Қуръон нима сабабдан арабларга туширилган? |
|
Қуръон нима сабабдан арабларга туширилган?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало, Қуръон арабларга туширилган, деган гап мутлақо нотўғри. Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ер юзидаги барча бандаларига туширилган. Лекин бу саволни «Қуръон нега араб тилида туширилган?» шаклига айлантирсак, бунинг ўзи алоҳида бир савол бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва боқий Китоби – Қиёмат кунигача инсониятга икки дунё саодатини кўрсатиб борувчи Қуръони Каримни улкан вазифани ҳар доим адо этиш сифати билан тушириши лозим эди. Ана шундай боқий динга дунёдаги минглаб тилларда, минглаб китоб тушириш мақсадга мувофиқ бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун охирги китоб бўлиши, ҳар замон ва маконга мос бўлиши, Қиёматгача ўз вазифасини адо этиб, мўъжиза шаклида қолиши ва Қиёматгача инсониятни икки дунё саодатига бошлаш қобилиятига эга бўлиши маъносидаги китоб масъулиятини кўтариши юзасидан Аллоҳ таоло араб тилини танлаган. Бу ҳақиқатни яхши тушунишимиз керак. Араб тили шундай хусусиятларга эгаки, унда бир сўз билан жуда кўп маъноларни ифода қилиш ва шу сўзлардан тузилган жумлаларда инсонларни ожиз қолдирувчи омил бўлиши мумкинлиги маънолари ётади. Қуръони Карим жумла жиҳатидан ҳам, маъно жиҳатидан ҳам инсонларни ожиз қолдирувчи илоҳий китобдир. Аллоҳ таоло Қуръонни тушираётган пайтида араб сўз усталарига: «Бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи?» дегин» («Ҳуд» сураси, 13-оят) каби таклифларни айтган. Ва арабларнинг сўз усталари, шоир ва адиблари тўпланиб-уриниб ҳам Қуръон сураларининг энг кичигича маъно ифода қиладиган нарсани туза олмаганлар. Шунга ўхшаш кўпгина омилларни эътиборга олиб, Аллоҳ таоло охирги китоби бўлмиш Қуръоннинг араб тилида бўлишини ирода этган. Албатта, Аллоҳ таоло беҳикмат иш қилмайди. Араб тилини ихтиёр қилиши буюк бир ҳикмат бўлганлиги вақт ўтгани сари кашф бўлиб келмоқда. Йиллар ўтган сари илмнинг ривожланиши оқибатида Қуръон оятларининг сирлари, мўъжизалари очилиб, ҳақиқатда араб тилидан бошқа бирор тил бу дунёда Қуръонга тил бўла олмаслигига ҳамма қойил қолиб келмоқда. Бу маънони ҳатто Исломдан, Қуръондан ва араб тилидан бехабар кишилар ҳам тан олмоқдалар. Франциядаги машҳур фантаст ёзувчилардан бири ўз хаёлида дунёдаги идеал бир оламни яратиш маъносида бадиий асар ёзган. Шунда ҳамма бир жамиятда аъзо бўлиб яшаши, умумий маънода бир-бирларининг ҳожатларини чиқариб юриши маъносини ифода этган. Ана шу нарсага алоҳида жой, тил ва фан танлаган. Тил борасида эса араб тилини танлаган. Одамларнинг: «Нимага араб тилини танладингиз?» деган саволларига «Мен ўйлаган мана шундай буюк бир жамиятга араб тилидан бошқа тил лойиқ бўла олмайди» деган жавобни берган. Араб тили шундай мўъжизали бўлганлиги сабабли ва Қуръоннинг Қиёматгача мўъжизакорлигини давом эттириш учун Аллоҳ тарафидан унга тил қилиб олинган. Аллоҳ таоло Қуръонга араб тилини танлашининг баъзи бир ҳикматлари шундан иборат. Валлоҳу аълам.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
|