Қуръони Карим маънолари таржималари
Босма

Юртимизда инқилобдан олдин Қуръони Карим маъноларининг форсча, туркча ва татарча таржималари кенг тарқалган. Қуръонни илк бор татар тилига таниқли дин ислоҳотчиси Абдуносир Қурсавий (1776–1812) таржима қилган, буларнинг бир неча вариантлари ҳозирда Қозон кутубхоналарида сақланмоқда. Кейинроқ Китобнинг нисбатан тўла таржимасини татар тарихчиси ва уламоси Ҳусайн Амирхонов (1814–1893) амалга оширди. 1910–1911 йилларда Қозонда татар уламоси ва шоири Муҳаммад Содиқ Имонқулининг (1870–1932) икки жилдли «Тасҳилил-баён фит-тафсирул-Қуръан» (Қуръон тафсирини осонлаштириб тушунтириш) китоби нашр этилди. Йигирманчи аср бошларида шайхулислом Ҳамидийнинг «Ал-Итқон фит-таржиматул-Қуръан» (Қозон, 1907 йил), Нўъмонийнинг икки жилдли «Коръэн тафсире» китоблари ҳам нашр этилди, «Ал-Итқон» Қозондан ташқари Қатар, Япония ва Туркияда ҳам чоп этилган.
Қуръони Карим маъноларининг илк туркий (эски ўзбек тилидаги) таржимаси 1956 йилда Саудия Арабистонидаги ватандошимиз Олтинхон тўра томонидан, замонавий ўзбек тилидаги биринчи таржимаси 1991 йили (ҳижрий 1412) ўзбек уламоси Алоуддин Мансур томонидан амалга оширилди. Бу таржима Ўзбекистон маънавий-маърифий ҳаётида катта воқеа бўлди. Аввал «Шарқ юлдузи» журналининг 1992–1993 йилги сонларида, кейинчалик «Чўлпон» ва Ғафур Ғулом нашриётларида миллионлаб нусхада чиқди.
Кейинроқ нашрдан чиққан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳилол» тафсири ва алоҳида маънолар таржимаси юртдошларимизга Қуръони Каримни она тилларида етказишда улкан воқеа бўлди. Тафсир ва маънолар таржимаси шундан кейин ҳам бир неча бор қайта-қайта нашрдан чиқарилди ва ҳамон мусулмонларнинг бу асарларга эҳтиёжлари сусаймаётир.
Кейинчалик шайх Абдулазиз Мансурнинг «Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири» ҳам нашр этилди. Булардан ташқари, домла Мавлавий Ҳиндистоний, Маҳбубий-Марғилоний, Шамсиддин Бобохонов, Исматулла Абдуллаев ва бошқаларнинг бу соҳадаги уринишлари маҳсули ҳам ўқувчиларга етиб борди.