Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (7-қисм)
Босма

Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (7-қисм)

(Давоми...)

Қуръон аҳли ахлоқининг баёни ҳақида боб

Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Аллоҳ Қуръонни насиб қилган киши ўзига яраша бир қанча ахлоқлар билан хулқланиши лозим. Зеро, Аллоҳ уни Ўз Китобини кўтаришни муяссар этмаган бошқа кишилардан фазилатли қилди, Қуръон аҳлидан, Аллоҳнинг аҳлларидан, У Зотнинг хосларидан ва Аллоҳ – юқорида биз айтиб ўтган – улуғ фазлу марҳаматларни ваъда қилган  бандаларидан бўлишини хоҳлади. Ва яна Аллоҳ азза ва жалла уни «Китоб берилганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалар унга иймон келтирадир», деб зикр қилган (бу оят тафсирида «яъни, ўрнига қўйиб амал қиладиганлари» дейилган) ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга моҳир киши буюк, мукаррам, ўта яхши фаришталар билан биргадир. Ўқиганда қийналадиган кишига эса икки баробар ажр  бордир»,[1] деб васф қилган бандаларидан қилди.

 

Бишр ибн Ҳорис айтади: «Мен Исо ибн Юнуснинг[2] шундоқ деганини эшитдим: «Банда қачон Қуръонни хатм қилса, бир фаришта унинг пеношанасидан ўпади. Бас, унга Қуръонни қалбининг баҳори қилиши лозим бўлади. Шунда у (фаришта) у билан қалбининг хароб бўлган жойини обод қилади, Қуръон одоблари билан одобланади, Қуръонни ёд олмаган бошқа инсонлардан ажратиб турувчи олийжаноб хулқлар билан хулқланади.

У, аввало, махфий-у ошкор ҳолида тақвони маҳкам тутиши, еб-ичишида, касбида ўта парҳезкор бўлиши, яъни шубҳалардан ҳам ўзини тийиши ҳамда ўз замонини ва унинг аҳлидаги фасодни кўра билиши лозимдир. Бас, у динида улардан эҳтиёт бўлади, ўз ишига интилади, нотўғри ишларини ислоҳ қилади. У гапни фарқлаб гапиради: агар гапиришни тўғри деб билса, илм билан гапиради, агар жим туриш яхши бўлса, илм билан жим туради. Ўзига фойдаси бўлмаган ишга шўнғимайди. Тилидан душманидан кўра кўпроқ қўрқади ва унинг ёмонлигидан, оқибатининг чатоқлигидан саломат бўлиш учун уни душманини ҳибс қилгандек тутиб туради. Кулгининг оқибати ёмонлигини англаганидан одамлар куладиган нарсаларда камдан-кам кулади. Агар бирор нарсадан хурсанд бўлса, табассум қилади, эрмакдан қўрққанидан ҳазилни ёқтирмайди. Агар ҳазил қилса ҳам, ҳақ гап билан ҳазиллашади.

У очиқ юзли, ширин сўзли бўлади ва ўзини йўқ нарса у ёқда турсин, бор сифати билан ҳам мақтамайди. Нафсининг Мавлосини ғазабга келтирадиган ишларда ўзидан устун келиб қолишидан эҳтиёт бўлади. Ҳеч кимни ғийбат қилмайди, ҳақорат этмайди. Мусибатни сўкмайди. Ҳеч кимга жабр этмайди ва ҳасад қилмайди. Биров ҳақида ёмон гумонда бўлмайди, магар шунга лойиқ бўлсагина (у ҳақида ёмон гумон қилади). Илмга ичи ёниб ҳавас қилади.[3] Илм билан гумон қилади. Бирор инсонни айбласа, илм асосида айблайди, унинг бирор нарсаси ҳақида сукут қилса, илм билан сукут қилади.

У Қуръон, суннат ва фиқҳни ўзининг чиройли, гўзал хулқларга олиб борувчи далили қилиб олади. Барча аъзоларини қайтарилган нарсалардан сақлайди. Агар юрса, илм асосида юради, ўтирса ҳам, илм билан ўтиради. Одамлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлиши учун ҳаракат қилади. Жоҳиллик қилмайди ва агар унга жоҳиллик қилинса, мулойимлик кўрсатади. Зулм қилмайди ва агар унга зулм қилинса, кечириб юборади. Ҳеч кимга тажовуз қилмайди ва агар унга тажовуз қилинса, сабр этади. Роббисини рози қилиш ва душманини аччиқлантириш учун ғазабини ютади. Ўзини паст олади. Қачон унга ҳақ гап айтилса, катта-ю кичикдан қабул қилади. Олийликни фақатгина Аллоҳ таолодан талаб этади, махлуқлардан эмас. Кибрдан ўзида ҳам содир бўлиб қолишидан қўрқиб нафратланади.

Қуръон билан тирикчилик қилмайди, у сабабли ҳожатлари раво бўлишини ҳам хуш кўрмайди. У билан подшоҳларнинг фарзандлари томон чопмайди ва бойлар ҳузурида уларнинг ҳурмат қилишлари учун ўтирмайди. Агар одамлар фиқҳсиз, қарамай-нетмай кўп мол топаётган бўлсалар, у оз бўлса ҳам, фиқҳ ва илм асосида топади. Агар одамлар ажойиб мулойим либослар кийса, у авратини ёпгудек бўлса-да, ҳалолдан кияди. Агар ризқи кенг қилинса, кенг бўлади, тор бўлса, тежаб ишлатади. Озга қаноат қилади, бас, унга шу ҳам етарли бўлади. Дунё уни туғёнга кетказишидан эҳтиёт бўлади. Қуръон ва суннатдаги вожибларга қатъий риоя қилади. Илм асосида еб-ичади, кийинади, ухлайди ва оиласи билан бирга бўлади. Дўстлари билан илм устида дўстлашади, зиёратлашади, изн сўрайди ва салом беради. Қўшнисига ҳам илм билан қўшничилик қилади.

Доимо ота-онасига яхшилик кўрсатади, уларга қанотини паст тутади, уларнинг олдиларида овозини кўтармайди, улар учун молини фидо этади. Уларга ҳурмат ва меҳр кўзи билан боқади, уларнинг ҳақларига умр тилаб дуо қилади. Кексайган чоғларида уларга ташаккур изҳор қилиб, яхшиликларини қайтаради, улардан хафа бўлмайди, уларни маҳрум қилмайди. Яхши амалда ёрдам сўрасалар, ёрдам беради, гуноҳ ишда ёрдам талаб қилсалар, ёрдам бермайди. Аммо шунда ҳам уларга юмшоқ муомалада бўлиб, одобини гўзал қилади, токи улар қилишлари яхши бўлмаган ўша ёмон ишдан қайтсинлар.

У қариндошлик ришталарини боғлайди, уни кесишни ёмон кўради, агар биров узса ҳам, у боғлайди, агар биров бунда Аллоҳга исён қилса, у итоат қилади. Мўминлар билан илм асосида бирга бўлади, бирга ўтиради. Ҳамроҳ бўлган кишисига фойда беради. Бирга ўтирган киши билан гўзал тарзда мажлис қуради. Агар бировга таълим берса, юмшоқ муомалада бўлади, хатоси учун қаттиқ тегиб, уни хижолат қилмайди. Барча ишларида мулойим бўлади, яхшиликни ўргатишда сабрли бўлади. Уни шогирди дўст тутади, яқин олади, у билан мажлислар шодликка тўлади. Унинг ўтириши фақат яхши фойда келтиради ҳамда у ўзи билан бирга ўтирган кишини Қуръон ва суннат одоби ила тарбиялайди.

Агар унга бирор мусибат етса, Қуръон ва суннат иккиси унинг тарбиячиси бўлади. У илм билан хафа бўлади, илм билан йиғлайди, илм билан сабр этади, илм билан таҳорат қилади, илм билан намоз ўқийди, илм билан закот беради, илм билан садақа улашади, илм билан рўза тутади, илм билан ҳаж қилади, илм билан жиҳод қилади, илм билан касб қилади, илм билан инфоқ қилади, барча ишларда илм билан тасарруф қилади ва агар улардан тийилса ҳам, илм билан тийилади, зотан, уни Қуръон ва суннат тарбиялаб қўйгандир.

У ўзини тарбиялаш учун Қуръонни варақлайди, Аллоҳ фарз қилган нарсани илмсизлик билан бажаришни ўзига раво кўрмайди, илм ва фиқҳни ҳар бир яхшиликка йўл кўрсатувчи йўлбошчи қилиб олади. Қачон Қуръонни ўрганса, фаҳм ва ақл билан ўрганади, бор ташвиши Аллоҳ унинг зиммасига юклаган буйруқларни бажариш ва қайтариқлардан қайтишдан иборат бўлган вазифаларни тушуниб етиш бўлади. Унинг хаёли сурани қачон тугатишда бўлмайди, балки унинг бор ўйу фикри ибрат олиш бўлади: «Қачон Аллоҳ билан бошқадан беҳожат бўламан? Қачон тақводорлардан бўламан? Қачон яхшилик қилувчилардан бўламан? Қачон таваккул қилувчилардан бўламан? Қачон Аллоҳдан қўрқувчилардан бўламан? Қачон сабр қилувчилардан бўламан? Қачон ростгўйлардан бўламан? Қачон хавф қилувчилардан бўламан? Қачон умид қилувчилардан бўламан? Қачон дунёдан воз кечаман? Қачон охиратга интиламан? Қачон гуноҳларимдан тавба қиламан? Қачон бу узуликсиз неъматларнинг қадрини билан? Қачон уларга шукр қиламан? Қачон Аллоҳнинг хитобини англайман? Қачон ўқиганимни англаб етаман? Қачон нафсимнинг хоҳишларидан ғолиб келаман? Қачон Аллоҳнинг йўлида ҳақиқий жиҳод қиламан? Қачон тилимни тияман? Қачон кўзимни тияман? Қачон авратимни сақлайман? Қачон Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қиламан? Қачон ўз айбим билан машғул бўламан? Қачон бузуқ ишларимни тўғрилайман? Қачон ўзимни сарҳисоб қиламан? Қачон қайтиш куним учун бирор нарса ғамлайман? Қачон Аллоҳдан рози бўлиш мақомига етаман? Қачон Аллоҳга таянаман? Қачон Қуръоннинг танбеҳларидан насиҳат оламан? Қачон унинг зикри билан бошқа нарсани эслашдан машғул бўламан? Қачон У яхши кўрган нарсани яхши кўраман? Қачон У ёмон кўрган нарсани ёмон кўраман? Қачон Аллоҳ учун насиҳат қиламан? Қачон У Зотга амалимни холис қиламан? Қачон орзуларимни камайтираман? Қачон ўлимимга тайёргарлик кўраман, ҳолбуки у мендан махфий қилинган бўлса? Қачон қабримни обод қиламан? Қачон қиёматда туришни ва унинг қаттиқлигини фикр қиламан? Қачон Роббим билан холи қолишим ҳақида ўйлайман? Қачон қайтиш жойим ҳақида фикр юритаман? Қачон Роббим мени огоҳлантирган нарсалардан огоҳ бўламан? Дўзахдан-чи? Модомики, унинг иссиғи жуда ҳам шиддатли, чуқурлиги узоқ, ҳарорати (эни) узундир. Унинг аҳли ўлмайдики, роҳат топсалар. Уларнинг гуноҳлари кечирилмайди, кўз ёшларига раҳм қилинмайди. Таомлари заққум, ичимликлари қайноқ сув бўлур. Қачонки, терилари етиб пишганда азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирилур. Надомат фойда бермайдиган вақтда пушаймон бўладилар, Аллоҳнинг тоатига бепарво бўлганликлари ва У Зотга маъсият қилганликлари учун афсусдан бармоқларини тишлайдилар. Улардан бири: «Афсуски, охират ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан»,[4] дейди. Бошқа бири эса: «Эй Роббим, мени қайтаргин, шоядки, тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам»,[5] дер. Яна бири айтадики: «Эй воҳ!!! Кошки, фалончини дўст тутмасам эди». Улардан бир тоифаси юзлари анвои азоблар ичида айлантирилаётганида: «Эҳ, кошки, Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди»,[6] дейдилар.

Эй мусулмонлар жамоаси, эй Қуръон ҳомиллари, мана шу Аллоҳ мўминларга раҳм қилиб, уларни Ўз Китобида ундан огоҳлантирган ўтдир. Аллоҳ азза ва жалла айтади:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».[7]

У Зот яна шундай марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир».[8]

Сўнгра мўминларни Аллоҳ фарз қилган нарсаларга беэътибор бўлмасликларини, уларга  ишониб топширган ишларини зоеъ қилмасликларини, риоя қилишларини талаб қилган ҳудудларни сақлашликларини ва бошқаларга ўхшаб У Зотнинг амрига бўйсунмай, азобга қоладиганлардан бўлмасликларини уқтириб айтадики:

«Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У Зот уларга ўз шахсларини унуттирди. Ундоқ кишилар фосиқдирлар».[9]

Сўнгра мўминларга, албатта, дўзах эгалари жаннат эгалари билан баробар бўлмасликларини уқтиради:

«Олов эгалари ва жаннат эгалари тенг эмаслар. Жаннат эгалари ютуққа эришганлардир».[10]

Ақлли мўмин Қуръон ўқиганида ўзини унга солиштиради, бас, у (Қуръон) унинг учун у билан яхшию ёмон феълини кўрадиган кўзгу бўлади. Мавлоси нимадан огоҳлантирган бўлса, ундан эҳтиёт бўлади, нимадан жазоси билан қўрқитган бўлса, ундан қўрқади, Мавлоси нимага тарғиб қилган бўлса, унга интилади ва уни умид қилади.

Кимнинг сифати мана шу ёки шунга яқин бўлса, батаҳқиқ, у Қуръонни ҳақиқий ўрнига қўйиб тиловат қилибди, унга ҳақиқий риоя қилибди. Қуръон унга гувоҳ, шафоатчи, яқин дўст ва ҳимоячи бўлибди. Кимнинг сифати мана шу бўлса, ўзи ҳам, аҳли ҳам манфаат топади, ота-онасига ва фарзандига дунёю охиратда барча яхшиликлар етади...»

  1. Муоз ал-Жуҳаний отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръон ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», деганлар.[11]
  2. Аъмаш Хайсамадан ривоят қиладики, бир аёл Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг олдидан ўтди. Аёл унга: «Сени кўтарган қучоқ ва сен эмган кўкрак нақадар бахтли!» деди. Шунда Исо алайҳиссалом: «Аллоҳнинг китобини ўқиб, унга амал қилган киши нақадар бахтли!» деди.[12]
  3. Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон қиёмат куни киши олдига оқ юзли йигит суратида келади. Ҳалиги киши унга: «Сен кимсан?» дейди. У: «Мен сенинг кундузларингни ташналикда, кечаларингни бедорликда қилган нарсаман», дейди».[13]
  4. Иёс ибн Омирдан ривоят қилинади. Али ибн Абу Толиб[14] унга: «Албатта, сен агар яшасанг, Қуръон уч тоифа кишига ўқитилади: Аллоҳ учун бўлган синф, дунё учун бўлган синф ва тортишиш учун бўлган синф. Бас, ким нимани истаса, ўшани топади», дедилар.

Муҳаммад ибн Ҳусайн айтади: «Юқорида қироатлари билан Аллоҳнинг розилигини истайдиган кишиларнинг ахлоқларини айтиб ўтдим. Энди эса қироати билан дунё ва тортишувни истайдиган икки синф ҳақида баён қиламан, уларнинг ахлоқларини васф этаман, тоинки Аллоҳга тақво қилган киши ўша сифатларни яхши билиб, улардан эҳтиёт бўлсин».

 

(Давоми бор...)

 

 

[1] Бу ҳадисни Имом Муслим, Ибн Можа, Имом Термизий ва Абу Довудлар ривоят қилган. Ибн Зурай ривоятида ҳадис қуйидаги лафзларда келган: 1. «Қуръонни ёд олиб ўқигувчи киши мисоли буюк, мукаррам, ўта яхши фаришталарга ўхшайди. Уни қийналиб, такрорлаб ўқийдиган кишига эса икки баробар ажр бордир». 2. «... У (Қуръон) ёдидан қочиб, унинг айрим қисмини унутиб қўйган кишига Аллоҳнинг ҳузурида икки баробар ажр бор». Ушбу ривоятлардан мазкур машаққатдан Қуръонни ёд олишдаги қийинчилик назарда тутилган. Ҳақиқатан ҳам бундай машаққат икки баробар ажрга ҳақлидир. Аммо бепарволик, ғофиллик билан тортилган машаққатга қандай қилиб икки баробар ажр бўлиши мумкин? Бинобарин, бу ҳадис дангасалик қилиб тўғри ўқишга ҳаракат қилмаган, бепарволик билан Қуръонни хато ўқиган ва унутган кишига ҳужжат бўлмайди.

[2] Абу Бакр Исо ибн Юнус ибн Абу Исҳоқ ас-Сабиъий Кўфий. Асли Ҳамадондан бўлган. Тақво илми билан шуҳрат қозонган. Аъмаш, Шўъба, Молик ибн Анас ва бошқа кўп уламолардан таълим олган. Шомда истиқомат қилган. Қироатда жуда ҳам пешво бўлган. Барча уламолар у кишининг мўътабар, ишончли шахс бўлганларига иттифоқ қилишган. Аҳмад ибн Ҳаббоб: «Исо ибн Юнус 45 марта ғазотда қатнашган, 45 марта ҳаж қилган», деган. У киши 87 ҳижрий йилда вафот этган.

[3] Биз ичи ёниб ҳавас қилиш, деб таржима қилган сўз матнда «ҳасад» деб ишлатилган. Ҳасад сўзи араб тилида икки хил маънога далолат қилади: 1) бировдаги неъмат, яхшиликни кўролмаслик, у ўзига етсин ё етмасин, уни ўша одамнинг қўлидан кетишини орзу қилиш, бу тур ҳасад қатъий ҳаром ва қоралангандир; 2) бировдаги неъмат ва яхшиликни ўта қаттиқ ҳавас қилиш ҳамда уни бошқада бўлиши билан бирга ўзида ҳам бўлишини орзу қилиш, бунда киши неъмат эгасининг қўлидан кетишини истамайди, балки ўша инсон каби бўлишни ҳавас қилади. Бу ерда ҳасад ушбу иккинчи маънода ишлатилган бўлиб, ҳадиси шарифга асослангандир. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасад фақат икки нарсада мумкин. Биринчиси – Аллоҳ Қуръонни ўрганишни насиб этган бўлиб, у уни кечаю кундуз тиловат қиладиган киши. Бас, уни қўшниси эшитиб: «Кошки, менга ҳам фалончига берилганга ўхшаш нарса берилганда эди, мен ҳам унинг қилганини қилардим», дейди. Иккинчиси – Аллоҳ унга мол берган бўлиб, у уни ҳақ учун сарфлаган кишидир. Бас, биров: «Кошки, менга ҳам фалончига берилганга ўхшаш нарса берилганда эди, мен ҳам унинг қилганини қилардим», дейди, деганлар».

[4] Фажр сураси, 24-оят.

[5] Мўминун сураси, 99–100-оятлар.

[6] Аҳзоб сураси, 66-оят.

[7] Таҳрим сураси, 6-оят.

[8] Ҳашр сураси, 18-оят.

[9] Ҳашр сураси, 19-оят.

[10] Ҳашр сураси, 20-оят.

[11] Абу Довуд ўз «Сунан»ида, Ҳоким «Мустадрак»ида ривоят қилган.

[12] Бу ҳадисни Абу Убайда «Қуръон фазилатлари» бобида Иброҳим Нахаъийдан қуйидаги лафзда ривоят қилган: «Бир аёл Исо ибн Марям алайҳиссалом олдидан ўтди. Аёл унга: «Сени кўтарган қучоқ ва сен эмган кўкрак нақадар бахтли!» деди. Шунда Исо: «Аллоҳнинг китобини ўқиб, унда бор нарсага эргашган киши нақадар бахтли!» деди».

[13] Ҳадис ҳасан даражасида. Уни Ибн Можа ва Ҳокимлар ҳам ривоят қилган. Ҳоким ривоятида қуйидаги лафзда келган: «Ким Қуръон ўқиса, ўрганса ва унда бор нарсага амал қилса, унга қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Унинг ота-онасига ҳулла кийгизилади, у ҳам бу дунёда бўлмаган. Улар: «Бу бизга нима сабабдан кийдирилмоқда?» дейишади. Шунда уларга: «Фарзандингиз Қуръонни маҳкам ушлагани учун», дейилади». Ҳоким айтади: «Ҳадис Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир». Буни Заҳабий ҳам таъкидлаган.

[14] Машҳур саҳоба.

 

 

Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид