Сажда оятларини қандай ёд олинади?
Босма

Сажда оятларини ёд олиш жараёни қандай амалга оширилади? Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сажда оятларини ёд олиш жараёни бошқа оятларни ёд олиш жараёни каби бўлади. Фақат  айни вақтда сажда қилишга имконияти йўқ кишилар олдида ўқиб, уларни ноқулай ҳолга тушириб қўймаслик тавсия этилади.
Агар ёд олувчи сажда оятини кўп такрорлагани учун сажда қилиши қай ҳолда бўлади, демоқчи бўлсангиз, унинг ҳукми қуйидагича:
– Агар бир мажлисда ёки намозда сажда оятини бир неча бор такрор қилса, бир сажда кифоя қилади.
– Масжидда, кичик уйнинг ичида, юриб бораётган улов ёки кеманинг устида ёки намоздан олдин қилган қироатни намозда ўша ерда такрор қилса, сажда оятини неча марта ўқиса ҳам, бир сажда кифоя қилади. Чунки  бу ҳолатларнинг барчасида макон битта ҳисобланади ва тиловатлар бир-бирига киришиб кетган ҳисобланади. Бунда такрорни қилиб бўлиб, охирида сажда қилса ҳам, саждани қилиб олиб, кейин такрор қилса ҳам бўлаверади.
Тиловат қилувчи ёдлаш учун, таълим учун, эътибор ёки фаҳмлаш учун такрор қилади. Буларнинг ҳар бирида сажда қиладиган бўлса, қийинчилик туғилади ва ўшандан қочиб такрорни тарк қилиш хавфи туғилади.
Аллоҳ таоло эса динда ҳаражни раво кўрмайди. У Зот Ўз китобида бу борада шундай деб марҳамат қилади:
«Ва сизларга динда ҳараж қилмади», («Ҳаж» сураси, 78-оят)
Яна бошқа бир оятда эса:
«Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади, қийинчиликни ирода қилмайди», («Бақара» сураси, 185-оят), деб алоҳида таъкидлаган. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Зикр аҳлидан сўранг» китобидан