Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (12-қисм) | ||
|
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (12-қисм) (Давоми...)
Қуръон ўрганувчидан бирон нарса умид қилмаслик
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтадики: «Қуръон ўқитувчи кишининг олдига бирор каттами-кичикми ёки янги ўрганмоқчи бўлган одам келса, уларнинг ҳар бирига Бақара сурасидан ўқитишдан олдин алоҳида эътибор беришини, намозига, зарурат туғилганда имомликка ўтишига яроқли даражада «Алҳамду»дан тўрттами ё еттитами сурани билиб олишини ҳисобга олишини, агар уларни мактабда ўрганган бўлиб, яхши ўқийдиган бўлса, фарзларни адо қилишига яроқли даражада тилини тарбиялаб, тўғрилашини, сўнгра бошидан, Бақарадан ўргатишга тушишини тавсия қиламан».
Шунингдек, ўргатувчи киши унга Қуръон ўқиб берилганида ўқиб бераётган кишини яхшилаб тинглаши, бошқа сўз ё нарса билан машғул бўлмаслиги керак. Энг яхшиси, муносиби шуки, ўқиб берувчи ундан фойда топиши ва у ўзи ҳам ўқиб берувчидан фойдаланиши ҳамда бошқадан тинглаганда кўпроқ тадаббур қилишидир. Кўпинча Қуръонни бошқадан эшитганида унга кўпроқ манфаат ва буюк ажр ҳосил бўлади ҳамда Аллоҳ азза ва жалланинг: «Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз», деган сўзини амалга ошира олади. Бас, агар бошқаси билан гаплашмай, жим қулоқ тутса, унга Аллоҳнинг раҳмати етади ва бу ўқувчига ҳам кўпроқ фойда беради. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абдуллоҳ ибн Масъудга: «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар. У киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизга ўқиб бераманми, ҳолбуки, у сизга нозил бўлган бўлса?» дедилар. У Зот: «Мен ўзимдан бошқадан эшитишни хуш кўраман», деб жавоб бердилар.
Қуръон ўқитаётган киши дарс вақтида фақат бир кишини тинглагани, унга иккинчи кишининг қўшилмагани яхши. Мана шу ҳамма учун фойдалироқдир. Аммо талқин қилиб ўқиб беришга келсак, устоз кўпчиликка бир йўла ўқиб берса бўлаверади. Шунингдек, Қуръон ўқиб бераётган кишига агар хато қилса, қўполлик қилмаслиги, юмшоқ муомалада бўлиши, шафқатсизлик қилмаслиги, балки сабр этиши лозимдир. Зеро, унга қўполлик қилса, нафратланиб қолиши мумкин. Осони масжидга қайтиб келмай қўя қолади. Ҳолбуки, Набий ( соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Таълим беринглар, аммо қўполлик қилманглар, зеро таълим берувчи қўполлик қилувчидан яхшироқдир» ва яна: «Сизлар фақатгина осонлаштирувчи қилиб юборилдингиз, қийинлаштирувчи қилиб юборилмадингиз», деганлар.
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтадики: «Кимнинг ахлоқи мана шундай бўлса, унга ўқиб берган киши манфаат топади. Кимки Аллоҳ азза ва жалла учун Қуръон ўқитса, Қуръон ўқиб бераётган кишидан ҳожатларини чиқариб беришини сўрашдан ўзини сақласин. Ундан хизмат талаб қилмасин, ўзининг ҳожатини унга юкламасин. Агар, бордию бирор ҳожати бўлса ҳам, уни ўзига ўқиб бермайдиган кишига топширсин. Мен унга Қуръонни у билан ҳожатлар чиқариладиган нарса бўлиб қолишидан сақлашини ва агар бирор ҳожати бўлса, унинг раво бўлишини Карамли Мавлосидан сўрашини тавсия қиламан. Аммо бирорта биродари ундан илтимос қилинмаса ҳам, ўзича ўша ҳожатини чиқариб берса, Аллоҳга шукр қилсин, чунки У Зот уни ҳеч қандай сўрашдан ва дунё аҳлига хўрланишдан асрабди, ҳожатининг ечилишини осон қилибди. Сўнгра Аллоҳ ушбу ишни кимнинг қўли ила жорий қилган бўлса, унга ҳам ташаккур айтади, чунки бу ҳам унга вожибдир. Юқорида ушбу айтганларимга далолат қилувчи хабарларни ривоят қилдим. Китобимизга назар югуртирган кишининг фаҳму фаросати зиёда бўлиши учун улардан яна баён қиламан, иншааллоҳ».
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Бу маънодаги хабарлар жуда ҳам кўп. Аҳли Қуръонларга қилган бу насиҳатимдан мақсадим – уларнинг саъй-ҳаракатлари беҳуда кетмасин. Зеро, улар агар дунё одамларига уларнинг бойликларидан умид қилиб, Қуръон ўргатишлари билан дунё шон-шарафини истасалар, охиратдаги ҳурмат ва шарафдан маҳрум бўлиб қоладилар. Аллоҳнинг Ўзи Қуръон ҳомилларини бундан асрасин». Мусулмонларга Қуръон ўқитишга киришган киши Қуръон одоби билан одобланиши, унинг савобини Аллоҳдан кутиши, Қуръон билан барча одамлардан беҳожат бўлишга интилиши ва ўзини паст олиши лозим, токи Аллоҳнинг ҳузурида қадри баланд бўлсин.
(Давоми бор...)
[1] Бу ҳадиснинг санади заиф. Аммо унинг маъносини қувватловчи бошқа саҳиҳ ҳадислар бор. Имом Бухорий, Аҳмад ва Дайламийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Таълим беринглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар. Қачон бирортангизнинг ғазаби келса, жим бўлсин, жим бўлсин, жим бўлсин», дедилар». Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла мени қўполлик қилувчи этиб юбормади, лекин таълим берувчи ва осонлаштирувчи қилиб юборди», деганлар. Имом Муслим Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши билан Муоз ибн Жабални Яманга жўнатаётиб: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, ўргатинглар, нафратлантирманглар», деганлар. [2] Бу ҳадис муттафақун алайҳдир. [3] Нақлнинг санадида заифлик бор. Аммо Байҳақий «Шуъабул ийман»да уни худди шу лафз билан бошқа санад орқали ривоят қилган ва саҳиҳ, деган. [4] Абдуллоҳ ибн Идрис ибн Язид ибн Абдурраҳмон ибн Асвад Абу Муҳаммад Кўфий. Улуғ тобеъинлардан, Ибн Ҳиббон уни ўз даврининг машҳур олимлари қаторида санаб ўтган. [5] Ушнан ёки ишнан – асли форсча бўлган араблашган сўз бўлиб, «ишқор» деган маънода ишлатилади. У қумлик ерда ўсадиган маълум ўсимлик бўлиб, олдинда араблар ундан ёки унинг қайнатма сувидан қўл ва кийим ювишда ишқор – совун сифатида фойдаланишган. («Мисбаҳул мунир фи ғорибиш шарҳил кабир лир-Рофиъий»: Алиф боби, «Муъжамул васит»: Ҳамза боби.) [6] Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайёт ал-Қорий ат-Тамимий ўз замонида Кўфанинг энг машҳур, мўътабар қориларидан бўлган. Асли форслардан. Қул бўлиб, кейин озод қилинган. Машҳур етти қорининг бири. Тақво ва ибодатда ном чиқарган. Қироат, ҳадис ва фароиз илмида етук олим бўлган. Унинг аз-Зайёт – «ёғфуруш» дейилишига сабаб у Кўфадан Ҳулвонга ёғ олиб келиб сотар эди. Шунингдек, Ҳулвондан Кўфага пишлоқ ва ёнғоқ олиб келарди. Ҳусайн Жуъфий айтади: «Ҳамза гоҳида чанқаб қолса, Қуръон ўқиб бераётган кишидан олишга тўғри келиб қолишидан қўрқиб сув ичмас эди». Ибн Фузайл: «Мен Аллоҳ Кўфа аҳлидан балони фақатгина Ҳамза сабабидан қайтаради, деб ўйлайман», деган. У киши 156 ҳижрий йилда Ҳулвонда 75 ёшдан ўтиб вафот этган. У зотга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. [7] У кишининг таржимаи ҳоли юқорида ўтган. [8] Ғулувга кетиш деб бирор нарсада ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиб кетишга айтилади. [9] Бу ҳадис Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида ҳам келган. [10] Абу Амр Зазан ал-Киндий Кўфий Абу Ҳурайра, Оиша ва бир қанча саҳобалардан – Аллоҳ улардан рози бўлсин – ҳадис тинглаган. Бу ҳадисни Имом Байҳақий Бурайда розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. [11] Ҳадис жуда ҳам заиф. [12] Демак, олтингугурт ўша даврларда бирор нарсанинг ўта ноёблигини ифодалаш учун мисол қилинадиган даражада кам бўлган экан. [13] Айюб ибн Абу Тамима Абу Бакр Басрий тобеъинларнинг пешволаридан, мўътабар фақиҳлардан бўлган. Анас ибн Моликни кўрган. Ҳасан Басрий, Саид ибн Жубайр ва бошқа кўп уламолардан ривоят қилган. Ундан Суфёни Саврий, Шўъба, устози Ибн Сирин ва бошқалар ривоят қилишган. Ҳасан Басрий: «Айюб Басра йигитларининг саййидидир», дер эди. У киши 66 ҳижрий санада туғилиб, 131 йили вафот этган. [14] Бу маънони Хатиб Бағдодий ҳам Ҳаммод ибн Зайддан ўз санади орқали ривоят қилган.
Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид |