
Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (6-қисм)
(Давоми...)
Қуръон ҳомилларининг фазилатлари ҳақида боб
- Анас Ибн Моликдан[1] ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг инсонлардан аҳли бордир», дедилар. Шунда: «Улар кимлар, эй Аллоҳнинг Расули?» дейилди. У зот: «Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳли ва Унинг хос кишиларидир», дедилар».[2]
- Юқоридаги ҳадис бошқа йўл билан ривоят қилинган.
- Бу ҳадис саҳиҳ санад билан 10-рақамда келади.
- Осим Зиррдан, у Абдуллоҳ ибн Амрдан[3] ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни (Қуръон соҳибига[4]) «Ўқи, даражаларда кўтарилиб боравер ва дунёда қандай тартил қилган бўлсанг, худди шундай тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги оятни ўқиган жойингдир», дейилади», дедилар».[5]
Муҳаммад ибн Ҳусайн айтишича, Умму Дардодан ривоят қилинади: «Мен Оиша[6] розияллоҳу анҳодан жаннатга кирган Қуръон ўқигувчи (ёд олгувчи) қорининг уни ёд олмаган кишидан нима ортиқлиги бўлиши ҳақида сўрадим. У: «Жаннатнинг даражалари Қуръон оятларининг ададичадир. Бас, қайси бир Қуръон ўқувчи (яъни, уни ёд олган) қори жаннатга кирса, ундан юқорида ҳеч ким бўлмайди», деб жавоб берди».[7]
- Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ушбу Қуръонни ўрганинглар, уни тиловат қилинглар. Албатта, сизлар унинг тиловати билан ҳар бир ҳарф учун ўнта ҳасана ила ажрланасизлар. Мен алиф, лаам, миим – бир ҳарф, демайман. Лекин алиф бир ҳарф, лаам бир ҳарф, миим бир ҳарфдир. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ азза ва жалланинг одобномаси, зиёфатидир. Бас, Аллоҳнинг одобномасини имконингиз борича ўрганинглар. Албатта, бу Қуръон Аллоҳнинг арқонидир. У равшан нурдир ва фойдали шифодир. У – унга эргашганларнинг нажоти ва уни маҳкам тутганларнинг пушти паноҳидир. У эгри бўлмаски, тўғриланса. Унинг ажойиботлари тугамайди ва у кўп такрорлаш билан эскирмайди», дедилар».
- Ато ибн Соиб Абул Аҳвас ва Саъид ибн Ферузлардан ривоят қилинадики, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қуръонни ўрганинглар, уни тиловат қилинглар. Албатта, сизлар унинг тиловати билан ҳар бир ҳарф учун ўн ажр оласизлар. Мен алиф, лаам, миим учун ўн ажр, демайман. Лекин алиф учун – ўн, лаам учун – ўн, миим учун ўн ажр бор», дедилар.[8]
- Саълаба ибн Абул Кануд Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилади. У киши: «Ким Қуръонни жамласа, батаҳқиқ, буюк ишни зиммасига олибди. Пайғамбарлик унинг икки елкаси орасида-ю, фақат унга ваҳий келмайди. Чунки Қуръон унинг ичидадир», дедилар.[9]
- Абу Умомадан[10] Салама ибн Али ривоят қилишича, Набий алайҳиссалом: «Ким Қуръоннинг тўртдан бирини ёд олса, унга пайғамбарликнинг тўртдан бири берилибди. Ким Қуръоннинг учдан бирини ёд олса, унга пайғамбарликнинг учдан бири берилибди. Ким Қуръоннинг учдан иккисини ёд олса, унга пайғамбарликнинг учдан иккиси берилибди. Ким Қуръоннинг ҳаммасини ёд олса, унга пайғамбарликнинг ҳаммаси берилибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди», деган эканлар.[11]
Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатган кишининг фазли ҳақида боб
- Абу Абдурраҳмон Суламий Усмон ибн Аффон[12] розияллоҳу анҳудан ривоят қиладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир», дедилар. Абу Абдурраҳмон[13] айтади: «Мени ушбу жойимда ўтиргизган мана шудир». У Усмоннинг халифалигидан Ҳажжожнинг давригача масжидда таълим берган.
- Бу ўринда юқоридаги ҳадис бошқа йўл билан ривоят қилинган.
- Осим ибн Баҳдала Мусъаб ибн Саъддан, у эса отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир», дедилар ва қўлимдан ушлаб, Қуръон ўқитадиган жойимга ўтиргиздилар».[14]
- Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Биз масжидда ўтирган эдик. Бас, у зот: «Сизлардан қайси бирингиз Бутҳон ва Ақийққа[15] бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан иккита катта ўркачли кўркам туя олиб келишни хоҳлайди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, барчамиз буни жуда ҳам хоҳлаймиз», дедик. У зот: «Бирингизнинг эрталабда масжидга келиб, Аллоҳнинг китобидан икки оят таълим олмоғи иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учта туядан яхшироқдир. Тўрттаси тўртта туядан яхшироқдир. Қанча оят бўлса, шунча туя(дан яхшироқ)», дедилар».[16]
Қуръондан дарс қилиш учун масжидда тўпланишнинг фазилати ҳақида боб
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда мажлис қуриб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобини тиловат қилса ва уни ўрганса, албатта, уларни фаришталар ўраб, раҳмат қуршаб олади ҳамда Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади. Кимни амали ортга сурса, насаби уни олдга сура олмайди», дедилар.
- Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса ва уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб, фаришталар қуршаб олади ҳамда Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар.[17]
- Хорун ибн Антарадан ривоят қилинади: «Мен Ибн Аббосга[18] «Қайси амал афзал?» дедим. У: «Аллоҳнинг зикри улуғдир. Қайси бир қавм Аллоҳ азза ва жалланинг уйларидан бир уйда жам бўлиб, унда Аллоҳнинг китобини ўрганса, у билан машғул бўлса, албатта, уларнинг устига фаришталар қанотлари билан соя солиб турадилар ва улар ушбу ҳолларида то бошқа сўзга ўтгунларича Аллоҳнинг меҳмонлари бўладилар», деди».[19]
(Давоми бор.)
Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
[1] Машҳур саҳоба.
[2] Ибн Можа ва Аҳмадлар ривоят қилган.
[3] Абдуллоҳ ибн Амр – саҳоба.
[4] Аҳмад Шаҳота таҳқиқ қилган Миср нусхасида шундай берилган.
[5] Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилган. Ибн Можа келтирган ривоятда ҳадис қуйидаги лафзда келган: «Қуръон соҳибига жаннатга кирганида «Ўқи, кўтарил», дейилади ва у охирги билган нарсасигача ўқийди, ҳар бир оятда бир даража кўтарилиб бораверади».
[6] Оиша бинти Абу Бакр.
[7] Буни Абу Убайда «Қуръон фазилатлари» бобида Имрон ибн Хаттондан ривоят қилади. У айтади: «Мен Умму Дардонинг: «Оишадан – унга Аллоҳнинг розилиги ва фазлу карами бўлсин – жаннатга кирган Қуръон ўқигувчи қорининг уни жамламаган кишидан нима ортиқлиги бўлиши ҳақида сўраган эдим, у: «Жаннатнинг даражалари Қуръон оятларининг ададичадир. Бас, қайси бир Қуръон ўқувчи қори жаннатга кирса, ундан юқорида ҳеч ким бўлмайди», деб жавоб берди», деганини эшитдим».
[8] Бу маънодаги ҳадисни Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган. У киши айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор ва ҳар бир ҳасана ўн мислига кўпайтирилур. Мен алиф, лаам, миим – бир ҳарф, демайман. Лекин алиф бир ҳарф, лаам бир ҳарф, миим бир ҳарфдир», деганларини эшитдим».
[9] Бошқа бир нусхада охирги жумлаларга қуйидаги сўзлар ҳам зиёда қилинган: «Бас, Қуръон ҳомили бойлар билан бойлик қидирмаслиги, жоҳил билан бирга нодонлик қилмаслиги лозим, чунки Қуръон унинг ичидадир».
[10] Абу Умома – саҳоба.
[11] Бу ҳадисни муҳаддислар мавзуъ, дейишган. Ибн Жавзий: «Бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлиши мумкин эмас», деганлар.
[12] Машҳур саҳоба.
[13] Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ас-Суламий Кўфий. Қироат ва ҳадис илмида етук олим бўлган. Кўфа масжидида қирқ йилдан ортиқ Қуръондан таълим берган. Етти машҳур қироатнинг бирини нақл қилган. Отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини топган. Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнларга қироатдан таълим берган. Имом Осимнинг устози. Усмон, Ибн Масъуд, Зайд, Убай ҳамда Али розияллоҳу анҳумлардан қироат ва ҳадис ривоят қилган. Имом Бухорий ва бошқалар у кишидан ҳадис ривоят қилишган. 72 ё 73 ёки 74 ҳижрийда вафот этган.
[14] Бу ҳадисни ушбу йўл билан Имом Ибн Можа ҳам ривоят қилган.
[15] Бутҳон ва Ақийқ – Мадинаи Мунавваранинг жануб томонида жойлашган икки водийнинг номи.
[16] Имом Муслим ва Абу Довудлар ҳам ривоят қилган. Имом Муслим Абу Ҳурайрадан қуйидаги ҳадисни ҳам ривоят этган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз ўз аҳлига қайтганида у ерда учта семиз бўғоз туя бўлишини ёқтирадими?» дедилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Сизлардан бирингизнинг ўз намозида уч оят ўқиши унинг учун учта семиз бўғоз туядан яхшироқдир», дедилар».
[17] Бу ҳадис ҳам олдингисининг маъносини қувватлайди. Мусанниф уни бошқа санад билан ривоят қилган.
[18] Машҳур саҳоба.
[19] Исноди саҳиҳ. Уни Саъид ибн Мансур, Ибн Абу Шайба, Ибн Мунзир, Ҳоким ва Байҳақийлар ҳам ривоят қилган. |