Ҳамма, ҳатто тақводор ҳам жаҳаннамга бир бор кириб чиқадими?
Босма

Қуръонда («Марям» сураси, 70–72-оятлар) айтилишича, ҳамма жаҳаннамга киритилиб, сўнгра у ердан тақводор зотлар нажот топар эканлар. Демак, ҳамма (яъни  тақводор ҳам) жаҳаннамга бир бор кириб чиқаркан-да?!
Менинг тушунишимча, ҳар ким қилган гуноҳларига яраша жазо олса керак. Исломда бу ҳақда нима дейилган?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу саволнинг жавобини мазкур оятларнинг тафсиридан англаб олишимиз мумкин.
Аллоҳ таоло ўша оятларда шундай дейди:
«Кейин, албатта, Биз у(жаҳаннам)га киришга лойиқроқ бўлганларни яхши билгувчимиз».
Ким, қачон, қандай ҳолда киради – ҳаммасини Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади.
«Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу  Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир.»
Ушбу ояти кариманинг маъноси хусусида уламоларимиз икки хил фикр билдирганлар. Бу хилма-хилликка оятдаги биз «яқинлашувчи» деб таржима қилган «ворид» сўзи сабаб бўлган. Бу сўзнинг маъноси жумладаги ўрни ва бошқа сўзларнинг жойлашишига қараб ўзгариши мумкин. Аслида, «варада» феъли сув бор жойга яқинлашиб, сув олишга айтилади. Бошқа жойга нисбатан ишлатилса, «кирди» маъносини англатиши ҳам мумкин. «Кирди» маъносига иқрор бўлган уламоларимиз ушбу оятга «Сиздан унга кирувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ» деган маънони берадилар. Яъни  сиздан у жаҳаннамга кирмаган ҳеч ким қолмайди. Ҳаммангиз кирасиз. Шунга биноан, бу гуруҳдаги уламоларимиз: «Мўминдир, кофирдир – ҳар бир инсоннинг жаҳаннамга бир кириши бор», дейдилар. Мўмин кириб, зарар тортмай ўтиб кетади. Кофир кириб, азоб тортиб қолиб кетади.
Иккинчи гуруҳ уламоларимиз эса: «Варада»га ўзининг асл «яқинлашди» маъносини беришимиз керак, оят таркибида «ворида» бўлиб келгани билан, унга «кирувчи» маъносини беришга ҳеч бир далил йўқ», дейдилар. Шунингдек, Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида мўминлар ҳақида: «... ана ўшалар ундан(жаҳаннамдан) узоқлаштирилгандирлар. Улар унинг чисирлашини(овозини ҳам) эшитмаслар...» деган, шунинг учун ҳам бу оятга «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деб маъно берсак, аслига мувофиқ бўлади», дейдилар. Бинобарин, мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ тушмай ўтиб кетадилар. Кофирлар эса яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва  аввалда айтилганидек, гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар. Биз ҳам шу фикрни манзур тутдик.
Ушбу маъно кейинги оятда собит бўлади:
«Сўнгра, тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз».
Машҳур тафсирчи олимларимиздан имом Байзовий: «Ушбу ояти каримада, юқоридаги оятдаги «ворид» сўзининг «кирувчи» эмас, «яқинлашувчи» эканига далил бор», дейдилар. Яъни  ҳамма инсонлар ва жинлар яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар. Сўнгра  мўминлар нажот топиб, жаннатга томон равона бўладилар. Кофирлар эса  жаҳаннамга тушишларини кутиб, тиз чўккан ҳолларида ўтириб қоладилар. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Зикр аҳлидан сўранг» китобидан