Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (13-қисм) | ||
|
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (13-қисм) (Давоми...)
Устозга ўқиб берувчининг ахлоқи зикридаги боб Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Ким бошқага Қуръон ўқиб бергудек ва ундан таълим олгудек бўлса, у устозининг олдида ўтирганида одобини гўзал қилиши, тавозеъли бўлиши ва унга юзланиб ўтириши лозим. Агар қаттиқ гапирса, уни кўтаради, сўкса ҳам, унга мулойимлик қилади, устозга нисбатан ҳайбатланиб, эҳтиром ва ҳаёда бўлади. Мен унга ўзлаштира олишига кўзи етганича дарс олишини тавсия қиламан, чунки у ўзини яхши билади. Агар у беш оят-беш оятдан ўзлаштиришга кучи етишини билса, ортиқчасини сўрамаслиги лозим. Борди-ю, фақат учта-учта ўргана олишини билса, беш оят олишни сўрамаслиги керак. Агар устоз унга уч оят бериб, ундан оширмаётган бўлса, у эса ўзининг беш оят ўзлаштира олишини билса, устоздан сабоқни кўпайтиришини жуда ҳам мулойимлик билан сўрайди. Мабодо, унамаса, қайта сўраб озор бермайди, устознинг бундан кўзлаган мақсадига сабр қилади. Агар у шундоқ қилса, унинг мана шу ишининг ўзи дарсининг кўпайтиришига туртки бўлади, иншааллоҳ». Шунингдек, у ўқитаётган устозини аччиқлантирмаслиги лозимки, яна ундан юз ўгириб қолмасин. Агар ўргатса, унга ташаккур айтади, ҳаққига дуо қилади, қадрини кўтаради. Агарда у қаттиққўллик қилса ҳам, унга қўполлик қилмайди, мабодо устоз уни ҳурмат қилмаса ҳам, у унга ҳурмат кўрсатади ва ундан ҳаё қилади, агар устоз тортинмаса ҳам. Сен ўз зиммангдаги лозим ҳақларига қаттиқ риоя қил. У ҳам сенинг ҳаққингни билса, яна-да яхши. Зеро, Қуръон аҳли яхшилик, уйғоқлик ва одоб аҳлидир. Улар ўз зиммаларидаги ҳақларни яхши биладилар. Борди-ю, устоз сенинг ҳаққингга беэътибор бўлса ҳам, сен унинг ҳақларига бепарво бўлма. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла сенга олимнинг ҳаққини яхши билишингни, олимларга итоат қилишингни амр қилган. Шунингдек, Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам (буни буюрганлар).
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтадики, шунингдек, устоздан таълим олаётган киши, агар унга ўқиб беришни истаса, у ўргатгандан оширмаслиги керак. Борди-ю, бошқасининг олдига борса ҳам, унга фақат устози ўргатганларни ўқиб беради. Яъни, устоздан ўрганган ҳарфдан бошқа ҳарфда[8] ўқиб бермайди. Зеро, мана шу унинг учун энг фойдали бўлади ва қироатининг тўғри бўлишини таъминлайди. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга ўргатилганидек ўқинглар», деганлар.
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Устознинг ўргатганига қаноат қилган киши мана шу ишда бардавом бўлгани яхши. Мен шуни тавсия қиламан. Агар устоз уни ўргатмаган жойларини ўқиётганини кўрса, унга ўргатишдан юз ўгиради. Бу эса унга оғир келади ва унинг оқибати чиройли бўлмайди. Шунингдек, мен унга то устоз тўхтатмагунича тўхтатмаслигини тавсия қиламан. Борди-ю, бирор ҳожати бўлса, устоз эса ундан юз оят қабул қилиб олишни ирода қилган бўлса, ўқиб беришдан олдин узрини айтиб қўйсин, токи уни устоз ўзи тўхтатсин. Шунингдек, у ўқитаётган ёки эшитаётган кишига юзланиб ўтириши, бошқа томонга бурилмаслиги лозим. Агар устоз айни вақтда ўта зарур бўлган бирор гап билан машғул бўлиб қолгудек бўлса, то у эшитишни қайта бошлагунича қироатини тўхтатиб туради. Масжидда устозга ўқиб бериб бўлгач, агар кетмоқчи бўлса, ўта қаттиқ ҳурмат ва эътибор билан чиқишини ҳамда ўрганганини йўлда такрорлаб кетишини тавсия қиламан. У агар бирор кишини эшитмоқчи бўлса, уни қилади. Аммо масжидда ўтирганида олдида бирорта ўрганадиган киши бўлмаса, ё намоз ўқиб яхшилик касб этади, ё Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб, У Зотга Ўз китобини ўргатгани учун шукр келтиради. Ёхуд ўзини масжидда тутиб ўтиради, ташқарига чиқишни ёқтирмайди. Буни кўзи ҳалол бўлмаган нарсага тушиб қолишидан ёки масжидда танишлиги яхши бўлмаган киши билан мулоқотда бўлишдан қўрқиб қилади. Бас, унинг ҳукми фойдасиз нарсаларга шўнғиб кетмаслиги учун масжидда ўтиришга ўзини мажбурлайди. Одамларнинг шаънида турли фосид ва ғийбатларга аралашишдан, мол-дунё ҳақида гапиришдан ва ортиқча сўзлардан эҳтиёт бўлади. Зеро, кўпинча ҳозир мен айтган ҳеч бир фойдаси йўқ, оқибати яхши бўлмаган нарсалар билан нафслар роҳатланади. У келганида-ю кетганида Қуръон аҳлига мос бўлган олийжаноб хулқларни жорий қилади. Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бунга муваффақ қилсин».
(Давоми бор...)
[1] Аҳмад ибн Ҳанбал фиқҳий мазҳаббошиларнинг тўртинчиси, ҳанбалий мазҳабининг асосчиси, буюк муҳаддис, етук мужтаҳид фақиҳ, ўта тақводор киши бўлганлар. У киши 164 ҳижрий санада Марвда туғилганлар. Ёшликларида етим қолиб, фақирликда ўсганлар. Ёшликданоқ ҳадис илмига қаттиқ қизиқа бошлаганлар ва шу боис илмий сафарларда кўп бўлганлар. У киши илм талабида Яман, Кўфа, Басра, Макка, Мадина ва бошқа жойларга борганлар. Имом Абу Юсуф ва Имом Шофеъийлардан дарс олганлар. Бағдодда катта муҳаддис Ҳушайт ибн Башир ал-Воситийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Мўътазила фирқасининг фитнаси сабабли кўп азият чекканлар, аммо таслим бўлмаганлар. У кишининг сабабидан Ислом ақидаси катта бузилишдан сақланиб қолган. У зотнинг ҳадис тўпламларини кўпчилик уламолар энг мўътабар олтита ҳадис китоби жумласига киритганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал 241 ҳижрий сана, 12 робиъул аввал, жума куни вафот этганлар. Жанозаларига тахминан икки ярим миллион одам қатнашган. [2] Имом Аҳмад ва Ҳокимлар ҳам ривоят қилишган. Имом Ҳоким уни икки саҳиҳ шартларига кўра саҳиҳ ҳадис, деган. [3] Абу Салама Абдурроҳман ибн Авф Зуҳрий. Асл исми Абдуллоҳ ёки Исмоил бўлган. Улуғ тобеъинлардан. Фиқҳ ва ҳадисда мўътабар бўлган. 94 ҳижрий санада 72 ёшида Мадинада вафот этган. Ҳадисларни отасидан ҳамда Усмон, Жобир, Ибн Умар, Оиша, Умму Салама ва бошқалардан – Аллоҳ улардан рози бўлсин – ривоят қилган. («Исъафул мубатто бирижалил Муватто», Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Суютий.) [4] Лайс ибн Абу Сулайм Қураший Абу Бакр Кўфий. Асли қул бўлган ва озод қилинган. Кўфанинг фақиҳларидан бўлган. Кўп рўза тутар ва намоз ўқир эди. 143 ҳижрийда вафот этган. («Ал-вафий бил-вафаят», Ассофадий.) [5] Нисо сураси, 59-оят. [6] Иброҳим ибн Язид Ан-Нахаъий Абу Имрон Кўфий. Ироқнинг етук фақиҳларидан. Алқама, Масруқ ва Асвадлардан ривоят қилган. Гўдаклигида Оиша розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига ҳам кирган. Тақво ва илмда машҳур бўлган. Имом Абу Ҳанифанинг устози Ҳаммоднинг шайхи. 95 ҳижрий сананинг охирларида вафот этган. («Тазкиротул ҳуффоз». Имом Заҳабий.). [7] Ибн Жарир Ибн Аббосдан ва бошқалар Ато ибн Соиб, Ҳасан Басрий ва Абул Олияларнинг ҳам мазкур оятдаги «ишбошилар»ни «олимлар ва фақиҳлар» деб изоҳлаганларини ривоят қилишган. [8] Ҳарф аслида бирор нарсанинг қирғоғини, четини англатади. Шунингдек, нутқ товушлари ва уларнинг ёзувдаги ифодасини ҳам ҳарф дейишади. Аммо бу ерда қироат илми истилоҳига кўра Қуръони Карим нозил қилинган етти ҳарфдан бири назарда тутилмоқда. [9] Осим ибн Абун Нажуд Кўфий. Машҳур етти қорининг бири. Бугунги кунда ер юзида, жумладан, бизнинг диёрларимизда энг кўп тарқалган қироат Осим қироатидир. У Зирр ибн Ҳубайш ва Абу Абдурраҳмон Суламийлардан таълим олган. Илм ва тақвода машҳур бўлган. Имом Бухорий ва бошқалар у кишидан ҳадислар ривоят қилганлар. Осим ибн Абун Нажуд 128 ҳижрийда вафот этган. [10] Ҳадиснинг ровийлари ишончли кишилар.
Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |