Қуръон: Рамазонгача, унинг давомида ва Рамазондан сўнг
Босма

Кимдир математика билимларини пухта эгаллаган, кимдир эса гуманитар фанлар ва санъатдаги қобилияти билан ажралиб туради (ва албатта, ҳам у, ҳам бундан яхшигина хабардорлар ҳам топилади). Шу каби, ё бундан-да чуқурроқ биз атроф-муҳит муҳофазаси ёки нумизматика билан шуғулланишимиз мумкин. Мусулмонлар орасида тарқалган касблар тури турфадир. Аммо улар турли касб эгалари бўлишларига қарамай, олдиларига аниқ-равшан бир мақсадни қўйганлар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг хулқларидан насиба олиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг қайтариқларию-буйруқларига амал қилиш яшаш тарзимизга ижобий таъсир қилиши аниқ. Ораларимизда озчилигимиздагина ҳурматга сазовор шайхга айланиш имкони мавжуд бўлиши мумкиндир, аммо Расуллулоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг кўрсатиб кетган суннатларига эргашган ҳолда гўзал турмуш кечириш имконига бўлса барчамиз эгалик қила оламиз.

Лекин  жуда кўп ҳолларда бу буйруқ-қайтариқни зоҳиран тушуниб олганмиз, холос. Мисвокнинг афзалликларини тиш чўткаси билан солиштирамиз, қайси бош кийим Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг бош кийимларига кўпроқ ўхшаши ҳақида баҳслашамиз, орамизда соқолнинг узунлиги ҳақида ихтилофлар келиб чиқади... Бироқ  бизнинг вазифамиз У Зот (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг турмуш тарзини қайта яратиш эмас, балки Набий (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг хулқларидин хулқланишдир ва бу мақсад йўлида ҳам эркаклар, ҳам аёллар бирдай ҳаракат қилишлари мумкин.
Баъзида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг хулқидан кўчирма қиламан деб, биз У (соллаллоҳу алайҳи васалам)отнинг тарихи ва турмуш тарзларига берилиб кетамиз. Аммо аввало суннатнинг тури, унинг маъно-мазмунини англаш зарурдир. Масалан, айнан мисвок ишлатиш, тарихий бош кийимда юриш ёки соқол узунлиги ўз-ўзидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг сифатларидан бўлган поклик, камтарлик ва тақвони шакллантириб бера оладими? Ва Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг сифатларига етиштирувчи бошқа алтернатив-муқобил, аммо ҳозирги замонда топилиши осон бўлган нарсалар мавжудми?
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васалам)ни тирик Қуръон деб бежиз айтишмаган: У Зотнинг амаллари ва гаплари доимо Аллоҳ Таолонинг таъсири, илҳоми остида бажарилган, гапирилган. У Зот энг тақводор ва Аллоҳнинг қуллари ичида энг бўйсунувчиси бўлганлар. Ўз навбатида ушбу комил Зот (соллаллоҳу алайҳи васалам) одамларни тўғри йўлга йўллаш, тинч-тотув яшаш, доимо ҳаракатда бўлиш ва асосийси, Аллоҳга доим тақво қилиш кераклигини эслатиб турувчи, инсониятга раҳмат ва ўзига хос ибрат ҳамдир.
Худди шу мақсадда Қуръон ҳам нозил қилинган. Шундай қилиб, биз ҳам тирик намуна, ҳам дастурул-амал бўлган Китобни қабул қилиб олганмиз. Улар бир-бирларини тўлдирадилар ва биргаликда тўлиқ равишда,банда қайси макон ва замондалиги, қайси касб эгасилигидан қатъи  назар, ҳаётда оптимал (ўрта, васатий) йўлини топиш стратегиясини ўргатади. Яъни  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг сиймоси ва Қуръони Каримнинг мўъжизалари бирлашгани ҳолда, инсониятга ҳақиқий универсал хабар ва хабарчи юборилди.
Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) Қуръонни тўлдирувчи  ва Қуръон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)ни тўлдирувчи бўлса, «Тирик Қуръон»нинг сифатидан олиш ва Қуръоннинг ўзидан насиба олиб қолиш учун биз энг афзал ой бўлган Рамазонда айнан нималар билан машғул бўлишимиз керак? Жамоа ва якка ҳолда қилинувчи ибодатлар ҳақида кўплаб ишончли ҳадислар келган бўлиб, бунга мисол тариқасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) ва саҳобалар ўқиган таровеҳ намозини олиш мумкин. Ушбу қисқагина мақолада у зот (розияллоҳу анҳум)ларнинг бажарган амаллари ҳақида тўхталиб ўтирмаймиз.
Муборак Рамазон ойини нафсни интенсив тарбиялаш курси деб атасак ҳам бўлади. Унинг дарсидан олинган фойдаларни йил бўйи қўллаш лозим бўлади. Рамазон ойига борган сари саноқли кунлар қолар экан, сиз азизларнинг эътиборингизга суннати мутоҳҳаранинг билимдонлари томонидан тузилган содда ва қисқа тавсияларни ҳавола қилмоқчимиз.
Ушбу тавсияларда асосан Рамазонда Қуръон ўқишга кўпроқ эътибор қаратилди. Шундай бўлса-да, қуйидаги тавсияларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг хулқини ҳам ўзида мужассам этмоқчи бўлганлар қироатдан ўзга нарсаларни ҳам топадилар, иншааллоҳ:
1. Рамазон ойидан аввал, унинг давомида ва Рамазондан сўнг кўпроқ Қуръоннинг қанчалик маънодор эканлиги ҳақида тадаббур ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг Қуръон асосидаги ўрнак бўлувчи суннатлари ҳақида тафаккур қилинг. Улар бир-бирларини ҳақиқатда тўлдирувчи эканлиги ҳақида ўйлаб кўринг.
2. Айримлар учун Қуръон ёдлаш ва уни ўрганишга энг муносиб вақт тонгда бўлади. Баъзилар учун эса  куннинг ўртасида. Аммо куннинг қайси вақти эканлигидан қатъи  назар, келинг, ҳар куни ушбу ожиз қолдирувчи икки мўъжизага намоз, тиловат, қироат, тафаккур ва амаллар билан қурбат-яқинликни сақлашга ҳаракат қилайлик.
3. Қуръони Карим комил муаллими билан боғлангани каби, бизнинг тафаккуримиз ҳам тақводор устозга муҳтож. Шу сабабли, Қуръонни яхши тушуниб, суннатга амал қилувчи устоз қидиринг;
4. Ҳар гал Қуръони Каримга ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг суннатига юзланар эканмиз, хотинимизни, қўшнимизни ёки ҳамкасбимизни тарбия қилиш учун эмас, балки ўз хулқимизни яхшилаш, нафсимизга дарс бериш учунгина юзланайлик. Бундан мақсад, руҳий комилликка эришишда ўзгаларга дакки беришлик билангина иш битиб қолмаслигини тушуниб етишдир.
5. Жамоатга хизмат қилиш ҳақида ҳам унутмайлик. Чунки  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг суннати шуни тақозо этади, кўплаб оятлар эса буни таъкидлайди. Ўзимизни қанча ислоҳ қилсак, жамоатга нафимиз тегиш йўллари шунча кўпаяди, холис Аллоҳ учун вазифаларимизни бажариб борамиз: табиблар даволашади, ҳунармандлар турли керакли буюмлар ясайдилар, архитекторлар уйлар лойиҳасини тузадилар, қутқарувчилар ҳаётни сақлаб қоладилар. Қандай иш билан шуғуллансак ҳам, ушбу хизматимиз холис бўлишини ҳаёт тарзимизга айлантириб олишимиз муҳимдир.
Сўнгсўз ўрнида Аллоҳдан Ўзининг зикридан чалғиб қолмасликни, тирик Қуръон бўлишимизни сўраб дуо қилиб қоламан. Барча кўринишдаги ибодатларимизни қабул қилишини ва Рамазонгача, унинг давомида, Рамазондан сўнг, бизнинг қалбларимизга шифо бериб, саломат қалб ато этишини сўраб қоламан. Вассалому алайкум!

Ибн Маъруф