Бани Исроилнинг сигири
Босма

Айрим саҳобалар илм ва ҳадис ўрганишга иштиёқлари кучли эканидан турли хил саволлар беришарди.
Бунинг натижасида ҳалол нарсалар ҳаромга ва мустаҳаб амаллар эса вожибга айланарди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизга хутба қилиб: «Эй инсонлар, Аллоҳ таоло сизга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинглар», дедилар. Шунда Бани тамимлик Ақро ибн Хобис: «Ё Расулуллоҳ, ҳар йилими?» деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) индамадилар. У бу саволини уч марта қайтарди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Агар мен: «Ҳа»,  десам, вожиб бўлади ва сизнинг бунга тоқатингиз етмайди. Башарти сизга буюрмасам, мени тинч қўйинглар. Сиздан олдингиларни кўп савол сўрашлари ва пайғамбарларига қарши борганлари ҳалок қилгандир. Сизни бирор нарсадан қайтарсам, ундан узоқлашинглар ва бирон нарсага буюрсам, қодир бўлганингизча унга амал қилинглар», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ушбу танбеҳларини тасдиқлаб Қуръони Каримда Бани Исроилнинг қотиллик борасида жанжаллашгани ҳақида қисса келади.

БАНИ ИСРОИЛНИНГ СИГИРИ

Мусо (алайҳиссалом) замонида бир бой кишининг ягона қашшоқ амакиваччасидан бошқа меросхўри бўлмайди. Жиян тезроқ бойиш мақсадида бойни ўлдириб, мурдасини қўшни қишлоқ яқинига ташлаб кетади. Бу қотиллик сабаб икки қабила ўртасида низо чиқади ва ихтилофни бартараф этиш мақсадида Мусо (алайҳиссалом)га мурожаат этишади. Мусо (алайҳиссалом) масалага ойдинлик киритиш учун: «Аллоҳ сизларни (бирор) сигир сўйишга буюрди» (Бақара, 67). Унинг аъзосидан бирини олиб мурдани у билан урсангиз, у тирилиб сизга ўз қотилини айтиб беради», дейди.

Бани Исроил манман, қайсар қавм эди. Улар ваҳийга эмас, ноқис ақлларига суянганлари учун: «Бизни истеҳзога тутяпсанми?» (Бақара, 67) «Сигир билан қотилликнинг ўртасида қандай боғлиқлик бор?! Ўлган одамни тирилтириб бўлар эканми?!» каби ўринсиз саволларни бердилар. Мусо (алайҳиссалом): «Сизга Аллоҳ таоло буюрган нарсани айтяпман, холос. Қандай қилиб Парвардигор номидан ёлғон сўзлашим мумкин? Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан мени Аллоҳ асрасин!» (Бақара, 67), деди.

Бани Исроил бозордан бир сигир сотиб олиб, шундоққина сўйганида эди, мақсадига етган бўларди. Лекин улар қайсарлиги, ўзига қийинлаштиришни яхши кўришгани сабаб: «Роббингдан биз учун дуо қилиб сўра, бизга у (сигир) нималигини баён қилсин!» (Бақара, 68) дейишди. Аллоҳ таоло ҳам уларга қийин қилди: «У қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган ўрта ёшдаги сигирдир. Бас, сизга буюрилган нарса (иш)ни қилингиз!» (Бақара, 68). Бу оят буюрилган ишни бажаришга иккинчи бор амр эди. Нодон қавм бу имкониятдан ҳам бош тортди. Сигирнинг ёшини билганидан сўнг унинг ранги ҳақида сўради. Аллоҳ таоло учинчи бор ваҳий қилди: «У ярқироқ, сарғиш рангли сигир бўлиб, кўрганларни қувонтирур» (Бақара, 69).

Қавм айтилган сифатлардаги сигирни кўп ерлардан, узоқ вақт ахтарди. Ниҳоят айтилган сифатлар бир нечта сигирга тўғри келди. Улар келганидан сўнг Мусо (алайҳиссалом): «Сигирни қурбонлик қилдингизми?» деб сўради. Қавм: «Биз айтилган сифатдаги сигирни қидирдик. Бу сифатлар кўп сигирларга тўғри келмоқда. Биз айнан қайси сигир экани борасида чалкашиб қолдик», деб жавоб берди. Мусо (алайҳиссалом): «Нима учун ана шу сифатлар тўғри келган бирорта сигирни сўйиб қўя қолмадингиз?» деб сўради. Қавм: «Роббингдан бизга у сигирнинг бошқаларида учрамайдиган аниқ сифатларини айтишини сўра, шояд, кўнглимиз хотиржам тортса!» деди. Бу гапдан Мусо (алайҳиссалом) қаттиқ ғазабланди. Бундан илгари Тур тоғидан қайтганида қавмининг бузоққа ибодат қилганини кўргандаги каби ғазаби келди. Лекин қавмининг: «Худо хоҳласа биз, албатта, тўғри йўлни топувчилармиз» (Бақара, 70), дея ёлворганидан сўнг анча тинчланди ва: «У айтмоқдаки, у шундай сигирки, ер ҳайдашга ҳам, экинларни суғоришга ҳам ўргатилмаган, нуқсонсиз, унда (сарғиш рангдан бошқа) ранг йўқ» (Бақара, 71) деди. Нодон қавм эса: «Ана энди ҳақиқатни айтдинг» (Бақара, 71), деди. Мусо (алайҳиссалом) бундан олдин ҳам ҳақ гапни айтган эди. Лекин уларнинг кибр-ҳаволари ва ақллари буни инкор этганди.

Айтилган сифатларга эга бўлган сигир қавмдаги фақат бир кишида топилди. Бани Исроил сигирни кўриши билан дарҳол сифатларни солиштира бошлади. Айтилган сифатлар тўлиғича топилгач, эгасига сигирга сигир алишишни таклиф қилишди. У рози бўлмади. Ўрнига иккита сигир бермоқчи бўлдилар, яна рози бўлмади. Қавм сигир эгасига вазиятни тушунтирар, ёлворар эди. У одам эса ҳар қанча нарх айтсалар ҳам кўнмасди. Охир-оқибат сигирнинг вазнича олтин эвазига рози бўлди. Қавм узоқ қидирув, катта машаққат, кўп маблағ сарфлаб сигирни қўлга киритдилар. Сўнг Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳузурига келдилар.

Бани Исроил интиқлик билан кутган, ҳамма гувоҳ бўлган кун келди. Сигирни сўйганларидан сўнг Мусо (алайҳиссалом) унинг бир бўлагини олиб, ўлдирилган одамнинг танасига уришга буюрди. Шунда Аллоҳ таолонинг изни билан мурдага жон кирди. Аллоҳнинг пайғамбари Мусо (алайҳиссалом) икки қишлоқ аҳли олдида: «Сени ким ўлдирди?» деб сўради. Маййит: «Мени акамнинг мана бу ўғли ўлдирди», деди. Яна: «Қандай қилиб, нима учун ўлдирди?» деб сўради. Маййит: «Менга меросхўр бўлиш, қизимга уйланиш учун ўлдирди», деди ва қандай ўлдирганини айтиб берди.

Мусо (алайҳиссалом) Бани Исроилнинг қайсар феълидан таажжубга тушди. Ё тавба, Аллоҳ таоло уларнинг кўз ўнгида ўликни тирилтириб қўйди. Шундай мўъжизани кўрганидан кейин ҳам уларнинг диллари қотди.

Бани Исроилда бўлган бу воқеа барчага ибрат ва дарс бўлиши учун Қуръони Каримда то Қиёматга қадар муҳрланиб қолди.

Манбалар асосида
Мутаҳҳаро АҲМАДУЛЛОҲ қизи,
тайёрлади