Дўзах вазифадорлари бўлмиш фаришталар (забонийлар) саноғининг ўн тўққизта эканлиги сабаби нима?
Босма

Дўзах вазифадорлари бўлмиш фаришталар (забонийлар) саноғининг ўн тўққизта эканлиги сабаби нима?

Жавоб
عَلَيْهَا تِسْعَةَ عَشَرَ {30} وَمَا جَعَلْنَا أَصْحَابَ النَّارِ إِلَّا مَلَائِكَةً وَمَا جَعَلْنَا عِدَّتَهُمْ إِلَّا فِتْنَةً لِّلَّذِينَ كَفَرُوا لِيَسْتَيْقِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَيَزْدَادَ الَّذِينَ آمَنُوا إِيمَاناً وَلَا يَرْتَابَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَالْمُؤْمِنُونَ وَلِيَقُولَ الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ وَالْكَافِرُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلاً كَذَلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَن يَشَاءُ وَيَهْدِي مَن يَشَاءُ وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَ وَمَا هِيَ إِلَّا ذِكْرَى لِلْبَشَرِ{ 31}
«Унинг устида ўн тўққизта (фаришта) бордир. Дўзах соҳибларини фаришталардан қилганимиз ва уларнинг адади ҳам фақат кофирларни санаш учундир. Китоб берилганлар ишонч ҳосил қилишлари учундир. Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учундир. Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учундир ва қалбларида касали бор(мунофиқ)лар ва кофирлар, Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи, дейишлари учундир. Шундоқ қилиб, Аллоҳ хоҳлаган кимсани адаштирадир ва хоҳлаган кимсани ҳидоятга соладир. Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдир. Ва у (дўзах) башарият учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмасдир» (Муддассир, 30, 31).

«Унинг устида ўн тўққизта (фаришта) бордир» жумласини баъзи муфассирлар ўн тўққиз синф фаришта бор ёки ўн тўққиз саф фаришта бор ҳам деганлар. Яна ўн тўққиз хил азоб берувчи фаришталар, ҳам дейилган («Тафсири Насафий». 4-жузъ, 310-бет).
Ўн тўққизта бўлиш сабаби:
Улар сонининг бундай қараганда кам килиниши кофир ва мунофиқларни фитнага солиш учун эди. Аҳли китоб ишончлари ортиши учун эди. Чунки уларнинг китобларида ҳам шундай дейилган эди. Мўмин ва мусулмонларнинг иймонларини синаш ва зиёда қилиш учундир. Зотан, булар юқоридаги ояти кариманинг ўзида ҳам айтилган. Шу билан Аллоҳ ўзи хоҳлаганини адаштиради, хоҳлаганини ҳидоятга солади.
Айнан 19 ададнинг келишига сабаб бундай бўлиши мумкин: 6 таси кофирларни дўзахга ҳайдаб солади. 6 таси дўзахга тортади. Олтитаси темир гурзилар билан уради. Биттаси жаҳаннам дарборидир.
Ерни ўн тўққизта буюк тоғ қўриқлагани каби жаҳаннамни ҳам ўн тўққиз тоғ қўриқлайди. («Тафсири Насафий». 4-жузъ, 310-бет). 
Қўшимча маълумот:
Имом Термизий ривоят қилишича, яҳудийлар саҳобалардан: «Дўзах қўриқчилар қанча?» деб сўрашади. Улар: «Биз билмаймиз, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан сўраб билиб келамиз», дейишади. Аллоҳ юқоридаги 30-оятни нозил қилиб билдирган эди. «Яҳудийлар ўзлари келиб сўрасин», дейдилар. Келиб сўрашганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) иккала қўлларининг бармоқларини очиб кўрсатадилар, иккинчи марта эса бир бармоқларини букиб кўрсатадилар. (Ибн Касир. 4-жузъ, 410-бет).
Юқоридаги 30-ояти нозил қилинганда, Абу Жаҳл: «Сизларнинг ўнтангиз бир ҳамла қилсангиз, бир-бир тутасиз», деди. Шунда Абул Ашадд деган кимса: «Менинг битта ўзим ўн еттитасига бас кела оламан. Сизларга иккитаси қолади» деб мақтанди. Шундан сўнг 31-оят нозил қилинди.