмас экан.
Шифокор куйишдан жабрланган беморни текшираётганида, куйиш даражасини аниқлаш учун игнасимон нарсани санчиб кўради. Агар бемор оғриқни сезса, шифокор хурсанд, чунки бу нарса куйиш терининг юза қисмида эканини ва оғриқ рецепторлари ҳали зарарланмаганини кўрсатади. Мабодо бемор ҳеч қандай оғриқни сезмаса, бу куйиш терининг ичига ҳам ўтганини ва ундаги оғриқ рецепторлари ўлганини билдиради.
Қуйидаги оятда Қуръон терида оғриқ рецепторлари борлигини очиқ-ойдин кўрсатади:
«Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритамиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким Зотдир». (Қуръон 4:56)
Таиланддаги Чианг Маи Университети Анатомия Бўлими Раҳбари Профессор Тагатат Тежасен оғриқ рецепторларини ўрганишга узоқ вақт сарф этди. Қуръонда бу илмий факт бундан 1400 йил илгари айтиб қўйилганига дастлаб ишона олмади. Кейинроқ, у Қуръондаги ушбу оятнинг таржимаси билан танишгач, ундаги илмий дақиқликни кўриб жуда таъсирланди. Саудия Арабистонининг Риёд шаҳрида Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар мавзусида бўлиб ўтган 8-Тиббиёт Анжуманида у қуйидагини фахр билан эълон қилди:
«Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Унинг Пайғамбаридир».

ХУЛОСА

Қуръонда келган илмий фактларни тасодифга йўйиш соғлом ақлга тўғри келмайди  ва ҳақиқий илмий ёндашувга зид бўлади.
Батаҳқиқ, Қуръондаги илмий дақиқликни Қуръоннинг ўзи баралла эълон қилиб қўйган:
«Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Сенинг Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги кифоя қилмасмиди?!» (Қуръон 41:53)
Қуръон қуйидаги оятда, барча инсонларни коинотнинг яратилиши ҳақида бир тафаккур қилиб кўришга чорлайди:
«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор».(Қуръон 3:190)
Қуръондаги илмий далиллар унинг илоҳий эканини тасдиқламоқда. Ўн тўрт аср илгари, бу даражада салмоқли илмий далилларни ўзида мужассам қилган мана шундай бир китобни ёзишга ҳеч бир одам боласи қодир бўлмаган.
Шуларнининг барчасини ҳисобга олиб бўлса-да айтамиз, Қуръон илмга бағишланган эмас, балки оятлар – белгилар, ишоралар, мўъжизалар, аломатлар китобидир. Ушбу оятлар инсонни ердаги ҳаётидан мақсадни англашга ва табиат билан уйғунликда яшашга чорлайди. Қуръон, ҳақиқатда ҳам, бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Роббиси – Аллоҳдан келган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. У барча пайғамбарлар, Одам, Мусо, Исо ва Муҳаммад (алайҳимуссалом) ларнинг умумий йўли, яъни Аллоҳнинг биру бор Илоҳ эканига асосланган таълимотни олиб келган.
«Қуръон ва замонавий илм» мавзусида қанча-қанча жилдлаб китоблар ёзиб бўлинган, ёзилмоқда ва тадқиқотлар олиб ҳам борилмоқда. Аллоҳ насиб этса, ушбу уринишимиз кишиларни барча нарсага қодир бўлган Аллоҳнинг сўзига янада яқинлаштирар деган умиддамиз. Ушбу китобчада Қуръонда келган илмга оид хабарларнинг озгина қисмигагина тўхталиб ўтдим, холос. Мавзуни тўла-тўкис ёритиб бердим, деб айта  олмайман.
Профессор Тежасен Қуръондаги биргина оят – мўъжизадан таъсирланиб Исломни қабул қилди. Баъзилар ўнта мўъжиза талаб қилишлари, баъзилар эса  Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий таълимот эканини тан олиш учун юзлаб оят – мўъжизаларни талаб қилишлари мумкин. Кимлардир минг-минглаб мўъжизалар келтирилса ҳам, Ҳақиқатни тан олишни истамайдилар. Қуръон бундай жоҳилларни қуйидагича тасвирлайди:
«Улар кар, соқов, кўрдирлар. Бас, улар қайтмаслар». (Қуръон 2:18)
Қуръонда шахс учун ҳам, жамият учун ҳам ҳаёт тарзи борасида шомил кўрсатмалар мавжуд. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Қуръоний таълимот кишилар ихтиро қилган ҳар қанақанги «изм»лардан холидир, улардан олийдир. Яратувчининг Ўзи кўрсатиб берган тўғри йўлдан афзалроғини ким ҳам кўрсата оларди?
Ушбу камтарона ишимизни Аллоҳ даргоҳида қабул қилишини сўрайман ҳамда Ўзининг марҳамати ва ҳидоятини бизларга насиб этишини дуо қилиб қоламан, омин.