Қироатлар ва қорилар
Босма

САВОЛ: Қуръони Каримни қироат қилишда ҳаммага маълум етти хил қироат мавжуд. Аммо баъзиларнинг айтишича, 14 хилга айланганмиш, шу гаплар ростми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Қироатлар ва қорилар

Сиз илмий асосга эга бўлмаган гапни айтмоқдасиз. Бу мавзудаги илмий баҳсни тақдим этишга ижозат бергайсиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У Зотга Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олишни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримнинг ўзида ўргатган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан Қуръони Каримни эшитиб, ўрганиш билан бирга, у кишига ўқиб ҳам берар эдилар. У Зот Қуръони Каримни ҳар йили Рамазон ойида бир марта Жаброил алайҳиссаломга бошидан охиригача ўқиб берар эдилар. Вафот этадиган йиллари Қуръони Каримни бошидан охиригача икки марта ўқиб берганлар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олар эдилар. Аста-секин саҳобаи киромларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар бошқа саҳобаи киромларга Қуръони Карим қироатидан дарс ҳам берадиган бўлдилар.
Қироатда устоз бўлган саҳобаи киромлардан ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумни мисол тариқасида зикр қилишимиз мумкин. Катта саҳобийлар кичикларига ва кейинроқ Исломга кирганларга қироатни ўргатар эдилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаи киромларга қироатдан устоз бўлганлар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинги авлод тобеинлар ҳам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста-секин тобеинларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар ҳам бошқаларга Қуръони Карим қироатидан дарс берадиган бўлдилар.
Тобеинларнинг вақтига келиб, Ислом кўп жойларга тарқалган, мусулмонларнинг сони кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди. Шунинг учун ҳам тобеинлардан қироатга моҳир ва устоз бўлганлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак, уларни турли ўлкаларга бўлиб зикр қилинганини кўрамиз.
Тобеинлардан ўзининг қироати ва Қуръон устози деган номи билан Мадинада машҳур бўлганлар: Ибн Мусайяб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулайман ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Муъоз ибн Ҳорис, Абдурроҳман ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жундуб, Зайд ибн Аслам ва бошқалар.
Тобеинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Маккада машҳур бўлганлар: Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн Абу Мулайка ва бошқалар.
Тобеинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Куфада машҳур бўлганлар: Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шураҳбил, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдураҳмон Суламий, Саид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий ва бошқалар.
Тобеинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Басрада машҳур бўлганлар: Абу Олия, Абу Ражо, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сийрин, Қатода ва бошқалар.
Юзинчи ҳижрий санага келиб, ақоид, фиқҳ ва бошқа соҳаларда, жумладан, қироат бобида ҳам мусулмонларнинг сонлари, миллатлари, ирқлари, тиллари ва эҳтиёжларининг ҳаддан ташқари кўпайгани эътиборидан, алоҳида илмий асосга суянган йўналишлар пайдо бўлди. Бу давр ва шароит талаби эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас эди. Уларнинг ҳаммалари юқори даражадаги олим кишилар эдилар. Энди эса араблардан кўра араб бўлмаган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Араблар ҳам аввалгиларига ўхшамас эди. Ушбу ва яна бошқа бир неча омиллар Қуръони Карим қироати бўйича алоҳида илм пайдо бўлишига ва илмнинг имомлари пайдо бўлишига олиб келди.
Қироатлар ва қорилар анча кўпайиб кетди. Аста-секин уларни тартибга солиш бошланди. Ниҳоят, имом Ибн Мужоҳид (ҳижрий 245 324 йй.) раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Ас Сабъа фил қироат» номли китобини ёзиб, етти машҳур қироатни бир китобга жамлаб, тартиб берди ва барча буни қабул қилди. Бу қироатларнинг бир-биридан фарқи баъзи бир сўзларнинг талаффузида ва шунга ўхшаш кичик нарсаларда, холос. Буни бир қанча фиқҳий мазҳаблардан фақат тўрттаси танлаб олинганига қиёслаш мумкин.
Энди ўша иттифоқ қилинган етти қироат ва уларнинг имомлари кимлар эканлиги ҳақида қисқача маълумот олайлик.
1. Амр ибн ал-Алоъ қироати.
Имом Зайён ибн ал-Алоъ Мозаний Басрий. У киши ҳижрий 68 санада туғилиб, 154 санада вафот этган.
У кишининг икки ровийлари – Дурий ва Сусийлар бор.
Қироат имомининг ровийси унинг қироатини илмий равишда қабул қилиб олиб, бошқаларга етказишда хизмат қилган бўлади.
Имом Дурий – Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Дурий. Ҳижрий 246 санада вафот этган.
Имом Сусий – Абу Шуайб Солиҳ ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ Сусий. Ҳижрий 261 санада вафот қилган.
2. Ибн Касир қироати.
Имом Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдуллоҳ ибн Зозон ибн Феруз ибн Ҳурмуз ибн Касир Маккий.
Имом Ибн Касир 45 ҳижрий санада туғилиб, 120 ҳижрий санада вафот қилган. У кишининг икки ровийлари – Баззий ва Қунбул.
Баззий – Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Базза Маккий. У киши 170 ҳижрий йилда туғилиб, 250 санада вафот этган.
Қунбул – Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Саид Маккий. У киши ҳижрий 195 йилда туғилиб, 291 санада вафот этган.
3. Нофеъ қироати.
Имом Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдураҳмон ибн Абу Рувайм Лайсий. У киши ҳижрий 70 йили таваллуд топиб, 169 санада вафот этган.
Имом Нофеъ Маданий раҳматуллоҳи алайҳининг икки ровийлари – Қолун ва Варш.
Қолун – Ийсо ибн Мийно ибн Вардон ибн Ийсо ибн Абдуссамад ибн Умар ибн Абдуллоҳ Маданий 220 ҳижрий санада вафот этган.
Варш – Усмон ибн Абдуллоҳ Абу Саид Қибтий Мисрий ҳижрий 110 йилда туғилиб, 197 йилда вафот этган.
4. Ибн Омир Шомий қироати.
Имом Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Рабиъа Яҳсубий. У киши ҳижрий 8 йилда таваллуд топиб, 118 санада вафот этган. Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳининг куняси Абу Имрон бўлган. У киши қироатда Шом аҳлининг имоми бўлган.
У кишининг икки ровийлари – Ҳишом ва Ибн Заквон.
Ҳишом – Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр ибн Майсара Қозий. У киши ҳижрий 153 йилда туғилиб, 245 санада вафот этган.
Ибн Заквон – Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон Қураший. У киши ҳижрий 173 йилда туғилиб, 242 санада вафот этган.
5. Осим Куфий қироати.
Имом Осим ибн Абу Нажуд Куфий. Имом Осимнинг куняси Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлган. Таҳқиқ, балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлган. Имом Осим тобеинлардан бўлиб, Ҳорис ибн Ҳассон Бакрий, Рифоъа ибн Ясрибийдек саҳобалардан ривоят қилгани айтилади. Қуръони Карим қироатини Зирр ибн Ҳубайшдан, имом Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг устозлари Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Ҳабиб Суламий ва кўплаб тобеинлардан олган.
Имом Осим ибн Абу Нажуд ҳижрий 127 санада Куфада вафот этган.
У кишининг икки ровийлари – Ҳафс ва Шуъба.
Ҳафс – Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғира Баззоз Куфий. Куняси Абу Амр. Бу киши имом Осимнинг ўгай ўғли бўлган. У кишининг тарбиясида ўсган. Қуръони Карим қироатини ёшлигидан имом Осимдан жуда ҳам дақиқ равишда ўрганган.
Ҳафс ибн Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 90 йилда туғилиб, 180 санада вафот этган.
Айнан имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат ҳозирги кунда бутун олам бўйлаб тарқаган. Бизнинг диёримизда ҳам қадимдан шу қироат жорий бўлган. Бизнинг қироат имомимиз имом Осим, ровийимиз Ҳафсдир.
Шуъба – Абу Бакр Шуъба ибн Аббос ибн Солим Куфий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 95 йилда туғилиб, 193 санада вафот этган.
6. Ҳамза Куфий қироати.
Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил Зайёт Таймий. У киши ҳижрий 80 йилда туғилиб, 156 санада вафот этган.
У кишининг икки ровийлари – Халаф ва Халлод.
Халаф – Халаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ибн Халаф Баззоз Бағдодийдир. У киши ҳижрий 150 йилда туғилиб, 229 санада вафот этган.
Халлод – Халлод ибн Холид Сайрафий Куфий. У киши ҳижрий 119 йилда таваллуд топиб, 220 санада вафот этган.
7. Кисоий қироати.
Имом Али  ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Феруз Ҳамза Кисоий. У кишининг куняси Абулҳасан. У зот ҳижрий 119 йилда таваллуд топиб, 189 санада вафот этган.
У кишининг икки ровийлари – Абу Ҳорис ва Ҳафс Дурий.
Абу Ҳорис – Лайс ибн Холид Бағдодий. У киши ҳижрий 240 санада вафот этган.
Ҳафс Дурий – Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Дурий. У киши 246 ҳижрий санада вафот этган.
Баъзи бир уламолар мазкур етти қироатга яна учни қўшиб, ўн қироат, яна бошқалар ўнга тўртни қўшиб, ўн тўрт қироат ҳам қилишган. Аслида эса улардан бошқалари ҳам бўлган. Бу қироатлар, уларнинг хусусиятлари, ораларидаги фарқлари ва яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ҳам ёзилган.
Агар қироатлар орасидаги фарқлар асосан баъзи бир сўзларни талаффуз қилиш оҳангида эканини эътиборга оладиган бўлсак, мусулмон умматининг Қуръони Каримга қанчалар аҳамият берганига қойил қолмай  илож йўқ. Фақат Қуръони Каримнинг талаффузи учун шунчалар катта ва мислсиз илмий ишларни амалга ошириш ҳеч бир китобнинг, ҳеч бир умматнинг тарихида бўлмаган.
Ҳозирга келиб, мазкур қироатлар ичида кўпчилик томонидан қабул қилиниб, амалда қолгани иккитадир.
Биринчиси – Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат.
Бу қироат Ислом оламининг машриқ ва марказий тарафининг барчасида кенг тарқалган.
Иккинчиси – Имом Нофеъдан Варш ривоят қилган қироат. Бу қироат асосан Ислом оламининг мағрибига тарқалган.
Бу икки қироат орасидаги фарқларни мутахассис аҳли илмлар аниқ фарқлашлари мумкин. Мисол учун, Осим қироатида «Йа айюҳаннабийю» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Йа айюҳаннабиу» деб ўқилади. Осим қироатида «Ваддуҳа» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Ваддуҳе» деб ўқилади. Ҳолбуки, бу сўзлар мусҳафи шарифда бир хил ёзилади.
Албатта, ҳар бир қироатнинг имоми шогирдларига ўз устозидан қандай эшитган бўлса, айнан ўзини нақл қилган. Бирор ҳарфнинг талаффузида бошқача бўлишига йўл қўйилмаган. Шундай тарзда силсила давом этиб келаверган. Қайси бир талаба қироатни тўғри қиладиган бўлиб етишса, устози унга «ижозат» деб аталувчи ҳужжат берган. Ўша ҳужжатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борадиган ўз устозлари санади ҳам аниқ келтирилган. Бу эса ҳар бир қорининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланишини таъминлаган. Устоздан расмий шаҳодатнома олган қори Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етадиган санадга эга бўлган. Шунинг учун ҳам устоз кўрмаган, ўзича Қуръони Каримни ўқиб олган ёки устозидан «ижозат» олмаган кишилар қори деб ҳисобланмаган.
Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ улкан меҳнат, эҳтиёткорлик ва мислсиз фидокорлик ҳар қанча мақтовга сазовордир.
Дунёда ҳеч бир китоб бу шаклдаги эҳтимомга сазовор бўлган эмас.
Дунёда ҳеч бир уммат ўз китобига бу шаклда фидокорлик кўрсатган эмас. Валлоҳу аълам.