САВОЛ: Қабр бошида тиловат килишликни макруҳ деб билар эдим. Дўстларим менга баъзи китобларни кўрсатиб, мана бу ерда ёзилишича, қабр бошида тиловат қилса бўлар экан-ку, деб айтишмокда. Яна, маййит кўмилганда, савол-жавоб пайтида каловланиб қолар экан, шунинг учун ҳар қадамда ёки етти қадамда тиловат қилиш керак, дейишмоқда. Мен уларга диннинг аслини, ҳақиқатини тушунтирмоқчи бўлдим. Исбот, далил келтиролмаганим учун, улар гапимни ҳазм қила олишмаяпти.
ЖАВОБ:
ҚАБР УСТИДА ТИЛОВАТ ҲАҚИДА
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ўликларингизга «Йаасийн»ни қироат қилинг», дедилар». Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. Шарҳ: уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни тушунишда уч хил ижтиҳод қилганлар. Баъзилари: ҳадисдаги «ўликларингизга» дейилганидан мурод «ўлим тўшагида ётганларингизга» дейилгани. Шунинг учун муҳтазар кишига «Йаасийн» сурасини ўқиш керак. Бу сурада қайта тирилиш, қиёмат, жаннат ва дўзах, шайтоннинг фитнасидан ҳазир бўлиш каби масалалар зикр қилингани учун айнан шу сурани ўқишга амр қилинган, дейдилар. Бу гуруҳдаги уламоларнинг машҳурлари имом Молик ва имом Шофеийдир. Иккинчи тоифа уламолар имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳанафийлар, баъзи Моликий ва Шофеийлар бўлиб, улар: «Қироат ўликлар учунгина қилинади, деганлар ва ўз гапларига ушбу ҳадисни ва Ислом умматининг амалини ҳужжат қилиб келтирганлар. Шу билан бирга, ўз нуқтаи назарларини қуйидагича шарҳлаганлар: 1. Ҳадисда «ўликларингизга» дейилган, «ўлим тўшагида ётганларингизга» дейилган эмас. «Ўлик» ҳақиқатда ўлиб бўлган шахсга ишлатиладиган лафздир. «Ўлик» сўзини ўлим тўшагида ётган кишига ишлатиш учун қўшимча далил ёки ишора керак. Бу ерда у нарса йўқ. Имом Шавконий шуни айтади: «Ал-Муҳиб ат-Тобарий: «Мазкур ҳадисга умумий жиҳатдан амал қилиш ҳаққдир. Буни Дорақутний келтирган қуйидаги ҳадис ҳам қўллайди: «Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича ажр берилади», дейилган», дейди. 2. Қироатниг ҳикматларидан бири енгиллик келтиришдир. Бу нарса муҳтазарга матлуб бўлганидек, маййитга ҳам матлубдир. «Муснадул Фирдавсда»: «Қайси бир ўлик ўлгандан кейин унинг олдида «Йаасийн» қироат қилинса, Аллоҳ унга, албатта, енгиллик беради», дейилган. Имом Аҳмад: «Машойихлар: «Қачон маййит учун «Йаасийн» қироат қилинса, унга енгиллик берилади», дер эканлар», деган. 3. Жаноза намозида «Фотиҳа» сураси ўқилишига қиёс қилинади. 4. Ҳадисларда қабрларни зиёрат қилишда ўликларга салом бериш талаб қилинган. Агар маййит башарнинг каломи бўлмиш саломдан унсу улфат топар экан, нима учун Аллоҳнинг каломидан унс олмаслиги керак?! 5. Қуръон қироат қилинган жойда сакийна ва раҳмат нозил бўлиши маълум ва машҳур. Нима учун маййит бор жойга сакийна ва раҳмат нозил бўлмаслиги керак экан?! 6. Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсон «Таборак» сурасини охиригача қироат қилганини эшитиб, буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га зикр қилинганда, у Зот: «У, (Таборак сураси) манъ қилувчидир. У, нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», деганлар. Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин, тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун манъ этиш керак?! Қироатни манъ қилувчи ҳеч қандай далил йўқ. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилишни манъ қиладиган далил йўқ. Ушбу тоифа уламолар: «Бу гаплар қироати Қуръон қилиб савобини бағишлаганда айтиладиган гаплардир, агар савобини бағишлайдиган бўлса, бу гапларга ҳам ўрин қолмайди, чунки унда дуо маъносига айланади, дуодан маййит манфаат олишини ҳеч ким инкор қила олмайди», дейдилар. Имом Жалолуддин Суютий ўзларининг «Шарҳис-Судури бишарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобларининг «Дафн пайтида айтиладиган нарсалар боби»да, жумладан, қуйидагиларни келтирадилар: «Тобароний ва Байҳақийлар Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: «Қачон бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар. Уни қабрига тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа»ни, оёқ тарафида эса «Бақара»нинг охирини қабрига қироат қилинсин» деганларини эшитганман», деди». Байҳақийнинг лафзида: «…бош тарафимда «Бақара»нинг аввали ва охирини қироат қилинглар», дейилган. Тобароний Абдурроҳман ибн ал-Алаа ибн Лажлождан ривоят қилади: «Отам менга «Қачон мени лаҳадимга қўйсанг, «Бисмиллаҳи ва ала миллати Расулиллаҳи (соллаллоҳу алайҳи васаллам)», дегин. Сўнгра устимга тупроқ тортгин. Кейин бош тарафимда «Бақара»нинг аввали ва охирини қироат қилгин. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шуни айтганларини эшитганман» деди». Яна ўша китобнинг «Маййитга ёки қабрга Қуръон қироат қилиш боби»да имом Жалолиддин Суютий (раҳматуллоҳи алайҳи) қуйидагиларни ёзадилар: «Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Буларнинг ҳаммасини Ҳофиз Шамсуддин Абдул Воҳид ал-Мақдисий ал-Ҳанбалий шу масала бўйича таълиф қилган жузъида зикр қилган. Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар. Аз-Заъфароний: «Шофеий раҳимаҳуллоҳдан қабр олдида қироат қилиш ҳақида сўрадим. − Ҳечқиси йўқ, деди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал буни аввал инкор қилар эди. Чунки унга бирор ривоят етмаган эди. Унга ривоят етганида, ўз фикридан қайтган». Имом Жалолуддин Суютийнинг «Шарҳис-Судури бишарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобида зикр қилинган имом Аҳмад Ибн Ҳанбалга қабр устида қироат қилишга ҳужжат бўлган ривоятнинг қандоқ етганини шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда (раҳматуллоҳи алайҳи) «Саласу расоила фий истиҳбоби дуои ва рафҳул ядайни фийҳи баъдас-саловотил мактуба» номли китобга ёзган муқаддимада ўқиймиз: «Ибн Қайюм «Китобур-руҳ»нинг аввалида (51-бетда) зикр қилади: «Ал-Халлол айтди: «Ҳасан ибн Аҳмад ал-Варроқдан, у Али ибн Мусо ал-Ҳаддоддан ривоят қилади: «Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома ал-Жавҳарий билан бирга жанозада эдим. Маййит дафн қилинганида, бир кўр киши қабр ёнида ўтириб қироат қила бошлади. Шунда Аҳмад унга: «Эй сен! Қабрнинг ёнида қироат қилиш бидъатдир!» деди. Мақбарадан чиққанимизда Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга: «Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир ал-Ҳалабий ҳақида нима дейсан?» – деди. «Ишончли одам», – деди. «Ундан бирор нарса ёзганмисан?» – деди. «Ҳа», – деди. «Мубашшир менга Абдурроҳман ибн ал-Алаа ал-Лажлождан, у ўз отасидан хабар берди. Ўша одам дафн қилинганидан сўнг бош тарафида «Бақара»нинг аввали ва охирини ўқишни васият қилган ва Ибн Умарнинг шундоқ васият қилганини эшитганман, деган экан», – деди. Шунда Аҳмад унга: «Қайтиб бориб ҳалиги одамга айт, қироат қилаверсин», – деди». Имом Аҳмадни Аллоҳ раҳмат қилсин. У билан ҳаққнинг орасида адоват йўқ эди» (7-8-бетлар). Ҳар қадамда ёки етти қадамда қироат қилиш ҳақидаги гаплар асоссиз. Аммо маййит қабрга қўйилгандан кейин руҳи унга қайтиб кириши, Мункар ва Накирнинг уни дину иймонидан сўроққа тутиши бор гап. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам маййитга сабот сўраб дуо қилишни таълим берганлар. Усмон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қачон маййитнинг дафнидан фориғ бўлсалар, унинг (қабри) устида туриб: «Биродарингиз учун истиғфор айтинг. Унга сабот сўранг. Чунки ҳозир у сўралади», дер эдилар». Абу Довуд ва Баззор ривоят қилишган, ҳоким саҳиҳ деган.Валлоҳу аълам.
|