Яратилиш ҳақидаги оятлар
Босма

 


Яратган Роббинг номи билан ўқи.!

У инсонни алақдан яратди. (Алақ/1-2).

У махлуқотни йўқдан бор қиладир, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтирадир, бу унга жуда осондир. Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир.У азиз ва ҳаким Зотдир. (Рум/27).

Батаҳқиқ, Биз инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик.

Ва жинларни бундан олдин самум оловидан яратдик.

Сен Роббингнинг фаришталарга: «Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман.

Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг», деганини эсла.

Бас, фаришталар барчалари сажда қилдилар.

Магар Иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди.

У Зот: «Эй иблис! Сенга не бўлди, сажда қилувчилар билан бирга бўлмаслигингга?» деди.

У: «Сен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратган башарга сажда қила олмасдим», деди.

У Зот:«Бас, сен ундан чиқ! Албатта, сен қувилгансан!

Ва, албатта, сенга то жазо кунигача лаънат бўлур!» деди.

У: «Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин», деди.

У Зот: «Албатта, сен қўйиб қўйилганлардансан.

Маълум вақт кунигача», деди.

У: «Эй Роббим, мени залолатга кетказганинг сабабидан, албатта, мен уларга ер юзида (гуноҳларни) зийнатлаб кўрсатаман ва, албатта, уларнинг ҳаммасини иғво қиламан.

Магар, улардан танланган бандаларингни (адаштира олмайман)», деди.

У Зот: «Ушбу зиммамдаги тўғри йўлдир:

Албатта, Менинг бандаларим устида сенинг султонинг йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳларгагина бордир». (Ҳижр/26-42).

Ва батаҳқиқ, Биз сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик. Сўнгра эса  фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дедик. Бас, улар сажда қилдилар. Магар Иблис сажда қилувчилардан бўлмади.

У Зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди.

У Зот: «Бас, ундан (жаннатдан) туш! Сен учун унда мутакаббирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди.

У: «Менга улар қайта тирилтириладиган кунгача муҳлат бер», деди.

У Зот:«Албатта, сен муҳлат берилганлардансан», деди.

У: «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни тўғри йўлингда тўсиб ўтираман».

Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан», деди.

У Зот:«Ундан мазамматга учраган ва қувилган ҳолингда чиқ!!! Улардан ким сенга эргашса, албатта, жаҳаннамни сизларнинг ҳаммангиз билан тўлдираман», деди.

«Эй Одам, сен жуфтинг билан жаннатни маскан тут. Икковингиз хоҳлаган жойингиздан енг. Аммо мана бу дарахтга яқинлашманглар. Унинг сабабидан золимлардан бўлиб қолманглар».

Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди.

Уларга: «Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман», деб қасам ичди.

Бас, уларни алдов ила паст(ҳолат)га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди.

Икковлари:«Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар.

У Зот: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор.

Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди.

«Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки, эсласалар».

«Эй Одам болалари, шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз». (Аьроф/11-27).

«У сизларни бир жондан яратган Зотдир. Бас, (у жон) қарор топадиган жойда (она раҳмида) ёки сақлаб қўйиладиган жой (ота сулби)дадир. Яхши англайдиганлар учун оят-белгиларни батафсил қилиб қўйганмиз». (Аньом/98).

«Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. (Мўминун/12).

Сизларни ҳақир сувдан яратмадикми?

Бас, уни мустаҳкам қароргоҳга жойламадикми?

Маълум вақтга қадар.

Бас, Биз қодир бўлдик ва қандоқ ҳам яхши қодир бўлувчимиз». (Мурсалат/20-23).

«У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди. У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида, бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Барча мулк Уникидир. Ундан ўзга ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён бурилиб кетмоқдасиз?!» (Зумар/6).

«Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик. Синаш учун, бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик». (Инсон/2).

«Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир». (Нур/45).

«У сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодир бўлган Зотдир». (Фурқон/54).

Улар: «Суяк ва титилган тупроқ бўлганимиздан кейин ҳам, яна янгидан яратилиб тирилтириламизми?» дедилар.

Сен:«Тош ёки темир бўлиб олинглар.

Ёки кўнгилларингизда катта кўринган бошқа бирон махлуқ бўлиб олинглар», деб айт. Бас, улар: «Бизни ким қайта тирилтирур», дерлар. Сен:«Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», дегин. Улар сенга бошларини қимирлатурлар ва: «У қачон бўлур?» дерлар, Сен:«Шояд, яқинда бўлса», дегин.

«У кунда У Зот сизни чақирур. Бас, сиз Унга ҳамд ила жавоб берурсиз ва (дунёда) фақат озгина турганингизни гумон қилурсиз». (Исро/49-52).

«Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди.

Ва жинларни алангадан яратди». (Раҳмон/14-15).

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам биламиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз.

Зотан икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар». (Қоф/16-17).

«Бас, сен улардан сўра: уларни яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларни?! Албатта, Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратдик». (Соффат/11).

«Хўш, Сенга не бўлди, сажда қилувчилар билан бирга бўлмаслигингга?»

«Хўш, Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?»

«Хўш, Ундан ўзга ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён бурилиб кетмоқдасиз?!»

Ушбу саволларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга берса, қандай жавоб қиламиз? Жавоб бера оламизми?

Шундай экан, ҳаракат қилиш вақти келмадими?

Аллоҳ барчамизни ҳидоятга бошласин!