Қуръон муҳаббатининг аломатлари
Босма

Қуръон муҳаббатининг аломатлари

Маълумки, қалб бир нарсага муҳаббат қилса, унга боғланиб қолади, унга муштоқ бўлади, унга қаттиқ қизиқади ва ундан бошқа нарсалардан узилади. Агар қалб Қуръонга муҳаббат қилса, унинг қироатидан лаззатланади, унга бор эътиборини қаратади ва бунинг натижасида чуқур тушунишу тадаббур ҳосил бўлади. Аксинча, агар муҳаббат бўлмаса, қалбнинг Қуръонга юзланиши қийин бўлади. Қуръонга томон бурилиш фақатгина нафсини қаттиқ тергаш, ўзини мажбурлаш орқали жуда ҳам оғир кечади. Қуръон муҳаббатининг ҳосил бўлиши тадаббурнинг энг кучли ва олий даражада кечишига сабаб бўлади.

Воқеъликда ҳам бунинг тўғри эканига гувоҳ бўламиз. Мисол учун ўқишга рағбати ва муҳаббати бўлган ўқувчи унга берилган дарсни тезлик билан тўлиқ, пухта ўзлаштиради. Топшириқларни қисқа вақт ичида адо қилади. Дарсга қизиқиши йўқ ўқувчи эса унга берилган дарсни бир неча марта қайта-қайта ўқитилгандагина англаб олади. Топшириқларни ҳам вақтида бажармайди.

Билингки, қалб – бу тушуниш ва идрок қилиш қуролидир. Аллоҳ таоло шундай дейди:

 

أَفَلَمْ يَسِيرُو فِى ٱلْأَرْضِ فَتَكُونَ لَهُمْ قُلُوبٌ يَعْقِلُونَ بِهَآ أَوْ ءَاذَانٌ يَسْمَعُونَ بِهَاۖ فَإِنَّهَا لَا تَعْمَى ٱلْأَبْصَٰرُ وَلَٰكِن تَعْمَى ٱلْقُلُوبُ ٱلَّتِى فِى ٱلصُّدُورِ

“Ахир, ер юзида айланиб юрмайдиларми, токи қалблар ила ақл юритсалар, қулоқлари ила эшитсалар. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўкслардаги қалблар кўр бўлур” (Ҳаж сураси, 46-оят).

Қалб ҳеч қандай шериги йўқ бўлган зот Аллоҳ таолонинг қўлидадир. Ўз ҳикмати ила хоҳлаган пайтида очади, хоҳлаган пайтида ёпиб қўяди. Аллоҳ таоло шундай дейди:

 

وَٱعْلَمُوٓ أَنَّ ٱللَّهَ يَحُولُ بَيْنَ ٱلْمَرْءِ وَقَلْبِهِۦ وَأَنَّهُۥٓ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ

 

Эй иймон келтирганлар, сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва, билингки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва, албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз” (Анфол сураси, 24-оят).

Қуръонни фаҳмлаш инсон ҳаракат қилиб эришадиган нарса эмас, балки ягона Аллоҳдан бўлган инъомдир. Агар сизга тадаббур эшиги очилган бўлса, бу Аллоҳ таолодан бўлган улуғ неъматдир. Бу неъматга шукр қилиш лозим, фахрланиш эмас.

Аллоҳ сизга Қуръонни тушуниш, маъноларини англаш неъматини ато қилган бўлса, Аллоҳ таолога ҳамд айтинг ва зиёда бўлишини сўранг. Бу неъматни фақат Аллоҳдан деб эътироф қилинг.

Ҳар бир мусулмон ўзига ўзи шундай савол бериши керак: “Мен Қуръонни яхши кўраманми?”

Баъзи мусулмонлардан “Қуръонни яхши кўрасизми?” деб сўралса, “Ҳа, Қуръонни яхши кўраман, қандай қилиб яхши кўрмаслигим мумкин?!” деб жавоб беришади. Лекин улар бу жавобда ростгўймилар?
Соатлаб ҳавойи нафси хоҳлаган дунё матоси билан бирга бўлган инсон, Қуръон билан эса бир неча дақиқа бирга ўтиришга ҳам тоқати йўқ киши қандай қилиб Уни яхши кўриши мумкин?!

Абу Саид айтади: “Банда ўзидан Қуръон ҳақида сўрасин. Агар Қуръонни яхши кўрса, Аллоҳ ва расулини ҳам яхши кўради”.

Қуръон муҳаббатида ростгўй эканингизни билиш учун қалбингизда қуйидаги белгиларни текшириб кўринг:

1) у билан учрашганда хурсанд бўлиш;

2) у билан узоқ вақт малолланмасдан ўтириш;

3) ундан бир неча вақт йироқ бўлганда уни соғиниш;

4) у билан учрашишни сабрсизлик билан кутиш;

5) у билан учрашишга халал берадиган тўсиқларни бартараф этишга ҳаракат қилиш;

Мусҳафингиз билан бирга бўлган лаҳзаларни соғинасизми? Қуръондан узоқ бўлган пайтингизда, ўртада халал берувчи тўсиқлар пайдо бўлганда чанқоқлик ва очликни ҳис қиласизми? Қуръон билан бирга ўтиришга эҳтиёж сезасизми?

6) дунё ишларидан чарчаган, қийинчилик пайтларида унга кўп мурожаат этиш, ишониш ва муомала қилиш:

7) буйруқларига итоат қилиб, қайтариқларида қайтиш.

Қуръон буйруқлари ва қайтариқларига хушуъ-хузуъ ила бўйсунасизми?

Мана шулар Қуръон муҳаббатининг муҳим белгиларидир. Агар шу белгиларни ўзингизда топсангиз, демак, Қуръонга бўлган муҳаббатингиз мавжуд. Аксинча бўлса, Қуръон муҳаббати сизда йўқдир. Агар бу белгиларнинг бирортасига хилоф қилсангиз, демак, Қуръонга бўлган муҳаббатингиз ҳам ноқисдир.

Барчамиз мазкур белгиларда нуқсонимиз бор, деб эътироф этамиз ва ҳолатимизни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз.

 

Араб тилидан Абу Абдулқодир таржимаси