«Аллоҳ ўзи хоҳлаган банданигина ҳидоятга бошлар»
Босма

САВОЛ: Ассалому алайкум, Шайх Ҳазратлари! Аллоҳ Сизни уммат учун соғ-саломат қилган бўлсин. Битта саволим бор эди. Куръонда «Аллоҳ ўзи хоҳлаган банданигина ҳидоятга бошлар» мазмунида келган ояти карималарнинг мазмунини тушунтириб берсангиз. Олдиндан ташаккур. Аллоҳ Сиздан рози бўлсин. Дуоларингизда бизни ҳам эслаб туринг.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳнинг сифатларидан бири ҳам «Ҳодий», яъни «Ҳидоят қилувчи»дир. У Зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади. Яъни  Аллоҳ таоло кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, Ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса  залолат ҳақ бўлди»(«Наҳл»  сураси, 36-оят), деган.
Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат-куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди.
Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ таоло мажбурлагани йўқ. Улар ўз ихтиёрлари билан тасарруф қилдилар.
Шунингдек, икки тараф ҳам Аллоҳ таолонинг шомил ихтиёридан чиққанлари йўқ. Чунки дунёдаги ҳар бир нарса фақат У Зотнинг иродаси, жорий қилган қонун-қоидаси билан бўлади.
Аллоҳ таоло ҳидоятни танлаб, шу йўлда юраётган кишиларнинг ҳидоятга кетишини ихтиёр этган ва жорий қонун-қоидаларга айлантирган.
Шунингдек, залолатни танлаб, шу йўлга интилаётган кишиларга залолат ҳақ бўлишини ихтиёр қилган ҳамда жорий қонун-қоидаларга айлантиргандир.
Ана шу қонун-қоидаларга биноан ҳар бир инсоннинг ҳидоят ёки залолатга кетиб, яхшилик ёки ёмонлик қилиши Аллоҳ таолонинг хоҳишига мувофиқ бўлади, дейилади.
Бу ҳақда «Ақоиди Таҳовия» китобида қуйидагилар айтилади:
У Зот ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қи­лади, муҳофаза қилади ва афв қилади. Ҳамда ўз адолати ила хоҳлаган кимсани залолатга кетказади, ёрдамсиз ташлаб қўяди ва синовга дучор қилади.
Шарҳ: Яъни  Аллоҳ таоло кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади. Шунингдек, кимни гуноҳлардан муҳофаза қилса, ўз хоҳиши ва фазли ила муҳофаза қилади. Кимнинг гуноҳларини афв қилса, ўз хоҳиши ва фазли ила афв қилади. Ҳидоят, муҳофаза ва афв У Зотга лозим бўлгани учун эмас. Мўътазилийлар эса  энг салоҳиятли нарсани қилиш Аллоҳга вожибдир, дейдилар.
Шунингдек, Аллоҳ таоло кимни залолатга кетказса, ёрдамсиз ташлаб қўйса ва синовга дучор қилса, адолати ила қилади. Энг салоҳиятли нарсани тарк қилгани учун эмас. Бандага зулм қилгани учун эмас. Ёки ушбу ҳолатларни бандада яратиб қўйиб, у гуноҳларни қилганидан сўнг унга «залолатга кетувчи», «ёрдамсиз қолувчи» ва «синалувчи» деган исмларни бергани ҳам йўқ.
Далил:
«Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур». ( «Қасас»  сураси, 56-оят).
Агар ҳидоят фақат йўлни баён қилишдан иборат бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳидоят қилиш рад қилинмаган бўлар эди.
«Агар хоҳлаганимизда, албатта, ҳар бир жонга ҳидоятини берар эдик». («Сажда» сураси, 13-оят).
«Агар Роббимнинг неъмати бўлмаганида, мен ҳам (дўзахга) ҳозир қилинганлардан бўлур эдим». («Саффот» сураси, 57-оят).
«Аллоҳ кимни хоҳласа, адаштирар ва кимни хоҳласа, тўғри йўлда барқарор қилиб қўядир». («Анъом» сураси, 39-оят). Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф