Араб тили ҳақида 32 маълумот | ||
|
Араб тили ҳақида 32 маълумот
1. Араб тилида «С» ва «Х» ҳарфларининг уч хил ҳамда «Т» ҳарфининг икки хил тури бор. Бундан ташқари, фақат сўз охирида келувчи «Т» – «Та марбута», яъни «(қўли) боғланган та» ҳарфи икки хил ёзилиш усули бўлишига қарамай, алифбо таркибига кирмайди. Шунга қарамай, у бор, араб тилини усиз тасаввур қилиш мумкин эмас. 2. Баъзилар алоҳида ундош ҳарф ҳисобланмиш «ҳамза»ни ҳам алифбо таркибига кирмаган деб янглишишади. Аммо алифбонинг биринчи ҳарфи «Алиф» – аслида ўша «ҳамза»нинг айнан ўзидир. Алиф кўпинча ҳамзага курси вазифасини ўтагани учун ҳам шундай ёзилиб қолган. Яна бир хоссаси, ёлғиз шу «ҳамза» ҳарфи доимо алоҳида ёзилади, ўзидан аввалги ҳарфга ҳам, кейингисига ҳам «қўл бермайди».Кўп тилларда унга мос келадиган товуш ҳам йўқ. Ўзбек тилида «ҳамза»нинг вазифасини қисман тутуқ белгиси бажаради. 3. Чўзиқ унли «а»нинг ёзувдаги белгиси бўлмиш «Алиф» ҳарфига келсак, у алифбонинг охиридан битта аввалги «Лом алиф» ҳарфида ўз ифодасини топган. Яъни «Лом алиф» бу, аслида ўша ҳақиқий «Алиф»дир. 4. «Зод» ҳарфининг эса бошқа ҳеч қайси тилда аналоги – ўхшаши йўқ. Шу сабабдан ва унинг талаффузи ҳам ўзига яраша мураккаблигидан араб тилини баъзан «зод тили» дейишади. 5. Испан ва валенсия (каталон) тиллари лексикасининг, тахминан, ўн фоиз сўзлари арабчадан олинган. 6. Усмоний турк тили (МЛАДОТУРКЛАРдан аввалги турк империясида қўлланилган тил)да эса бу кўрсаткич саксон фоиздан юқорини ташкил қилган. 7. Кўпгина тилларда қўлланиладиган «алгебра», «кимё», «алкимё», «алкоголь» каби сўзлар ҳам араб тилидан олинган. 8. Араб ҳарфлари ўнгдан чапга қарата йўналгани билан, рақамлари чапдан ўнгга қараб ёзилади. 9. Рақамларининг ёзилиши ҳам оврўпаликлар одатланган «арабча» деб аталувчи рақамлар ёзувидан фарқ қилади. 10. Авваллари араблар ҳарфларини мутлақо нуқталарсиз ёзишган. 11. Умуман олганда буни тушуниш мумкин, чунки турли ҳарфлар бир-бири билан боғланганда турлича кўринишларни ҳосил қилади.Туғилганидан буён араб шевалари ёддан билганларга уларни тўғри ўқиш муаммо эмас. 12. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни, расми ўзгартирилмаган ҳолида етти қироатнинг исталган бири билан турлича ўқиш мумкин. 13. Кейинчалик ҳаракат (зер-забар)ларни асл ҳарфлар билан адашиб кетмаслиги учун Мусҳафларда алоҳида қизил ва кўк сиёҳлар билан ёзила бошланган. 14. Ўрта асрларда Марказий ва Жанубий Американинг испанлар томонидан колонизация қилинишидан аввал ( ва ҳатто кейин ҳам) матнларни эски испан тилида, бироқ араб ҳарфларида битиш расм бўлган. 15. Буюк Литва князлигининг бир қисми бўлган ҳозирги Белоруссия ҳудудига тегишли ерларда яшаб ўтган литва татарлари белорус араб алфавитидан фойдаланганлар. 16. Хитойлик мусулмонларда эса хитойча сўзларни араб ҳарфларида ёзиш одати бор. Худди тунгоний (дунган)лар сўзларини кирилл ҳарфларида ёзишганидек. 17. Араб шеваларида сўзлашувчилар баъзида бир-бирларини тушунмайдилар. «Тил» ва «шева» тушунчалари орасидаги фарқ анчайин шартли характерга эга, чунки бу шеваларнинг узлуксиз континумидир. Араб шевалари орасидаги фарқ худди славян ёки туркий тиллар орасидаги фарқ кабидир. 18. Араб тилининг мағрибий шевасида бошқа шеваларида учрамайдиган товушларни ифодаловчи қўшимча белгилар мавжуд. 19. Энг кўп тарқалган араб шеваси − бу миср шевасидир. Унда, тахминан, эллик миллион одам сўзлашади. Бу шева оммалашишининг яна бир сабаби, Миср – араб давлатлари ичида дастурларини дунёвий форматда эфирга узатувчи ягона давлат ҳисобланади. 20. Миср шевасида қадимги миср тилихос бўлган жумла ва иборалар ҳозиргача сақланиб қолган. 21. Араб тили ҳозирги мальта тилининг аждоди ҳисобланади. Гарчи мальталикларнинг ўзлари тилларини финикия тилидан келиб чиққан, дея таъкидласалар ҳам. 22. Араб тилида инглиз тилидан кириб келган сўзлар деярли йўқ. 23. Аммо ҳозирги кунда тил замонавийлашиб, кундалик мулоқотни осонлаштириш мақсадида «телефон», «телевизор», «компьютер» ёки «свитер» каби сўзларни шундайлигича талаффуз қилиш урф бўлган. Бунинг учун махсус қўлланмалар ҳам чиқарилган. 24. Танзания, Кения, Уганда фуқаролари сўзлашадиган суахили тилининг ёзувдаги ифодаси учун авваллари араб ҳарфларидан фойдаланилган. 25. Бундан ташқари, ёзувнинг бундай усулидан уйғур ва усмоний турк тиллари учун ҳамда паҳлавий алифбосини қўллаш таъқиқлангандан кейин, форс тили учун ҳам фойдаланилган. 26. Араб алифбосидаги 28 та ҳарф икки қисмга: шамсий ва қамарий ҳарфларга бўлинади. Улардан 14 таси шамсий ва 14 таси қамарий ҳарфлардир. 27. Талаффузда «ал» аниқлик артиклидаги сукунли «л» қамарий ҳарфларнинг ичига киритиб ўқилади. Фақат талаффузда шундай; ёзувда шамсия ҳарфлари билан бир хил усулда ёзилади. Ҳа, араб тилида ҳам артикль бор. Сўз олдида келувчи, бирликдаги аниқлик артикли. 28. Ҳарфлар бир-бири билан боғланганда уларнинг тўртта (сўз бошида, ўртасида, охирида ёки алоҳида) шаклидан бири қўлланилади. Баъзи ҳарфлар фақат ўзидан аввалгисига қўшилиб, кейингисига қўшилмагани учун уларнинг фақат икки хил кўриниши бўлади. Шу сабабли араб лигатуралари (яъни икки ё ундан ортиқ товушларни англатадиган ҳарфлар, мисол учун, «лом алиф») масаласи худди ҳиндларнинг девонагари ёзуви услубига ўхшаш бўлади. Лекин девонагари қоидалари анча мураккаброқ. 29. «Ҳамза» ҳарфи аввалдан ёзувда бўлмаган. Уни кейинчалик «ъайн» ҳарфининг бош қисмидан ажратиб олиниб, у билан адашиб кетмаслиги учун ҳеч қайси томонга қўшилмай ёзиладиган бўлган. 30. Иброний, оромий, қадимги эфиоп тили жаъизий, юнон ёки эски славян тилида бўлганидек, араб тилида ҳам ҳарфларни рақам нисбатлари билан белгилаш бор. Лекин бу тизимлар орасида фарқ катта. 31. Араб тилида учинчи шахсда келган феълдан, у биттагина сўздан иборат бўлишига қарамай, ўша феълнинг замонини, у музаккарми ё муаннасга тегишли эканини, бирликдами, иккилик ёки кўпликда эканини билиб олиш мумкин. 32. Араб тилидаги барча матнлар, ҳатто қадимийларида ҳам учрайдиган энг машҳур саккизта сўз:
«Ислам и Наука»дан тузатиш ва қўшимчали таржима |