Қуръонда лаънатланган дарахт бор экан. У қайси дарахт?
Босма

САВОЛ: Қуръонда лаънатланган дарахт бор экан. У қайси дарахт?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишларича, Қуръонда зикри келган лаънатланган дарахтдан мақсад заққум дарахтидир. Ушбу заққум дарахти ҳақида Соффаат сурасида:
«...ёки заққум дарахтими? Албатта, Биз уни золимлар учун фитна қилдик. Дарҳақиқат, у бир дарахт бўлиб, дўзах қаъридан чиқур. Унинг тугунчаси худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. Бас, албатта, улар ундан еювчилардир. Ундан қоринларни тўлдирувчилардир. Сўнгра, бунинг устига, улар учун ўта қайноқ сувдан аралаштирма ҳам бор», дейилган (62-67-оятлар). Ушбу оятдан заққум дарахти нима учун Қуръонда лаънатлангани аниқ кўриниб турибди.
Яна заққум дарахти ҳақида Духон сурасида қуйидагилар зикр қилинади:
«Албатта, заққум дарахти сергуноҳнинг таомидир. У худди эритилган маъдан каби қоринларда қайнар. Қайноқ сувнинг қайнаши каби» (43-46-оятлар).
Бу оят ҳам заққум дарахти ҳақида маълумотлар бермоқда. Ҳамда унинг нақадар ёмон нарса эканини янада ойдинлаштирмоқда.
Қуръони Каримнинг Воқеа сурасида ҳам заққум зикр қилинган. Аллоҳ таоло ўша сурада:
«Сўнгра сиз, эй адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар! Албатта, заққум дарахтидан еювчисизлар. Бас, ундан қоринларни тўлдирувчисизлар», дейди (51-53-оятлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож кечасининг эртасига одамларга заққум дарахтини ҳам кўрганларини айтиб бердилар. Мушриклар бу гапни ёлғонга чиқардилар. Абу Жаҳл бўлса: «Муҳаммад сизларни тошларни ҳам куйдириб юборадиган дўзах ўти билан қўрқитаётган эди. Энди эса ўша олов ичида заққум дарахти ўсади, демоқда», деди.
Кейин хурмо ва қаймоқ олиб келишни буюрди. Буйруғи ижобат бўлгач эса: «Биз заққум деганда мана буни тушунамиз, бундан бошқа заққум йўқ. Келинглар, заққумга марҳамат», деб хурмо ва қаймоқни тановул қила бошлади. Унинг бу иши ўтакетган беодоблик ва истеҳзо эди.
Шундай қилиб, Қуръонда лаънатланган заққум дарахти ҳам одамлар учун синов бўлди. У тўғридаги хабар туфайли баъзи кишилар иймондан янада нафратланиб, узоқлашдилар. Заққум дарахти билан кофирларни қўрқитиш уларнинг янада туғёнга кетишларига сабаб бўлди. Шу билан Аллоҳ таоло одамларни иҳота қилиб (ўраб) туришини яна бир бор исбот этди. У Зот шунинг учун ҳам Макка мушриклари талаби ила пайғамбарликни тасдиқловчи оят – мўъжиза туширишни истамай турган экан. Демакки, мўъжизани туширган чоғида ҳам, кофирлар иймонга келмас, балки ундан янада кўпроқ нафратланар эканлар. Заққум дарахти туфайли бир қанча одам диндан чиққанлиги ҳам шуни кўрсатади. Кофирлар ва иймони заифлар ҳар нарсани ўз тарозиси билан ўлчайдилар. Уларнинг фикрича, ўт-олов бор жойда дарахт ўсиши мумкин эмас. Нега? Чунки олов билан дарахт табиатан бир-бирига зид нарсалар эмиш. Лекин улар Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир эканини унутиб қўйишган. Зотан, ҳўл, сувли ёғочга ёниш қобилиятини берган ҳам Аллоҳнинг Ўзи. Иброҳим алайҳиссаломга оловни совуқ ва саломатлик қилиб қўйган ҳам Аллоҳнинг Ўзи. Аслида, бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп, тафаккур қилсалар, топар эдилар. Аммо уларнинг ниятлари бузуқ, кўнгиллари пок эмас, шунинг учун мўъжизалар ҳам уларга тескари таъсир қилади. Валлоҳу аълам.