
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулимизга салоту саломлар бўлсин! Қуръони Карим ер юзига нозил бўлар экан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошлиқ мусулмонлар уни катта қизиқиш билан, бемисл қунт билан ўрганиб, ўзлаштириб бордилар. Қуръони Каримни оғзаки ва ёзма равишда жамлаб, сақлаб бориш вазифаси Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га юклатилган эди. У Зот бунинг учун керак бўлган барча чора-тадбирларни кўриб борардилар. Жумладан, Қуръонни ёдлашга, уни бошқаларга ўргатишга тарғиб қилардилар, буюрардилар. Саҳобалари ичидан Қуръон қироатига лаёқатли, иқтидори бор кишиларни танлаб, улар билан алоҳида шуғулланар эдилар, уларни Қуръон ўқишга моҳир бўлишга ундардилар.
Хушовоз, тили равон, Қуръонни гўзал ўқий оладиган кишиларни Қуръон таълимига жалб қилиб, уларнинг иқтидорини мақтар, олқишлар ва улардек умматлари борлигидан шод бўлиб, Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтар эдилар. У Зотнинг таълим-тарбияларини олган саҳобаи киромлар ҳам Қуръон таълимига алоҳида эътибор бердилар. Уларнинг қошида қориларнинг қадри жуда юксак эди. Шу зайлда Ислом уммати ичидан Қуръони Каримни қалбларида сақлаб, кейинги авлодга бекаму кўст етказишга ҳарис бўлган Қуръон ошиқлари, ҳофизлари силсиласи узилмай келди ва улар барча даврларда мусулмон уммати тарафидан эъзозу ҳурматда бўлдилар. Кейинги даврларга келиб, мусулмонлар ёш авлодни Қуръон ўрганишга, уни ёдлашга қизиқтириш мақсадида турли тадбирлар ҳам ўтказадиган бўлдилар. Жумладан, бизнинг улуғ аждодларимиз ҳам бу борада салмоқли ишларни амалга оширганлар. 18-19- асрларда юртимизда ҳукм юритган хонликлар даврида мадрасаларда Қуръон кўриклари ўтказилиб, ғолиблар бевосита хоннинг совринига сазовор эга бўлишган. Тошкентда яшаб ўтган, асли андижонлик устоз Абулазиз қори даданинг айтиб беришича, Бухорода «Мир Араб» мадрасасида ҳар йили талабалар ўртасида Қуръон кўриги ўтказилар ва ҳакамларнинг талабларига жавоб берган, яъни Қуръонни сўралган жойдан адашмай, яхши ўқиб бера олган қориларга соврин бериш билан бирга, бирор савдогар ёки дўкондорнинг ойлик даромадидан 10 фоизини ушбу қорининг ҳисобига ўтказиш ҳам таъминланган. Бу услубни «даҳи дар даҳ» – «ўндан ўн» деб аташган. Хива хонлигида ҳам ҳар йили мадрасада қориларни кўрикдан ўтказиб, ғолибга шахсан хоннинг ўзи бир хум тилла топширган. Ана шундай соврин олган талабаларнинг охиргиларидан бири хивалик Отаниёз қори мадрасадаги юзларча талабалар ичида ғолиб бўлиб, Муҳаммад Раҳимхоннинг совринига сазовор бўлган. У киши рус босқини вақтида Қирғизистонга кетиб, қочиб яшириниб юрган ва саксонинчи йилларда ўз юртига қайтиб, умрининг охирги йилларини шу ерда ўтказган. Унинг айтишича, ўша олган соврини унга бир умр асқотган экан. Юртимиз худосизлар тарафидан оёқости қилинган кезлар диний қадриятлар ҳам ер билан яксон қилинган эди. Қуръон мусобақаси ўтказиш у ёқда турсин, ҳатто калимаи шаҳодатни айтиш ҳам хатарли бўлиб қолганди. Оддий намоз ўқишнинг ўзи ҳам жиноят саналар эди. Ўн тўрт асрдан бери Ислом динига эътиқод ва амал қилиб келаётган, минглаб забардаст алломаларни етиштирган, беназир авлиёю машойихларнинг бешигини тебратган халқимиз энди мустабид тузум даврида ўз юртида бемалол намоз ўқий олмайдиган, калимасини баралла айта олмайдиган аҳволга тушиб қолди. Бу ғоятда оғир имтиҳон бўлди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, улуғ аждодларимиз ана шундай даврларда ҳам динини, қадриятларини қўлдан бой бермай, соф сақлай олдилар ва ниҳоят, Ватан озодлигига эришдилар. Юртимиз мустақил бўлгач, диний қадриятларимиз аста-секин тиклана бошлади. Биринчи бўлиб қайта йўлга қўйилган улуғ анъаналаримиздан бири Қуръон қорилари ўртасида ўтказиладиган мусобақа бўлди. 1992 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари (Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ўша вақтда шундай номланган) идораси ташаббуси билан Мирза Юсуф масжидида Қуръон мусобақаси ўтказилди. Ўшандан бери Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси бошчилигида юртимизда Қуръон мусобақаси ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунда Қуръон мусобақаси деярли барча мусулмон мамлакатларда турли кўриниш ва кўламларда ўтказилади. Саудия Арабистони, Миср, Эрон, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия каби бир қатор давлатларда маҳаллий мусобақалардан ташқари халқаро Қуръон мусобақалари ҳам мунтазам равишда ташкил қилиб келинади. Сўнгги йилларда Россия мусулмонлари ҳам халқаро Қуръон мусобақаси мезбони бўлиш шарафига эга бўлиб туришибди. Бундан ташқари, кўп жойларда ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмлар бўйича ҳам мусобақалар уюштирилмоқда. Юртимизда ҳам турли илмий йўналишларда, айниқса, халқаро миқёсдаги нуфузли спорт мусобақалари ўтказилади ва уларда юртимизнинг кўплаб фарзандлари қатнашишади. Мана, бу йил республикамизда Қуръон мусобақаси йигирма бешинчи бор ўтказилди. Тадбир шу йил 27 ноябрь куни Тошкентдаги «Камолон» жомеъ масжидида бўлиб ўтди. Бундай улуғ тадбир динимиздаги гўзал одатлардан бўлиб, Қуръони Каримга буюк хизмат экани, улкан савобли аммаллардан экани кўпчиликка маълум. Шу билан бирга, ушбу ишнинг шаръий фиқҳий асосини ҳам билиб олиш фойдадан холи бўлмайди, албатта. Бунинг учун эса Ислом шариатида умуман мусобақа қилишга, беллашувга қандай муносабат билдирилгани ҳақида баҳс юритишга тўғри келади. Бугунги кунда Қуръон мусобақаси ўтказиш ҳақидаги саволларга уламоларимиз берган жавобларга назар солсак, уларнинг ҳам бу ишнинг шаръий аососи ҳақида сўзлаганда мусобақа ҳақидаги умумий диний тушунчалар, асосларга таянганларини кўрамиз. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, аввал динимизда мусобақа қилиш, беллашиш ҳақида баён қилинган маълумотлар билан танишиб, кейин шундан хулоса чиқарсак, фойдадан холи бўлмаса керак. Ўйлаймизки, бу маълумотлар мусобақа ҳақидаги қарашларимизни янада бойитади, қатъийлаштиради ва мақсадни англаш, қиёслай олиш уқуви, яъни фиқҳий малакаси бор кишилар улардан ҳар қандай мусобақа, жумладан, Қуръон мусобақасини ўтказишга оид керакли хулосаларни чиқара биладилар. Шу баҳона, яъни Қуръон мусобақаси соясида мусобақа уюштиришга доир динимиз ҳукмларидан ҳам озми-кўп хардор бўлиб олсак, ажаб эмас.
Шаръий маънога эга танлов ва кўрикларда, хайрли ишларда мусобақалашиш яхши амал экани, Исломда тарғиб қилингани ҳақида умумий сўзлар айтилса-да, ҳали кўпчилигимиз бу борада илмий маълумотга эга эмасмиз. Бунинг устига баъзан Қуръон мусобақалари ўтказишга салбий муносабатдаги кишилар ҳам учраб туради. Уларнинг даъволарича, бунда Қуръонни Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсадда, яъни олқиш ва совринни кўзлаб ўқиш бор, шунинг учун бу иш дуруст эмас экан. Бундай вазиятда кўтарилаётган масалага оят ҳадислардан, шаръий асосда, илмий равишда бор гапни баён қилиш лозим. Ана шу эътибордан, динимизнинг шу мавзуга доир аҳкомларидан, шариатимиз кўрсатмаларидан ўзимиз ўргана билган айрим маълумотларни кўпчилик эътиборига ҳавола қилишни маъқул топдим. Ўқувчиларни қийнамаслик учун гапни лўндароқ қилишга ҳаракат қиламан. Яхшилик бўлса, Роббимиз Аллоҳдан, хато ва камчиликларни эса бандалик узри деб билгайсиз. Мусобақа ҳақида сўз борар экан, бу борадаги гаплар асосан икки нуқта атрофида айланади: 1. Ислом шариатида ўзаро беллашув ўтказиш мумкинми? 2. Беллашувда ғолиб бўлганларнинг соврин олиши жоизми? Ислом инсонийлик дини, ҳаётий дин бўлгани, дунё ва охиратнинг бахт-саодатини кафолатлагани боис, яхшиликка олиб борувчи барча ишларга кенг йўл очиб, тарғиб қилган, ёмонликлардан қайтарган ва инсон манфаатини юқори қўйиб, унинг учун зарарли бўлган, жонига ёки молига зиён келтирадиган барча ишларни тақиқлаган. Бу ҳақиқатни ушбу ўзимиз ўрганаётган мавзу мисолида ҳам кўриш мумкин. Ислом шариатида барча иш-амаллар, нарсалар асли ҳалол ҳисобланади, чунки Аллоҳ таоло барча нарсани инсон учун яратганини айтган. Бу эса уларнинг ҳалол, мубоҳ бўлишини тақозо этади. Фақат шариат инсоний манфаатларни кўзлаб тақиқлаган, қайтарган иш-амаллар ва нарсаларгина ҳаром ё макруҳдир. Шунга кўра, беллашув ҳам аслида жоиз амал ҳисобаланади, модомики унда шариатга хилоф иш бўлмаса. Ислом шариатида тўлақонли манфаатли ишларда кишилар ўртасида беллашув, мусобақа ўтказиш нафақат жоиз, балки тарғиб қилинган амаллардан саналади. Бу иш бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида шариатда жорий қилинган. Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида «Отлар ўртасида мусобақа ўтказиш ҳақида» деган боб очиб, унда қуйидаги ҳадисни ривоят қилади:
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) совутилган отларни Ҳафёдан Санийятул-вадоъгача, совутилмаганларини эса Санийядан Бану Зурайқ масжидигача чоптиргиздилар. Мен ҳам от чоптирганлар орасида бор эдим». Суфён: «Ҳафё билан Санийятул-вадоънинг ораси беш ёки олти мил, Санийя билан Бану Зурайқ масжидининг ораси бир мил», деган».
Мил – арабларда узунлик ўлчовининг номи бўлиб, ўртача тўрт минг қадам, пиёда юрганда ўртача ярим соатлик масофа. Бугунги ҳисобда эса бир мил 1848 метрга тенг.
Ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятларида «мусобақа» сўзи очиқ ишлатилган.
Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) отлар ўртасида мусобақа уюштирдилар. Уларнинг совутилганлари қўйиб юборилар экан, марраси Ҳафёдан Санийятул вадоъгача бўлди. Совутилмаганларининг марраси эса Санийятул вадоъдан Бану Зурайқ масжидигача бўлди. Абдуллоҳ ҳам мусобақалашганлар ичида бор эди».
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Азбо деган моялари (урғочи туялари) бор эди. Ундан ўзиб бўлмасди. Бир аъробий тойлоқ туясида келиб, ундан ўзиб кетди. Мусулмонларга бу оғир ботди ва «Азбо ортда қолди-да», дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ дунёда ниманики кўтарса, уни пастлатиши ҳам барҳақдир», дедилар». Имом Бухорий ривояти.
Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) камон отаётган бир неча асламликларнинг олдидан ўтиб қолдилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Отинглар, Исмоилнинг авлодлари, чунки отангиз мерган бўлган. Отинглар, мен Бану Фалон биланман!» дедилар. Гуруҳлардан бири қўлларини тушириб олишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сизларга нима бўлди, отмаяпсизлар?» дедилар. Улар: «Сиз улар билан бўлсангиз, қандай отамиз?» дейишди. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Отинглар, мен ҳаммангиз биланман!» дедилар». Имом Бухорий ривояти.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким (пойгада) икки отга яна бир отни улардан ортда қолиш-қолмаслигини билмай туриб қўшса, бу қимор эмас. Лекин улардан ортда қолмаслигини билиб туриб қўшса, бу қимордир», дедилар». Имом Абу Довуд ривояти.
Ушбу ҳадиси шарифлардан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари туя ва отлар ўртасида пойга ўтказганлари, камончилар ўртасида мерганлик мусобақаси уюштирганлари ва бунга доир ҳукмларни баён қилганлари маълум бўлади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Жуфттуёқ, тоқтуёқ ва пайкондан бошқада мусобақа йўқ», дедилар». Имом Абу Довуд ривояти.
«Жуфттуёқ» деганда туя, «тоқтуёқ» деганда от, ҳачир, «пайкон» деганда камон отиш назарда тутилган. Ҳадисдаги «мусобақа йўқ» деб айтилган иборани кўпчилик шориҳлар, фуқаҳолар «мусобақа қилишга арзимайди», деб изоҳганлар. Имом Термизийнинг ривоятида ушбу ҳадисда биз «мусобақа» деб ўгирган «сабқо» феъли «сабақо» шаклида келади. Бунда сўзнинг маъноси янада аниқлашиб, «мусобақа қатнашчисига бериладиган соврин»ни англатади. Шунда ҳадисдан «Жуфттуёқ, тоқтуёқ ва пайкондан бошқа мусобақада соврин бериш йўқ», деган маъно келиб чиқади. Айрим уламолар ушбу ҳадиснинг зоҳирий маъносини олиб, бунга югуришни ҳам қўшиб, ушбулардан бошқа соҳаларда мусобақа қилиш дуруст эмас, дейишган. Аммо Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ва мутааххир уламоларнинг жумҳури ҳадисни кенгроқ маънода тушунганлар ва мазкур ҳадис мисол тариқасида айтилган бўлиб, шу қабилдаги яхши, керакли ишларда мусобақа уюштириш жоиз, дейдилар. Улар ўз сўзларига бир неча далиллар ҳам келтирадилар: 1. Мазкур ҳадиснинг маъноси умумийлигининг далили шуки, унда югуриш бўйича мусобақа қилиш айтилмаган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари Оиша (розияллоҳу анҳо) билан югуришда мусобақа ўйнаганлари, Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу)ни югуриш мусобақасида қатнаштирганлари саҳиҳ ҳадисларда келган. Агар мазкур ҳадиснинг зоҳири олинса, ҳадислар ўртасида қарма-қаршилик келиб чиқади. Бундан маълум бўладики, ҳадис мисол тариқасида, маълум вазиятда айтилган. 2. Қуръони Каримнинг бир қатор оятларида яхшилик ишларида мусобақалашишга чақирилган. «Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга мусобақалашинг». Оли Имрон сураси, 133 оят. Мутоффифун сурасида жаннат аҳли ва уларга бериладиган ноз-неъматлар ҳақида сўз кетганда «Мусобақа қиладиганлар мана шу учун мусобақа қилсинлар» (26 оят), дейилган. Ушбу оятларнинг лафзи умумий бўлиб, биз сўз юритаётган мусобақаларни ҳам ўз ичига олади. 3. Юсуф сурасида Яъқуб (алайҳиссалом)нинг ўғиллари шундай дегани келтирилади: «Отажон, биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб, ўзимиз мусобақалашиб кетган эдик, уни бўри еб қўйибди» (17 оят). Ушбу оятда буюк пайғамбар Яъқуб (алайҳиссалом)нинг ўғиллари ўзаро югуриш мусобақаси ўтказганлари айтилган ва уларнинг бу ишлари танқид қилинмаган. 4. Бу каби мусобақа ва кўриклар уюштириш «масолиҳи мурсала» қоидасига кўра мандуб, мустаҳаб амал саналади. «Масолиҳи мурсала» Ислом шариатидаги фиқҳий ҳукм олиш қоидаларидан бири бўлиб, унинг луғавий маъноси «эркин манфаатлар» деган маънони англатади. Истилоҳда эса масолиҳи мурсала деб шариатда алоҳида эътиборга ҳам олинмаган, бекорга ҳам чиқарилмаган манфаатларга айтилади. Унинг ўзига яраша асослари, шартлари бор. Ушбу қоидага кўра, шариат тасарруфотлари ва мақсадларига мувофиқ келадиган, зараридан фойдаси кўп, кишилар муҳтож бўлган манфаатлар шаръий амаллар сирасига киради. Ушбу манфаатларни жалб қилувчи омиллар ўша манфаат олган ҳукмни олади. Шунга кўра фуқаҳоларимиз айтадиларки, агар юрт, дин ҳимояси каби вожиб ишларнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлса, мусобақа ўтказиш вожиб бўлиши ҳам мумкин.
Мусобақа ва беллашувлар уюштириш ҳақида мўътабар фиқҳий манбаларимизда ҳам керакли ҳукмлар баён қилинган. «Муҳитул Бурҳоний»нинг «Мусобақа фасли»да, жумладан, шундай дейилган: «Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Отларни мусобақага қўйишнинг зарари йўқ, модомики отлар ета олмайдиган маррага қўйилмаса. Бунга далил Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)нинг мусобақалашганларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) икковларидан ҳам ўзиб кетган эдилар. Шунингдек, туя ва камон отишда мусобақа қилишнинг ҳам зарари йўқ». «Шарҳу сиярил кабир»да Ибн Шиҳоб Зуҳрий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилиб, шундай дейилади: «Мусобақа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳоблари ўртасида от-уловда ва пиёда югуришда бўлар эди, чунки ғозийлар пиёда қувиш ё қочишни машқ қилиб, чопишга қийналмайдиган бўлиш учун ўзларини чиниқтиришга муҳтож бўладилар»
Имом Зайлаъий «Табйинул ҳақоиқ»да айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг «Жуфттуёқ, тоқтуёқ ва пайкондан бошқада мусобақа йўқ», деган сўзларига кўра, отда, туяда, югуришда ва ўқ отишда мусобақа қилиш жоиз. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Салама ибн Акваъга пиёда югуришда ҳеч ким ўза олмаган бир ансорий билан мусобақалашишга рухсат берганлар ва Салама ибн Акваъ ўзиб кетган. Зуҳрий: «Мусобақа Расулуллоҳ 9соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳоблари ўртасида от-уловда ва пиёда югуришда бўлар эди, чунки ғозийлар ўзларини ва отларини чиниқтиришга муҳтож бўладилар. Қувиб қочишни ўрганиш эса мубоҳдир», дейди». Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Қосим Ҳанбалий (раҳматуллоҳи алайҳ) «Ал Иҳком»да Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг отлар ўртасида мусобақа ўтказганлари ҳақидаги юқорида зикр қилинган саҳиҳ ҳадисларни келтиргач, жумаладан, шундай дейди: «Ҳадис мусобақа қилишнинг шаръий эканига ва бунинг беҳуда иш эмаслигига, балки ғазотдаги мақсадни ҳосил қилишга олиб борадиган, жиҳод учун фойдаси бор мақтовга сазовор машқлардан эканига далилдир. Қуртубий: «От ва бошқа уловларда, югуришда, шунингдек, ўқ отиш ва қурол ишлатишда мусобақалашиш жоизлигида ҳеч қандай хилоф йўқ, чунки бунда уруш учун машқ қилиш бор», деган». «Дуррул мухтор»да ҳатто маррага етиш қайси ҳайвонда қандай белгиланиши ҳақида ҳам сўз боради: «Марра от бора оладиган жой бўлиши лозим, шунингдек, ҳар икки отнинг ўзиб кетиши эҳтимоли ҳам бор бўлиши керак. Югуриш ва мерганликда ҳам шундай бўлиши лозим. Буни яхшилаб уқиб ол. «Ғурарул афкор»да «Ал Муҳаррар»дан нақл қилинади: «Агар мусобақа туяда бўлса, унинг ўзгани курагига қараб, отлар ўртасида бўлса, бўйнига қараб эътиборга олинади. Оёқларга қараб бўлади, ҳам дейишади».
Уламоларимиз оят ҳадислардан, шариат асосларидан келиб чиқиб, мусобақа жоиз бўлишининг шартларини ҳам баён қилганлар. Бу ҳақдаги маълумотлардан хулоса қилинса, шартлар қуйидагилардан иборат: – мусобақа қилинаётган соҳа ёки иш шариатда ҳаром қилинган амал бўлмаслиги. Шунга кўра, жисмга зарари бор спорт турлари, қоидасиз жанг (бои без правил) каби спорт турларида мусобақалашиш жоиз эмас, ҳаром; – мусобақада гардкам иш бўлмаслиги керак. Шу боис карта, нарда, яширилган нарсани топиш каби ўйинларда мусобақа қилиш жоиз эмас; – мусобақа вожиб, фарз амалларга монелик қилмаслиги ёки бирорта гуноҳга олиб бормаслиги керак; – мусобақада беллашувчилардан ҳар қайсисининг ютиш ютқазиш эҳтимоли бўлиши. Мисол учун, тулпордаги киши билан хашаки отдаги кишини мусобақага қўйиш жоиз эмас; – мусобақада беллашувчиларга бериладиган шароит, имконият ва имтиёзларнинг бир хил бўлиши. Масалан, миниладиган улов ёки отиладиган асбобнинг бир турда, сифатда бўлиши; – маррани ва нишонни аниқ белгилаш. Мисол учун, ўзимиз ўрганаётган мавзу – Қуръон мусобақасида ғолиблик шартларини, талабларини очиқ баён қилиш. Токи қатнашувчи нима қилса ғолиб бўлади-ю, нима қилса, ютқазади, олдиндан аниқ билсин; – қатнашувчиларни тайин қилиб олиш. Мусобақа асносида четдан одам қўшиш мумкин эмас; – ҳакамларнинг соҳа мутахассиси бўлишлари ва холис баҳолашлари, адолатсизлик қилмасликлари.
Ҳайвон уриштириш, уларни бир-бирига қўйиш, нишон қилиб олиш жоиз эмас. Умар (розияллоҳу анҳу) одамларниннг қушни нишон қилиб ўқ отаётганини кўриб: «Ким шундай қилса, Аллоҳ уни лаънатлайди, чунки мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг «Жонни нишон қилган кишини Аллоҳ лаънатласин!» деяётганларини эшитганман», деган. Шунингдек, мусобақа жамият ўртасида, одамлар ўртасида адоват, гина-кудурат урчишига, нафрат, парокандалик, тарафкашлик пайдо бўлишига олиб келмаслиги лозим. Акс ҳолда бундай мусобақани уюштириш ҳалол бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом шариатида қайтарилмаган ишларда мусобақа ўтказиш жоиз. Аскарлик, ҳарбий машқлар, илмий йўналишлар, фарзандларнинг соғлом, чапдаст бўлишини таъминловчи жисмоний тарбия каби жамият учун керакли бўлган соҳаларда мусобақа уюштириш суннат, мустаҳаб амалдир. Биргина шарт шуки, мусобақа Ислом меъёрлари асосида ўтказилиши керак. Шу билан бирга, фақат ўйин-кулги учун, маълум эзгу мақсадсиз мусобақа ўтказиш ҳам яхши эмас, чунки бунда бебаҳо неъмат бўлмиш умрни беҳуда нарсага сарфлаш, мол-мулкни совуриш, хайрли ишлардан чалғиш бор.
Энди мавзунинг иккинчи нуқтаси – мусобақада соврин қўйиш, соврин олиш ҳақида сўз.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким (пойгада) икки отга яна бир отни улардан ортда қолиш-қолмаслигини билмай туриб қўшса, бу қимор эмас. Лекин улардан ортда қолмаслигини билиб туриб қўшса, бу қимордир», деганлар.
Имом Аҳмад ва Байҳақий Абу Лабиддан ривоят қилади: «Бир куни (Басра ҳокими) Ҳакам ибн Айюб отларни мусобақага қўйди. Биз: «Анас ибн Моликнинг олдига борсак бўлар эди», дедик ва унинг олдига бориб, ундан: «Сизлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даврларида мусобақага бирор нарса тикармидинглар?» дедик. У: «Ҳа. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг «Сабха» деган отларига соврин тикканлар. У бошқалардан ўзиб кетган эди, у Зот бундан шодланиб, хурсанд бўлганлар», деди». Ушбу ҳадиси шарифлардан мусобақада ғолибга соврин бериш жоизлиги келиб чиқади.
Шартлари топилса, мусобақада ғолиб бўлган кишига соврин беришни барча уламолар билиттифоқ жоиз дейишган. Аммо бу келишувнинг амал қилиш қуввати ҳақида фуқаҳоларимиз турлича фикр айтганлар. Шофеъий мазҳаби уламолари буни лозим қилувчи кучга эга деб айтишган. Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра эса бу лозим битим ҳисобланмайди. «Лозим қилувчи кучга эга» дегани ҳукумат, қози тарафидан расмий жорий қилинган, мажбур қилиб, куч ишлатиб бўлса ҳам, ижроси талаб қилинадиган кучга эга битим деганидир. Бошқача қилиб айтганда, қонун билан кафолатланган битим. Ҳанафий мазҳабининг айрим фуқаҳолари ҳам шундай дейишган. Бироқ кўпчиликлари бу ваъда шаклидаги битим бўлиб, унда олди-сотди келишуви йўқ, берувчи совринни тортиқ маъносида беради, шунинг учун агар бермаса, ваъдага хилоф қилгани, бировни алдагани учун гуноҳкор бўлади, аммо буни қози куч ишлатиб олиб бера олмайди, деб айтишган.
Илмий йўналишларда мусобақа уюштириш ва уларда ғолибларга мукофотлар бериш ҳақида ҳам қадимги фиқҳий китобларимизда матнлар бор. Жумладан, бу ҳақда «Канзуд дақоиқ»да айтилган ва «Дуррул мухтор»да ҳам келтирилган: «Агар фақиҳлар бирор масалаларда тортишиб қолишса ва отлар ҳақида сўз юритганда айтганимиздек, тўғри топганга соврин шарт қилинса ва бу соврин икки тарафдан бўлмаса, жоиз. Чунки иккала (ҳарбий ва илмий) соҳадаги билим ҳам диннинг қувватига, Аллоҳнинг сўзини олий қилишга бориб тақалади. Мусобақа бобидаги мазкур жоизликдан мурод – ҳалолликдир, ҳақдорлик эмас. Мисол учун, агар мағлуб совринни бермаса, қози уни мажбур қила олмайди, «берасан» деб ҳукм чиқара олмайди».
Мусобақада соврин беришнинг тўрт кўриниши бор бўлиб, улардан биттаси ҳаром, учтаси ҳалол: 1. Совринни қатнашувчилар эмас, балки ташқаридаги киши беради. Мисол учун, подшоҳ, ҳоким ва бошқа ҳар қандай учинчи шахс. «Ким ғолиб бўлса, унга шунча мукофот», дейди ва ғолибга ўша ваъда қилинган нарсани беради. Бу − жоиз. 2. Мусобақалашаётган тарафлардан бири иккинчисига беради. Масалан, «Агар ютсанг, мунча мукофот бераман, аммо ютқазсанг, сен менга ҳеч нарса бермайсан», дейди. Бу ҳам − жоиз. 3. Икки тараф пул тикади-ю, учинчи, ҳалолловчи одам ўртага киради. Бунинг сурати қуйидагича: Икки киши ўртага пул қўяди ва мусобақага учинчи шахсни ҳам чорлаб, унга «Агар сен ютсанг, мана бу биз тиккан пул сеники, аммо биздан бирортамиз ютса, мукофотни ўша олади, сен ҳеч нарса бермайсан, яъни ютқазмайсан», дейишади. Шунда агар мазкур соврин тиккан тарафлардан бири ютиб, совринни олса, жоиз. 4. Икки тараф бир бирига мукофот тикади. «Агар сен ютсанг, менга фалон нарса берасан, мен ютсам, пистон нарса бераман», деб айтса, бу қимор бўлади ва ҳаром саналади.
Мусобақада бериладиган мукофот олувчига ҳалол бўлиши учун бир қатор шартлар топилиши лозим: 1. Аввало мусобақа шаръан жоиз бўлиши, яъни унинг шартлари топилиши: шариатга хилоф ва гардкам иш бўлмаслиги; беллашувчиларнинг шароит ва имкониятлари тенг бўлиб, ҳар қайсисининг ютиш эҳтимоли бўлиши; ғолиблик шартлари аниқ бўлиши; қатнашувчилар тайин бўлиши ва ҳукм адолатли бўлиши керак. Акс ҳолда мусобақадан тушган соврин ҳалол бўлмайди; 2. Мусобақа ўтказилаётган соҳа жамият учун керакли, зарур бўлиши лозим. Беҳуда ишларда, ўйин-кулгиларда, динга, жамиятга, халққа манфаати бўлмаган соҳаларда ташкил қилинган мусобақаларда соврин бериш ва олиш жоиз эмас, чунки бу молни совуришдир. Айниқса, мукофот халқнинг хазинасидан бўлса, бу бошқаларнинг ҳаққини поймол қилиш, унга хиёнат қилиш ҳисобланади. Шу боис, бундай мусобақаларда берилган соврин олувчига дуруст бўлмайди; 3. Совриннинг сифати, ҳажми маълум ва ўзи мубоҳ, олди-сотдига яроқли нарса бўлиши. Агар шундай бўлмаса, низо чиқиши, мусулмон кишига мулк бўлмайдиган ҳаром нарса бўлса, бу унинг учун алдов бўлиши мумкин; 4. Мукофотнинг учинчи шахс ёки икки тарафдан бири томонидан берилиши. Агар иккала тараф бир бирига соврин беришга келишса, бу қимор бўлиб қолади; 5. Мусобақанинг фақат одамлар ўртасида бўлиши. Ҳайвонларнинг ўртасида мусобақа ўтказиб, пул олиш мумкин эмас, чунки бунда қимор ҳолати бор. Хулоса қилиб айтганда, эл-юрт учун керакли бўлган соҳаларни ривожлантириш, юксалтириш мақсадида уюштириладиган мусобақаларда, илмий йўналишларда, жумладан, Қуръон мусобақасида ғолибларга соврин бериш жоиз, савобли улуғ амаллардандир. Шарти – совринни бериш ҳалол суратда бўлиши, мусобақа ҳам ҳалол бўлиши керак.
Фиқҳий манбаларимизда мусобақа ҳақида айтилган умумий қоидалар асосан шулардан иборат. Уларнинг ҳар биридан Қуръон мусобақасини ўтказишга доир нимадир ҳукм ё йўриқ олиш мумкин. Фақат чўзилмасин учун батафсил тўхтай олмадик. Аммо улардан умумий равишда хулоса чиқарганда шу нарса маълум бўладики, Қуръони Карим мусобақасини ўтказиш жоиз, мустаҳаб, ўрни келса, вожиб амал бўлиши мумкин. Ислом динининг умумий қоидалари, шариат талаблари бунга далолат қилади. Шу билан бирга, ундан кўзланган мақсад ва фойдалар ҳам шуни тақозо қилади. Қуръони Карим мусобақасини ўтказишда қуйидаги мақсад ва манфаатлар бор: Қуръон ҳақида кишиларга билим таратиш; Қуръонга қизиқиш уйғотиш, қориларни, мусулмон авлодни Қуръонга қизиқтириш; меҳнат қилган, иқтидорли қориларни тақдирлаш, уларни танитиб, олқишлаш; Қуръон қориларининг сифати ва сонини ошириш, савияларини юкасалтириш; юрт ва халқни дунёга танитиш, обрўсини кўтариш.
Куни кеча бўлиб ўтган Қуръон мусобақасида ҳам ушбу манфаатлар бўй кўрсатди десак, хато бўлмаса керак. Шукрлар бўлсинки, бу қутлуғ тадбир ҳар йили такрорланадиган анъанага айланиб ургурди. Бунинг натижаси ўлароқ, қориларимизнинг билим ва тажрибалари ортиб бормоқда ва халқнинг Қуръони Каримга бўлган маърифати, қизиқиши юксалмоқда. Тан олиш керак, мусобақани ўтказиш ва ташкиллаштириш ишларида ҳам йилдан-йилга анчагина ўсиш бор. Шу билан бирга, яна бир мунча қилиш керак бўлган ишлар борки, агар улар ҳам амалга оширилса, мусобақани янада юқори савияда, кўтаринки руҳда ўтказиш мумкин. Мисол учун, йўналишлар номини «ҳифз» ва «қироат» деб номлаш, баҳолаш тартибини қайта ишлаб, мукаммалаштириш, ҳакамларни ихтисосларига кўра тақсимлаш в.ҳ. Бу каби ислоҳотлар мусобақанинг ва ундан кутилган натижаларнинг самардорлигини оширади, албатта. Хусусан, қориларимизнинг чет эл мусобақаларидаги иштироклари савиясини ҳам юксалтиради ва юқори натижаларни қўлга киритишларини таъминлайди. Аллоҳ таолодан жонажон Ватанимзга кўзмунчоқдек ярашиб турган ушбу муборак тадбирни ҳамиша бардавом ва сифати ортиб боришини, юртимиз, элимизга манфаати янада кўп бўлишини сўраб қоламиз. Ушбу баҳсдаги камчиликлар учун Роббимиздан мағфират сўрайман ва сиз азизлардан маъзур тутишингизни умид қиламан.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
|