Қуръони карим маънолари таржимасидан ҳукм чиқариш, ҳужжат-далил келтириш мумкин эмасми?
Босма

«Сунний ақийдалар» китобингизда яна шундай жумлаларни ўқидим: «Қуръони Карим маънолари таржимасидан ҳукм чиқаришга, ҳужжат-далил келтиришга ҳам ўрин йўқ».
Демак, бу айтилганларни араб тилини билмайдиганлар амру маъруф, наҳйи мункар ишларида ҳам қўлламасликлари лозимми? Агар шундоқ бўлса, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюрган ва қайтарган амалларни, нима ҳалолу, нима ҳаром эканлиги тўғрисидаги ҳукмларни араб тилини билмайдиганлар ҳам Қуръони Карим маънолари таржимасидан далил келтириб ўз халқларига етказмоқдалар-ку? Бу ишлар мумкин эмасми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сиз ўзингиз ўқиган маълумотларингизни тўғри тушуна олмабсиз. Энг даҳшатлиси, бировдан кўчирма келтиришда ўз билганингизча иш тутар экансиз. Иқтибос келтириш катта омонат бўлиб, ўта масъулиятли иш, уни айнан олиш лозим. Сиз «Сунний ақийдалар» китобини очиб кўринг, унда сизнинг хатингиздаги каби эмас, балки «Шунинг учун  Қуръони Карим маънолари таржимасини намозда ёки бошқа муносабат ва ибодатларда ўқиш мутлақо жоиз эмас. Бинобарин, таржимадан ҳукм чиқаришга, ҳужжат-далил келтиришга ҳам ўрин йўқ», дейилган.
«Ҳукм чиқариш» деганда, бу нарса фарз ёки вожиб, дея шариат кўрсатмалари ҳақида қарор чиқариш тушунилади. Амри маъруф ёки баъзи маъноларни кишиларга етказиш эмас.
Қуръон маънолари таржимасини ҳукм чиқаришга ишлатиш мумкин эмаслиги ҳозир сиз маънони бузиб тушунганингиз каби ишларнинг олдини олиш учун қилинган. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Зикр аҳлидан сўранг» китобидан