Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (1-қисм)
Босма

Қуръон ҳомилларининг ахлоқи (1-қисм)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Кириш

Қуръон аҳлини Ўз аҳлим, деб эълон қилган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Қуръон аҳлининг пешвоси Расулимиз Муҳаммад Мустафога салоту саломларимиз ёғилсин.

Қуръони Каримни асрлар оша дилларида сақлаб, тилларида адо этган, ушбу омонатни кейинги авлодга ҳеч бир ўзгаришсиз етказиш учун молу жонини фидо қилган барча аҳли Қуръонларга Аллоҳнинг розилиги ва раҳмати бўлсин.

 

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги китоби Қуръони Каримни ер юзига нозил қилар экан, уни инсонларга етказиш учун Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни танлади ва у зотнинг қалбларига Ўзининг каломини фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида оятма-оят нозил қилди, ҳарфма-ҳарф таълим берди. Ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам нозил бўлган оятларни қандай қабул қилган бўлсалар, худди ўшандай, ҳеч бир ўзгаришсиз, тўлалигича инсонларга ўқиб бердилар, саҳобаларга ўргатдилар. Шу билан бирга, у зот кишиларни Қуръон ўқишга, уни ёд олишга тарғиб қилдилар ва бу соҳага қизиққан, лаёқатли саҳобалар билан алоҳида шуғулландилар. Натижада саҳобаи киромлар ичидан айримлари Қуръонга моҳирлиги ва бу борада бошқалардан кўра кўпроқ билимга эгалиги билан ажраб чиқа бошладилар. Улар одамлар орасида «қорилар», «Қуръон аҳли» ёки «Қуръон ҳомиллари»[1] деб номланадиган бўлдилар. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ўша соатлардан бошлаб бугунги кунимизгача Ислом уммати ичида бу тоифа кишилар узуликсиз бардавом бўлиб келмоқда.

Даставвал ўнлаб, юзлаб қорилар етишиб чиққан бўлса, бора-бора уларнинг сонлари кўпайиб, минглаб, ўн минглаб мусулмон фарзандлари Қуръон қорилари ўлароқ, Ислом умматининг кўрки бўлиб, Ислом динининг асрлар оша сақланиб қолишида шарафли хизмат қилиб келмоқдалар.

Ҳамма соҳаларда бўлгани каби Қуръон қорилари ичида ҳам айрим камчиликлар содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Қолаверса, улар руҳий камолот, илоҳий қурбат касб этишлари учун ҳам ўз фаолиятлари давомида маълум ахлоқий меъёрларни назардан қочирмасликлари лозим. Ана шу эътибордан динимизда бошқа барча соҳаларда бўлгани каби Қуръон аҳли риоя қилиши лозим бўлган ахлоқ-одоблар, кўрсатмалар Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар маъноларида батафсил баён қилиб берилган.

Уламоларимиз қадимдан бу борада ҳам улкан ишларни амалга ошириб келганлар. Уларнинг баъзилари ўз китобларида ушбу мавзуга бағишлаб «Қуръон фазилатлари», «Қуръон одоблари» деган махсус боблар ажратган бўлсалар, айримлари бу борада алоҳида асарлар ҳам ёзганлар. Ана шундай мўътабар китоблардан бири, шубҳасиз, «Ахлаақу ҳамалатил‑Қуръаан» («Қуръон ҳомилларининг ахлоқлари») китобидир. Бу асар муҳаддисларнинг дастлабки авлод намояндаларидан бири Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррий раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб бўлиб, ҳижрий тўртинчи асрнинг ўрталарида таълиф этилган.

Имом Ожуррий асли бағдодлик бўлиб, шу ерда улғайган, илм таҳсил қилган. Кейинроқ, аниқроғи, 330 ҳижрий санада Маккаи Мукаррамага сафар қилиб, то ҳаётининг охиригача шу ерда яшаган. Мазкур китобни ҳам шу муборак шаҳарда – Масжидул Ҳаромда таълиф этган.

Имом Ожуррий етук олимлиги, ўта парҳезкорлиги ва зоҳидлиги билан Ислом оламида машҳур бўлган. Буни у кишининг асарларидан ҳам англаш мумкин. Барча тарихчи ва муҳаддис уламолар у кишини ишончли, жуда ҳам мўътабар, олий табақадаги муҳаддислардан санайди.

Муаллиф муҳаддис бўлгани учун асарни ушбу фан услубида, яъни ровийларнинг санадини[2] келтириш ва ривоятларни мавзулар асосида тартибга солиш усулида ёзган. Шу билан бирга ҳар бир бобда ҳадисларнинг мазмунидан келиб чиқиб, уларга изоҳ маъносида ва ўзининг тажрибалари, билганлари асосида ҳар бир иймонли киши билиши зарур бўлган қимматли маълумотларни бериб борган. У киши ўз гапини бошқа нақллардан ажратиш учун «Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Ожуррий айтади» деб бошлайди.

Имом Ожуррий Қуръон аҳлининг фазилатлари ҳақида сўзлар экан, уларнинг ушбу мақомга муносиб инсонлар бўлишга, юксак ахлоқий фазилатларга, маънавий покликка, зоҳиру ботинни бир хил тутиш каби олийжаноб одоб‑ахлоқларга тарғиб қилади. Айни вақтда уларни ҳар қандай ахлоқсизликдан, хўжакўрсин, кўзбўямачилик, таъма, ужуб каби маънавий иллатлардан сақланишга чақиради. Муаллифнинг бу борада айтган сўзларидан у кишининг руҳий тарбия борасида ҳам ўта зийрак, етук олим бўлганини пайқаш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир ўқувчи, хусусан, Қуръон ўқувчи кишилар китобдан катта манфаат топади ва Ислом уламолари жамиятнинг поклиги, маънавий соғломлиги учун қанчалар жонкуяр, ҳушёр бўлганларига яна бир бор гувоҳ бўлади.

 

Таржима ҳақида

«Ахлаақу ҳамалатил‑Қуръаан» китобининг қўлёзма нусхалари бугунги кунгача тўлиқ шаклда етиб келган. Уларнинг ҳозирда дунёнинг турли кутубхоналарида сақланаётгани ҳақида аниқ маълумотлар бор. Аммо бизнинг қўлимизда улардан бирортаси ҳам йўқ. Бироқ китобнинг тадқиқ этилган янги нашрларидан айрим нусхалар мавжуд.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, охирги йилларда замонамизнинг тадқиқотчи уламоларининг ташаббуслари билан кўплаб қадимги манбалар, улуғ уламоларимизнинг бебаҳо асарлари янги кўринишда, танқидий ўрганилган ҳолда мусулмонлар қўлига қайтмоқда. Жумладан, Имом Ожуррийнинг «Ахлаақу ҳамалатил‑Қуръаан» асари ҳам турли матбаалар томонидан бир неча марта нашр қилинди. Улардан бири Мадинаи Мунаввардаги «Мактабатуд-даар» матбаасида ҳижрий 1408 (м. 1987) санада чоп этилган нусха бўлиб, уни Доктор Абдулазиз қори ибн Абдулфаттоҳ таҳқиқ қилган. Иккинчиси эса Искандария матбаасида ҳижрий 1426 (м. 2005) санада мисрлик олим Абу Муҳаммад Аҳмад Шаҳота таҳқиқи остида чоп этилган нашрдир.

Ушбу таржима учун Мадина нашри танланди. Чунки у тадқиқотчи томонидан ҳар томонлама тўлиқ ўрганилган ва энг ишончли қўлёзмалар асосида тикланган. Шу билан бирга Доктор Абдулазиз қори китобдаги ҳадисларни ҳам танқидий ўрганган ва керакли хулосаларни ўз ўрнида бериб борган. Шунингдек, китобга муаллиф ва унинг асарлари ҳақида қимматли маълумотларни ҳамда қўёзмалардан парча суратларни ҳам илова қилган.

Биз таржимада мазкур хулоса ва маълумотлардан фойдаланишда ўзбек китобхонларининг эҳтиёж ва қизиқишларини ҳисобга олдик. Зеро, маълумотларнинг кўп қисми илмий хулосалар бўлиб, улардан фақатгина мутахассисларгина фойдаланишлари мумкин. Оддий ўқувчилар учун уларнинг аҳамияти йўқ. Шу боис бундай маълумотлар таржимада бериб ўтирилмади.

Мазкур маълумотларга қўшимча сифатида айрим ҳадис ва нақллар ҳақида қўлдан келганича ўз тарафимиздан ҳам маълумотлар бериб бордик. Айрим фиқҳий масалаларда зарурати бўлганда ҳанафий мазҳабининг фатво ва далилларини ҳам баён қилиб ўтдик. Шунингдек, китобда ҳадислар билан бир қаторда нақл қилинган саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва улардан кейинги айрим Ислом олимларига тегишли сўзларни ўрганишда уларнинг аҳамиятини ўқувчиларга англатиш мақсадида ўша сўзларнинг муаллифлари ҳақида матн остида тегишли манбалар асосида қисқача маълумот ҳам тақдим қилиб бордик. Аммо санаддаги ровийлар ҳақида тўхталмадик. Таржимада ишлатилган айрим илмий истилоҳларни биринчи бор қўлланиши асносида ўз ўрнида изоҳлаб ўтдик.

Муаллиф ҳар бир ҳадисда унинг ўзигача бўлган санадини тўлиқ келтирган. Шу боис айрим ҳадислар бошқа-бошқа санадлар билан такроран ҳам келган. Аммо биз ровийлардан фақатгина биринчисини келтириш билан кифояландик ва матни айнан бир хил бўлган ҳадисларнинг санади энг саҳиҳ бўлганини танладик.

Аллоҳ таолодан ушбу ожизоналик билан қилинган амални камчиликларини кечириб, Ўз даргоҳида ҳусни қабул этишини ва ундан халқимизни манфаатлантиришини сўраб қоламиз.

 

(Давоми бор...)

[1] «Ҳомил» сўзи кўтарувчи деган маънони англатади. Манбаларда «Қуръон ҳомили» деганда уни тўлиқ ёд олиш билан бирга унга амал қилган киши назарда тутилади. Бизда ҳам халқ ўртасида Қуръонни тўла ёд олишни «Қуръонни кўтариш» деб юритиш одат тусига кирган.

[2] «Санад» сўзи араб тилида «суянчиқ» маъносини англатади. Муҳаддислар истилоҳида эса ҳадис матнига олиб борувчи суянчиқ-йўлга санад дейилади. Ҳар бир хабарни санадга – ишончли суянчиққа суяниб қабул қилиш мусулмон умматининг ўзига хос хусусиятидир. Мусулмонлардан бошқалар бу нарсага эътибор бермаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг пайғамбарлари айтган гаплари, қилган ишлари у ёқда турсин, муқаддас китобларига ҳам ёлғон аралашиб, ҳатто ёлғон ростдан устун бўлиб кетган. «Ҳадис ва Ҳаёт», 1-жуз, 29-б.

 

Таржимон: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид