Хатми Қуръон, Хатми кабийр ва Чилёсин |
|
САВОЛ: Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх жаноблари! Баъзи бир амалиёт-маъракалар ҳақида сўраб аниқлаб олмоқчиман. Бизда уч хил амалиёт-маърака ўтказилади: 1. Хатми Қуръон 2. Хатми кабийр 3. Чилёсин. Хатми Қуръонда хеш-ақраболар, қўшнилар, маҳалла қариялари тўпланиб дастурхон тортилади ва таклиф қилинган қори домла Қуръондан бирорта узунроқ ёки 5-6 та қисқароқ сураларни қироат қилади. Хатми кабийрда меҳмон чақирилмайди, фақат 4-5 та қори таклиф қилиниб, Қуръон пораларини тақсимлаб олиб, ҳар ким ўзига тегишли пораларни жаҳрий ўқийди. Баъзилари: «Мен уйда ўқиганман шу ниятда» деб 2-3 пора ўқиб тугатади. Чилёсинда ҳам 4-5 қори бараварига жаҳрия қилиб «Ёсин»ни ўқийди. Ҳаммалариники 40 марта бўлиши керак экан. Мен бу саволим билан уламоларимизни камситиш ниятидан узоқман. Сиздан илтимос, шу амалиётларнинг қай даражада тўғрилигини изоҳлаб берсангиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз айтиб ўтган ишлар шариатнинг кўрсатмаси ила жорий бўлган эмас. Одамларнинг ўзлари вақт ўтиши билан жорий қилган ва одатга айланиб қолган ишлардир. Сиз «Хатми Қуръон» деб номлаган иш «Хатми сағийр» − «кичик хатм» ҳам дейилади. Унда маълум сураларни тиловат қилиш билан кифояланади. «Хатми кабийр»да эса Қуръони Каримнинг аввалидан охиригача ўқилади. Бу ишларнинг барчаси баъзи олим кишиларнинг тажрибасига суяниб, одамларнинг фойдасини кўзлаб қилинадиган одатга айланиб қолган. Лекин ҳеч бири шариатга зид эмас. Аммо «Чилёсин» пайитида қарилар галма-галдан жаҳрий қироат қиладилар, қолганлари ичларида такрорлаб турадилар. Валлоҳу аълам.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
|