Икки йўл нимани англатади?
Босма

Қуръони каримдаги «Биз сизларни икки йўлга йўллаб қўймадикми?»  оятидаги  икки йўл нимани англатади? Булар ҳидоят ва залолат йўллари эмасми?

ЖАВОБ: Аллоҳ таоло Балад сурасида айтади: «Биз унга икки кўзни ва тилни ва икки лабни бермадикми? Ва Биз уни икки йўлга йўллаб қўймадикми?»
Ушбу оятлар тафсирида уламоларимиз қуйидаги ҳадиси қудсийни келтирадилар: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам боласи! Мен сенга саноғига етмайдиган ва шукрига тоқатинг келмайдиган улкан неъматларни бердим. Сенга берган неъматларимдан бири – кўриш учун икки кўзни берганимдир, шу билан бирга, икковини ёпадиган қовоқ ҳам бердим. Икки кўзинг билан мен ҳалол қилган нарсаларни кўр. Агар мен ҳаром қилган нарсаларга кўзинг тушиб қолса, пардасини, қовоқларингни ёп. Мен сенга тил бердим ва унга ғилоф ҳам қилиб қўйдим. Мен амр қилган ва ҳалол қилган нарсаларни гапир. Агар мен ҳаром қилган нарсалар ориз бўлса, тилингни тий. Мен сенга жинсий аъзо бердим ва уни сақлаш йўлини ҳам бердим. Бу аъзони ҳалолга ишлат. Агар ҳаром нарса ориз бўлса сақлан. Эй Одам боласи! Менинг азобимга чидамайсан ва Менинг ўч олишимга тоқат қила олмайсан».
Бу оятларда Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган баъзи неъматларини зикр қилади. Жумладан, икки кўз. Бу энг улкан неъматлардан бўлиб, жуда ҳам дақиқ нарсалардир, улар билан кўриб инсон ҳаётини ўтказади, гўзалликларни кўриб лаззатланади. Бундай улкан неъматни фақат Аллоҳ беради, холос. Бошқа ҳеч ким қодир эмас. Кўзнинг тузилишини, унинг кўриш жараёнини яхши тушунган шахс Аллоҳга сиғинмай иложи йўқ. Демак, бу кўзни берган Аллоҳнинг йўлида юриш, бу кўзлар билан ҳалолни кўриш, ҳаромдан қочиш керак бўлади. Шундагина инсон кўз неъматининг шукрини келтирган бўлади.
Шунингдек, икки лаб ва тил ҳам бошқа аъзолар каби Аллоҳнинг улкан неъматидир. Тилнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳаммага маълум. Ким инсонга бу неъматни бериши мумкин? Ҳеч ким! Агар тилга боғлиқ бирор томир лат еб қолса, бутун дунё бирлашиб ҳаракат қилса ҳам, фойда бера олмай қолади. Икки лабнинг хизматини, уларни Аллоҳ таоло барча қулайликларга мослаб қўйганини, агар улар бўлмаса ёки бироз бошқача бўлиб қолса, қанчалик ноқулайликлар келиб чиқишини тасаввур қилиб кўрган одамнинг бу неъматлар учун Аллоҳ таолога шукр айтишдан ўзга иложи қолмайди. Демак, бу неъматларнинг ҳам қадрига етиб, уларни берган Эгасига тоат-ибодат қилиб, бўйсуниб, айтганидан чиқмай юриш лозим.
Аллоҳнинг энг улуғ неъмати – инсонга яхши-ёмонни, оқу қорани, савоб-гуноҳни ажратиш хусусиятини бериб қўйгани ҳамда яхшилик йўлини ва унинг қаёққа олиб боришини, ёмонлик йўлини ва унинг қаёққа олиб боришини кўрсатиб қўйганидир. Демак, инсон ёмонлик йўлини тарк этиб, доимо яхшилик йўлида юриб, ҳавои нафсига эрк бермай, тўғри йўлдан қийинчиликларни енгиб бориши лозим (Аллоҳ билувчидир).